1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

ИСЛОМ ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ

05:00 / 03.03.2017 4253 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Баъзи бир мутахассислар эндиликда дунёни ҳалокатга солувчи нарса гидроин бомбаси эмас, «героин бомбаси» бўлиб қолганини таъкидламоқдалар. Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, ушбу масала бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммасига айланди. Турли соҳалар мутахассислари ушбу муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Бангилик ва унинг муаммолари бўйича маҳаллий, халқаро ва умумжаҳон ташкилотлари тузилди ва тузилмоқда. Ҳамма инсониятни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида. Дарҳақиқат, оммавий тус олган бало-офатга қарши оммавий равишда кураш олиб борилмаса бўлмайди. Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.

Бандаларига раҳм қилиб уларга зарар келтирувчи нарсаларни ҳаром қилган Аллоҳ таолога ҳамду санолар бўлсин. Аллоҳнинг Китобида келган хамр ҳақидаги ҳукмларни баён қилиб, ҳаётга татбиқ қилиб кўрсатиб берган Пайғамбаримизга саловоту дурудлар бўлсин. Сўнгги пайтларда бутун дунё бўйлаб, собиқ совет иттифоқи ҳудудларида, хусусан, Ўрта Осиё диёри бўйлаб нашаванд моддалар хавфи-хатари ҳақида катта ташвиш ила бонг урилмоқда.
Инсоният келажаги учун, миллатлар истиқболи учун, кишилар саломатлиги учун ва умуман ер юзида яхшилик ҳукм суриши учун қайғураётган кишилар дунё бу масалада ҳалокат жари томон одимлаб кетаётгани ҳақида ўз ташвишларини баён қилмоқдалар. Кундан кунга кўплаб кишилар, ёшлар, аёлллар ва болалар гиёҳвандлик дардининг ҳалокат тўрига илинмоқдалар. Гиёҳвандликнинг кишилар соғлигига, оилаларга, иқтисодга, одоб-ахлоқга, умуман инсон ҳаётининг барча соҳаларига солаётган таҳдиди соат сайин ортиб бормоқда.

Баъзи бир мутахассислар эндиликда дунёни ҳалокатга солувчи нарса гидроин бомбаси эмас, «героин бомбаси» бўлиб қолганини таъкидламоқдалар.
Гапнинг хулосасини айтадиган бўлсак, ушбу масала бугунги кунда дунё ҳамжамиятининг долзарб муаммасига айланди. Турли соҳалар мутахассислари ушбу муаммо бўйича иш олиб бормоқдалар. Бангилик ва унинг муаммолари бўйича маҳаллий, халқаро ва умумжаҳон ташкилотлари тузилди ва тузилмоқда. Ҳамма инсониятни бу хатарли балодан сақлаб қолиш ташвишида.
Дарҳақиқат, оммавий тус олган бало-офатга қарши оммавий равишда кураш олиб борилмаса бўлмайди.
Дарҳақиқат, бугунги кунда гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар бир инсон учун ҳам фарз, ҳам қарздир.
Ушбу кураш ўта аҳамиятли бўлганидан мусулмонлар унинг биринчи сафида бўлмоқлари зарурдир. Чунки, бу иш улар учун виждон амри, дину-диёнат амри, Аллоҳнинг амри ва ҳабиб пайғамбарлари алайҳиссаломнинг амридир.
Мусулмон уламолар фикрича гиёҳвандликка қарши курашда энг самарали йўл Ислом услубидир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда, Пайғамбаримиз алайҳиссалом ўз суннатларида баён қилиб берган йўлдир.
Чунки бу услуб дунё тарихидаги энг самарали услуб бўлганига ҳамма тан берган. Шунинг учун ҳам мусулмонлар ана ўша ўз динларида бор нарсани ишга солиб инсониятни ҳалокатдан соқлаб қолишга ҳаракат қилмоқлари матлубдир.
Худди ушбу тушунчадан келиб чиқиб камина ходимингиз ҳам бу ишга ўзининг камтарона ҳиссасини қўшишни ўз бурчи деб билди. Ушбу сатрларда тақдим қилинаётган ожизона фикрлар ўша бурчни адо этиш йўлидаги камтарона ҳаракатдир.
Аллоҳ субҳанаҳу таолодан бу нарсани фойдали бўлишини тилаб дуо қилиб сўраймиз.

ГИЁҲВАНДЛИККА ҚАРШИ КУРАШ ҲАММАНИНГ БУРЧИДИР

Аллоҳнинг охирги дини Исломнинг ҳар замон ва ҳар маконга салоҳиятли эканини ҳозирги давримиз муаммоларини ҳал қилиш учун бўлаётган ҳаракатлар жараёнида яққол тушуниб олса бўлади.
Хусусан, сиз билан бизга ушбу сатрларда мавзуъ бўлиб турган гиёҳвандлик масаласида бу масалани яққол тушуниб олса бўлади.
Бу ҳақиқатни минг тўрт юз йил аввал келган ояти карима ва ҳадиси шарифларни ўрганишимиз жараёнида яна ҳам чуқурроқ англаб оламиз.
Келинг, мазкур жараённи гиёҳвандликка қарши кураш ҳар барчанинг бурчи эканлигига далил бўладиган ҳадиси шарифни ўрганишдан бошлайлик.
Буюк муҳаддис Имом Бухорий ривоят қилган Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг машҳур ҳадиси шарифларида:«Сиздан ким ёмон-мункар ишни кўрса, уни қўли билан ўзгартирсин, агар бунга қодир бўлмаса тили билан ўзгартирсин, агар унга ҳам қодир бўлмаса дили билан, ана ўша иймоннинг заифлигидандир», деганлар.
Мункар иш дегани, ёмон иш деганидир. Бугунги кунимизда гиёҳвандлик ёмон ишларнинг ҳам энг ёмонидир.
Ушбу ҳадиси шариф ҳукмига биноан гиёҳвандликка қарши кураш ҳамманинг бурчидир.
Биринчи навбатда имкони борлар учун мазкур кураш амалий равишда бўлиши керак. Бунга асосан, ҳукумат доиралари киради. Уларда бу мункар ишни қўл билан, яъни, амалий равишда ўзгартиришга ҳам ҳақ-ҳуқуқ, ҳам имкониятлар бор. Зотан бу ишни қилиш уларнинг бурчлари ҳам.
Айниқса, гиёҳвандликка қарши курашга масъул бўлган идоралар ва шархслар бу ҳақиқатни яхши англаб етмоқлар зарур. Улар бу ишда сусткашликка йўқ қўйишлари мутлақо мумкин эмас.
Шунингдек, гиёҳвандликдек ёмон мункарга қўли билан қарши турадиганларга ушбу ёмонликни йўқ қилиш, олдини олишга оид барча ишларда ишлайдиган шахслар кирадилар. Уларнинг ичида гиёҳванд моддаларнинг чегарадан олиб ўтилмаслиги учун ҳушёр турган чегарачи ҳам, ҳийла йўли билан гиёҳванд моддаларни олиб ўтишга уринганларнинг фош қилишда ташаббус кўрсатган божхона ходими ҳам, гиёҳвандларни даволаш билан машғул шифокор ҳам ва бошқа шунга ўхшаш вазифаларни адо этаётган шахсларнинг барчаси ҳам кирадилар.
Гиёҳвандлик мункарини қайтаришнинг иккинчи даражаси, тил билан бўлади.
Қисқа қилиб айтилганда ушбу балога қарши тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб боришдир. Бу иш билан шуғулланадиганлар қаторига ахборот воситалари масъуллари ва ходимлари, ёзувчилар, зиёлилар, газетачилар ва уларга ўхшаш ишлардан ишлайдиган кишилар кирадилар.
Албатта, мусулмон уламолар бу рўйхатнинг бошида турадилар. Уларнинг бу иш буйича масъулиятлари ҳамманикидан кучли.
Гиёҳвандликка қарши курашда мазкур соҳаларнинг соҳиблари билан бир қаторда ҳар бир инсон ҳам бирга бўлиши зарур. Бир оғиз сўз билан бўлса ҳам гиёҳвандликка қарши курашдек савобли ишга ҳар бир инсон ўз ҳиссасини қўшмоғи лозим.
Агар шунга ҳам қодир бўлмаса ушбу ҳадиси шарифда айтилганидек, гиёҳвандликка дили билан қарши бўлмоғи лозим. Ана ўша энг иймони заиф шахснинг иши бўлади.
Демак, мункар ишни дили билан инкор қилган, унга қўшилмаган, рози бўлмаган мусулмоннинг иймони заиф бўлади. Иймони заиф бўлмаса ёки тили билан, ёки қўли билан ёмонликни бартараф қилишга уринади.
Гиёҳвандликка қарши кураш омавий бўлиши лозимлигини янада чуқурроқ англаб етишимиз учун қуйидаги ҳадиси шарифни яхшилаб ўрганмоғимиз лозим бўлади.
«Нўъмон ибн Башир розияллоҳу анҳудан у киши Пайғамбар алайҳиссаломдан ривоят қиладилар: «Аллоҳнинг ҳадди-чегарасида турганлар ва ундан чиққанларнинг мисоли худди бир кемадан қуръа орқали жой олган кишиларга ўхшайди. Уларнинг баъзиси кеманинг юқорисидан, баъзиси пастидан жой олдилар. Пастдагилар сувга ҳожатлари тушса юқоридагиларнинг олдидан ўтар эдилар. Улар, юқоридагиларга озор бермаслигимиз учун ўз улушимиздан бир жойни тешиб олсак қандоқ бўларкин, дедилар. Агар уларни истаклари ила қўйиб қўйсалар ҳаммалари ҳалок бўлурлар. Агар уларнинг қўлларидан тутсалар улар ҳам, бошқалар ҳам ҳаммалари нажот топурлар». Имом Бухорий ривоят қилган.
Бугунги кунимизда гиёҳвандлик қилаётганлар, ул моддаларни етиштириб, ишлаб чиқараётганлар, ташиётганлар, сотаётганлар барча-барчалари ҳаммамизнинг ҳаёт кемамизни тагидан тешиб ғарқ этишга ҳаракат қилаётган жоҳиллардир. Агар кўплашиб уларнинг қўлидан тутмасак, ҳаммамиз бараварига ғарқ бўлиб ҳалокатга учрашимиз турган гап.
Ҳа, ўзини, оиласини, яқинларини, бутун инсониятни ва келажак авлодларни ўйлаган ҳар бир шахс учун гиёҳвандликка қарши курашда фаол бўлиш зарурдир.
Бу ишда ҳар ким қўлидан келган ҳиссасини қўшмоғи матлубдир. Билиб туриб бепарво бўлишга ҳеч ҳаққимиз йўқ.
Азизлар, мазкур соҳада Ислом дини таълимотларини ўрганишдан олдин баъзи бир луғавий тушунчаларни ўзлаштириб олишимиз мақсадга мувофиқ бўлади.

