Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Қурбонлик қилиш закот ва фитр садақаси каби молиявий ибодат бўлиб, у Қуръони карим, ҳадиси шариф ва ижмоъ билан собитдир. Қуйида унга далолат қилувчи оятларни келтирамиз:
فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَرْ
“Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!”. (Кавсар сураси, 2).
وَالْبُدْنَ جَعَلْنَاهَا لَكُمْ مِنْ شَعَائِرِ اللَّهِ لَكُمْ فِيهَا خَيْرٌ
“(Қурбон қилинадиган) туя ва сигирларни Биз сизлар учун Аллоҳнинг шиорларидан қилдик. Сизлар учун уларда яхшилик бордир”. (Ҳаж сураси, 36).
وَلِكُلِّ أُمَّةٍ جَعَلْنَا مَنْسَكًا لِيَذْكُرُوا اسْمَ اللَّهِ عَلَى مَا رَزَقَهُمْ مِنْ بَهِيمَةِ الْأَنْعَامِ فَإِلَهُكُمْ إِلَهٌ وَاحِدٌ فَلَهُ أَسْلِمُوا وَبَشِّرِ الْمُخْبِتِينَ سورة الحج/34
“Биз (ўтган) барча умматга Аллоҳ берган чорва молларини (сўйиш) олдидан Унинг номини зикр қилишлари учун – қурбонлик қилишни буюрганмиз. Бас, (барчаларингизнинг) илоҳингиз бир Илоҳдир. Бас, Унгагина бўйин сунингиз ва (эй, Муҳаммад!) Итоат қилувчиларга хушхабар беринг!”. (Ҳаж сураси, 36).
Демак Аллоҳ таоло ҳар умматга қурбонлик қилишни жорий этган. Қурбонлик катта ибодат саналади. Аллоҳ одамларга чорва ҳайвонларини ризқ қилиб бергани учун шукр қилиб, Аллоҳни улуғлаб, Унинг номини зикр қилсинлар деб қурбонлик жорий қилган.
Ҳукми: Қурбонлик унинг шартлари топилган кишига вожибдир. Чунки юқоридаги оятда шундай дейилган:
فَصَلِّ لِرَبِّكَ وَانْحَر
“Бас, Раббингиз учун (беш вақт ёки Қурбон ҳайити учун) намоз ўқинг ва (туя) сўйиб қурбонлик қилинг!”. (Кавсар сураси, 2).
Шартлари: Қурбонликни мусулмон, муқим, молиявий имконияти мавжуд киши сўяди. Мусулмонликни шарт қилинишига сабаб қурбонлик Аллоҳга яқинлаштирадиган ибодатдир. Ибодат қабул бўлиши учун эса ислом шарт қилинади.
Муқимга вожиб, мусофирга эмас. Сабаби ушбу ибодат шартларини адо қилиш мусофирга машаққат туғдиргани учун унга жума намози фарз бўлмаганидек қурбонлик қилиш ҳам вожиб бўлмайди. Бундан ташқари, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумолар мусофир бўлсалар қурбонлик қилмасдилар. Алий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Мусофирга жумъа ва қурбонлик шарт қилинмайди”. Агар бирор кимса қурбонлик сўйиш вақтигача мазкур пул маблағига эга бўлса яъни, у пулга бир йил тўлмаса ҳам унга қурбонлик вожиб бўлади.
Молиявий имкониятни шарт эканлигига далил эса:
وَعَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ: « مَنْ وَجَدَ سَعَةً فَلَمْ يُضَحِّ فَلَا يَقْرَبَنَّ مُصَلَّانَا.. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ مَاجَهْ
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Имконият топиб қурбонлик қилмаган кимса намозгоҳимизга яқинлашмасин”. (Имом Аҳмад ва Ибн Можа ривояти).
Шариатимиз кўрсатмасига кўра қурбонлик қилиш учун молиявий имконият миқдоридаги шарт яъни, нисоб фитр садақа беришнинг шарти билан бир хилдир. Бир сўз билан айтганда, мол закот нисобига[1] етган бўлса, агарчи ўсмаса ҳам ўша мол эгасига қурбонлик вожиб бўлади. Закотдаги молнинг ўсиш ва унга бир йил тўлиш шарти қурбонликда йўқ.
