Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (24-дарс). Фиқҳий қоидалар китоблари

12:10 / 13.03.2019 5498 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Араб тилида «қоида» сўзи асл ва асос маъноларини билдиради. Араблар уйнинг пойдеворини ҳам «қоида» дейишади. Фиқҳ уламолари истилоҳида «қоида» жузъий нарсаларнинг ҳукмини таниб олиш учун хизмат қиладиган асосий фикрдир. Фиқҳий масалаларнинг ҳам ўз қоидалари бўлиши зарур.

Фиқҳий қоидалар қисқа матнлардан иборат бўлиб, маълум мавзудаги ҳодисаларнинг шаръий ҳукмларини жамлайдиган асос бўлади. Фиқҳий қоидада умумий маъно қисқа ибора ила баён қилинади.

Бу тоифадаги китобларда фиқҳ илмига оид қоидалар ҳақида маълумотлар берилади. Уламолар усулул фиқҳ, фуруъул фиқҳ, фатволар, шарҳлар ва мухтасарлар ёзиб бўлганларидан кейин, фиқҳий қоидаларга хос китобларни ҳам ёзишни бошладилар. Уларда фиқҳий қоидаларни тартибга келтириб тасниф этишни бошладилар. Фиқҳий қоидаларни ва бир-бирига ўхшаш масалалар орасидаги фарқларни баён қилдилар.

Фиқҳий қоидалар маълум вақтда ва маълум фақиҳлар томонидан бирданига тузилган эмас. Балки бошқа илмлар каби бу илм ҳам замон ўтиши билан аста-секин шаклланиб келган. Бу илмга турли мазҳабларнинг катта фақиҳлари асос солганлар. Зотан, фиқҳий қоидаларнинг пайдо бўлишига уламоларнинг ижтиҳодлари сабаб бўлган.

Шунинг учун ҳам турли уламоларнинг фиқҳий қоидалар ҳақидаги тушунчалари ва муносабатлари турлича бўлган. Ҳатто мазкур қоидаларнинг адади ҳам турлича бўлган.

Мисол учун, шофеъий мазҳабидаги баъзи уламолар фиқҳий қоидалар тўртта бўлишини таъкидлаганлар, баъзилари уларга бешинчи қоидани ҳам қўшганлар. Шундай қилиб, шофеъий мазҳабидаги фиқҳий қоидалар беш донадан иборат бўлган.

Ҳанбалий мазҳабидаги уламолар эса фиқҳий қоидаларни кўпайтиришга эътибор берганлар. Мисол учун оладиган бўлсак, Ибн Ражаб Ҳанбалий «Ал-қавоид ал-фиқҳийя ли ибн Ражаб» китобида 160 та қоидани баён қилган. Ҳар бир қоидага бир неча фаръни боғлаган.

Ҳанафий уламолардан Абу Тоҳир Даббос ва имом Кархий биринчилардан бўлиб бу илмда китоб ёздилар.

Имом Абу Тоҳир Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Суфён Даббос Ироқда ҳанафийларнинг кўзга кўринган арбоби бўлган. У киши ҳанафий мазҳабидаги энг муҳим ўн еттита фиқҳий қоидани жамлаган.

Имом Убайдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Даллол ибн Валҳам Абул Ҳасан Кархий (ҳижрий 260–340 йиллар) фиқҳий қоидаларга бағишлаб алоҳида рисола ёзган. Имом Кархийнинг ҳанафий мазҳабидаги китобларнинг асосий мадори бўлган қоидалар ҳақидаги бу битиги фиқҳий қоидалар бўйича энг биринчи китоб ҳисобланади. Уламоларнинг таъкидлашича, имом Кархий Абу Тоҳир Даббоснинг қоидаларига ўзи топганларидан қўшиб, уларнинг ададини ўттиз еттитага етказган.

Аммо бу мавзудаги китобларнинг мукаммали имом Зайнуддин ибн Иброҳим ибн Нужаймнинг «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китоби бўлди.

«Ал-ашбоҳ ван-назоир».

Бу китобнинг муаллифи имом Зайнуддин ибн Иброҳим ибн Нужайм ҳижрий 926 санада Қоҳирада туғилди. Бурҳон Кархий, Аминуддин ибн Абдул Ол Ҳанафий, Ибн Шалабий каби машҳур уламолардан илм ўрганди.

