Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1445 йил 17 шаввол | 2024 йил 26 апрель, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (233-дарс) «Ким намозни унутса, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин

19:00 / 01.06.2023 1706 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ نَسِيَ صَلَاةً فَلْيُصَلِّ إِذَا ذَكَرَهَا، لَا كَفَّارَةَ لَهَا إِلَّا ذَلِكَ ﮋ ﭟ ﭠ ﭡ ﮊ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ. وَلِمُسْلِمٍ: إِذَا رَقَدَ أَحَدُكُمْ عَنِ الصَّلَاةِ أَوْ غَفَلَ عَنْهَا فَلْيُصَلِّهَا إِذَا ذَكَرَهَا، فَإِنَّ اللهَ يَقُولُ: ﮋ ﭟ ﭠ ﭡﮊ.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким намозни унутса, бас, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Унинг бундан бошқа каффороти йўқдир», дедилар». «...Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт».

Бешовлари ривоят қилишган.

Муслимнинг ривоятида:

«Агар бирортангиз намоздан ухлаб ёки ғофил қолса, бас, уни эслаган заҳоти ўқиб олсин. Чунки Аллоҳ: ­«...Мени зикр этиш учун намозни тўкис адо эт», деган», дейилган.

Унутган ва ухлаб қолган одам намознинг қазосини ўқиши лозим бўлганидан кейин, қасддан қолдирган одамга уни қазо қилиш, албатта, лозиму лобуд бўлади.

Ҳайз ёки нифос кўрган аёлдан намоз соқит бўлади. У қазосини ўқимайди. Шунингдек, асли кофир ёки жинни бўлган одам ҳам намознинг қазосини ўқимайди. Беш вақт намоз вақтидан кўпроқ муддат ҳушидан кетиб ётган одам ҳам қазосини ўқимайди. Муртад яна Исломга қайтса, муртадлик вақтидаги намозни қазо қилмайди.

Ҳаётлик вақтида имо билан ҳам намоз ўқишдан ожиз бўлган одам каффорот беришни васият қилиши лозим эмас.

Шунингдек, сафар ёки хасталик туфайли рўза тута олмаган одам тузалмасдан ёки сафардан қайтмасдан ўлиб қолса ҳам, фидя беришни васият қилиши шарт эмас. Аммо мазкур васиятни қилиш мустаҳабдир.

Ким узрсиз, ҳатто имо билан ўқишга қодир бўла туриб, олти намоздан зиёдни қолдирган бўлса, каффорот беришни васият қилиши лозимдир. Рамазонда узрсиз рўза тутмаган одам ҳам шунга ўхшашдир.

Уларнинг фидяси ва каффороти қолдирган меросининг учдан биридан берилади. Ўлганнинг валийси фидяни ўз ҳисобидан берса бўлади.

Фидя ва каффоротнинг миқдори бир кунлик намоз учун ярим соъ буғдой (1087,5 гр) ёки унинг қиймати. Бир кунлик рўза учун ҳам шунча бўлади.

Киши ўзи ҳаётлик чоғида ўқимаган намозининг каффоротини тўлаши мумкин эмас. Аммо рўзаникини, унинг қазосини бажаришга кўзи етмаса, беради.

Меросхўрлар ўлган шахснинг қазо намозларини ўқиб қўйиши мумкин эмас. Чунки намоз шахсий баданий ибодатдир.

Қазо худди адодек бўлади. Сафарда қазо қилган бўлса, қазосини ҳазарда ўқиса ҳам, икки ракъат ўқийди. Ҳазарда қазо қилган тўрт ракъатли намознинг қазосини сафарда ўқиса, тўрт ракъат ўқийди.

Қазони дарҳол ўташ керак. Тирикчилик ва ҳожат учун узр қабул. Қазони жамоат бўлиб ўқиш мумкин. Бомдоднинг фарзга тобеъ суннатидан бошқа суннатлар қазо қилинмайди.

Беш фарз ва витр орасида уларнинг ҳаммаси ёки баъзиси ўтиб кетганда тартибга риоя қилиш фарздир.

Хандақ куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилганлари юқоридаги ҳадисда зикр қилинди.

Илло, вақт тор бўлиб қолса ёки унутса, ёхуд олтитадан зиёда бўлса, бундан мустасно.

Тартибга риоя қилиш уч сабаб ила соқит бўлади:

1. Вақтли намознинг ўтиб кетиш хавфи.

2. Қазоларнинг олтидан кўп бўлиши.

3. Адо пайтида қазони унутиб қўйиш.

Агар қазо намозлар ададини билиб бўлмайдиган даражада кўп бўлиб кетса, зиммасидагини адо қилганига кўнгли тўлгунча қазони ўқийди. Ўзига осон бўлиши учун аввалги ўқимаган намозини ва охирги ўқимаган намозини тайин қилиб олиб, ўшанга қараб ўқийверади.

Бошқа намозлар қатори, қазо намозини ҳам қуёш чиқаётганида, қиёмда турганида ва ботаётганида ўқиб бўлмайди.

Аммо бомдод ва асрдан кейин нафл ўқиш мумкин бўлмаса ҳам, қазо ўқиш мумкин.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ақийда бўйича аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг йирик намоёндалари бўлган фиқҳий мазҳаблар имомларининг ҳар бири ўзига хос фиқҳий ижтиҳод қилганлари ва қуйида давоми...

4026 05:00 / 17.01.2017
Меросдан маҳрум қилинганлардан ташқари меросдан тўсиладиган меросхўрлар ҳам бўлади.Уларни ҳам аниқлаш лозим бўлади.Меросдан тўсилиш араб тилида .ҳажб,, мерос давоми...

2666 16:00 / 12.02.2019
4. Она томонидан бўлган момо ва ҳоказо.5. Ота томонидан бўлган момо ва ҳоказо.Ушбу икки томондан бўладиган момолардан мерос олиш ҳаққи борлари .саҳиҳ момо, деб давоми...

1757 11:04 / 02.03.2020
Мисрдаги Исломий тадқиқотлар Академияси ушбу академия дунёдаги энг қадимий Ислом Фиқҳи Академиясидир. Фатволарнинг бирлашиши ва янги пайдо бўлган муаммоларни давоми...

3291 17:30 / 28.11.2019