Вақти: Қурбонлик сўйишнинг аввали ҳайит намозини адо этилганидан сўнг сўйилади. Унинг охирги вақти эса ҳайитнинг учинчи куни шом вақти киргунча яъни, қуёш ботмасидан олдин. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилдилар:
قوله عليه الصلاة والسلام: "من ذبح شاة قبل الصلاة فليعد ذبيحته، ومن ذبح بعد الصلاة فقد تم نسكه وأصاب سنة المسلمين"
“Кимки (ҳайит) намозидан олдин қўй сўйса қайтадан сўйсин. Кимки намоздан кейин сўйса қурбонлиги мукаммал бўлибди ва мусулмонларнинг йўлини топибди”.[2]
روي عن عمر وعلي وابن عباس رضي الله عنهم أنهم قالوا: أيام النحر ثلاثة أفضلها أولها
Умар, Алий ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумларнинг шундай деганлари ривоят қилинади: “Қурбонлик сўйиш кунлари уч кундир. Афзали биринчи кундир”.
Қурбонлик сўйиши вожиб бўлган киши қурбонликни вақтида сўймаса, кейин унинг қийматини садақа қилиши вожибдир. Худди жумъа намозини ўқий олмаган киши пешинни ўқиганидек.[3]
Қурбонлик учун сўйиладиган ҳайвонлар ва уларнинг сифатлари: Қурбонликка қўй, эчки, туя, сигир каби ҳайвонларнинг эркаги ҳам урғочиси ҳам сўйилиши мумкин. Булардан туя 5 ёш, сигир 2 ёш, қўй ва эчки эса 1 ёшга тўлган бўлиши керак. Аммо қурбонлик ниятида бошқа жониворларнинг сўйилиши масалан, от ёки товуқ, ғоз ва шу каби ҳайвонларни сўйиш жоиз эмасдир.
Мол ва туяни етти кишини номидан сўйилиши ҳақида ҳадиси шарифда шундай дейилади:
عن جابر رضي الله عنه أنه قال: "نحرنا مع رسول الله صلى الله عليه وسلم البقرة عن سبعة والبدنة عن سبعة"[4]
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда шундай марҳамат қилиб: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир сигирни етти киши номидан, бир туяни етти киши номидан сўйдик”, деган эканлар (Абу Довуд, Муслим ва Термизий ривояти).
Агар мол ёки туя 7 киши номидан сўйиладиган бўлса, унинг гўштини тақсимлашда чамалаб эмас, балки килолаб ўлчаган ҳолда тенг тақсимланиши лозим. Фақат калла-поча ёки териси қўшиб юборилган бўлса бундан мустасно.
Қурбонликка ҳар томонлама соғ ва семиз чорва ҳайвонлари сўйилади. Кўр, ғилай, сўйиладиган жойга юриб бора олмайдиган чўлоқ, озғин ҳамда қулоғи ва думининг кўп қисми кесилган жонлиқларни сўйиш шариатимизда дуруст эмас:
عن البراء بن عازب قال سمعت رسول الله صلى الله عليه وسلم: "لا تجزئ في الضحايا أربعة: العوراء البين عورها والعرجاء البين عرجها والمريضة البين مرضها، والعجفاء التي لا تنقي[5]"
Баро ибн Озибдан нақл қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Қурбонлик учун тўрт турлик жонлиқни сўйиш дуруст эмас: Ғилайлиги кўриниб турган жонлиқ, чўлоқлиги кўриниб турган жонлиқ, касаллиги кўриниб турган жонлиқ, Иликсиз ўта озғин жонлиқ”. (Термизий ривояти).
Бошқа ҳадиси шарифда эса:
عن حذيفة قال قال رسول الله صلى الله عليه و سلم استشرفوا العين والأذن
Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Кўз ва қулоқни кўрикдан ўтказинглар!”,-дедилар. (Табароний ривояти).[6]
Қурбонлик қилинадиган жонлиқни сифатига ҳар тарафлама эътибор қаратишнинг ҳам ўзига хос ҳикматлари бор албатта. Биринчи ҳикмат – бу мусулмонларнинг Аллоҳга нисбатан юксак одоблари, Қурбонлик Аллоҳ таолога атаб қилингани учун уни соғ-саломат, ҳеч бир нуқсонсиз бўлишига эътибор бериш Аллоҳ таолога нисбатан юксак одобни кўрсатади. Қурбонлик қилинадиган ҳайвоннинг айбу нуқсонсизини топиш эса, тақвонинг баркамоллиги учун уринишдир. Иккинчи ҳикмат – бу мусулмонларнинг ўрталаридаги меҳр-оқибатларини мустаҳкамлайди. Уларга касал ҳайвонларнинг гўштини эмас, балки соғ ва семиз ҳайвонларнинг гўштини совға қилиш яхши ишлардандир. Бу иш уларнинг кўнглини кўтаради.
