1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Эркак меросхўрлар (учинчи мақола)

11:07 / 03.02.2020 2628 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Туғишган (ота бир, она бир) ака-ука.

Ота бир ака-ука.

Бу икки тоифа асабаларга киради. Уларнинг меросдаги ҳолатлари ҳақида бир неча сатрлардан сўнг сўз юритилади.

Она бир ака-ука.

Мерос илмида она бир ака-ука ва опа-сингиллар қўшилиб, «Бани Ахёф» деб аталади. Бани Ахёфнинг мерос олишлари уч турли бўлади:

1. Агар Бани Ахёфдан хоҳ эркак бўлсин, хоҳ аёл бўлсин, бир киши меросхўр бўлса, олтидан бирини олади.

Биз юқорида ўрганган «Нисо» сурасидаги: «Агар бир эркак ёки аёл калола ҳолида мерос қолдирса, унинг биродари ёки синглиси бўлса, улардан ҳар бирига олтидан бир», деган оятда зикр қилинган «биродар» ва «сингил»нинг она бир биродар ва сингиллар эканлигига уламолар ижмоъ қилганлар.

Бир одам ўлиб, унинг ортидан ота-она бир укаси ва она бир укаси ёки синглиси қолса, она бир укаси ёки синглисига мероснинг олтидан бири, ота-она бир укасига қолгани тегади.

2. Бани Ахёфлар икки киши ёки ундан кўп бўлсалар, мероснинг учдан бирида шерик бўладилар.

Аллоҳ таоло мазкур оятнинг давомида:

«Агар бундан кўп бўлсалар, улар учдан бирига шерикдирлар», деган.

Бир киши ўлиб, унинг ортидан онаси, она бир ака-укалари, сингиллари ҳамда амакиси қолса, онасига олтидан бир, она бир ака-укалари ва сингилларига учдан бир, амакисига қолгани тегади. Она бир ака-укалари ва сингиллари учдан бир меросни ўзаро тенг бўлиб оладилар.

3. Бани Ахёфлар меросдан ҳажб қилинадилар.

Уларни меросдан мерос қолдирувчининг фаръи – фарзандлари ёки асли – отаси ёки бобоси ҳажб қилади.

Мисол учун, бир киши ўлиб, ортидан отаси, ўғли ва она бир укаси қолса, отасига олтидан бир ва ўғлига қолгани тегади. Она бир укасига ҳеч нарса тегмайди.

Бир аёл ўлиб, ортидан эри, ота-она бир укаси ва она бир укаси қолса, эрига мероснинг ярми, она бир укасига олтидан бир ва ота-она бир укасига қолгани тегади.

Бир аёл ўлиб, ортидан эри, бобоси ва она бир икки укаси қолса, эрига мероснинг ярми, бобосига мероснинг қолгани тегади. Она бир укаларига ҳеч нарса тегмайди.

Бани Ахёфларнинг бошқа меросхўрлардан фарқлари:

1. Улар ўз оналари билан бирга мерос оладилар.

2. Уларнинг аёллари ҳам, эркаклари ҳам меросни тенг бўлиб оладилар.

3. Уларнинг ёлғиз вакили олтидан бирни олади, биттадан кўпи эса учдан бирга шерик бўладилар.

4. Улар ўз оналарини учдан бирдан олтидан бирга ҳажб қиладилар.

(Давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
8. Она бир опасингил.Она бир опасингилларнинг меросдаги ҳақлари ҳам худди ота бир акаукаларнинг меросдаги ҳақларига ўхшайди. Ота бир акаукаларнинг меросдаги давоми...

2081 11:00 / 16.03.2020
Ўзидан бошқанинг мусулмон эмаслиги ҳақида фатво чиқарган динда ҳаддидан ошиб ғулувга кетган тоифалар ҳукумат ишларида ишлаш ҳам ҳаром деган фикрни олға давоми...

3397 05:00 / 03.03.2017
. . Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гапсўз ва давоми...

1133 19:00 / 29 май
Аввалги мақоламизда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир,, давоми...

5331 13:30 / 19.03.2020