ХАМРНИНГ МАЪНОСИ

Ушбу мавзуъ бўйича энг асосий Исломий манбалар; Қуръони Карим ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларига мурожаат қилсак ва уларда келган матнларни синчклаб ўргансак, Қуръон ҳақиқий илоҳий китоблигига, Ислом ҳақиқий охирги ва мукаммал шариат эканлигига, Муҳаммад алайҳиссалом ҳақиқий Пайғамбар эканликларига яна бир бор тан берамиз.
Бунинг учун аввало хамр ҳақида келган ояти карималарни қисқача ўрганиб чиқмоғимиз мақсадга мувофиқ бўлади.
Хамр ҳақидаги оятлар Қуръони Каримда тўрт марта, босқичма-босқич бўлиб тушган.
Аввал Наҳл сурасидаги олтмиш еттинчи оят нозил бўлган.
Хамр ҳақидаги иккинчи оят «Бақара» сурасидаги икки юз ўн тўққизинчи оят бўлиб, унда одамлар хамр ва қимор ҳақида сўрашлари ва уларда ҳам фойда, ҳам зарар борлиги, зарарлари фойдасидан кўплиги, уларда катта гуноҳ борлиги айтилади.
Учинчи босқичдаги оят эса, «Нисо» сурасидаги қирқ учинчи оятдир. У оятда мусулмонларга маст ҳолда намоз ўқимасликка амр қилинади.
Ва ниҳоят, «Моида» сурасидаги тўқсонинчи ва тўқсон биринчи оятлар нозил бўлиб, хамрнинг мутлақо ҳаром эканлиги ҳукми собит бўлди.
Энди ушбу оятлар билан танишиб чиқайлик.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: Аллоҳ таоло : «Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир», - деган.
Хурмонинг ҳам, узумнинг ҳам меваси бор. Ўша мевага маълум бир усулда ишлов берилса, ундан маст қилувчи ичимлик олинади. Яна ўша меванинг ўзидан бошқча йўсинда яхши ризқ олиш ҳам мумкин.
Хамр ҳақидаги иккинчи оятда, «Бақара» сурасида: Аллоҳ таоло: «Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт», деган.
Демак, Пайғамбар алайҳиссаломдан хамр ва қимор ҳақида сўрашган.
Шунда Аллоҳ таоло биз ўрганётган ушбу оятни туширди.
Учинчи босқичдаги, «Нисо» сурасидаги оят эса: Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда-то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча-намозга яқинлашманг», деган.
Бу ояти каримада хамрни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи жой олгандир.
Ва ниҳоят, «Моида» сурасида: Аллоҳ таоло: «Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз», - деган.
Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда.
Агар юқорида келтирилган оятларга диққат билан назар соладиган бўлсак, Аллоҳ таоло улардан иккитасида «мастлик» сўзини ва яна иккитасида «хамр» сўзини ишлатмоқда. Бундан ман ва ҳаром қилишнинг асосий иллати мастлик ва «хамр» бўлгани чиқади.
Араб тилида «хамр» сўзи «тўсиш», «беркитиш» маъноларини англатади. Тановул қилган кишининг ақлига таъсир этадиган, унинг ақлини тўсадиган, беркитадиган, бошқача айтганда, маст қиладиган ҳар бир нарсага «хамр» дейилади.
Бу маънони таъкидлаш учун машҳур ҳадис китобларимизда келтирилган бир ривоятни далил сифатида келтирамиз: Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Умар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг минбарларида туриб, хутба қилиб:«Хамрнинг ҳаром этилиши нозил қилинган пайтда у беш нарсадан олинар эди; узумдан, хурмодан, буғдойдан, арпадан ва асалдан. Ақлни тўсган нарса, хамрдир»-деди». Бухорий, Насаий, Муслим ва Абу Давуд ривоят қилган.
Абдуллоҳ ибн Умар ўз оталари ҳазрати Умарнинг халифалик вақтларида масжиди набавийда қилган хутбасида айтган гапларини ривоят қилмоқдалар.
«Хамрнинг ҳаром этилтши нозил қилинган пайтда у беш нарсадан олинар эди; узумдан, хурмодан, буғдойдан, арпадан ва асалдан».
Яъни, Аллоҳ таоло Қуръони Каримда хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ояти каримани нозил қилган пайтда, Арабистон ярим оролида хамрни беш нарсадан олинар эди. Лекин бундан мазкур беш нарсадан бошқадан олинган нарсалар хамр бўлмайди деган фикр туғилиши мумкин эмас. Чунки, «Ақлни тўсган нарса, хамрдир».
Яъни, истеъмол қилинганда истеъмол қилувчининг ақлига тасир қилиб уни маст қилувчи ҳар бир нарса «хамр» дейилади.
«Хамр» сўзининг луғавий маъноси ҳам тўсишни англатади. Арабларда аёл киши бошига ўраб юрадиган тўсқич-рўмолни ҳам химор дейилади.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ушбу гаплари умумий қоида сифатида ишлатилади ва хамрнинг ҳаромлиги нозил бўлганда арабистонда хамр ҳисобланган беш турдан бошқа барча ақлни тўсувчи нарсалар ҳам хамр ҳисобланади.
Уларнинг қайси нарсадан, қайси услубда олиниши ёки суюқ-қуюқ бўлиши эътиборга олинмайди.
Чунки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг Имом Муслим ривоят қилган бошқа бир ҳадисларида: «Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир хамр ҳаромдир»-деганлар.
Шунинг учун водками, вискими, вино ёки пивоми, нашами ,қора дорими, героинми, морфими кокаинми, кўкнорими барибир ҳаммаси ҳаром.
Қуръони Каримнинг айнан «маст» ва «хамр» лафзларинигина ишлатишининг ҳикматини энди англаб етган бўлсангиз керак? Агар ўша вақтда тарқалган бирор нарсанинг исми ишлатилганда, бошқа нарсаларни, жумладан, кейин пайдо бўладиган нарсаларнинг ҳукми тўғрисида турли тушунмовчиликлар келиб чиқиши мумкин бўлар эди.
Ҳар бир нарсанинг энг нозик нуқталаригача биладиган зот Аллоҳ таоло шунинг учун ҳам Ўзининг Каломида ҳар доим умумий қоида бўлиб турадиган лафзларни ишлатгандир.
Пайғамбар алайҳиссалом бўлсалар ўша умумий қоидаларни шароитга, кишиларнинг савияларига қараб ўзига хос услуб билан баён қилиб берганлар.
Жумладан, У зот алайҳиссалом баъзи бир набокорлар, хамрнинг маст қилиши ҳаром ўзи ҳаром эмас, демасликлари учун қуйидаги ҳадисларни айтдилар: Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:«Кўпи маст қилган нарсанинг ози ҳам ҳаромдир»-дедилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Бу ҳадиси шариф баъзи кишилар орасидан тез-тез кўтарилиб турадиган ва фитнага сабаб бўладиган тушунмовчиликка узил-кесил жавоб бўлиб келган.
Баъзи нафсининг кўйига кирган кишилар ўзларича озгина истеъмолганда маст қилмайдиган нарсаларни истеъмол қилса бўлаверса керак, деган шубҳали гап тарқатиб юрадилар.
Модомики озгина бўлса ҳам маст қилувчи модда қўшилган ҳар қандай хамр ҳаромлигини ушбу ҳадиси шарифдан билиб олдик энди унга амал қилмоғимиз лозим.
Бу ҳукмни билмаган кишиларга ҳам билдирмоғимиз зарур. Бу борада ҳар хил, билиб-билмай сўз юритадиган шахсларнинг гапига мутлақо қулоқ солмаслигимиз вожибдир.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Қайси нарсанинг бир фарақи маст қилса унинг бир сиқими ҳам ҳаромдир»-дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган
«Фарақ» ўн олти қадоқ миқдордаги нарсани ўзига сиғдирадиган ўлчов идишидир. Бир қадоқ 449, 28 грамм. Бундан бир фарақ етти ярим килограмча оғирлик экани келиб чиқади. Бир сиқим эса бир кафтга сиғадиган нарсадир.
Демак, жуда кўп миқдорда истеъмол қилгандагина маст қиладиган нарсанинг жуда оз миқдорини истеъмол қилиш ҳам ҳаром бўлар экан.
Пайғамбар алайҳиссалом хамр ҳақидаги тушунчани яна ҳам равшан ва тўлиқ бўлишини, ҳеч ким, ҳеч қачон бирор эътироз айта олмаслигини таминлаш учун яна бир баён ворид қилдилар.
Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир маст қилувчи ва бўшаштарувчидан қайтардилар». Имом Абу Довуд ривоят қилган.
Бу билан истеъмол қилганда танани, аъзоларни, асабни ва бошқа жойларни бўшаштирувчи ҳар қандай нарса ҳаром бўлди.
Худди шу ҳадиси шарифдаги айтилаётган «бўшаштирувчи»лик сифати ажнабий тилларда наркотик деб номланётган гиёҳвандлик моддаларини алоҳида васфидир.
Шундоқ қилиб хамр нима эканлиги очиқ-ойдин бўлди. Унинг тўғрисидаги умумий қоида ҳам аниқ-равшан бўлди.
Энди ушбу маъно ва қоидаларни ҳаётга қандоқ татбиқ қилинганини ўрганайлик.

ХАМР ҲАҚИДАГИ ҚОИДАНИ ТАТБИҒИ

Хамрнинг маъноси ва унинг шаръий ҳукми аниқ бўлгандан кейин, келгусида уларни ҳаётга бемалол татбиқ қилиш қолди, холос.
Бундан кейин қандоқ нарса, ичимлик ёки модда чиқса ҳам ушбу қоидага солиб кўрилади. Унга тўғри келса, хамр бўлади ва унинг ҳаромлиги эълон қилинади.
Бу қоидани ишлатишни ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг ўзлари бошлаб берганлар.
Дайлам ал-Ҳимайрий розияллоҳу анҳу.дан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Эй Аллоҳнинг Расули, биз совуқ ерда яшаймиз. У ерда оғир иш бажарамиз. Биз манабу буғдойдан ичимлик қилиб олганмиз. У билан ишларимизга ва юртимизнинг совиғига қувватланамиз?» дедим.
«Маст қиладими?» дедилар У зот.
«Ҳа», дедим мен.
«Ундан четда бўлинглар!» дедилар У зот.
«Одамлар уни тарк қилувчимаслар», дедим.
«Агар уни тарк қилмасалар, уларга қарши уруш қилинглар»
, дедилар У зот. Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган баҳоналар хамр хўрликка мубтало бўлган шахс ва халқлардан ҳозиргача такрорланиб келади.
Аввалги жоҳилият одамлари ўзларининг илмсизликлари туфайли бу ноўрин баҳонани айтган бўлишлари мумкин.
Аммо ҳозирги жоҳилият одамлари хамр кони зарар эканини илмий равишда тушуниб етдиларку! Қандоқ қилиб хамр оғир ишни енгилатиши мумкин?!
Аксинча хамр итеъмол қилиб унча мунча нарсанинг фарқига бормайдиган ҳолга тушиб олган одам иш ҳодисаларига учраб ҳалок ёки майиб бўлиши мумкин, холос.
Ана шундоқ қилиб бошқа нарсаларни ҳам ҳукми улар пайдо бўлиши билан юқоридаги қоидага солиб кўриб аниқланаверган.
Албатта, аввалги пайтларда олдин зикр қилиб ўтилган, ҳазрати Умар зикр қилган беш нарсадан олинадиган содда ичимликдан бошқа хамр бўлмаган. Аммо аста секин вақт ўтиши билан турли нарсалар чиқа бошлаган ва ўз вақти Ислом шариати бўйича уларнинг ҳукми ҳам баён қилиб борилган.
Авваллари эски китобларда ичиладиган хамр ҳақида, кейинроқ эса, фақат наша ва афюн ҳақида сўз кетганининг гувоҳи бўламиз. Чунки ўша пайтлар фақат шу икки нарса мавжуд бўлган.
Шайх Санъоний ўзларининг «Субулус-Салам» номли машҳур китобларида: «Нима бўлса ҳам, маст қилувчи нарса ҳаромдир. Агар нашага ўхшаш ичилмайдиган нарса бўлса ҳам», деганлар.
Имом ал-Қурофий ақлга таъсир ўтказувчи нарсаларни учга бўлиб зирк қилганда нашани муфсид-бузувчи нарсалардан, деб таърифлаганлар.
Шайх ал-Ҳаттоб ўзларининг «Мавоҳибул-Жалил» номли китобларида наша билан афюнни хамр деб санаганлар.
Ўнинчи ҳижрий асрдан бошлаб китобларимизда гиёҳвандлик моддалари истилоҳи ишлатила бошлади.
Ўша вақтларда барча мазҳабларнинг фуқаҳолари гиёҳвандлик моддаларининг ҳаром эканлигига, уларни ҳалол санаган киши кофир бўлишига иттифоқ қилганлар. Шунингдек уларни ейиш, ичиш, ҳидлаш ва игна орқали қабул қилиш мутлақо мумкин эмаслигини қаттиқ таъкидлаганлар.
Ҳамаср уламоларимиз ҳам гиёҳвандлик моддаларини тановул қилиш, экиш, ишлаб чиқариш, уларнинг тижорати билан шуғулланиш ҳаром эканига иттифоқ қилганлар.
Улар, гиёҳвандлик моддалари орқали қилинган касб ҳаромдир, уларнинг таъсири остида намоз ўқиган одамнинг намоз қабул эмас, улардан келган фойда ҳаромдир, уни садақа ҳам қилиб бўлмайди, яхшилик ишларга ҳам ишлатиб бўлмайди, деганлар.
Шунинг учун ҳам бу масалада барчамиз ўта ҳушёр бўлмоғ имиз лозим.
Қадимдан турли қавмлар, халқлар ва тузумлар хамрга қарши ўз услублари билан курашиб келмоқдалар. Биз бу иш Ислом шариатида қандоқ олиб борилгани билан танишиб чиқайлик.