Қурбонликнинг энг афзали уни қурбонлик қилувчининг ўзи сўйишидир. Агар ўзи сўйишни билмаса, бошқа одамга буюриши ҳам мумкин. Лекин сўйиш вақтида шоҳид бўлиб туриши мустаҳабдир. Чунки ҳадиси шарифда шундай айтилади:
عن أبي سعيد قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم:: "قومي فاشهدي أضحيتك، فإنه يغفر لك بأول قطرة من دمها كل ذنب"
Абу Саид ал Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фотима розияллоҳу анҳога: “Бориб қурбонлигинга шоҳид бўл. Унинг аввалги томган қони биланоқ сенинг ўтган гуноҳларинг мағфират қилинур», дедилар. (Баззор ривояти)[7].
Қурбонлик гўштларининг тақсимоти: Сўйилган қурбонликнинг учдан бирини садақа қилиши, учдан бирини едириши, учдан бирини қурбонлик қилувчининг ўзи ейиши учун олиб қўйиши мустаҳабдир. У гўштни бойу-камбағалга едириши дуруст. Серфарзанд бўлса, ҳаммасини оилада ўз фарзандлари учун олиб қўйиш афзал. Мусулмон бўлмаган қўшниларга ҳам қурбонлик гўштидан бериш мусулмонлик зийнатидан ҳисобланади.
Қурбонлик терисини сотиш, қассобга меҳнатининг эвазига бериш мумкин эмас. У фақир кишига садақа қилинади ёки рўзғорда ишлатиш учун олиб қўйилади. Қассобга хизмат ҳаққи берилади, қурбонлик гўштидан ҳақ сифатида берилмайди.
Қурбонликнинг фазилати: Ҳадиси шарифда қуйидагича айтилади:
عن زيد بن أرقم أنهم قالوا: يا رسول الله (صلى الله عليه وسلم) ما هذه الأضاحي قال: « سنة أبيكم إبراهيم (صلى الله عليه وسلم وعلى نبينا وسلم)، قالوا: ما لنا فيها من الأجر؟ قال: بل كل قطرة حسنة» رواه ابن ماجه ، والبيهقي
Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан нақл қилинади: Улар: “Эй, Расулуллоҳ! Бу қурбонликлар нима?”,-дейишди. “Отангиз Иброҳимнинг суннатидир”,-деб жавоб қилдилар. “Бизга унда қандай ажр бор?”,-дейишганида, “Ҳар бир (қонининг) қатрасига савоб бордир дедилар. (Ибн Можа ва Байҳақий ривояти). Табароний ва Ҳокимдан қилинган бошқа ривоятда “ҳар бир тукида савоб бор”, дейилади.
Баро ибн Озиб ривоят қилади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
عَنْ الْبَرَاءِ قَالَ خَطَبَنَا النَّبِيُّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ النَّحْرِ قَالَ إِنَّ أَوَّلَ مَا نَبْدَأُ بِهِ فِي يَوْمِنَا هَذَا أَنْ نُصَلِّيَ ثُمَّ نَرْجِعَ فَنَنْحَرَ فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدْ أَصَابَ سُنَّتَنَا وَمَنْ ذَبَحَ قَبْلَ أَنْ يُصَلِّيَ فَإِنَّمَا هُوَ لَحْمٌ عَجَّلَهُ لِأَهْلِهِ لَيْسَ مِنْ النُّسُكِ فِي شَيْءٍ...