Имом Зайнуддин ибн Иброҳим ибн Нужаймнинг шогирдлари ичида Муҳаммад Аламий ва Умар ибн Иброҳим каби машҳур уламолар бор.

Имом Зайнуддин ибн Иброҳим ибн Нужайм кўплаб китоблар тасниф қилган. Унинг китоблари ичида «Баҳрур-роиқ шарҳи Канзуд-дақоиқ», «Фатавои Зайнийя», «Таълиқ ъалал Ҳидоя», «Фавоидиз-Зайнийя», «Луббул усул фий таҳририл усул» каби китоблар бор.

Имом Зайнуддин ибн Иброҳим ибн Нужаймнинг китоблари ичида «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китоби жуда ҳам машҳурдир. Муаллифнинг китоб муқаддимасида таъкидлашича, ҳанафий уламолар фиқҳнинг турли соҳаларида ажойиб асарлар таълиф қилганлари билан, шайх Тожуддин Субкийнинг фиқҳнинг турли фанларини жамлаган «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобига ўхшаш асар ёзмаганлар. Имом Зайнуддин шунинг учун ҳам ушбу китобни тасниф қилишга ўтганини айтади. Айни пайтда, Ибн Нужайм раҳматуллоҳи алайҳи «Канзуд-дақоиқ»нинг шарҳида, «Фосид байъ боби»га етганда, забт қилувчи ва истиснолар ҳақида «Фавоидиз-Зайнийя фил фиқҳил Ҳанафийя» номли янги бир китоб ёзди ва унда беш юзга яқин қоидаларни зикр қилди. Сўнгра бунга ўхшаш мукаммал китоб ёзиш зарурлигини англаб етди ва «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобини тасниф қилди. Китобни етти бобга бўлди ва ҳар бобни бир фанга бағишлади. Мазкур фанлар қуйидагилардан иборат:

1. Қоидаларни билиш фани.

Бу бобда фиқҳий қоидаларни келтириб, уларни тушуниш ва уларга амал қилиш йўллари баён этилган. Бу қоидалар аслида усулул фиқҳга оиддир. Уларни ўзлаштирган олим ҳеч бўлмаса фатво бобида мужтаҳидлик даражасига эришади. Мисол учун, биринчи қоида – «ниятсиз савоб йўқ» қоидаси. Аввал уни тушунтирилади. Кейин эса татбиқ қилиш баён қилинади. «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобида йигирма бешта қоиданинг шарҳи ва қўлланиши келтирилган.

2. Фойдалар фани.

Уни «зобитлар ва истиснолар фани» ҳам дейилади. «Қоида» билан «зобит»нинг фарқи шулки, қоидада турли бобларга оид фойдалар бўлса, «зобит»да фақат бир бобга оид фойдалар зикр қилинади. «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобида имом Ибн Нужайм фойдаларни «Канзуд-дақоиқ» китобидаги боблар тартибида келтирган. Аввал «Китобут-таҳорат»га оид фойдаларни, кейин «Китобус-салот»га оид фойдаларни зикр қилган ва шунга ўхшаш тартиб билан кетаверган.

3. Жамлаш ва фарқлаш фани.

Бунда тез-тез учраб турадиган ва уларни билмаган фақиҳ айбдор бўладиган масалалар зикр қилинган. Мисол учун: унутган, жоҳил ва мажбурланганларга оид масалалар. Шунингдек, ёш болалар, қуллар, мастлар ва кўрларга оид масалалар. Китобда яна бир-биридан фарқлаш лозим бўлган масалалар, мисол учун: таҳорат билан таяммумнинг орасидаги фарқ ва шунга ўхшаш кўп нарсалар баён қилинган.

4. Алғоз фани.

«Алғоз» сўзи «лағз»нинг кўплиги бўлиб, бизнинг тилимизда «топишмоқ» десак бўлаверади. Фуқаҳолар ўзларича фиқҳий топишмоқлар тўқишиб, уларга жавоблар ҳам берганлар. «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобида имом Ибн Нужайм ҳанафий уламоларнинг алғозларидан бир қанчасини фиқҳий китоблар тартибида жамлаган. Мисол учун, «Китоби таҳорат»да «Сувларнинг қайсиниси афзал?» деган лағзни келтириб туриб, унга «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бармоқлари орасидан чиққани» деган жавобни берган.