ХАМРГА ҚАРШИ ҚУРЪОНИЙ КУРАШ

Маълумки, Исломдан олдин хамрхўрлик жуда кенг ёйилган эди. Кишилар хамрхўрлик билан фахрланишар, бу борада мусобақа қилиб, бир-бирларидан ўтишга ҳаракат этишарди. Хамр шоирларнинг шеърида, муғаннийларнинг қўшиқларида бош ўринда турарди. Кишилар хамрсиз ҳаётни тасаввур ҳам қила олмас эди.
Албатта, бундоқ жамиятни хамрхўрлик иллатидан тозалаш осонмасди. Шуларни эътиборга олиб, бу муаммони муолажа қилишда Қуръони Карим аста-секинлик билан, даражама-даража ҳаракат йўлини тутган.
Хамр ҳақидаги илк оятлар нозил бўлгандаёқ уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ ниҳоий ҳукм тушиши муқаррарлигини кишилар сезиб туришар эди.
Ҳа, Аллоҳ таоло кишилар ҳаётига сингиб кетган хамр хўрлик иллатини аста-секин муолажа қилишни ирода қилди.
Аввал «Наҳл» сурасида маст қилувчи нарсани яхши ризққа қарама-қарши қўйиб қуйидаги оятни нозил қилди: «Ва хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз. Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бордир».
Хурмо ва узумларни ҳам Аллоҳнинг Ўзи яратган. Эътибор қилган одам уларда ҳам улкан илоҳий мўъжизаларни кўради.
Ҳозир у мўъжизаларни бир томонга қўйиб турайлик-да, ушбу оятда зикр қилинган нарсага эътибор берайлик.
«...хурмо ва узумларнинг меваларидан маст қилувчи нарса ва гўзал ризқ олурсиз».
Хурмонинг ҳам, узумнинг ҳам меваси бор. Ўша мевага маълум бир усулда ишлов берилса, ундан маст қилувчи ичимлик олинади. Яна ўша меванинг ўзидан бошқча йўсинда яхши ризқ олиш ҳам мумкин. Бу мевага бундай қобилиятни-турли ҳолатни қабул қилиш истеъдодини-ким берди? Албатта, Аллоҳ таоло берди.
«Албатта, бунда ақл юритгувчилар учун оят-белги бор».
Бу нарсаларнинг мўъжизалигини, уларни яратган зот-Аллоҳнинг Ўзигина ибодатга сазовор маъбудлигига белги эканини тушуниб етиш учун ақл бўлиши лозим. Ана шу ақл эгалари хурмо ва узумлар мевасидан маст қилувчи ичимлик эмас, яхши ризқ олишга ҳаракат қилади.
Ушбу ояти карима Қуръони Каримда маст қилувчи ичимлик ҳақида нозил бўлган тўрт оятнинг биринчисидир.
Кўриниб турибдики, бу оятда маст қилувчи ичимлик ҳақида муайян бир ҳукм йўқ. Аммо унинг яхши ризққа қиёсан ёмон эканига ишора бор. Бу ишора мусулмонлар ичида маст қилувчи ичимликка қарши қуръоний тарғиботнинг бошланишидир.
Кўпчилик ушбу оят нозил бўлгандан кейин, хамр яхши эмас экан, деб ичишни ташлади.
Бирмунча вақт ўтгандан сўнг одамлар Пайғамбар алайҳиссаломдан хамр ва қимор ҳақида сўрадилар.
Шу билан бир вақтда ҳазрати Умар бошлиқ бир гуруҳ мусулмонлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ҳақида бизга фатво беринг, бу ақлни кетказувчи, молни тортиб олувчи нарса», дедилар.
Аллоҳ таоло Бақара сурасидаги ушбу оятни туширди.
«Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрарлар. Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт».
Хамр ва қимор ҳақидаги саволга жавоб беришни Аллоҳ таоло Пайғамбар алаҳиссаломга: «Сен: «Иккисида катта гуноҳ ва кишилар учун манфаат бор ва гуноҳлари нафларидан каттадир», деб айт», деб ўргатмоқда.
Хамрнинг ҳам, қиморнинг ҳам катта гуноҳ эканлиги аввалдан таъкидланмоқда.
Шу билан бирга, ўша вақтдаги кишиларнинг эътиқоди бўйича, манфаатлари ҳам борлиги эслатиб ўтилмоқда.
Хамр сотиб пул топишни, улар манфаат деб тушунишган. Шунингдек, қиморда пул ютишни, ундан одамларга чўтал беришни манфаат деб тушунишган. Лекин бунга ўхшаш манфаатлари гуноҳи олдида ҳеч нарса эмаслиги ҳам уқдирилмоқда.
Хамрнинг жамиятга, шахсга, давлатга ва инсониятга келтирадиган зарари ҳозиргидек кўзга яққол кўринмаган бўлса керак.
Қиморнинг ҳукми ҳам шундай: осонлик билан, меҳнат қилмай, ошиқ ёки карта ўйнабми ёки бошқача номланган ўйинлар ўйлаб чиқарибми, одамларнинг пулини олиш ҳаром. Ҳозирги пайтда қиморнинг ҳам хамрга ўхшаб тури кўпайиб кетди. Инсониятга катта зарар келтирмоқда, уларнинг барчаси ҳаром.
Бу оят ҳам ўз ишини қилди. Жамиятни хамрдан тозалаш борасида катта хизмат қилди. Масалани тушуниб етганлар хамр тановул қилишни ташладилар. Қолганларда эса, унга қарши нафрат ўсди.
Кейинроқ Абдуроҳман ибн Авфнинг уйида меҳмондорчилик уюштирдилар, у ерда хамр истеъмол қилиб маст бўлишди. Намозда имомлари Кафируун сурасини хато қилиб ўқиди.
Шунда Аллоҳ таоло «Нисо» сурасидаги ушбу оятларни туширди:
«Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда–то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча-намозга яқинлашманг». (43 оят)
Бу ояти каримада кўпгина ҳукмлар баён этилгандир. Шу билан бирга, хамрни ҳаром қилиш йўлида татбиқ қилинган чоранинг яна бир босқичи ҳам шу ояти каримадан жой олгандир.
Имом Термизий ва Ибн Аби Ҳотимлар Али ибн Аби Толиб каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилган ҳадисда, у киши қуйидагиларни айтадилар: «Абдурроҳман ибн Авф таом қилиб бизни меҳмонга чақирди. Хамр ҳам қуйиб берди. Бизга хамр ўз таъсирини кўрсатди. Намоз вақти бўлиб қолувди, фалончини олдинга-имомликка ўтказдилар. У «Эй кофирлар! Сиз ибодат қиладиганга мен ибодат қилмайман ва сиз ибодат қиладиганга биз ибодат қиламиз», деб ўқиб юборди.
Шунда Аллоҳ: «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда–то айтаётган гапингизни биладиган бўлмагунингизча, намозга яқинлашманг...» деган оятини нозил қилди».
Бу мусулмонларга қаттиқ таъсир қилди. Чунки аввало намоз энг улкан ибодат, бу ибодат уларнинг кўз қорачиғи ҳисобланар эди. Иккинчидан, кофирлар билан тикма-тик тортишиб турган ғоялари, улар ибодат қилган нарсага ибодат қилмаслик эди. Намозда туриб оят маъносини тескари қилиб, «сиз ибодат қилганга биз ибодат қиламиз», деб юборилиши катта мусибат эди.
Ушбу оят тушгандан сўнг хамр ичиш имкони яна ҳам камайди. Чунки беш вақт намознинг орасида маст бўлмай туриш осон эмас эди.
Бир муддат ўтгандан кейин Атабон ибн Молик зиёфат бердилар. Хамр истеъмол қилиб ўтириб, маст бўлиб жанжал чиқди, муштлашув бўлди.
Шунда Аллоҳ таоло «Моида» сурасидаги хамрни бутунлай ҳаром қилувчи ушбу оятларни нозил қилди: «Эй иймон келтирганлар! Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир. Бас, ундан четда бўлинг. Шоядки, нажот топсангиз.
Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!»
(90-91 оятлар).
Аллоҳ таоло ушбу оятда хамр тановул қилиш ва қимор ўйнаш каби амалий гуноҳларни бутга чўқиниш ва фолбинга ишониш каби куфр ва ширк саналган улкан маънавий жиноятларга тенглаштирмоқда.
Баъзи одамлар бутга чўқинишдан қаттиқ ҳазар қиладилар, ўлиб кетса ҳам бу ишни қилишга кўнмайдилар. Аммо хамрни ичаверадилар, қиморни ўйнайверадилар. Фолбинга бориш ҳақида ҳам шу фикрни айтса бўлади. Аллоҳ таоло бу ишларнинг барчасини қўшиб-жамлаб туриб бир хил баҳо бермоқда.
«Албатта, хамр, қимор, бутлар ва (фол очадиган) чўплар ифлосдир. Шайтоннинг ишидир», демоқда.
Сўнгра иймон келтирган бандаларига хитоб қилиб:
«Бас, ундан четда бўлинг», демоқда.
Яъни, мўмин бандаларнинг нажот топишларига шояд ушбу ифлосликдан ва шайтоннинг ишидан четда туриш сабаб бўлса, демоқда.
Кейинги оятда эса, хамр билан қиморнинг ушбу сура сиёқига мос келадиган равишда зарарларини ҳам эслатиб ўтмоқда:
«Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайдир. Энди тўхтарсизлар?!»
Юқорида ўтган оятларда аввалги умматларнинг ҳалокатига уларнинг ораларига тушган адоват ва ёмон кўришлик ҳам сабаб бўлгани эслатилган эди.
Бундай ўзаро адоват ва ёмон кўришлик мусулмонлар орасида ҳам пайдо бўлишига хамр билан қимор сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.
Хамрнинг шахсга, оилага, жамиятга ва бутун инсониятга келтирадиган зарарлари ҳақидаги маълумотлар жуда ҳам кўп, маълум ва машҳурдир.
Бу ҳақиқатларни бутун дунё–мусулмон ҳам, кофир ҳам, худосиз ҳам, ҳатто хамрхўрлар ҳам яхши билади. Биз у маълумотларни такрорлаб ўтирмайлик-да, ушбу ояти каримада зикр қилинган зарарини–кишилар ўртасида адоват ва ёмон кўришга сабаб бўлишини эслаб ўтайлик.
Агар эътибор берадиган бўлсак, қаерда хамр бўлса, ўша жойдан кўнгилсизлик келиб чиқади.
Хамр туфайли оилалар бузилгани қанча, ака-укалар, ота-болалар, дўст-оғайни, қўни-қўшнилар бир-бирига душман бўлгани қанча. Ишхона, маҳалла-кўй, тўй-маросим, дам олиш жойлари ва жамоатчилик тўпланадиган ерлардаги адоват ва ёмон кўришларнинг ҳисобига етиб бўлмайди.
Шунингдек, қимор ҳам зарари кўп иллатдир. Айниқса, кишилар ўртасига адоват ва ёмон кўришлик солиши ҳаммасидан ўтиб тушади. Буни содда мантиқ ҳам кўрсатиб туради. Ютқизган қиморбоз ўзидан бир дақиқа ва бир ҳаракат ила катта ёки оз миқдордаги маблағни ютиб олган қиморбозни ҳеч қачон яхши кўрмайди ёки унга ўзини дўст санамайди. Қиморнинг орқасидан чиққан жанжаллар, душманликлар, ёмон кўришлар, қотилликлар ҳақида ҳар доим эшитиб турамиз.
Аллоҳ таоло бу икки нарсани–хамр ва қиморни «ифлослик ва шайтоннинг иши», деб атамоқда.
Аллоҳ Ўз бандаларига меҳрибон бўлгани учун уларни ифлослик ва шайтоннинг ишидан қайтаради. Нопок таомларни зарарли бўлгани учун ҳаром қилганидек, ифлос ишларни ҳам бандаларига зарарли бўлгани учун ҳаром қилади.
Ушбу ояти каримада зикр қилинган хамр билан қиморнинг зарарларидан иккинчиси–улар одамларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсиши.
Бу маълум ва тушунарли ҳол. хамрхўрнинг хамр ичишининг ўзи Аллоҳни эсламаслигига далил. Хамр истеъмол қилиб маст бўлиб олгандан кейин эса, умуман эсга олмайди. Намоз ҳам, бошқа ишлар қатори, хамрхўрнинг эсидан чиқади. Шунингдек, қиморга берилиб кетган қиморбоз Аллоҳнинг зикрини ҳам, намозни ҳам унутади. Бу нарса хамр ва қимор келтирадиган зарарларнинг энг каттасидир. Бошқа жиноятлар шу унутишдан келиб чиқади.
Хамрхўр халқларнинг вакиллари хамрдан фазилат топмоқчи бўладилар: «Бу дунёнинг ғам-ғуссаларини унуттиради, бир оз бўлса ҳам, бўшашиб, ўша ғамлардан, аламлардан узоқлашиш имконини беради», дейдилар.
Исломда бунга масъулиятдан қочиш, ғам-ғусса устига яна ғам-ғусса қўшиш деб қаралади. Албатта, биров хамрни истеъмол қилиб, маст бўлиб, ғам-ғуссасини унутгани билан, хушига келганда ғам-аламлардан қутулиб қолмайди. Балки аввалги ғам-ғуссаларига хамрхўрлик туфайли келган ғам-ғуссалар қўшилади.
Исломда ҳаётнинг ғам-ғуссаларини улардан қочиш билан эмас, балки уларга қарши курашиш билан муолажа қилинади. Мусулмонлар қийинчиликларни енгиб ўтишда доимо Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолларида иш олиб борадилар. Ҳамиша Аллоҳ таолонинг зикрида бўладилар, намозни канда қилмайдилар. Аллоҳнинг зикри ва намоз дунёдаги барча ғам-ғуссаларни тўкиб-соладиган, уларни ҳал қилишда, улардан холос бўлишда ҳақиқий ёрдамчи бўлмиш Аллоҳдан мадад сўрайдиган энг қулай фурсатдир.
Бундай қулай фурсатни хамр ичиш, қимор ўйнаш билан қўлдан бой бериш катта бадбахтликдир.
Хамрхўрликка қарши гапирсанг, баъзилар: «Сенинг ишинг нима? Қилса ўзининг пулига истеъмол қилибди. Зарар кўрса, ўзи кўради», дейишади.
Исломда бундай фалсафа йўқ. Мусулмон одам фақат ўзи учун яшамайди. У ўзидан ташқари оиласи, қариндош-уруғи, жамияти, қолаверса, бутун инсоният олдида масъулиятли шахс ҳисобланади.
Энг муҳими–Аллоҳнинг олдида масъулиятлидир.
Шунинг учун ҳам у, аввало, ўз жони олдидаги масъулиятни ҳис этиб, хамр туфайли молу мулкини, соғлиғини ва обрўйини йўқотиш билан ўзини қийнамаслиги керак.
Шунингдек, унинг ўз оиласини ҳам қийнашга ҳаққи йўқ. Оилани боқиб, кийинтириб, яхши жой билан таъминлаб, унинг обрўйини ҳимоя қилиш ўрнига, топганини истеъмол қилиб, етмаса, оиланинг бошқа аъзолари топган унча-мунча маблағни ҳам сарфлаб, уларнинг обрўйини тўкиш катта жиноят ҳисобланади. Шунингдек, қариндош-уруғлар ҳам ундаги ҳақларидан бебаҳра қолмасликлари керак.
Хамрхўр киши жамият унга яратиб берган имтиёзлардан фойдаланса-ю, ўзи унга хизмат қилиш ўрнига, тирик тавон бўлиб, ногиронлик нафақаси сўраб турса, шунда ҳам хамрхўр лик «ўзининг иши» бўладими?!
Хамрхўрнинг Аллоҳ таоло олдидаги масъулияти ҳақида ҳар қанча гапирсак шунча оз. Қисқа қилиб айтганда, хамрхўр умуман Аллоҳни унутган одам бўлади. Бунақа одам ҳақида қандай қилиб, «истеъмол қилса, ўзининг пулига истеъмол қилибди, зарар кўрса, ўзи кўради», дейилади?!
Ушбу икки оят Қуръони Каримдаги хамр ҳақидаги сўнгги оятлардир. Бу ерда унинг батамом ҳаром эканлиги баён қилинган.
Хамр ҳақидаги илк оятлар нозил бўлгандаёқ уларнинг вақтинчалик эканини, кейинроқ ниҳоий ҳукм тушиши муқаррарлигини кишилар сезиб туришар эди.
Бу ҳақда баъзи ибратли ривоятлар ҳам келган.
Наҳл сурасидиги биринчи оят нозил бўлгандан кейин бўлса керак, ишончли ҳадис китобларида ривоят қилинишича, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб:
«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» деган эканлар.
Вақти келиб, «Бақара» сурасидаги «Сендан хамр ва қимор ҳақида сўрайдилар. Уларда катта гуноҳ ва одамлар учун манфаатлар бор. Гуноҳлари манфаатдан кўра каттаорқдир», деган оят нозил бўлди.
Умар розияллоҳу анҳуни чақириб, у кишига бу оят тиловат қилиб берилди. У киши яна:
«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» дедилар.
Сўнгра вақти келиб, «Нисо» сурасидаги: «Эй иймон келтирганлар! Маст ҳолингизда намозга яқинлашманглар», деган оят нозил бўлди. Ҳазрати Умар чақирилиб, бу ояти карима ҳам у кишига тиловат қилиб берилди. У киши яна:
«Эй Парвардигор! Бизга хамр тўғрисида шифо бўладиган баён бергин!» дедилар.
Ва ниҳоят, «Моида» сурасидаги:
«Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва ёмон кўришликни солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни хоҳлайди. Энди тўхтарсизлар?!» ояти нозил бўлди.
Яна ҳазрати Умар чақирилиб, бу оятни ҳам тиловат қилиб беришди. Шунда у киши: «Тўхтадик!!! Тўхтадик!!!» деб қичқирдилар».
Хамрнинг ҳаромлигини баён қилувчи ушбу оят нозил бўлгандан, кишилар хамр сақлайдиган идишларини кўчага олиб чиқиб ерга урганлар. Мадинаи Мунаввара кўчаларида хамр оққан. Одамларга ушбу оят тушганлиги хабари етганда ичишга шайланиб турган хамрларини қайтарганлар, истеъмол қилиб қўйганларини қусиб ташлаганлар. Шу билан бу иллатдан жамият тамоман қутулган.
Бунга ўхшаш иллатларнинг муолажаси фақат чуқур иймон ва эътиқод асосида бўлмаса, муваффақиятсизликка учраши турган гап.

