1446 йил 4 жумадул аввал | 2024 йил 06 ноябрь, чоршанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Васий етимнинг молидан маъруф ила ейди

19:23 / 30.08.2020 1352 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Васий» етим болаларга қараб, уларнинг мол-мулкларини тасарруф қилиб туриш топширилган кишидир.

Васийни отанинг ўзи ўлими олдидан васият йўли билан, қариндош-уруғлар маслаҳат билан ёки мусулмон ҳоким фармон билан тайинлаши мумкин.

Исломдаги бу ҳукм етим болаларнинг мол-мулклари беҳудага зое бўлмаслиги учун шариатга киритилган.

Иккинчи хил васий, яъни етим бўлмаса ҳам, молни исроф қиладиган, эсипаст одамларга ҳам васий тайин қилиниши мумкин.

Эсипаст, исрофгарчиликка йўл қўювчи, нотўғри сарф-харажат қиладиган киши ҳокимнинг фармони билан молиявий муомала қилиш ҳаққидан маҳрум қилинади. Унинг қилган молиявий ишлари қонуний кучга эга бўлмайди. Мазкур ишни фақат бундай одамнинг васийси қилиши мумкин.

Одатда васийликка дийндорлиги ва омонатлилиги билан машҳур бўлган кишилар тайинланадилар. Шу билан бирга, Аллоҳ таоло васийларни ўз қарамоғидаги кишининг молини ейишдан қаттиқ огоҳлантиради.

قَالَ اللهُ تَعَالَى:

ﮄ ﮅ ﮆ ﮇ ﮈ ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎﮏ ﮐ ﮑ ﮒ

Аллоҳ таоло:

«Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар қоринларига олов ейдилар, холос. Ва тезда қиздирилган дўзахга кирадилар», деган («Нисо» сураси, 10-оят).

Шарҳ: Ушбу оят етимларга васий бўлган кишилар учун қаттиқ эслатмадир. Мазкур оят нозил бўлганидан кейин васийлар қаттиқ қўрқиб, ўз таомлари ва ичимликларини қарамоғларидаги етимларнинг таом ва ичимликларидан ажратиб қўйдилар. Ҳатто етимлардан ортиб қолган таомларга ҳам яқин йўламай қўйдилар. Васийлар учун машаққат туғилди. Бу ҳол ҳақида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган эди, Аллоҳ таоло «Сендан етимлар ҳақида сўрарлар...» деган оятни нозил қилиб, маъруф йўл билан ейиш мумкинлигини баён қилди.

Молиявий тасарруфда эсипаст бўлган кишиларнинг васийларига хитоб қилиб, Аллоҳ таоло:

«Аллоҳ сизларга (ҳаёт) тиргаги қилиб қўйган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўшандан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга маъруф сўз айтинг», дейди. («Нисо» сураси, 5-оят)

Уламоларимиз «Молу мулкни яхши тасарруф қила олмайдиган ҳар бир киши ушбу оятдаги «эсипаст»дан кўзланган киши бўлади», деганлар.

Уламоларимиз ушбу ояти каримага амал қилиб, «ҳажр» деб аталган қоидани ишлаб чиққанлар. Бу сўз луғавий жиҳатдан «қотириш» деган маънони англатади. Шариатда эса эсипастларнинг, яъни молни яхши тасарруф қилишни билмайдиганларнинг молларини ўз ҳолича ишлатишларини ман этишни билдиради.

Шундай қилиб, мусулмонларга фойда келтирадиган мол-мулкни ноўрин сарфлаш, исроф қилишнинг олди олинган бўлади. Шу билан бирга, эсипастнинг васийи ҳам унинг молини ноҳақдан емаслиги лозим.

قَالَتْ عَائِشَةُ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا:

ﯺ ﯻ ﯼ ﯽﯾ ﯿ ﰀ ﰁ ﰂ ﰃﰄ

أُنْزِلَتْ فِي وَالِي الْيَتِيمِ أَنْ يُصِيبَ مِنْ مَالِهِ إِذَا كَانَ مُحْتَاجًا بِقَدْرِ مَالِهِ بِالْمَعْرُوفِ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Ким бой бўлса, иффатини сақласин. Ким камбағал бўлса, маъруф ила есин» (ояти) етимнинг валийси ҳақида нозил бўлгандир. Агар моли миқдорича муҳтож бўлса, унинг (етимнинг) молидан маъруф йўл билан олади», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.

Шарҳ: Яъни ояти каримада «Агар етимнинг васийи бой бўлса, иффатини сақласин, етимнинг молига ҳеч тегмасин. Аммо камбағал бўлса, етимнинг молидан эҳтиёжига яраша, маъруф йўл билан фойдаланса бўлади», дейилмоқда. Баъзи уламоларимиз «Топганда жойига қўйиб қўяди», дейдилар.