5. Ҳийлалар фани.

Ҳийла ишларнинг тадбирида ҳозиқлик қилишдир. Диний масалаларда ноқулай ҳолатга тушиб қолганда усталик билан йўл топиб кетиш ҳам «ҳийла» дейилади. Баъзи уламолар «ҳийла» сўзининг салбий маъносидан қочиб, унинг ўрнига «махраж» – «чиқиш» сўзини ишлатишган ва «китобул ҳиял»нинг ўрнига «китобул махориж» деганлар.

«Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобида имом Ибн Нужайм фиқҳий боблар тартибида бир қанча ҳийлаларни зикр қилган. Мисол учун, «Рамазон рўзасини тутмасликка қасам ичган бўлса, ўша ойда сафарга чиқади ва рўза тутмайди», деган.

6. Ашбоҳ ва назоирлар – ўхшаш ва тенгдошлар фани.

Баъзилар ушбу фанни «фуруқ» – «фарқлар» деб ҳам атайдилар. Бу ҳукмлар тўғрисидаги фан бўлиб, китобнинг номи ҳам шу фандан олинган. Унда бир-бирига ўхшаш масалаларни зикр этиб, ораларидаги нозик фарқлар баён қилинади. Мисол учун, «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобида имом Ибн Нужайм зикр қилган биринчи масала қуйидагича: «Агар қудуққа бутун тезак тушса, уни нажас қилмайди. Яримтаси тушса, нажас қилади. Фарқ шулки, бутун тезак қудуққа тушганда, унинг тарқалишини ман қиладиган пардаси бўлади, яримта тезакда эса у бўлмайди».

7. Ҳикоялар фани.

Баъзилар бунга мактубларни ҳам қўшадилар. Бу фанда фиқҳий ҳукмларга боғлиқ ҳикоя ва мактублар келтирилади. «Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобини ҳам имом Ибн Нужайм имом Абу Ҳанифанинг имом Абу Юсуфга ёзган мактубларини келтириш билан бошлаган.

«Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобида имом Ибн Нужайм ҳар бир фанга алоҳида муқаддима ёзган.

«Ал-ашбоҳ ван-назоир» китоби аҳли илмнинг мақтовига сазовор бўлган китобдир. Унинг мадҳида кўплаб ажойиб мақтовлар айтилган, шеърлар битилган. Бу китобнинг қўлёзмалари ҳам жуда кўп. Чоп этилгани ҳам анчагина.

«Ал-ашбоҳ ван-назоир» китобига ёзилган шарҳлар, таълиқлар ва ҳошиялар ўттизга яқин.

«Қавоидул аҳком фий масолиҳул аном».

Бу китобнинг муаллифи Абу Муҳаммад Иззуд­дийн Абдулазиз ибн Абдуссалом Дамашқийдир. У киши ҳижрий 577 санада Дамашқда туғилиб, ҳижрий 660 санада Қоҳирада вафот этган. Турли шаръий илмларда машҳур бўлган. Ибн Асокир ва бошқа катта уламолардан таълим олган. Унинг шогирдлари ичида Ибн Дақиқил Ийд каби машҳур олимлар бор.

Абу Муҳаммад Иззуддин Абдулазиз ибн Абдуссалом Дамашқийнинг ёзган китоблари ичида тафсир, «Шажаратул маориф», «Фавоид» ва бошқа китоблар бор.

«Қавоидул аҳком фий масолиҳул аном» Шофеъий мазҳабидаги қавоиду фиқҳийя китобидир. Унда усулий қоидалар, шариатнинг мақсадлари, диннинг ғоялари баён қилинган. Шунингдек, унда фарқлар, ашбоҳ – ўхшаш нарсалар, фаръий ҳукмлар ҳам келтирилган.

«Анворул фуруқ фий анвоъул фуруқ».

Бу китобнинг муаллифи Шаҳобуддин Абул Аббос Аҳмад ибн Идрис Қурофийдир. У киши ҳижрий 626 санада Мисрда туғилиб, ҳижрий 684 санада ўша ерда вафот этган. Имом Қурофий Моликий мазҳабининг мужтаҳидларидан ҳисобланади. У киши кўп илмларда пешқадам бўлган. Имом Қурофий Ибн Ҳожиб ва Изз ибн Абдуссалом каби алломалардан дарс олган. Унинг шогирдлари ичида Иброҳим Бақурий ва Абдурраҳмон Фасий каби олимлар бор.

Имом Қурофийнинг тасниф қилган китоблари уламолар ичида катта шуҳрат қозонган. У кишининг китобларидан «Захийра», «Шарҳут-Таҳзийб» ва «Истибсор»ни алоҳида зикр қилишимиз мумкин.

«Анворул фуруқ фий анвоъул фуруқ» китобини қисқа қилиб «Фуруқ» деб аташ одат бўлиб қолган. Бу китоб моликий мазҳабидаги фиқҳий қоидалар китобидир. Унда бир-бирига ўхшаш масалалар орасидаги фарқлар, уларнинг ҳукмлари моликий мазҳаби асосида баён қилинади. Гоҳида бошқа мазҳаблар билан солиштирилади ҳам. «Анворул фуруқ фий анвоъул фуруқ» китобида 274 та фарқ ва 540 та қоида баён қилинган.

«Анворул фуруқ фий анвоъул фуруқ» жуда машҳур китоблардан бўлиб, унга кўплаб шарҳлар ёзилган.

«Ал-қавоид ал-фиқҳийя ли ибн Ражаб».

Бу китобнинг муаллифи Абу Фараж Абдурраҳмон ибн Аҳмад ибн Ражаб Ҳанбалийдир.

«Ал-қавоид ал-фиқҳийя ли ибн Ражаб» китоби ҳанбалий мазҳабидаги фиқҳ қоидалари ҳақидадир. Муаллиф ўзининг бу китобида мазҳабидаги фиқҳий қоидаларни жамлаган. Фуруъул фиқҳ масалаларини умумий қоидаларда бирлаштирган. Ибн Ражаб Ҳанбалий умумий фиқҳий қоидани келтириб туриб, ортидан уни фиқҳнинг фуруъларига боғлайди. У шу тарзда 160 қоидани баён қилган. Ҳар бир қоидага бир неча фаръни боғлаган. Китобнинг охиридаги бобда йигирма битта катта масалага оид қоидаларини шарҳ қилган.

«Ал-қавоид ал-фиқҳийя ли ибн Ражаб» китоби ҳанбалий мазҳабидаги энг машҳур ва уламолар энг кўп фойдаланадиган китоблардан бири ҳисобланади.

Мовароуннаҳр уламолари ҳам фиқҳ қоидалари илмининг юзага келиши ҳамда ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшганлар. Улардан баъзиларини намуна сифатида зикр қилиб ўтамиз.

1. Имом Абу Зайд Абдуллоҳ ибн Умар ибн Ийсо Даббусий. У кишининг «Таъсийсун-назар» номли китобларида фиқҳий қоидаларга ҳам алоҳида эътибор берилган.

2. Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ҳусайн ибн Умар Фахрул Ислом Абу Бакр Шоший. У кишининг бу соҳага бағишланган китоби «Ал-мусоид фий маърифатил қавоид» деб номланган.

3. Имом Нажмуддин Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ибн Аҳмад Насафий. У кишининг бу илмда ёзган асари «Ал-ҳасоил фил масоил» деб номланади.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
биринчи мақола . Ҳайзнинг озидан кам бўлган ёки дастлаб ҳайз кўрувчининг ҳайзидан зиёда бўлган ndash у ўн кундир, ndash ёки дастлаб нифос кўрувчининг давоми...

2885 13:30 / 25.02.2021
иккинчи мақола . ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Зинҳор аёл эркакка, аъробий муҳожирга ва фожир давоми...

3362 19:00 / 04.08.2022
Савол ўқишга ёки мансабга оид ёхуд шунга ўхшаш ишлардаги имтиҳонларда фирибгарлик қиладиган кишилар ҳақида диннинг ҳукми қандай Бизга жавоб берсангиз. Аллоҳ давоми...

2994 05:00 / 04.03.2017
Намозни жамоатда ўқиш суннати муаккада эканига далиллар . ,. . . ,. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят давоми...

2588 19:00 / 28.07.2022