СУННАТ ХАМРГА ҚАРШИ

Албатта, хамрга қарши Ислом таълимотлари биз юқорида ўрганиб ўтган тўрт оятдангина иборат эмас. У оятлар асос. Уларнинг атрофида кўплаб ҳадиси шарифлар ва амалий татбиқлар бор. Келажак сатрларда ўшалардан баъзи намунлар ўрганиб чиқамиз.
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳар бир маст қилувчи хамрдир. Ҳар бир маст қилувчи ҳаромдир. Ким бу дунёда хамрни истеъмол қилиб, уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас»-дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Пайғамбар алайҳиссаломнинг ушбу ҳадиси шарифдаги: «Ҳар бир маст қилувчи хамрдир» деган гаплари умумий қоидадир.
Бу қоида ҳақида аввал ҳам сўз ютирган эдик. Шу қоидага биноан нима бўлишидан қатъий назар ҳар бир маст қилувчи нарса; суюқми қуюқми, ичиладими, чекиладими, ҳидланадими игна билан киритиладими бири-бир ҳаромдир.
Мазкур шариат ҳаром қилган нарсаларни мусулмон одам зинҳор ва зинҳор истеъмол қилмаслиги керак.
Ким уларни истеъмол қилса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ушбу ҳадиси шарифда турли омилларга кўра маст қилувчи нарсаларни истеъмол қилишга одатланган кишилар ҳақида: «Ким бу дунёда хамрни истеъмол қилиб уни тарк қилмай ўлиб кетса, тавба қилмаса, охиратда уни ичмас»-дейилмоқда.
Демак, билиб-билмай хамр истеъмол қилган киши унинг ҳаромлигини билиши замон уни тарк қилмоғи, тавба қилмоғи лозим.
Агар хамр ичишдан қайтмай, тавба қилмай ўлиб кетса, у охират хамрини ича олмайди. Бу ундоқ одам жаннатга кирмайди деганидир. Чунки бу дунёнинг хамридан тубдан фарқ қиладиган охират хамрини фақатгина жаннатилар ичиши маълум ва машҳур.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ хамрни, унинг ичувчисини, қуйиб берувчисини, сотувчисини, сотиб олувчисини, сиқувчисини, сиқтирувчисини, кўтарувчисини ва кўтартирувчисини лаънатлади»-дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда лаънатлаш Аллоҳ томонилан бўлмоқда. Шунинг ўзи иш қанчалар жиддий эканини кўрсатади.
Аввало Аллоҳ хамрнинг ўзини лаънатлаши таъкидланмоқда сўнгра эса унга алоқадор шахсларни лаънати келмоқда.
Келинг, ушбу ҳадисда хамр туфайли Аллоҳ таолонинг лаънатига учраган шахслар билан яқиндан танишайлик, шояд улардан йироқда бўлишимизда фойда берса.
Аллоҳ хамрни ва унга алоқадор қуйидагиларни лаънатлайди:
1. Ичувчисини.
Хамрга алоқадор тоифалар ичида асосий айбдор тоифа шу тоифадир. Қолган барча тоифалар ҳам шу тоифа учун ҳаракат қилади. Улар ушбу хамрни сотиб олиб истеъмол қилувчи тоифанинг пулини олишга ҳаракат қилади.
2. Қуйиб берувчисини.
Бу ҳам, яъни, хамрхўрларга косагуллик қилиш ҳам хамр ва унинг ҳукмидаги нарсалар равнақи учун хизмат.
Шунинг учун бу ишни қилувчи одам ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига учрайди.
3. Сотувчисини.
Хамр ва хамр ҳукмидаги барча нарсаларни сотувчиларнинг ҳаммаси ҳам Аллоҳнинг лаънатига дучор бўладилар. Аллоҳ ҳаром қилган нарсани сотгандан кейин бошқа нарса бўлиши ҳам мумкин эмас.
Ҳозирги кунимизда маст қилувчи ичимликларни, наркотик моддаларни сотувчилар инсониятга қанчалар зарар келтиришлари яна ҳам очиқ-ойдин намоён бўлиб турибди.
Инсонлар чиқарган қонунлар қонун чиқарувчиларга зарар келтирмайдиган нарсани сотганларни жазоламайди.
Мисол учун ҳозир фақат наркотик моддаларни сотадиган қочоқ савдогаргина жазога тортиладилар. Келажакда бу моддаларни ҳам маст қилувчи ичимликлар каби қонунлаштириб олишлари ҳеч гап эмас.
Илоҳий қонунлар эса инсониятга зарар етказувчи ҳар бир нарсани сотганни жазога лойиқ деб топади. Бу ҳолни яхши тушунмоғимиз лозим.
4. Сотиб олувчисини.
Хамр ва унинг ҳукмидаги ҳаром, маст қилувчи нарсаларни сотиб олувчи, ўзи уларни истеъмол қиладими йўқми бари-бир гуноҳкордир. Мазкур нарсаларни сотиб олиш, ўша ҳаром нарсаларнинг ривожига ҳисса қўшмоқдир. Бу эса, Алоҳнинг лаънатига яраша ишдир.
5. Сиқувчисини.
Ўша вақтда хамрни сиқиб тайёрлангани учун шундоқ дейилган. Бу сўзни бугунги кунимиз тилида айтадиган бўлсак, тайёрловчиси, деймиз. Демак, гиёҳвандлик моддаларни тайёрловчилар Аллоҳнинг лаънатига учрайдилар. Улар учун бу дунёдаги барча тузумларнинг лаънати, қамоғи, турли жазолари етарли эмас. Охиратда Аллоҳ дўзахга ҳам солади.
6. Сиқтирувчисини.
Бу тоифа сиқувчи тоифадан ҳам ёмондир. Чунки, биринчи тоифани ишга соладиган ҳам шу тоифадир. Инсонлар учун зарарли бўлган турли маст қилувчи ва сархуш қилувчи моддаларни ишлаб чиқаришни йўлга қўювчилар шулардир. Буларга ҳам Аллоҳнинг лаънати бўлади.
Гиёҳвандлик моддаларини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун амр берганлар ҳам шулар қаторидадир.
7. Кўтарувчисини.
Мазкур ҳаром нарсага ҳаммоллик қилувчи киши ҳам Аллоҳнинг лаънатига сазовордир. Хом ашёни тайёрлаш, жойига олиб боришда ҳаммоллик қиладими ёки тайёрлаш жойидами, сотиш жойидами ёки сотиш жойидан истеъмол жойигами бари бир.
Ҳозирги кунда бутун дунё қарши курашаётганига қарамай лаънати ҳаммолларнинг фаолияти туфайли қора дори ва унга ўхшаш ҳаром нарсалар бутун дунё бўйлаб кенг тарқалмоқда.
Аллоҳ таоло ва Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам уларни беҳуда лаънатламаган эканлар.
8. Кўтартирувчисини.
Хамр ва унинг ҳукмидаги ҳаром нарсаларнинг ҳаммолларини ишга солувчи, уларга пул бериб ишлатувчи ҳам Аллоҳ таолонинг лаънатига қолгай.
Хамр тўғрисидаги огоҳлантиришлар ичида ушбу ҳадиси шарифга ўхшаш қаттиқ ҳукмга далолат қилувчиси бўлмаса керак.
Биз одатда, агар ўта диндор бўлсак, хамр истеъмол қилувчига нафрат қилиш билан кифояланиб қоламиз. Аслида эса хамрга алоқадор барча шахслар Аллоҳ таолонинг лаънатига қолганлар эканлар.
Шунинг учун уларнинг ҳаммасидан нафратланишимиз лозим. Уларга насиҳат қилиб ҳалол-пок йўлга чорлашимиз лозим.
«Жайшондан бир киши келиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ўз ерларида ичишадиган, жухоридан қилинадиган ва ал-Мизру деб номланадиган ичимлик ҳақида сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «У маст қилувчими?» деб сўрадилар.
«Ҳа», деди у.
«Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир. Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ким маст қилувчи нарсани ичса унга «хабол тийнаси»ни ичирмоқни аҳд қилгандир»-дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, хабол тийнаси надир?»-дедилар.
«Дўзах аҳлининг тери ёки дўзах аҳлининг йиринги»-дедилар У зот». Муслим ва Насаий ривоят қилган.
«Жайшон» Ямандаги бир жойнинг исми. Ана ўша ерли бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб ўз юртида жухоридан тайёрланиб ичиладиган ал-Мизру номли ичимлик ҳақида сўради. Яъни, унинг ичиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида шаръий ҳукм сўради.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб беришдан олдин у одамдан:
«У маст қилувчими?» деб сўрадилар».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ишлари ҳар бир диний илмга уринган шахс учун ибрат бўлмоғи лозим. Бирор саволга жавоб беришдан олдин, маълум бир ҳукмни чиқаришдан олдин уни аввало атрофлича ўрганиб олиш керак. Музкур муолажа қилинаётган нарсани яхши билмаса, биладиганлардан сўраб аниқлаши лозим. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жайшонлик кишидан сўрашлари масалага аниқлик киритди. У зотнинг «У маст қилувчими?» деган саволларига мазкур киши:
«Ҳа», деди у».
Шу билан масала ойдин бўлди. Энди унга жавоб бериш осон бўлади. Чунки маст қилувчи ичимликлар ҳақидаги шаръий ҳукм равшан.
Шунинг учун ҳам Пайғамбар алайҳиссалом дарҳол:
«Ҳар бир маст қилувчи нарса ҳаромдир», дедилар.
Яна гапни майдалаб ўтирмай умумий жавоб бердилар. Чунки, гапни майдалаб фалон ичимлик ҳалол, фистончиси ҳаром, дейилса ҳар бир ичимликка алоҳида ҳукм айтиб чиқишга тўғри келади. Умумий қилиб айтилганда эса, ҳамма ўз ақли билан тушуниб олаверади.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу жавобларидан кейин Жайшондан келган киши ҳукмини сўраган ўз ерларида ичишадиган, жухоридан қилинадиган ва ал-Мизру деб номланадиган ичимлик ҳам ҳаром экани ойдин бўлди.
Аммо Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ичимликнинг ҳаром эканини баён қилиш билан кифояланиб қолмадилар. Фурсати келганда тингловчилар ҳузурида хамр ҳақида сўз очилганда бу нарсанинг зарари ҳақида огоҳлантирувчи гап айтиб кишиларни ундан қайтардилар.
«Албатта, Аллоҳ азза ва жалла ким маст қилувчи нарсани ичса унга «хабол тийнаси»ни ичирмоқни аҳд қилгандир», дедилар».
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мажлисларида ўтирган кишилар «хабол тийнаси» деган истилоҳни биринчи марта эшитишлари экан. Бу истилоҳнинг маъносини тушунмаганлари учун:
«Эй Аллоҳнинг Расули, «хабол тийнаси» надир?» дедилар».
Яъни, ўша бу дунёда маст қиладиган нарсани ичган одамга Аллоҳ таоло охиратда ичиришга аҳд қилган «хабол тийнаси» деб номланган нарса нима? дедилар.
Уларнинг бу саволларига Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дўзах аҳлининг тери ёки дўзах аҳлининг йиринги», дедилар».
Бу ерда ровий шак қилиб қолгани учун икки хил жавоб келмоқда. «Хабол тийнаси» дўзах аҳлидан оққан терми ёки уларнинг баданларидан оққан йирингми экани билинмай қолмоқда. Лекин иккисидан бири экани аниқ. Нима бўлганда ҳам хамр ичган шахс дўзахга тушиши, тушганда ҳам бошқа дўзахилардан кўра ҳам оғирроқ азобга мубтало бўлиши аниқ.
Демак, хамр ичаётган одам ўзининг дўзахда куйиб-ёниб туриб чанқоққа бошқа дўзахилар баданидан оққан йирингни ичаётгандек ҳис қилсин.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким маст қилувчи нарса ичса, намози қирқ кунга қисқаради. Агар у тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилур. Агар тўртинчи марта яна қайтса, уни «хабол тийнаси» ила суғормоқ Аллоҳнинг зиммасида бўлур»-дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули, «хабол тийнаси» надир?» дейилди.
«Дўзах аҳлининг йирингидир. Ким у(хамр)ни ҳалолини ҳаромидан ажрата олмайдиган болачага ичирса унга «хабол тийнаси»ни ичирмоқ Аллоҳ учун ҳақ бўлур», дедилар У зот». Сунан эгалари ривоят қилган.
Бу ҳадиси шарифда хамрнинг кўпдан кўп зарарларига яна бир, жуда ҳам оғир зарар қўшилмоқда. Хамр ўз ичувчисининг қилган ибодатларининг маълум қисми ҳабата бўлишига ҳам сабаб бўлар экан.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким маст қилувчи нарса ичса, намози қирқ кунга қисқаради» деган гаплари шунга далолат қилади. Қирқ кунлик намоз қанчалар улкан нарса экани ҳаммага маълум. Бир марта хамр ичган одам ўзининг қирқ кун давомида ўқиган намозидан маҳрум бўлар экан. Бу ўзини билган Худодан умиди бор инсон учун улкан мусибатдир.
Албатта, ушбу маънони тушуниш ҳозирги пайт воқеълигидан келиб чиққанда бир оз мушкилроқ туюлади. Чунки, ҳозирда хамр истеъмол қилувчилар асосан бенамозлар бўлади. Ҳозирги вақтда кўпчиликнинг тасаввурида намозхон бўлган шахс хамрдан узоқ бўлиши лозимлиги ўрнашиб қолган. Бу эҳтимол яхшидир. Лекин авваллари мусулмонман деган одамнинг намоз ўқимаслигини тасаввур қила олмаганлар. Бу иш, яъни, мусулмон шахснинг намоз ўқимаслиги воқеъликда ҳам бўлмаган. Воқеъликда бенамоз мусулмон бўлмаган, аммо, хамр ичадиган намозхон бўлган. Ҳадиси шариф ана ўша тушунча ва воқеъликдан келиб чиқиб айтилган.
«Ким маст қилувчи нарса ичса, намози қирқ кунга қисқаради» деган гап кишиларни хамр ичишдан қайтариш борасида кучли омил бўлган.
Аммо ҳозирги бенамоз хамрхўрлар, намоз ўқимасам хамр ичганим билан нимам камириди, деган хаёлга зинҳор бормасликлари керак. Аввало бирор нарса камайиши ёки камаймасидан қатъий назар хамр истемол қилишнинг ўзи гуноҳи кабира. Дўзахга сабаб бўладиган гуноҳ. Унинг бу дунё ва охират учун етказадиган зарарларининг сон-саноғи йўқ. Қолаверса, намознинг камайишига сабаб бўладиган гуноҳ бошқа савобли ишларнинг камайишига сабаб бўла олмасмиди?
Албатта, бўла олади. Ундоқ бўлса хамр истеъмол қилган одам ўзининг бошқа савобли ишларига умид қилмаса ҳам бўлаверади. Чунки, бир марта маст қилувчи нарсани истеъмол қирқ кунлик намозни беҳуда кетказганидан кейин бошқа амалларнинг ҳисоб-китобини қилиб олаверса бўлади.
Лекин, Ислом қоидаси бўйича, ноумид шайтон, бошқалар Аллоҳ таолонинг раҳматидан умидвор бўлсалар имкони бор. Аллоҳ таоло тавба эшигини очиб қўйган. Жумладан, маст қилувчи нарсаларни ичган бандага ҳам:
«Агар у тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилур».
Ҳа, хамр истеъмол қилган ҳар қандай шахс ўзини билиб тавба қилса, Аллоҳ таоло дарҳол унинг тавбасини қабул қилади. Унинг гуноҳларини мағфират қилади. Фақат бир шарт билан. Аввалги содир этган гуноҳига чин дилдан афсус қилсин ва ўша гуноҳни қайта қилмасликка азму қарор қилсин. Ана ўшанда Аллоҳ таоло унинг тавбасини қабул қилади.
«Агар тўртинчи марта яна қайтса, уни «хабол тийнаси» ила суғормоқ Аллоҳнинг зиммасида бўлур»
Демак, уч мартагача Аллоҳ таоло карами кенглиги туфайли маъфират қилиши мумкин, аммо, тўртинчи мартада ҳеч қандай узр қолмйди. Ундоқ одам дўзахга тушиб у ерда «хабол тийнаси»ни ичмоғи ҳақиқатга айланади.
Шу ерда худди аввалги ҳадиси шарифда келган иборалар бир оз ўзгаришлар ила такрорланади.
«Эй Аллоҳнинг Расули, «хабол тийнаси» надир?»-дейилди.
«Дўзах аҳлининг йирингидир».
Бу ерда аввалгига ўхшаб ровий шак қилмаган, балки, ўта аниқлик ила бир нарсани айтган. Бундан аввлги ҳадиси шарифдаги шак ҳам йиринг маъносини қувватлаш ила кўтарилади, десак муболаға қилмаган бўламиз.
Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам хамр борасидаги ўз огоҳлантиришларига яна бир огоҳлантириш қўшиб:
«Ким у(хамр)ни ҳалолини ҳаромидан ажрата олмайдиган болачага ичирса унга «хабол тийнаси»ни ичирмоқ Аллоҳ учун ҳақ бўлур», дедилар».
Бунда ёш болаларни хамрдан узоқ ҳолда тарбиялаб боришга ундов бор. Ҳозирда балоғат ёшига етмаган болалар орасида гиёҳвандликнинг тарқалишига ҳам асосан, катта ёшдагилар сабаб. Бошқа ҳадиси шарифлар қатори бу ҳадиси шарифга ҳам бугунги кунда эҳтиёжимиз жуда ҳам кучли. Унга оғишмай амал қилмоғимиз лозим.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, менинг умматимдан баъзи одамлар хамрни ичурлар ва уни номидан бошқа ном ила атарлар», дедилар». Абу Довуд, Насаий ва Ибн Ҳиббон ривоят қилган.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида ўз замонларидан кейин бўладиган ишдан хабар бермоқдалар. Бу хабар воқеъда бўлди ҳам. Муҳаммад умматиман деганлар орасидан баъзи набокорлар чиқиб, Қуръони Карим оятларига қарши, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифларига қарши, шариати Исломияга қарши ўлароқ хамрни ўз исмидан бошқа исм ила атаб, героин морфи ва бошқа исмлари билан атаб ичдилар. Улар, албатта, қилмишларига яраша жазоларини тортишлари турган гап.