Демак, етимнинг васийси унинг молидан маъруф йўл билан ейиши мумкинлиги Қуръонда бор ҳукм экан.

Амр ибн Шуайбдан, у отасидан, у бобоси розияллоҳу анҳумдан ривоят қилинади:

«Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Мен фақирман. Менинг ҳеч вақоим йўқ. Қарамоғимда бир етим бор», деди. Шунда у зот:

«Етимингнинг молидан исроф қилмай, шошилмай ва ўзингники қилиб олмай егин», дедилар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келган васийнинг гапининг замирида «Қарамоғимдаги етимнинг молидан есам бўладими?» деган савол бор эди. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга шундай жавоб берганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Шошилмай» деганлари етим балоғатга етиб қолса, унга молини топширишим керак бўлади, шунинг учун тезроқ фойдаланиб олай, деб, етимнинг молини ўз мақсадлари йўлида сарфлашдан қайтаришдир.

У зотнинг «Ўзингники қилиб олмай» деганлари васийнинг турли йўллар билан етимнинг молини ўз ҳисобига ўтказиб олиши жоиз эмаслигини кўрсатади.

Агар васий муҳтож бўлса, етимга қарагани учун унинг ана шу хизматини қиладиган одам қанча хизмат ҳаққи олса, шунча олишга ҳаққи бор. Ортиқча олса, маъруф йўл билан олган бўлмайди. У ҳолда етимнинг молини ноҳақдан еган бўлади ва юқоридаги оятда зикр қилинганларга қўшилиб, қорнига оловни еган ҳисобланади.

عَنْ أَبِي ذَرٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ لِي رَسُولُ اللهِ صلى الله عليه وسلم: يَا أَبَا ذَرٍّ إِنِّي أَرَاكَ ضَعِيفًا، وَإِنِّي أُحِبُّ لَكَ مَا أُحِبُّ لِنَفْسِي، فَلَا تَأَمَّرَنَّ عَلَى اثْنَيْنِ وَلَا تَوَلَّيَنَّ مَالَ يَتِيمٍ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَمُسْلِمٌ.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга:

«Эй Абу Зарр, мен сенинг заифлигингни кўриб турибман. Албатта, мен ўзимга раво кўрган нарсани сенга ҳам раво кўраман. Зинҳор ва зинҳор икки (киши)га амир бўлмагин, етимнинг молига валий ҳам бўлмагин», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилганлар.

Шарҳ: Амир ва васий бўлиш улуғ омонатли ишдир. Шу билан бирга, ўта нозик иш ҳам. Бу мақомларда эҳтиёт бўлмаган одам бир зумда охиратини куйдириши ҳеч гап эмас. Икки кишига бўлса ҳам амир бўлган одам адолат билан иш тутмоғи, зулм қилмаслиги керак. Агар заррача зулм қилса, золимлардан бўлади. Золимлар эса қиёмат кунининг зулматидадирлар.

Шунингдек, етимнинг молини еб қўйиш туфайли қоринга дўзахнинг оловини еб олиш мумкин.

Абу Зарр Ғифорий бунга ўхшаш ишларни идора қилишда, бошқаришда заиф бўлганлар. Шунинг учун у кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни зиммаларига олмасликни насиҳат қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Ўзимга раво кўрган нарсани сенга ҳам раво кўраман», дейишлари «Агар мен ҳам сенга ўхшаш бўлганимда, бу ишни қилмас эдим», деган маънога ишорадир.

Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишларда заиф бўлмаганлар, балки амирларнинг амири, васийларнинг васийси бўлганлар ва бу ишларни мутлақ адолат билан адо этганлар.

Демак, эплай олмайдиган киши амир ҳам, васий ҳам бўлмаслиги керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарихутташрийъил Исламий mdash бу сарлавҳанинг таржимаси .Исломий қонунчилик тарихи, бўлади. Қадимги уламоларимиз бу мавзуда баъзи китоблари ичида қисқача сўз давоми...

1880 15:40 / 19.09.2019
Алқомус алфиқҳий.Бу китобнинг тўлиқ исми .Алқомус алфиқҳий луғатан ва истилоҳан,дир. Унинг муаллифи Саъдий Абу Жийбдир.Муаллиф олдин феълни, кейин исмни баён давоми...

5304 14:00 / 29.07.2019
.Фароиз, сўзи .фарз, сўзининг жамидир..Фарз, сўзи луғатда .ўлчов,, .кесиш, ва .баён қилиш, маъноларини англатади.Шариатдаги фарз амаллар ҳам ўлчоғлик, кесиб айтилган давоми...

3885 12:10 / 26.12.2018
.Насх, сўзи луғатда .ўзгартириш,, .бекор қилиш, маъносини билдиради. Усулул фиқҳ таърифида эса .Бир шаръий ҳукмнинг ундан кейин келган шаръий далил билан бекор давоми...

3843 17:27 / 20.12.2017