Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Сийрат

У туғмаган ва туғилмаган | Сийрат дарслари (337-дарс)

19:00 / 18.07.2025 1374 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

711. Нуъмон ибн Башир розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Дуо ибодатдир», дедилар. Сўнгра «Роббингиз: «Менга дуо қилинг, сизга ижобат қилурман. Албатта, Менинг ибодатимдан кибр қилганлар жаҳаннамга хору зор ҳолларида кирурлар», деди» (ояти)ни қироат қилдилар».

Абу Довуд, Термизий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

712. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орамизда турган эдилар, бироз жим туриб қолдилар-да, сўнг табассум билан бошларини кўтардилар. Биз: «Нега куляпсиз, Эй Аллоҳнинг Расули?» дедик. «Менга ҳозиргина бир сура туширилди», деб, «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм. Иннаа аътойнака ал-Кавсар. Фа солли ли Роббика ванҳар»ни қироат қилдилар. Сўнгра: «Кавсар нималигини биласизларми?» дедилар. «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчидир», дедик. «У Роббим азза ва жалла менга ваъда қилган наҳрдир. Унда кўп яхшилик бордир. У Қиёмат куни умматим келиб ҳузуримда сув ичадиган ҳовуздир. Унинг идишлари юлдузлар ададича. Улар ичидан бир банда суғуриб олинади. Мен: «У менинг умматимдан», дейман. Шунда: «Бу сендан кейин нима қилганини билмайсан», дейди», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривоят қилишган.

713. Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мушриклар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Бизга Роббингнинг насабини баён қилиб бер», деганларида, Аллоҳ «Айт: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ сомаддир. У туғмаган ва туғилмаган»ни нозил қилди. Чунки ҳар бир туғилган нарса, албатта, ўлади. Ҳар бир ўлган нарса, албатта, мерос қолдиради. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ўлмайди, мерос ҳам қолдирмайди. «Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган». Унга ўхшаш ҳам, тенгдош ҳам бўлмаган. Унинг мислига ўхшайдиган ҳам йўқ», деди.

Термизий ва Ҳоким ривоят қилишган.

714. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жалла: «Одам боласи Мени ёлғончи қилди, у буни қилмаслиги керак эди. Ва Мени сўкди, у буни қилмаслиги керак эди. Мени ёлғончи қилгани «Асло мени аввал бошдагидек ҳолга қайтармайди» деганидир. Ҳолбуки, Менга уни қайтариш илк бор халқ қилишдан қийин эмас. Мени сўккани эса, «Аллоҳ фарзанд тутди» деганидир. Ҳолбуки, Мен Аҳадман, Сомадман, туғмадим, туғилмадим ва Менга ҳеч ким тенг бўлмади», деди».

Бухорий ривоят қилган.

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам» китобидан

Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 30 ноябрдаги 03-07/9078-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
316. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким намозни унутса, бас, уни эслаган пайтида ўқиб олсин. Унинг бундан давоми...

3798 19:00 / 24.11.2023
683. Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким Қиёмат кунига ўз кўзи билан очиқойдин назар солмоқчи бўлса, давоми...

1773 19:00 / 23.05.2025
536. Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларга ҳожат хутбасини таълим бердилар .Аллоҳга ҳамд бўлсин давоми...

4774 17:00 / 09.07.2021
885. Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Мадинада бир уй кечаси аҳли билан бирга ёниб кетди. Улар ҳақида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга давоми...

3773 19:00 / 21.04.2023
Аудиолар

230168 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар