Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 2 рабиъус сони | 2024 йил 05 октябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Жумани адо қилиш учун шартлар | Фиқҳ дарслари (254-дарс)

19:00 / 02.11.2023 1544 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Намознинг тўғри бўлиши шартларидан ташқари, жуманинг тўғри бўлиши учун ҳам алоҳида қўшимча шартлар бор. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Миср ёки унинг чети бўлиши.

Миср нима экани ҳақида сал аввалроқ ҳам эслаб ўтилган эди. Энди эса матннинг ўзида миср ҳақидаги тушунча тақдим қилинмоқда.

Миср энг катта масжидига ўзининг аҳолиси сиғмайдиган жойдир.

Аввал ҳам айтиб ўтилганидек, мазкур иборадаги «аҳоли»дан мурод ҳамма аҳоли эмас, балки жума намози ўқиши фарз бўлган аҳолидир.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Йўллари ва бозорлари бор, зулмларни қайтариб турадиган волийси бор, пайдо бўлган масалаларга жавоб айтиб турадиган олими бор юрт мисрдир», деганлар.

«Мисрнинг чети» унга (мисрга) боғланган ва унинг фойдаси учун хизматга тайёрланган макондир.

Мисрга ёпишиб турган ва унинг фойдаси учун хизмат қиладиган карвонсаройлар, кушхоналар каби нарсалар бор жойлар ҳам шаҳар четига киради. У ерларда ҳам жума ўқиса бўлади. Аммо миср билан унинг орасида узилиш бўлмаслиги керак. Мисол учун, миср тугагандан кейин экинзорлар, боғу роғлар келиб, кейин аҳоли яшаш жойи келса, мисрнинг чети бўлмайди.

Агар битта мисрда бир неча жойда жума ўқилса нима бўлади, деган саволга мазҳабда тўртта жавоб бор. Биринчиси Абу Ҳанифа ва Муҳаммад раҳматуллоҳи алайҳимодан ривоят қилинган ва энг тўғриси ҳисобланади: «Икки ёки ундан кўп жойда бўлса ҳам, жоиз. Чунки жуманинг бир неча жойда бўлмаслигида қи­йинчилик бор».

Шу билан бирга, бир неча ерда жума ўқиш мумкин эмаслигига далил йўқ.

2. Султон ёки унинг ноиби.

Ёки жумани ўтказишга изн олган тараф бўлиши шарт.

3. Пешиннинг вақти.

Пешин намозининг вақти кириши билан жуманинг вақти ҳам киради. Пешиннинг вақти чиқиши билан жуманинг вақти ҳам чиқади.

عَنْ أَنَسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ كَانَ يُصَلِّي الْجُمُعَةَ حِينَ تَمِيلُ الشَّمْسُ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам жумани қуёш оққан пайтда ўқир эдилар».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам жумани доимо пешин вақтида ўқиганлар.

4. Вақтида бир тасбеҳча бўлса ҳам хутба.

Хутба жума намозининг асосий шартларидан биридир. Хутбасиз жума намози бўлмайди.

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ

Аллоҳ таоло Жумуъа сурасида:

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг. Агар билсангиз, ана шу ўзингиз учун яхшидир», деган (9-оят).

Бу оятдаги «Аллоҳнинг зикри» хутбадир.

«Бир тасбеҳча бўлса ҳам» жумласидан «Алҳамдулиллаҳ», «Субҳаналлоҳ» каби зикрларни айтиш билан ҳам хутба адо этилган бўлиши тушунилади.

Шу билан бирга, жуманинг хутбаси пешиннинг вақти кирганда бўлиши шарт. Агар заволдан олдин хутба қилиб, ундан кейин намоз ўқиса бўлмайди.

عَنِ السَّائِبِ بْنِ يَزِيدَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النِّدَاءُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ أَوَّلُهُ إِذَا جَلَسَ الْإِمَامُ عَلَى الْمِنْبَرِ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا.

Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жума кунининг аввалги нидоси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг даврларида имом минбарга ўтирганда бўлар эди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Нидо, яъни азон пешиннинг вақти кирмасидан олдин айтилмайди. Шунинг учун пешин вақтидан бошқада хутба қилинмаган.

5. Жамоа, яъни имомдан бошқа уч киши бўлиши шарт қилинди.

Бу жумладаги ҳукм қуйидаги ҳадисдан олинган:

عَنْ طَارِقِ بْنِ شِهَابٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «الْجُمُعَةُ حَقٌّ وَاجِبٌ عَلَى كُلِّ مُسْلِمٍ فِي جَمَاعَةٍ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالْبَيْهَقِيُّ وَالْحَاكِمُ.

Ториқ ибн Шиҳоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жамоат билан жума (ўқиш) ҳар бир мусулмонга ҳақдир, вожибдир», дедилар».

Абу Довуд, Байҳақий ва Ҳоким ривоят қилишган.

6. Изни ом.

«Изни ом» дегани жомеъ масжиднинг эшикларини очиб қўйиб, хоҳлаган одамнинг киришига умумий изн берилиши, жума ўқимоқчи бўлганларни бирор шахс ман қилмаслигидир.

Жума намози Исломнинг шиорларидан биридир. Уни ўқиш одамлар орасида машҳур ҳолда бўлиши лозим.

Бир масжидга махсус жамоат кириб олиб, эшикларини ёпиб олсалар, уларнинг ўқиган жумалари тўғри бўлмайди.

Агар имомнинг саждасидан кейин жамоа кетиб қолса, унинг ўзи намозни тугатади.

Бундан жамоат бир ракъат ўқигунча турса, жума тўлиқ бўлади, деган маъно чиқади. Имом билан бирга уч киши жумани ният қилиб намоз ўқишни бошласа, биринчи ракъатнинг саждасидан кейин жамоат кетиб қолса ҳам, имом ўзи намозни охиригача ўқиб қўйса, жума ўрнига ўтади.

Агар саждасидан олдин кетиб қолсалар, имом пешин ўқишни бошлайди.

Бунда жамоат намознинг бир ракъати қайд бўлгунча турмагани учун жума ҳақиқий намоз бўлмайди. Шунинг учун имом мазкур намозни бузиб, пешин ўқишга мажбур бўлади.

Узрли шахснинг ва бошқаларнинг мисрда пешинни жамоат бўлиб ўқишлари макруҳдир.

Бу ҳукм макруҳи танзиҳий – унча оғир бўлмаган макруҳдир. Чунки улар жума ўқишлари лозим эди. Улар жума намозига бормай, жамоатнинг озайишига сабаб бўлдилар. Айбни қилиб қўйиб, яна ўзлари жамоат бўлишлари дуруст эмас.

Шунингдек, узрли бўлмаганларнинг жумадан олдинги пешинлари ҳам макруҳдир.

Бу ҳукм макруҳи таҳримий – ҳаром ўрнига ўтадиган макруҳдир. Чунки улар пешиннинг фарзидан кўра кучли бўлган жуманинг фарзини узрсиз тарк қилдилар. Модомики ҳали жума ўқилмаган экан, унга бориб қўшилиш пайидан бўлишлари керак эди. Аммо мазкур ишни қилиш ўрнига жамоат бўлиб пешин ўқишлари жумага бориш ниятлари йўқлигини кўрсатади. Бу эса умуман мумкин эмас. Жумани ўқиб бўлинганда унга бориб қўшилишнинг имкони қолмаган бўлади.

Агар пешинни ўқиган одам жумага ҳаракат қилганда имом жумада турган бўлса, пешини ботил бўлади.

Биров жумадан олдин пешинни ўқиб олди. Кейин жумага боришга ҳаракат қилиб қолди. Агар у ҳаракатни бошлаганда имом жуманинг амалларини бажариб турган бўлса, ҳалиги одамнинг ўқиган пешини ботил бўлади.

Жумани ташаҳҳудда ёки саҳв саждасида топган одам охиригача ўқиб олади.

Биров қавм жума намозининг ташаҳҳудини ўқиб турган ёки саҳв саждасини қилаётган пайтда қўшилса ҳам, жума намозини топган бўлади.

Қачон (муаззин) биринчи азонни айтса, кишилар савдони тарк қиладилар.

Жума намози учун биринчи азон қандай жорий бўлгани қуйидаги ривоятдан билинади:

عَنِ السَّائِبِ بْنِ يَزِيدَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: كَانَ النِّدَاءُ يَوْمَ الْجُمُعَةِ أَوَّلُهُ إِذَا جَلَسَ الْإِمَامُ عَلَى الْمِنْبَرِ عَلَى عَهْدِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَأَبِي بَكْرٍ وَعُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا، فَلَمَّا كَانَ عُثْمَانُ وَكَثُرَ النَّاسُ زَادَ النِّدَاءَ الثَّالِثَ عَلَى الزَّوْرَاءِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا مُسْلِمًا. وَزَادَ فِي رِوَايَةٍ: وَثَبَتَ الْأَمْرُ عَلَى ذَلِكَ.

Соиб ибн Язийд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Жума кунининг аввалги нидоси Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам, Абу Бакр ва Умар розияллоҳу анҳумонинг даврларида имом минбарга ўтирганда бўлар эди. Усмон (халифа) бўлганида одамлар кўпайиб кетиб, Завроънинг устида учинчи нидони зиёда қилди».

Бешовларидан фақат Муслим ривоят қилмаган.

Бошқа бир ривоятда:

«Иш шундай собит қолди», дейилган.