яъни: “Батаҳқиқ, бугунги кунда аввал қиладиган ишимиз ийд намозини ўқиш сўнгра уйга қайтиб қурбонлик қилишимиздир. Кимда ким шундай қилса, у суннатга мувофиқ иш қилибди. Кимда ким намоздан олдин қурбонлик қилса, у оиласи учун тақдим қилган оддий гўштдир, у қурбонлик эмас”. (Бухорий ривояти).[8]
Қурбонлик қилиш бошқа ибодатлар каби Аллоҳ учун дейилса-да, аслида фойдани инсон кўради. Қурбонлик қилинган ҳайвоннинг гўштидан сўйган одамнинг ўзи ва фақир-фуқаролар манфаатдор бўлади. Аллоҳ таоло эса инсоннинг қалбидаги ниятига кўра муомала қилади. Қуръони киримда марҳамат қилинади:
لَنْ يَنَالَ اللَّهَ لُحُومُهَا وَلَا دِمَاؤُهَا وَلَكِنْ يَنَالُهُ التَّقْوَى مِنْكُمْ كَذَلِكَ سَخَّرَهَا لَكُمْ لِتُكَبِّرُوا اللَّهَ عَلَى مَا هَدَاكُمْ وَبَشِّرِ الْمُحْسِنِينَ سورة الحج/37
яъни: “Аллоҳга (қурбонлик) гўштлари ҳам, қонлари ҳам етиб бормас. Лекин у Зотга сизлардан тақво етар. Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди. Эзгу иш қилувчиларга хушхабар беринг!”. (Ҳаж сураси, 37).
Ҳақиқатан, қурбонликка сўйилган ҳайвонларнинг гўштларига ҳам, қонларига ҳам Аллоҳ таоло муҳтож эмас. Қурбонлик қилишдан мақсад банданинг Яратувчи амрига итоатини ва тақвосини намоён этишдир. Банда ихлос билан қурбонлик қилиб, Аллоҳ йўлида жонлиқ сўймоқдами, демак, ўша банданинг Аллоҳ таолога тақвоси бор экан. Аллоҳнинг розилиги учун борини қурбон қилишга тайёр экан. Шу билан бирга қурбонлик қилиш банда учун Аллоҳни улуғлашга бир фурсатдир. Шунинг учун оятда: “...Аллоҳ сизларни ҳидоят қилгани сабабли – У зотни улуғлашларингиз учун – уларни сизларга бўйсундириб қўйди...”, - дейилмоқда. Банда Аллоҳни қанча улуғласа, шунча оз экан.
عن حسن بن علي رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "من ضحى طيبة نفسه محتسباً لأضحيته كانت له حجاباً من النار". رواه الطبراني
Ҳасан ибн Алидан ривояти қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ким савоб умид қилиб чин қалбдан қурбонлик қилса, албатта унинг қурбонлиги унга дўзахдан парда бўлади”. (Табароний ривояти)[9].
عن ابن عباس رضي الله عنهما قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم في يوم أضحى: "ما عمل آدمي في هذا اليوم أفضل من دم يهراق إلا أن يكون رحماً [مقطوعة] توصل". رواه الطبراني
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу нақл қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Одам боласи бу кунда қурбонлик қилишдан кўра афзалроқ амал қила олмайди. Фақатгина, (узилган) қариндош-уруғчиликни қайта тиклаш бундан мустасно”. (Табароний ривояти)[10].
عن ابن عباس قال: قال رسول الله صلى الله عليه وسلم: "ما أُنفقت الورِق في شيء أحب إلى الله من نحير ينحر في يوم عيد" رواه الطبراني
Ибн Аббос розияллоҳу анҳу нақл қилади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Ҳайит кунида сўйилажак жонлиқдан кўра Аллоҳга суюклироқ пул сарф қилинадиган нарса йўқ”. (Табароний ривояти).[11]
Рўзиев Жаҳонгир,
Тошкент шаҳар Олмазор тумани
“Аҳмаджон қори” жоме масжиди
имом ноиби
[1] Бу йилги закот нисоби 6.800.000 (олти миллион саккиз юз минг) сўм деб белгиланди.
[2] “Ҳидоя фий шарҳи бидаятил мубтадий”. Қурбонлик китоби.
[3] “Ҳидоя фий шарҳи бидаятил мубтадий”. Қурбонлик китоби.
[4] “Ҳидоя фий шарҳи бидаятил мубтадий”. Қурбонлик китоби.
[5] “Сунани Термизий”. Имом Термизий. 4371-ҳадис.
[6] “Ал-муъжамул авсот”. Абул Қосим Табароний. 9421-ҳадис.
[7] “Сунани Байҳақий”. Абу Бакр Байҳақий. 19636-ҳадис.
[8] “Саҳиҳи Бухорий”. Имом Бухорий. 5225-ҳадис. Қурбонликнинг суннати, боби.
[9] “Мажмаъуз-завоид”. Ҳайсамий. 9 жуз. – Б. 33.
[10] “Мажмаъуз-завоид”. Ҳайсамий. 9 жуз. – Б. 33.
[11] “Ал-муъжамул авсот”. Абул Қосим Табароний. 10894-ҳадис.