1447 йил 27 шаъбон | 2026 йил 15 февраль, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Нафл намоз вақтлари

16:06 / 06.02.2020 50716 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Савол:

Ассалому алайкум. Қазо, нафл, таҳажжуд намозларини қайси вақтларда ўқисак яхши бўлади? Масалан, бомдод ва пешин, пешин ва аср, аср ва шом, шом ва хуфтон намозлари орасида қазо, нафл ёки таҳажжуд намозларини ўқисак бўладими?

Жавоб: Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм

Таҳажжуд намозининг энг афзал вақти кечанинг охирги учдан биридир.

Субҳдан кейин унинг суннатидан бошқа нафл макруҳдир. Шунингдек, аср адо қилинганидан кейин то қуёш ботгунча ҳам нафл ўқилмайди.

عَنِ ابْن عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا أَنَّهُ قَالَ: شَهِدَ عِنْدِي رِجَالٌ مَرْضِيُّونَ فِيهِمْ عُمَرُ، وَأَرْضَاهُمْ عِنْدِي عُمَرُ، أَنَّ رَسُولَ اللهِ صلى الله عليه وسلم نَهَى عَنْ صَلَاةٍ بَعْدَ صَلَاةِ الصُّبْحِ حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ، وَبَعْدَ الْعَصْرِ حَتَّى تَغْرُبَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Менга энг рози бўлинган кишилар гувоҳлик бердилар. Уларнинг ичида энг рози бўлингани Умардир: «Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозидан кейин то қуёш чиққунча ва асрдан кейин (қуёш) ботгунча намоз ўқишдан қайтарганлар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Бу икки вақтда нафл намоз ўқиш макруҳдир. Тиловат саждаси, жаноза намози ва қазо намоз ўқиса жоиз.

Уламоларимиз мазкур далиллар ва улардан бошқа ҳужжатлару қоидаларни ишга солиб, намоз ўқиш ҳаром ёки макруҳ бўлган вақтларни тартибли равишда баён қилиб берганлар.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, қуйидаги вақтларда барча намозларни ўқиш ҳаромдир:

1. Қуёш чиқаётган пайтда.

2. Қуёш қиёмга келган вақтда (жума куни мустасно).

3. Қуёш ботаётган пайтда.

Қуйидаги вақтларда нафл ўқиш ҳаром:

4. Бомдод намози фарзини ўқигандан то қуёш найза бўйи кўтарилгунча.

5. Аср намози фарзини ўқигандан то қуёш ботгунча.

Ҳанафий мазҳаби бўйича, қуйидаги вақтларда ҳам нафл намозлари ўқиш макруҳдир.

6. Тонг отгандан сўнг бомдоднинг суннатидан бошқа намозларни ўқиш. Бунинг далили:

عَنْ عَبْدِ اللهِ بْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: خَرَجَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم وَنَحْنُ نُصَلِّي بَعْدَ الْفَجْرِ، فَقَالَ: «لَا صَلَاةَ بَعْدَ الْفَجْرِ إِلَّا رَكْعَتَيْنِ». رَوَاهُ الطَّبَرَانِيُّ.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқдилар. Биз фажрдан кейин намоз ўқиётган эдик. Шунда у зот: «Фажрдан кейин бомдоднинг икки ракъат суннатидан бошқа намоз йўқ», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

7. Шом намозидан олдин нафл ўқиш. Чунки шом намозини тез ўқишга амрлар бор. Ундан олдин нафл ўқиш шомни кечиктириш бўлади.

8. Жума, ийд, ҳаж, никоҳ, кусуф ва истисқо хутбалари бўлиб турган вақтда. Бу вақт имом минбарга чиққандан то намозни ўқиб бўлгунича давом этади.

9. Ийд намозидан олдин ва кейин.

10. Фарз намозга иқома айтилганда. Фақат бомдоднинг суннатини тезда, фарзга улгуриш шарти билан ўқиб олиш жоиз.

Валлоҳу аълам.

«Зикр аҳлидан сўранг» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тамийм адДорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Албатта, дин насиҳатдир. Албатта, дин насиҳатдир. Албатта, дин насиҳатдир,, давоми...

4122 21:45 / 16.02.2019
Оппоқ Хўжа мақбараси Қошғар Хитойдаги ислом меъморчилигининг энг ёрқин намунаси ҳисобланади. Ўзининг услуби ва ташқи безаклари бўйича ушбу минтақада унга тенг давоми...

3921 12:12 / 07.11.2018
Иккинчи бобЖобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир одам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга .Айтингчи, агар фарз намозларни ўқисам, Рамазон рўзасини тутсам, давоми...

2452 17:10 / 08.05.2019
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади Улар иймон келтирган ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлардир. Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг зикри давоми...

3573 15:00 / 13.11.2020