Ушбу ҳадисдаги «нидо»дан мақсад – азон. Нидони учта дейиш эса азон ва иқома эътиборидандир. Бу ривоятдаги «учинчи» дейилган азон амалда ҳар жума куни биринчи айтиладиган азондир.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва икки халифалари: ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, ҳазрати Умари Одил даврларида имом минбарга чиққанида азон айтилар, хутба ўқиб бўлиб, минбардан тушганида иқома айтилар ва намоз ўқилар эди.

Аммо ҳазрати Усмон халифа бўлганларида Ислом диёри кенгайган, мусулмонлар сони кўпайган эди. Имом минбарга чиққандан кейин азон айтиб, хутба қилиб, ундан сўнг жума намози ўқиладиган бўлса, узоқроқдаги кишилар азонни эшитгандан сўнг ҳаракат қилиб, масжидга келсалар, намозга кеч қоладиган бўлиб қолди. Чунки у пайтларда соатлар йўқ эди. Кишилар намоз вақти кирганини азон айтилганидан билар эдилар.

Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳунинг даврларида одамлар намозга кеч қолаётганлари мулоҳаза қилинганидан кейин, уларни олдинроқ хабардор қилиш учун жума намози вақти кириши билан бир қўшимча азон айтиш жорий қилинди.

Бу азон Мадинаи Мунавваранинг бозори ичидаги Завроъ деб аталган жойда, бир уйнинг томида айтилар эди. Бозор қилиб, бошқа ишлар билан машғул бўлиб юрган одамлар ўша биринчи азонни эшитганларидан сўнг жума намозининг вақти кирганидан хабардор бўлиб, ишларини йиғиштириб, таҳорат қилиб масжидга тўпланар эдилар.

Пешин намозининг ҳақиқий вақти бўлганда эса имом минбарга чиқар ва муаззин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳазрати Абу Бакр ва ҳазрати Умар вақтидаги каби, азон айтар ва одатдагидек давом эттириб кетилар эди.

Бу иш ўз самарасини кўрсатди. Кишилар жума намозига кеч қолмайдиган бўлиб қолдилар. Шунинг учун ҳаммага маъқул келиб, жума намозига икки марта азон айтиш ҳамма жойларда жорий қилиниб, собит бўлиб қолди.

Биринчи азон айтилиши билан савдони тарк қилиш ҳукми қуйидаги далилдан олинган:

Аллоҳ таоло Жумуъа сурасида:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ

«Эй иймон келтирганлар! Жума кунидаги намозга чорланган пайтда Аллоҳнинг зикрига шошилинг ва савдони қўйинг…» деган (9-оят).

Биринчи азонни эшитиш билан савдо қилиш ҳаром бўлиб қолади. Жумадан тўсадиган бошқа ишлар ҳам шундай.

Қачон имом минбарга чиқса, то у хутбасини тугатгунича намоз ва калом ҳаром бўлади.

Имом хутба қилиш учун минбарга чиққанда намоз ўқиш ҳаром бўлишига далил:

رَوَى عَبْدُ الْحَقِّ مِنْ حَدِيثِ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «لَا تُصَلُّوا وَالْإِمَامُ يَخْطُبُ».

Абдулҳақ Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Имом хутба қилиб турганда намоз ўқиманг», деганлар.

Имом хутба қилиш учун минбарга чиққанда гапириш ҳаром бўлишига яна бир далил:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «إِذَا قُلْتَ لِصَاحِبِكَ يَوْمَ الْجُمُعَةِ أَنْصِتْ وَالْإِمَامُ يَخْطُبُ فَقَدْ لَغَوْتَ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Жума куни имом хутба қилаётганида ўз шеригингга «Жим тур», десанг, батаҳқиқ, беҳуда иш қилган бўласан», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ибн Абу Шайба «Мусаннаф» номли китобида келтиришича, Али, Ибн Аббос ва Ибн Умар розияллоҳу ан­ҳум имом минбарга чиққанидан кейин намоз ўқиш ва гапиришни макруҳ кўрар эдилар.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло.Агар умаййитнинг боласи бўлса, у қолдирган нарсадан отаонасининг ҳар бирига олтидан бир. Агар унинг боласи бўлмай, унга отаонаси меросхўр бўлса, давоми...

3097 15:00 / 11.04.2019
Ҳадиси шарифда айтиладики .Поклик ndash имондандир,. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Яхшидир яхшиликни севади, Сахийдир саховатни севади, Покдир покликни севади. давоми...

3307 14:30 / 11.03.2021
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида.Эй Бани Нажжор Мен билан давоми...

3464 05:00 / 18.01.2017
биринчи мақола Албатта, жамоат намози имомсиз бўлмайди. Шунинг учун намозда имом бўладиган шахс ҳақида кўпгина шаръий ҳукмлар келган. Имомликнинг тўғри бўлиши давоми...

4245 19:00 / 31.07.2022