ХАМРГА ҚАРШИ ҚЎШИМЧА ЧОРАЛАР

Исломда бирор нарса ман қилинса, ўша ман қилинган нарсага олиб борувчи, сабаб бўлувчи нарсалар ҳам ҳаром қилинади. Хамр масаласида ҳам ана шу қоида ишга солинди. Асоссан, турли ичимликларнинг соқлайдиган идишлари ёки соқлаш услубидаги хатолар туфайли ҳалол нарсалар хамрга айланиб қолар эди. Ана шу нарса бўйича аҳоли ичида катта тушунтириш ишлари олиб борилди.
Қуйида мазкур масала бўйича қилинган ривоятлардан баъзи намуналарни ўрганамиз.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Абдулқайснинг ҳайъати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келди ва У зотдан набийз ҳақида сўрадилар. Бас У зот уларни қовоқда ва ёғочдан қилинган идишда, смола суртилган ва сирғанчиқ модда суртилган кўзада набийз таёрлашдан қайтардилар». Бешовлари ривоят қилган.
Абдулқайс арабларнинг машҳур қабилаларидан бўлиб Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хабарлари тарқалгандан кейин уларнинг кўзга кўринган арбобларидан иборат бир гуруҳ У зотнинг ҳузурига келган, икки тараф ораларида давомли суҳбат бўлган ва абдулқайсликлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир қанча масалаларни, жумладан, қандоқ идишларда набийз таёрлаш мумкинлигини сўрашган.
«Набийз»дан мурод хурмо ёки майизни сувга солиб ивитганда ҳосил бўладиган хуштаъм, маст қилмовчи ичимликдир. Аммо набийз таёрлашда хатога йўл қўйилса, ичимлик хамрга айланиб қолиши ҳам мумкин. Шунинг учун бу ичимлик ҳақида саволлар кўп бўлади. Набийзни соф ва шубҳасиз бўлишида идиш ҳам муҳим ўрин тутади. Шу маънода ушбу ривоятда зикр қилинган тўрт хил идишда набийз таёрлаш мумкин эмас.
1. Қовоқдан қилинган идишда. 
Авваллари қовоқ пишганда ичидаги моддани таомга ишлатилгандан кейин сиртидан идиш сифатида фойдаланилган. Уламоларимиз, қовоқда набийз қилишнинг ман этилиши ундаги мавжуд хусусият туфайли набийз тезда хамрга айланиб қолиши учундир, дейдилар.
2. Ёғочдан қилинган идишда.
Арабларда асосан хурмо ёғочидан ичимликлар сақланадиган идишлар қилиш одати бор эди. Бундоқ идишларда қилинган набийз ҳам тезда хамрга айланиб қолиши тажрибада кузатилгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларда набиз таёрлашдан қайтардилар.
3. Смола суртилган идишда.
Турли нарсалардан тайёрланган идишга қуйилган суюқлик сингиб кетмаслиги учун унга, худди қайиқларга суртилгани каби, смола суртилган. Смола моддаси ҳам набийзни хамрга айлантирувчи омиллардан бири бўлгани учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам смола суртилган идишларда набийз таёрлашдан қайтармоқдалар.
4. Сирғанчиқ модда суртилган кўзада.
Аввалги вақтларда лойдан қилинган кўзаларда ҳам суюқликлар соқланган ва ташилган. Ана ўша идишларнинг суюқликларни тутиб туриш қобилиятини кучайтириш ниятида уларга турли моддалар суртилган. Ўша вақтда мазкур мешкобларга суртиладиган сирғанчиқ моддаларда набийзни хамрга айлантиришга омил бўладиган хусусият борлиги учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уларда набийз таёрлашдан қайтармоқдалар.
Бу ҳадиси шарифдан ичимликларни таёрлашда, уларни соқлашда ҳам ўта ҳушёр бўлишимиз зарурлигига ундов бор. Қайси бир ичимликда хамрга айланиш хусусияти бўлса унга нисбатан ўта аҳамият бермоғимиз лозим бўлади.
«Ибн Умарга: «Бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ичимликларни ўз тилингда айтиб, бизнинг тилимизда тафсир қилиб бер», дейилди.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ҳантам»-лой кўза-дан, «дуббо»-ошқовоқ-дан, «музаффат»-смола суртилган идиш-дан ва «нақийр»-хурмонинг пўсти шилиб ташланиб, ичи ковланиб қилинган идиш-дан қайтардилар. Ҳамда мешкобларда набийз тайёрлашга амр қилдилар», деди у. Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Бу ривоятда асосан аввалги ўтган ривоятда ўтган масала муолажа қилинмоқда. Лекин сиз билан биз алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлган бир умумий қоида ҳам бор. Набийз таёрлаш мумкин бўлмаган идишлар ҳақида қайта шарҳнинг ҳожати йўқ деб ўйлаймиз. Набийз таёрлаш рухсат берилган мешкоблар нималигини ҳам биламиз. Аммо алоҳида эътибор беришимиз лозим бўлган умумий қоида нима? Бу қоида ривоятнинг бошида келган жумладан олинади.
«Ибн Умарга:
«Бизга Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган ичимликларни ўз тилингда айтиб, бизнинг тилимизда тафсир қилиб бер», дейилди».
Демак, саҳобаи киромларнинг вақтларидаёқ баъзи бир истилоҳларни ҳамма ҳам тушунавермайдиган ҳолга етиб уларни замонавий иборалар билан шарҳлаб бериш эҳтиёжи туғилиб қолган. Бу ҳолат ҳар бир тилда, ҳар бир маданиятда бўлиши табиий бир ҳол.
Чунки тил ҳам худди тирик жисм кабидир. Ундан ишлаб вазифасини ўтаб бўлган ҳужайралар тушиб кетади ва уларни ўрнига янгилари пайдо бўлади. Ана ўша тилдаги ва истилоҳлардаги ўзгаришлар бошқа соҳаларда бўлса ҳамда уларда хато содир бўлса тузатиш бир оз енгил кўчиши мумкин.
Аммо мазкур ўзгариш ва хатолар дину-диёнатга оид бўлса оқибати оғир бўлиши турган гап. Шунинг учун бу масалада жуда ҳам эҳтиёт бўлмоқ лозим.
Агар ушбу ўрганаётган масаламизни оладиган бўлсак эски истилоҳдаги идишнинг номини тўғри тушунмай Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган идишда набийз қилинса хамрга айланиб қолиши уни мусулмонлар истеъмол қилиб гуноҳкор бўлиши эҳтимоли бор.
Умуман, шариатимиз таълимотларини кенг халқ оммасига аглатиш учун доимий равишда ушбу масалада иш олиб бориш лозим. Исломий илмларга мутахасис бўлган кишилар вақт топиб, имкон топиб мазкур эски сўз ва истилоҳларни ўрганишлари мумкин. Аммо кенг халқ оммаси учун бу борада на вақт ва на имкон йўқ. Шунинг учун улмоларимиз диний адабиётларни халқ тушунадиган тилда баён қилиб туришлари, китоблар битишлари лозим.
Айниқса бизнинг Мавароуннаҳр диёримиз шароитида турли омилларга кўра бу масала ўта долзарб масалага айланиб қолган. Биз Исломий адабиётимизни бутун боши ила қайта тузишимиз лозим.
Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр ҳақида сўраганида, У зот ул кишини у нарсадан қайтардилар ёки у нарсани таёрлашини ёқтирмадилар. Шунда у: «Мен уни даво учун қиламан», деди.
«У даво эмасдир. У дарддир», дедилар У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам»
. Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Саҳобалардан Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳу хамр таёрлаш иши билан шуғулланар эканлар. Хамрнинг ҳаром қилингани ҳақида ҳукм собит бўлганидан кейин ҳамма нарса аён бўлди. Хамрга оид ишларни қилиш ҳам ҳаром қилинди. Лекин Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳу яна Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан хамр тайёрлаб сотиш мумкин ёки мумкин эмаслиги ҳақида сўрадилар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳуни хамр таёрлашдан қайтардилар. Аммо мазкур саҳобий розияллоҳу анҳу хамрни мастлик учун ичишга таёрламас эканлар, шунинг учун Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга:
«Мен уни даво учун қиламан», деди».
Демак, Ториқ ал-Жўъфий розияллоҳу анҳунинг саволи дардга даво учун хамр таёрласа бўладими? деган маънода экан.
Худди шу савол ҳозиргача одамлар орасида тез-тез такрорланиб туради. Баъзилар, даво учун бир оз хамр истеъмол қилса бўлар экан, деган гапларни айтган ҳоллари ҳам бўлган. Хамр ҳақидаги бу саволнинг ҳақиқий тўғри жавоби эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жавобларидир.
«У даво эмасдир. У дарддир»
Демак, даво учун бир оз хамр истеъмол қилса бўлар экан, деган гап мутлақо асоссиз. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хамр даво эмаслиги ҳақидаги гаплари уни даволаниш мақсадида ҳам истеъмол қилиб бўлмаслигини англатса, хамрнинг дард эканини баён қилувчи гаплари илмий мўъжиза бўлиб чиқди. Хамрнинг кўпи ҳам ози ҳам, маст бўлиш учун ичилгани ҳам, даво учун ичилгани ҳам, дарддан иборат эканини илмий тажрибалар собит қилди.
Пайғамбар алайҳиссалом бошқа бир ҳадиси шарифда:
«Аллоҳ менинг умматимнинг шифосини унинг учун ҳаром бўлган нарсада қилмас», деганлар.
Бу ҳақиқатни ҳаммамиз яхшилаб англаб олмоғимиз лозим.
Албатта, бу ерда дори баҳонаси билан хамр таёрлаш ҳақида ёки йўқ қилиб юборилиши лозим бўлган гиёҳвандлик моддасини дори қилиш баҳонаси билан олиб қолиш ҳақида сўз кетмоқда.
Аммо гиёҳванд моддалар таёрлашда хом ашё сифатида ишлатиладиган нарсалардан тиббий мақсадларда дори таёрлаш ва шу мақсадда уларни ишлатишга шариатимиз ижозат берган.
Фуқаҳоларнинг аксари жарроҳлик амалиётларида беморга банжни ишлатиш жоизлигини таъкидлаганлар.
Қадимги уламолардан Ибн Ҳажар раҳматуллоҳи алайҳидан сурункали бангиликка мубтало бўлган одамни даволаш ҳақида сўралганда. Унинг ақлини ва ҳаётини соқлаб қолиш учун гиёҳванд моддани бериб туриб, аста-секин қисқартиб бориб даволаш жоизлиги ҳақида фатво берганлар.

ЖАМОАТЧИЛИК ХАМРГА ҚАРШИ

Хамрга қарши олиб борилган ишлар фақат Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифлари билан кифояланмаган. Жамиятнинг барча аъзолари бу иллатга қарши фаол курашганлар. Улар бу ҳақдаги оят ва ҳадисларни кишиларга етказиш билан бирга ўзларидан бўлган ваъз-насиҳат ва ибратли гапларни ҳам ишлатганлар.
Ушбу фикрнинг далили сифатида бу ҳақдаги ривоятларнинг энг машҳурини келтириш билан кифояланимиз.
«Усмон розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни айтгани ривоят қилинади: «Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир. Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди. Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди. У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳликка ўтишини сўради. Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса, қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди. Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди. Аёл: «Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим»-деди. Эркак: «Менга манави хамрдар бир қадаҳ ичир»-деди. Аёл унга ичирди. Эркак: «Менга яна зиёда беринглар», деди. Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди.
Бас, хамрдан узоқда бўлинглар! Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул обод иймон билан жам бўла олмас. Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур», деди». Бошқа бир ривоятда: «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни срурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган. Иккисини Насаий ривоят қилган.
Ҳазрати Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳудан қилинган биринчи ривоятда у киши хамрдан огоҳлантирувчи ажойиб гапларига ўтган умматларда бўлиб ўтган ибратли бир қиссани ҳам келтирмоқдалар.
«Хамрдан четда бўлинглар! Чунки, у ифлосликларнинг онасидир».
Ҳа, хамр бор жойда ифлосликнинг барча тури ҳам бўлади. Она асл бўлиб ундан ҳамма болалар туғилганидек, хамр ҳам ифлосликларнинг онаси бўлиб ундан барча ифлосликлар келиб чиқади. Бунга оддийгина бир мисол келтирилса, тушуниш осон бўлади.
«Сизлардан олдин ўтганлардан бир киши бор эди».
У ўз ибодати, тақвоси, ҳаром-харишдан узоқлиги билан шуҳрат топган эди.
«Бир бузуқ аёл унга илашиб қолди».
Одатда ифлос хулқли аёллар ҳалол-пок эркакларни йўлдан уришни ўзига мақсад қилиб олган бўлади. Чунки ўзларига ўхшаш ифлос эркаклар уларга шерик бўлгани учун эътиборларида бўлмайди. Ҳалол-пок, тўғри эркакларни йўлдан уриш учун пасткаш аёллар ҳар-хил ҳийла-найрангларни ишга соладилар.
«У унинг олдига ўз хизматчи қизини юбориб, гувоҳлик ка ўтишини сўради».
Бузуқ аёл тақводор кишининг олдига ўзи бормай хизматчи чўри қизини юборди ва мазкур кишидан савобли бир иш қилишни, гувоҳликка ўтишни илтимос қилди. Унинг бундоқ иш тутишидан ниҳоятда пихини ёрган маккора аёл экани кўриниб турибди.
Агар ўзи ҳалиги кишининг олдига борса, юриш-туриши, гап-сўзи ва бошқа омиллардан кимлиги фош бўлиб, тақводор эркак ундан ўзини олиб қочиши мумкин.
Чўри қизни юборганда эса аёлнинг кимлиги сир қолади. Бунинг устига чўриси бор аёл обрў-эътиборли, шарафли ва кўчага чиқиши эп кўрилмайдиган мастура аёл бўлса керак, деб ўйлайди одам.
Гувоҳликка ўтишни сўраш ҳам савоб учун ҳар нарсага таёр турган тақводор инсонни ишонтиришнинг осон йўли. Бузуқ аёлнинг ҳийласи иш берди.
«Эркак у(қиз) билан юриб кетди. У қайси бир эшикдан кирса қиз эшикни маҳкам беркитиб бораверди».
Гувоҳликка ўтиб савобли иш қиламан деган умидда тақводор эркак бузуқ аёлнинг чўри қизига эргашиб унинг уйи томон йўл олди. Уйга етиб борганларидан кейин ичкарига кира бошладилар. Ичкарида хоналар, хоналарда эшиклар кўп экан. Тақводор эркак ҳар бир эшикдан ўтганидан сўнг чўри қиз ҳалиги эшикни маҳкамлаб, қайта очилмайдиган қилиб беркитиб борди. У бу билан ўз ойимининг амрини бажарар, тақводор эркакни уйдан қайта чиқиб кета олмайдиган чорасини кўрар эди.
«Охири бир гўзал аёл ҳузурига етиб борди. Унинг олдида бир ғулом ва бир идишда хамр турар эди».
Гувоҳликка ўтиб савоб касб қиламан деган ниятда чўри қизга эргашиб келган содда тақводор юриб-юриб, кема-кет эшиклардан ўтиб-ўтиб ўзига оро бериб кўрган кишининг кўзини қамаштирадиган сувратга кириб олган гўзал аёлнинг олдидан чиқди. Аёл ёлғиз ўзи эмасди. Унинг ёнида бир ёш қул-ғулом турарди.
Нарироқда эса, бир идишда хамр ҳам қўйилган эди. Тақводор киши ҳайрон қолиб турган эди. Маккора аёл гапни чўзиб, имо-ишорали сўзлар танлаб ўтирмасдан бирданига асл мақсадини айтиб қўяқолди. Аёл:
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ. Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёхуд манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим»-деди».
Бузуқ аёл аввал тақводор кишига уни алдагини ҳақида хабар берди.
«Аллоҳга қасамки, мен сени гувоҳликка чақирганим йўқ», деди. Унга ўхшаш устаси фаранглар кези келганда қасам ичишни ҳам жойига қўйиб қўйишади. Шу билан бирга ёлғон тўқиганини ҳам тан олишади. Ушбу бузуқ аёл ҳам шундоқ қилди. Аллоҳнинг номи ила қасам истеъмол қилиб ул кишини алдаганини юзига очиқ айтди. Сўнгра асосий мақсадга ўтди.
«Аммо мен сени менга яқинлик қилишинг ёки манави идишдаги хамрдан бир қадаҳ ичишинг ёки манави ғуломни ўлдиришинг учун чақирдим»-деди».
Маккора аёл ушбу гуноҳларни тақводор кишига тақдим қилишда ҳам ўта нозик жойларигача ҳисобга олиб усталик билан гапирди.
Биринчи ўринга ўзининг асосий мақсадини, шаҳватини қондириш ишини қўйди. Мабодо хўп деб қолса, ҳеч қандай оворагарчиликсиз мақсад ҳосил бўлади, деб ўйлади.
Иккинчи ўринга бир қадаҳ хамр ичишни қўйди. У идишдаги ҳамма хамрни ичасан демади. Унда тақводор киши маст бўлиб қолиб бошқа ишларни ҳам қилиб қўйишдан қўрқиб айниб қолиши мумкин. Фқатгина бир қадаҳ ичасан дейилганда эса, эркак назар-писанд қилмаслиги мумкин.
Учинчи ўринга оғир ишни, ғуломни ўлдиришни қўйди маккор аёл.
У тақводор кишини қийин ҳолга қўйди. Ушбу уч ишдан бирини қилишга мажбурсан, бошқа иложинг йўқ, дегандек қилди.
Тақводор киши ўйланиб қолди. Қочиб кетай деса, барча эшиклар маҳкам беркитилганини ўз кўзи билан кўриб келди. Қочишнинг умуман иложи йўқ. Қаршилик кўрсатиш имкони ҳам йўқ. Бировнинг уйида хилват жойда, уй эгасининг қул ва чўрилари орасида турибди. Зино қилай деса, катта гуноҳ қилган бўлади. Ғуломни ўлдирай деса, бегуноҳ бир жонни беҳудадан-беҳуда ўлдириш ҳеч мумкин эмас. Осони, бировга зарар етмайдигани бир қадаҳ хамрни ичиш. Мажбурликдан бир қадаҳ хамрни ичса истеъмол қилибди-да. Кейин тавба қилса кечирилиб кетар. Ушбу фикрларни хаёлидан ўтказиб бўлиб:
«Менга манави хамрдар бир қадаҳ ичир»-деди».
У ўзича масаланинг ҳал қилишнинг энг тўғри йўлини топгандек бўлди. Бир қадаҳ хамрни ичадида қутилади. Аёл худди мана шу гапни кути турган эди.
«Аёл унга ичирди».
Ўзи айтганидек, бир қадаҳгина хамр ичирди. Ўша ичилган бир қадаҳ хамр эркакнинг ичига киргандан кейин унга ўз тасирини ўтказа бошлади. Бир қадаҳ ичганидан кейин яна ичгиси келиб қолди. Эркак:
«Менга яна зиёда беринглар», деди».
Энди бузуқ аёлнинг ўзига эмас, ўша ерда турганларнинг ҳаммасига хитоб қила бошлади. Хамрдан кўпроқ ичиш пайига тушиб қолди. У хамрни истеъмол қилиб-истеъмол қилиб ўзини билмайдиган даражада маст бўлиб қолди.
«Ўша ернинг ўзида у(аёл)га яқинлик ҳам қилди, жонни ҳам ўлдирди».
Мастликда билмай мазкура бузуқ аёл билан зино ҳам қилди. Ҳаддидан ошиб, мастликда қутуриб кетиб ғуломни ҳам ўлдирди. Ифлосликларнинг онаси бўлмиш хамрга яқин бўлгани учун ифлосликларнинг ҳаммасини қилди. Ҳа, биродарлар!
«Бас, хамрдан узоқда бўлинглар!»
Ким унга яқинлашса ислофликларнинг онасига, конига, уясига яқинлашган бўлади. Натижада, кўп нарсалардан, ҳаттоки, инсон учун энг азиз нарса бўлга иймондан ҳам ажраб қолиши мумкин.
«Аллоҳга қасамки, албатта, у абадул обод иймон билан жам бўла олмас».
Хамр бор жойда иймон бўлмас, иймон бор жойда хамр бўлмас. Бу икки нарса бир-бирига мутлақо зид нарсалардир.
«Агар иккиси жамланиб қолсалар ҳам бири иккинчисини чиқариб юборур».
Шунинг учун ҳам Аҳли сунна ва жамоа ақидавий мазҳабида, хамр ичувчи хамр ичганида иймони ташқарига чиқиб туради, дейилади.
Хамрнинг ёмонлиги ҳақида бундан ортиқ, бундан тасирли огоҳлантириш бўлмаса керак. Аллоҳ таоло хамрга мубтало бўлган бандаларга инсоф берсин, уларнинг ифлосликларнинг онаси чангалидан қутқаришга Ўзи ёрдам берсин.
Энди ижозатингиз ила иккинчи ривоят ҳақида ҳам икки оғиз шарҳ сўзлари гапириб ўтайлик.
Бошқа бир ривоятда: «Жаннатга миннатчи ҳам, оқ қилинган ҳам, хамрни срурункали ичувчи ҳам кирмас», дейилган».
Ушбу ривоятда жаннатга кирмайдиганлар, яъни, дўзахга кирадиганлардан уч тоифаси ҳақида сўз кетмоқда.
1. Миннатчи.
Ўзиннг қилган яхшиликларини миннат қиладиган кишилар Қуръони Каримда ҳам, Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларида ҳам кўпдан-кўп танқидларга учраганлар, уларга турли аламли азоблар ваъда қилинган. Бу ҳадиси шарифда эса улар жаннатга кирмасликлари таъкидланмоқда. Аллоҳ таоло:
«Садақаларингизни миннат ва озор ила ботил қилманг»-деган.
Миннат қилиш ҳаромдир. Фақат ота ўз боласига, устоз ўз шогирдига ва эр ўз хотинига миннат қилса, уларнинг ҳақлари улуғлигидан жоиз ҳисобланади.
2. Оқ қилинган.
Ота-онасига оқ бўлишлик қанчалик оғир гуноҳ эканини гапириб ўтимаса ҳам бўлади. Оқ бўлишлик туфайли жаннатга кириш мумкин бўлмай қолишининг ўзи бу ишнинг нима эканини ояиқ кўрсатиб турибди.
3. Хамрни срурункали ичувчи.
Демак, хамрни сурункали ичиш ҳам миннатчи ва ота-онасига оқ бўлганинг гуноҳи билан баробар экан. Шунинг учун ҳам уларга қўшилиб дўзахга кирар экан. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.
Албатта, бунга ўхшаш хамрга қарши тарғибот ва ташвиқт ишлари олиб бориб турилган, бош дастурида хамрга қарши алоҳида таъсирчан бандлар бўлган, қонунлар мажмуаси у бандларни ўта аниқлик билан татбиқ қилиб турган, энг олий бошлиқдан тортиб энг оддий фуқаросигача хамрга қарши сафарбарликда фаол қатнашган, бир-бирига насиҳатгўй бўлган, хамр иши, иймон-эътиқод, дину-диёнат ҳамда савобу-гуноҳ, дўзаху-жаннат масаласига айлатирилган жамиятда хамрга қарши олиб борилган кураш ўз самарасини бермай иложи йўқ эди.
Шундоқ бўлди ҳам. Хамр тамоман ҳаром этиб эълон қилинганда ҳамма бирдан бу нарсадан юз ўгирди. Инсоният тарихида бўлмаган ва ҳозиргача такрорланмаётган ҳолат юз берди. Кишилар идишлардаги хамрларни кўчага олиб чиқиб тўкканларида кўчаларда хамр ариқ бўлиб оқди. Баъзи ўша вақтда тановул қилиб ўтирганлар бўлса, қусиб юбордилар. Бу ҳақдаги кўплаб ривоятлардан фақат биттасини келтириш билан кифояланамиз.
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Абу Убайда, Абу Толҳа ва Убай ибн Каъбларга хурмо ғўраси ва пишган хурмодан қилинган хамрни қуйиб берар эдим. Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб: «Эй Абу Ҳамза, хамр ҳаром қилинди»-деди.
Шунда Абу Толҳа: «Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!»-деди.
Мен уни тўкиб юбордим».
Бухорий Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Ушбу ривоятда Абу Убайда ибн Жарроҳ, Абу Толҳа ва Убай ибн Каъб каби улкан саҳобийлар ҳам хамр ҳаром қилинмай туриб уни ичганлари, ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эса косагуллик қилганлари зикр этилмоқда.
Бу ривоятда саҳобаи киромларнинг шариат амрига қандоқ муносабатда бўлганлари ҳам яққол васф қилинмоқда. Одатда хамр тановул қилган одам баъзи нарсаларга бепарво қарайди. Энг муҳим ишлар бўлса ҳам мастлиги тарқагандан кейин қилиш учун орқага суради.
Аммо саҳобаи киромларга хамр ҳаром қилингани ҳақидаги хабар келиши билан уни зудлик билан ҳаётга татбиқ қилишга ўтганлар. Ичмай қўйиш билан кифояланмай идишлардаги хамрларни ҳам тўкиб ташлашга ўтганлар.
Ҳа, дастлабки ихлосли мусулмонлар шариат амрини амалга оширишга ана шундоқ улкан эътибор берганлар.
Ушбу ривоятда ҳам мазкур ҳолатдан бир кўриниш васф қилинмоқда.
«Бас, уларнинг ҳузурига биров келиб: «Эй Абу Ҳамза, хамр ҳаром қилинди», деди.
Шунда Абу Толҳа: «Эй Анас, тур, уни тўкиб юбор!» деди.
Мен уни тўкиб юбордим».
Ҳозирги мусулмонларда шариат амрларини адо этишда айнан ана ўша ихлос ва бардавомлик етишмаслиги кўплаб мусибатларга сабаб бўлаётгани ҳаммага маълум.
Лекин бошқалар қилган ишни такрорлаш мумкин. Фақат бунинг учун кучли рағбат ва ирода керак, холос.

ХАМР ИСТЕЪМОЛ ҚИЛУВЧИНИ ЖАЗОЛАШ

Қуръони Каримда хамрнинг ҳаромлиги қатъиян эълон қилинди. Аммо, хамр ичган одамга нисбатан қандоқ жазо чораси кўрилиши белгилаб берилмади.
Бу ҳам Аллоҳ таолонинг ҳикмати эди. Бу ҳикматни вақт ўтиши билан тушуниб борилмоқда. Хамрнинг турлари кўп, уни истеъмол қилиш ҳам ҳар хил. Ундан келиб чиқадиган оқибатлар ҳам замон ва маконга қараб турлича бўлади. Бундоқ нарсанинг жазосини Қуръонда белгилаб қўйиш эса, ўша омилларни ҳисобга олмаслик бўлур эди.
Ҳакийму Хабийр бўлган зот Аллоҳ таолога бундоқ тасарруф мутлақо тўғри келмайди. Шунинг учун ҳам, хамр учун жиноятчини жазолаш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари ила собит бўлди. У жазонинг миқдорини аниқлаш эса, мусулмон ҳукумати ихтиёрига қўйилди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ислом умматининг Расули сифатлари ила хамр истеъмол қилган шахсни кўпчилик олдида калтаклаш ҳукми борлигини айтдилар ва қилиб кўрсатдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтдаги давлат бошлиғи сифатлари ила ўз даврларидаги маст ҳолда қўлга тушганларни хурмо шохи ва кавуш, ҳатто қўл билан уриш ҳам мумкинлигини жорий қилдилар.
Шу боис Ислом умматига хамр истеъмол қилиб қўлга тушган шахсни калтаклашни йўлга қўйиш вожиб бўлди.
Нима билан, қанча калтаклашни аниқлаш эса, ҳар замоннинг ҳокимияти ихтиёрига тарк қилинди.
Қуйида ана ўша жазо чораларини васф қилувчи баъзи ривоятларни ўрганиб чиқамиз.
Ибн Умар ва бир неча нафар саҳобалар розияллоҳ анҳумлардан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким хамрни ичса, бас, унга дарра уринглар, сўнгра яна ичса, бас, унга дарра уринглар, сўнгра яна ичса, бас, унга дарра уринглар, сўнгра яна ичса, бас, уни қатл қилинглар», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Бас унинг бўйнига уринглар», дейилган. Насаий ва Термизий ривоят қилган.
Ушбу ҳадиси шарифда хамр истеъмол қилиб қўлга тушган шахсга дастлабки пайтларда белгиланган шаръий жазо ҳақида сўз кетмоқда.
Бу ерда маст ҳолида қўлга тушиб маҳкама томонидан жинояти собит бўлганидан кейин дарра урилишга ҳукм қилинган одам яна қайта хамр истеъмол қилиб қўлга тушуши бир неча бор такрорланишидаги ҳукм ҳақида сўз кетмоқда.
Ҳадиси шариф матнидан кўриниб турибдики, уч мартагача, хамр истеъмол қилиб қайта-қайта қўлга тушган одамга дарра урилар экан. Ўша одам тўртинчи марта маст ҳолда қўлга тушса, ўлдириш керак экан.
Ушбу ўлдириш ҳақидаги ҳукм хамр ишқибозларини қўрқитиш учун, хамрга қарши тарғибот учун айтилган бўлса керак, воқеъликда хамр истеъмол қилгани учун ҳеч ким ўлдирилмаган. Балки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадиси шарифдан кейин ўзларининг бошқа ҳадислари ила тўртинчи бора маст ҳолда қўлга тушган одамни ўлдириш ҳақидаги ҳукмни насх қилганлар.
Имом Термизий Жобир розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар хамр ичса, бас, унга дарра уринглар, агар тўртинчи марта қайтарса, бас, уни қатл қилинглар», дедилар.
Сўнгра Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига тўртинчи марта хамр ичган кишини олиб келинди. Бас, уни урдилар. Уни ўлдирмадилар», дейилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир истеъмол қилиб олган кишини келтирилди.
Бас, У зот: «Уни уринглар!» дедилар.
Биздан кимдир қўли билан, кимдир кавуши билан, яна кимдир кийими билан урди. У қайтиб кетган пайтда:
«Аллоҳ сени шарманда қилсин!» деди баъзилар.
У зот алайҳиссалоту вассалом: «Ундоқ деманглар! Унинг зиддига шайтонга ёрдам берманглар!»-дедилар». Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилдилар.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида хамр истеъмол қилган шахсни жазолаш қандоқ тарзда бўлгани васф қилинмоқда:

1. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Уни уринглар!»-дейишларидан, хамр истеъмол қилган кишини уриш борлиги, лекин, қанча уриш кераклиги белгиланмагани кўриниб турибди.
2. Айбдорни жазолашда кўпчилик иштирок этган.
3. Жиноятчини кимдир қўли билан, кимдир кавуши билан, кимдир кийими билан урган.
4. Шаръий жазога тортилган одамни қарғаб бўлмаслиги.

Чунки, бу нарса ўша одамнинг ноумид бўлишига, мен шундоқ одам эканман, деб тушкунликка тушушига сабаб бўлиши мумкин.
Бу ҳолат эса, ўз навбатида уни шайтонга эргашишига сабаб бўлади. Бинобарин, қарғаган одам ўз биродарини шайтонга малай бўлишига ёрдам берган бўлади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида Абдуллоҳ деб номланган бир киши бор эди. Унинг лақаби эшак эди. У Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб юрар эди. У зот уни шаробда дарралаган эдилар. Бир куни уни яна олиб келишди. У зот амр қилдилар. Унга яна дарра урилди. Сўнг одамлардан баъзиси: «Эй бор худоё! Уни лаънатлагин! Уни кўп марта келтирилди-я!» деди.
Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уни лаънатламанглар! Аллоҳга қасамки, мен уни фақат Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббат қиладиган, деб биламан», дедилар». Бухорий ривоят қилган.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Баъзи саҳобийларда жоҳилиятдан қолган лақаби бўлгани.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни кулдириб юрадиган қизиқ гапларни айтишга уста саҳобалар ҳам бўлгани. Бу ҳол Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни нақадар хушфеъл-қувноқ зот эканликларини кўрсатади.
Шу билан бирга баъзи бир меъёрида кулишни ҳам гуноҳ ҳисоблайдиган шахсларнинг ҳақиқий башарасини ҳам кўрсатади.
3. Бир кишини хамр истеъмол қилшни такрорлаган-да, жазонинг ҳам такрорланиши.
Мазкур Абдуллоҳ номли киши бир неча бор маст ҳолда қўлга тушган ва ҳар сафар жазога тортилган.
4. Бировни, агар гуноҳкор бўлса ҳам, лаънатлаб бўлмаслиги.
Чунки, лаънатлаш-Аллоҳнинг раҳматидан узоқ бўлишини сўрашдир. Бу эса, мусулмон кишига тўғри келмайди. Унинг ўрнига Аллоҳ таолодан рушди ҳидоят сўраб дуо қилиш керак.
5. Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббати бор кишиларда ҳам баъзи вақтларда хатога йўл қўйиш ҳоллари бўлиб туриши.

Баъзи асарларда айтилганидек, «ҳар бир одам боласи хатокордир. Хатокорларнинг яхшиси, кўп тавба қилувчилардир».
Аллоҳ таоло қилган барча хатоларимизни Ўзи мағфират қилсин. Омин!
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Аллоҳнинг Набийси соллаллоҳу алайҳи васаллам хамрда хурмо шохи ва кавушлар ила урдирдилар. Сўнгра, Абу Бакр қирқ дарра урдирди. Умар бўлиб, одамлар қишлоқ-шаҳарларга яқинлашганларида, у: «Хамрнинг дарра уришида қандоқ маслаҳат берасизлар?-деди. Шунда Абдураҳмон Ибн Авф, мен уни энг енгил ҳаддчалик қилишингни маслаҳат бераман, деди. Умар саксон дарра урдирди».
Тўртовлари ривоят қилдилар. Бошқа бир ривоятда: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига хамр истеъмол қилиб олган кишини келтирилган эди, уни икки хурмо шохи ила қирқ мартага урдирдилар»-дейилган.
Термизийнинг лафзида эса: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаддни икки кавуш ила қирқта урдирдилар», дейилган.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом Ислом умматининг Расули сифатлари ила хамр истеъмол қилган шахсни кўпчилик олдида калтаклаш ҳукми борлигини айтдилар ва қилиб кўрсатдилар.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтдаги давлат бошлиғи сифатлари ила ўз даврларидаги маст ҳолда қўлга тушганларни хурмо шохи ва кавуш, ҳатто қўл билан уриш ҳам мумкинлигини жорий қилдилар.
Шу боис Ислом умматига хамр истеъмол қилиб қўлга тушган мастни калтаклашни йўлга қўйиш вожиб бўлди. Нима билан, қанча калтаклашни аниқлаш эса, ҳар замоннинг ҳокимияти ихтиёрига тарк қилинди.
Шунинг учун ҳам, Ҳазрати Абу Бакр ўз халифалик даврларида қирқ дарра урдирдилар. Ҳазрати Умар эса, саксон дарра урдиришни лозим топдилар.
Агар хурмо шохи ёки кавуш билан уриш эргашиши лозим бўлган суннат бўлганида бу икки буюк халифалар бу ишга, албатта, эргашар эдилар.
Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу хурмо шохи ва кавуш ўрнига дарра урдирганларида саҳобалардан бирорталари, нима учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларига амал қилмаяпсан, демаганлари мазкур иш эргашиш вожиб бўлган суннат эмаслигини кўрсатиб турибди.
Шунингдек, Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу саҳобаи икромларга хамрда нима маслаҳат берасизлар, деганларида, ҳеч ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатлари турганда биздан маслаҳат сўраб нима қиласан?!-демаганлари ҳам мазкур иш эргашиш вожиб бўлган суннат эмаслигини кўрсатиб турибди.
Абдураҳмон Ибн Авф розияллоҳу анҳунинг, мен уни энг енгил ҳаддчилик қилишингни маслаҳат бераман, дейишлари бу иш вазиятдан келиб чиқиб белгиланиши лозим иш эканлигини кўрсатиб турибди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида арпа, узум, хурмо сувидан тайёрланган хамр истеъмолда бўлган. Шу билан бирга унинг зарари, кишиларнинг унга бўлган муносабати ҳам ўзига яраша бўлган.
Аммо, Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг даврларига келиб бу иш бироз жиддийлашганини, хамр истеъмол қилувчига нисбатан кўриладиган жазо чорасини бир оз жиддийлашганидан билиб оламиз.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида эса, хамр масаласи ўта жиддий тус олган кўринади. Буни ривоятда келган, Умар бўлиб, кишилар қишлоқ-шаҳарларга яқинлашганларида, деган жумладан ҳам билиб олсак бўлади. Аввалги пайтда саҳровий ҳаёт тарзи ғолиб бўлган. Шунинг учун, хамр тайёрлаш, уни тижоратга қўйиш ва ниҳоят истеъмол қилиш ўзига яраша оз миқдорда бўлган.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Ислом давлати жуда ҳам кенгайди. Турли юртлар, халқлар, миллат ва элатлар Исломга кирдилар. Уларнинг ўзларига яраша муаммолари, жумладан, хамр муаммоси ҳам бор эди. Кишилар шаҳар-қишлоқларга яқинлашиб ўтроқ ҳаёт тарзи ғолиб бўлгандан кейин, хамр ишлаб чиқариш, уни тижоратга қўйиш ва истеъмол қилиш ҳам авж олган бўлиши мумкин. Шунинг учун ҳам, давлат бошлиғи Умар розияллоҳу анҳу бу масалани шўро мажлисига қўйишга мажбур бўлганлар ва унда хамрнинг жазосини энг оз ҳадд-саксон дарра уриш-қилиб белгиланган.
Абу Сосон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усмон розияллоҳу анҳу билан бирга эдим. Унинг ҳузурига ал-Валидни олиб келишди. У Бамдодни икки ракъат ўқиб, сўнгра, яна зиёда қиламан, деган экан. Икки киши-улардан бири Ҳумрон эди-унинг ичганлиги ҳақида гувоҳлик берди. Бошқа бир киши эса, унинг қайт қилаётганини кўрганлиги ҳақида гувоҳлик берди. Усмон: «Ичмаган бўлса қусмас эди. Эй Али, туриб, унга дарра ур», деди. Шунда Али: «Эй, Ҳасан, туриб, унга дарра ур», деди. Ҳасан эса: «Унинг совиғига эга бўлганга, иссиғини ҳам бер», деди. Сўнгра Усмон: «Эй Ибн Жаъфар, туриб унга дарра ур!»-деб айтди. Ибн Жаъфар туриб, унга дарра урди. Али санаб турди. Қирқтага етганда, тўхта, дедида-кейин: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ дарра урганлар, Абу Бакр ҳам қирқта урган, Умар саксонта, ҳаммаси ҳам суннат, ушбу эса, менга ёқади», деб қўшиб қўйди». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилди.
Ушбу ривоят соҳиби Абу Сосоннинг исми Ҳусайн Ибн ал-Мунзир бўлган. У киши Ҳазрати Усмон Ибн Аффон розияллоҳу анҳу ҳалифалик вақтларида ўзи ҳозир бўлиб кўзи билан кўрган ҳодиса ҳақида ахборот бермоқда.
Халифа Усмон розияллоҳу анҳунинг ҳузурларига ал-Валид номли бир кишини маст бўлганликда айблаб, ушлаб олиб келишган. Албатта, бир одамни ушлаб келиб, манави маст эди, дейилса, уринглар уни! дейилавермайди. Сўраб суриштирилади, ҳужжат-далил ила даъвони исбот қилиш талаб қилинади.
ал-Валидни ушлаб келганлар, унинг икки ракъат Бамдодни ўқиб бўлиб, яна зиёда ўқийман, деганини хамр истеъмол қилганига далил қилиб кўрсатишди. Чунки, эси хуши жойида бўлган мусулмон Бамдод намоз икки ракъатдан ортиқ бўлмаслигини яхши билади.
ал-Валидни ҳаммалари яхши билишади, агар у маст бўлмаса, бу ишни қилмас эди. Шу ернинг ўзида ал-Валиднинг мастлигидан хабардор бошқа гувоҳлар ҳам чиқиб қолишди.
Икки киши унинг хамр ичаётганини кўрганлиги ҳақида гувоҳлик беришди.
Улардан бири Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг озод қилган қуллари Ҳумрон Ибн Обон эди. Яна бир киши ал-Валидни қусаётганини кўрганлиги ҳақида гувоҳлик берди.
Ҳазрати Усмонга ушбу охирги гувоҳлик қаттиқ таъсир қилди ва «фақат ичгандан кейингина, қайт қилган»-дедилар-да, ал-Валидга жазо беришга қарор қилдилар.
Усмон розияллоҳу анҳу ал-Валидга дарра уришни Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга топширдилар. Ҳазрати Али эса ишни ўз ўғиллари Имом Ҳасанга оширдилар.
Ҳасан розияллоҳу анҳу эса-арабларнинг «унинг совуғига эга бўлганга иссиғини ҳам бер»-деган мақолни айтдилар. Бу биздаги, ширинини татиган, чучугини ҳам татиб кўрсин, деганга ўхшаш гап эди.
Шунда Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ўз қариндошларидан бири Ибн Жаъфарга дарра уришни топширадилар. Ибн Жаъфар туриб ал-Валидга дарра ура бошлайди. Ҳазрати Али санаб турдилар.
Дарра уриш қирқтага етганда у киши Ибн Жаъфарга, тўхта, дедилар. Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг бу ишларидан, ал-Валидга ҳаддни қоим қилишга раҳбарлик қилиш топширилгани тушунилади. Яъни, Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу у кишига, қўлингга даррани олиб ал-Валидни калтакла демаганлар, балки, ал-Валидга шариат ҳукми бўйича хамр ичган одамга кўриладиган чорани қўллашни амалга ошир, деган маънода гап айтганлар.
Шунинг учун, Ҳазрати Али Ибн Жаъфарнинг дарра уришини санаб турганлар ва уришни тўхтатишга амр берганлар. Шу билан бирга нима учун қирқ дарра урдирганларини изоҳлаб:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қирқ дарра урганлар, Абу Бакр ҳам қирқта урган, Умар саксонта, ҳаммаси ҳам суннат, ушбу эса, менга ёқади», деганлар.
Яъни, қирқта уришни маъқул кўраман-деганлари.

Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Мусулмон кишилар шариат қонунларини бузаётган кишини кўрсалар, уни тутиб, ҳоким олдига келтиришлари лозимлиги.
Кишилар ал-Валидни маст эканлигини сезиб қолиб, ҳалифа Усмон розияллоҳу анҳунинг олдиларига судраб олиб келишлари шуни кўрсатади.
Бизда ҳам гиёҳвандликка алоқаси бор кишиларни аҳолида ким кўрса, дарҳол ҳукуматга хабар беришини йўлга қўйиш керак.
2. Олдига бировни айбдор сифатида олиб келинганда, маъсул киши дарҳол сўраб-суриштириши лозимлиги.
Аксинча, айбдорни қўйиб юбориб, фаол кишини сўроққа тутиши керак эмас.
3. Мусулмон кишилар кўрган нарсалари ҳақида гувоҳлик беришлари матлублиги.
ал-Валиднинг хамр ичаётганини, қусаётганини кўрган шахсларнинг гувоҳлик беришлари бунинг мисолидир.
Ҳар бир мусулмон шахс ўз жамиятида яхшиликларнинг бўлишига, ёмонликларнинг бўлмаслигига шахсий ҳисса қўшмоғи лозимдир.
4. Мастликнинг собит бўлиши ғайри оддий гап-сўз ва ҳатти-ҳаракатлардан, ичаётганини ёки қусаётганини кўрган шахснинг гувоҳлиги ила собит бўлиши.
Уламолар, гандираклаш, хамрнинг ҳиди келиб туриши каби аломатларни ҳам айтганлар. Ҳозирда эса-дарҳол таҳлил қилиб, аниқлаш мумкин.
5. Бош маъсул киши, шаръий жазони татбиқ қилишни ўзи ҳоҳлаган кишига топшириши жоизлиги.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу Ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга топширганлари каби.
6. Айбдорни жазолаш пайтида шариат ҳукмларини яхши билган киши раҳбарлик қилиб туриши лозимлиги.
7. Ҳазрати Умарга ўхшаш улуғ кишиларнинг қилган ишларини ҳам, суннат, дейиш мумкинлиги.
Ҳазрати Алидек олим зот Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг хамр билан қўлга тушган кишини саксон дарра билан жазолашни йўлга қўйишларини беҳудадан, суннат, демайдилар.
8. Ҳукмларни яхши билган киши вазиятга қараб, бир неча хил ҳукмдан бирини танлаши мумкинлиги.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларидан кейин хамр истеъмол қилиб қўлга тушган кишига саксон дарра уриш жорий бўлган эди. Ҳазрати Умар бу ишга вазият талабидан келиб чиқиб, саҳобаларга маслаҳат қилиб қўл урган эдилар. У кишидан кейин Ҳазрати Али розияллоҳу анҳу ал-Валидга қирқ дарра урдиришлари бежиз эмас. Эҳтимол, ўша мажлис шароити шуни тақозо қилгандир.
Ўша вақтларда кўпинча ким хамр имтеъмол қиладиган бўлса, ўзи яширинча ва содда услубда тайёрлаб истеъмол қилган. Хамр сотувчилар бўлмаган, бўлса ҳам вақтинчалик ва жуда оз миқдорда бўлган.
Хамрни бугунги кунимиздаги гиёҳванд модддалар «қироллари» каби бутун дунёга тарқатиш хавфи бўлмаган. Шунинг учун ҳам ҳадисларда хамр истеъмол қилувчини жазолаш ҳақидаги маълумотларни учратсак ҳам, уни сотиш билан шуғулланганларга қандай жазо қўлланганни ҳақида маълумот учратмаймиз.
Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, хамр учун жазо таъйин қилиш ҳар макон, ҳар замон ва шароитга қараб олиб бориш учун ўша вақтнинг масъулларига ҳавола қилинган.
Шунинг учун ҳам бугунги кунда катта хатарга айланиб қолган гиёҳванд моддалар тарқатиш билан шуғуллланадиганларга қарши ҳукмни мусулмон юртларда ҳар ҳукумат ўзи чиқармоқда.
Мисол учун Саудия арабистонида Шўро мажлиси қарори, вазирлар кенгаши тасдиғи ва Катта уламолар кенгаши фатвоси ила гиёҳвандлик моддалари таижорати билан шуғулланиувчиларга ўлим ҳукми жорий қилинган.
Улар бу ҳукмни чиқаришга Қуръони Каримнинг «Моида» сурасидаги қуйидаги оятини далил қилиб олганлар: «Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарига қарши уруш қилувчилар, ер юзида фасод қилувчиларнинг жазоси, албатта, ўлдирилмоқлари ёки осилмоқлари ёхуд қўл-оёқлари қарама-қарши томондан кесилмоғи ёки ер юзида сургун қилинмоқларидир. Бу, уларга бу дунёда ор бўлур. Охиратда эса, уларга улкан азоб бор» (-оят).
Бу ерда васф қилинаётган жиноятчилар бугунги кундаги «уюшган жиноят» истилоҳига тўғри келади. Ёмон ниятли бир гуруҳ кишилар тўпланиб олиб, мусулмонларнинг ўзига, мол-мулкига ва тинчликларига таҳдид солиши, мусулмон ҳукуматга қарши чиқиши, Ислом шариатида «ҳироба» дейилади.
Юқоридаги қарорни қабул қилган тарафлар гиёҳванд моддаларни тарқатишдек жирканч иш билан шуғулланувчилар миллатни заҳарлаб умумий ҳалокатга олиб борувчилар, жамиятнинг тинчлигига таҳдид солувчилардир, деб билгандар.

ХУЛОСА

Юқорида ўтган камтарона баҳсдан қуйидаги қисқа хуласаларни чиқаришимиз мумкин.
Ислом дини хамр муаммосини жуда ҳам мувоффақиятли тарзда муолажа қилгани.
Ислом бошқа муаммолар каби, инсон жамиятидаги хамр муаммосини ҳам атрофлича ва қойиллатиб муолажа қилгани.
Хамр ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича Исломий режани Аллоҳ таолонинг Ўзи тузган бўлиб, уни татбиқ қилишни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амалга оширгандирлар. Хамрхўрликка ўта берилиб кетган жоҳилият жамиятни бу балодан қутқариш учун турли тарғибот-ташвиқот ишлари олиб борилгани.
Бу ҳақда бир қанча ояти карималар нозил бўлиб, кўплаб ҳадиси шарифлар айтилгани.
Хамрни ишлаб чиқариш, уни сотиш, унга хизмат қилиш ва бошқа унга тегишли ишларни қилувчиларга Аллоҳнинг лаънати бўлиши ҳам эълон қилингани.
Ниҳоят, хамр истеъмол қилган кишиларни жазолаш чораси жорий қилингани.
Бу қилинган ишлар ўз самарасини берди. Инсоният тарихида биринчи бор хамрга қарши кураш тўлиқ мувофақиятга эришгани. Чунки, бу иш иймон-эътиқод асосида олиб борилган эди.
Бугунги, гиёҳвандлик катта таҳдид солиб, келажак авлодларимизни ҳам ўз домига тортиш хавфи туғиб турган бир пайтда ҳаммамиз бу офатга қарши курашимиз матлубдир.
Жамиятнинг ҳар бир аъзоси; каттаю кичик, эркагу аёл, ёшу қари, амалдору оддий фуқаро ҳамма-ҳамма Гиёҳвандликка қарши курашда иштирок этмоғи кечиктириб бўлмас заруратдир.
Гиёҳвандликка қарши курашдек савобли ишга ҳар ким қўлидан келган; илми бор илми билан, касби бор касби билан, ҳукми бор ҳукми билан, пули бор пули билан, кучи бор кучи билан ва яна бошқа имкониятлари борлар ўз имкониятлари билан ҳисса қўшмоғи лозимдир.
Албатта, масъул тарафлар бу курашни йўлга солиб, мувофиқлаштириб бориши керак.
Ҳамма бир жон, бир тан бўлиб, «Йўқолсин Гиёҳвандлик!» шиори остида бирлашмоғи керак.
Ана шунда Аллоҳнинг ёрдами ила бу курашда ғолиб чиқиш турган гап.
Аллоҳ таоло бу савобли ишда барчага Ўзи мададкор бўлсин!

МАНБАЛАР РЎЙХАТИ

Қуръони карим
Тафсири Ибн Касир
Тафсири Равоиъул Баён – Собуний
Тафсири оятул аҳком – Саис
Тафсири Насафий
Тафсири Жалолайн
Тафсири Манор
Тафсири Ҳилол - Муҳаммад Содиқ
Саҳиҳи Бухорий
Саҳиҳи Муслим
Сунани Термизий
Сунани Абу Довуд
Сунани Насаий
Сунани Ибн Можа
Танвийрул ҳаволик
Мирқотул Мишкот-Али Қори
Умдатул Қорий-Бадриддин Айний
Ҳадис ва Ҳаёт-Муҳаммад Содиқ
Ан-Ниқоя-Шарҳи Мухтасари Виқоя-Али Қори
Мажмаъул Анҳур-Шайхизода
Дуррул мунтақо фии шарҳил Мултақо
Ал-Ихтиёр-ал-Мувсилий ал-Ҳанафий
Мабсут – Сарахсий
Бадоиъус Саноиъ – Косоний
Ал-фиқҳул Исламийю ва адиллатуҳу – ал-Зуҳайлий
Китабул Фуқҳи алал мазаҳибил арбаъа.
Эълоус Суннан
Шарҳи маъоний ал-Осор
Субулус Салом-Санъоний
Найлул Автор-Шавконий
Ва бошқалар

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Уяли алоқа воситаларидан фойдаланиш одоблариБисмиллаҳирроҳманирроҳимКиришБандаларининг ҳожатларини енгиллаштирган, уларга ўз ҳаёт тарзларини давоми...

4836 05:00 / 04.03.2017
Фарз намозлардан бомдоднинг икки ракатида ҳам, шом ва хуфтоннинг биринчи икки ракатида, жума ва икки ийд намозларида қироатни овоз чиқариб қилиш вожибдир. Пешин давоми...

3245 17:00 / 13.01.2022
иккинчи мақола . ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Зинҳор аёл эркакка, аъробий муҳожирга ва фожир давоми...

3361 19:00 / 04.08.2022
Алқомус алфиқҳий.Бу китобнинг тўлиқ исми .Алқомус алфиқҳий луғатан ва истилоҳан,дир. Унинг муаллифи Саъдий Абу Жийбдир.Муаллиф олдин феълни, кейин исмни баён давоми...

5442 14:00 / 29.07.2019