1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

ХИЛОФ ВА ИХТИЛОФИ ФУҚАҲО КИТОБЛАРИ

05:00 / 18.01.2017 3482 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Хилоф бир илм бўлиб у орқали шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш кайфияти ўрганилади.

Шаръий далиллардан чиқарилган фиқҳий масалаларда хилоф кўп бўлади. Чунки мужтаҳидларнинг манбалари ва услублари ҳамда назарлари турлича бўлади. Шунинг учун бу каби хилофларни бўлиши оддий бир ҳол. Бир пайтлар бу хилофлар кенг тарқалган эди. Чунки фиқҳда тақлид қилувчилар кимга тақлид қилгиси келса ўшанга тақлид қилаверар эди. Кейинчалик эса тақлид тўрт мўътабар имомга бўлиши кераклиги чегара бўлиб қолди. Одамлар уларга кўп ишонганлари учун бошқаларни қўйиб айнан тўртовларига тақлид қилишни ихтиёр қилдилар. Машҳур ва маълум тўрт фиқҳий мазҳаб ислом миллати учун асл бўлиб қолди. Хилоф ҳам айнан шу тўрт мазҳабга эргашувчилар орасида бўлади. Ана ўша мазҳабларни тутганлар ўз имоми гапини қўллаш учун бошқалар билан мунозалар қиладиган бўлди. Улардан ҳар бири ўз мазҳабининг чиқарган ҳукми тўғри эканини тасдиқлаш учун ҳужжат далиллар келтиради.
Бу мавзудаги китобларни ўрганадиган бўлсак, ҳанафий ва шофеъийларнинг китоблари моликийларнинг китобларидан кўп бўлади. Чунки моликийлар мағрибда – чўл юртларда тарқалишган ва бу каби ишлар билан шуғулланишмаган.
Фуқаҳолар ихтилофи ҳақидаги китоблар икки қисмга бўлинади.
Биринчи қисмда имомларнинг барча ихтилофларини қамраб олишга ҳаракат қилинади. Баъзиларида ихтилофчиларнинг далиллари келтирилади, баъзиларида келтирилмайди.
Биринчи қисмга оид қадимги китобларга имом Абу Ҳанифанинг «Ихтилофи саҳоба», имом Абу Юсуфнинг «Ихтилофи Абу Ҳанифа ва Ибн Абу Лайло» ва «ар-Радду ала сияри Авзоъий» китоблари, имом Муҳаммаднинг «ал-Ҳужжату ала аҳли Мадина» китоби, имом Тоҳовийнинг «Китоби ихтилофи фуқаҳо»си, имом Қудурийнинг «ат-Тажрийд»и, Имом Қаффол Шошийнинг «Ҳулятул уламо фии ихтилофи фуқаҳо»си, Нажмуддин Умар ибн Муҳаммад Насафийнинг «Манзуматун Насафий»си каби китоблар киради.
Иккинчи қисмда асосий масалалар, уларнинг келиб чиқиш сабаблари ва уламолар далилларни олган манбалари ҳақида сўз юритилади.
Иккинчи қисмга оид китобларга имом Даббусийнинг «Тасисун Назар»и, Ибн Рушднинг «Бидоятул мужтаҳид Ниҳоятул Муқтасид»и ва Шоҳ Валиюллоҳи Деҳлавийнинг «ал-Инсоф фии баёни сабабил ихтилоф»и каби асарлар киради.
Шунингдек, Имом Ғазолийнинг «ал-Маъхаз»и шофеъийларнинг, Абу Бакр ибн Арабийнинг «Китобут Талхийс»и моликийларнинг, Абу Зайд Даббусийнинг «Китобут Таълийқа»си ҳанафийларнинг ва Вазир Ибн Ҳубайра Ҳанбалийнинг «ал-Ишроф ала мазаҳибил Ашроф» ва «ал-Ифсоҳ ала маъоний ас-Сиҳоҳ» асарлари ихтилофи фуқаҳо китобларига мисол бўлади.
«Руъусул масоил» китоби ҳақида.
Биз бу турдаги китоблар билан яқинроқ танишишни имом Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Руъусул масоил» номли китоби орқали амалга оширига ҳаракат қиламиз.
Ислом оламида маълум ва машҳур аллома Жоруллоҳ Замахшарийнинг турли илмларга оид кўплаб китоблари ичида фуқаҳолар ихтилофи ҳақидаги «Руъусул масоил» номли китоби алоҳида илмий қийматга эга асар ҳисобланади.
Китобнинг номидан «Руъусул масоил» - «Бош масалалар»дан ҳам унинг фақат асосий масалаларга бағишланган мухтасар китоб экани билинб турибди. Имом Замахшарийдан олдин ҳам турли фиқҳий мазҳаблар уламолари худди шу ном ила бир неча мухтасар китоблар тасниф қилганлар. Имом Замахшарийнинг бу китоби ҳам ўша китоблардан бири ҳисобланади. Тарихчиларнинг кўплари, хусусан, Жоруллоҳ Замахшарийнинг ҳаёти ва ижодини ўрганган олимлар «Руъусул масоил»ни у кишининг муҳим китобларидан бири эканини таъкидлаганлар.
«Руъусул масоил»да ҳанафий ва шофеъий мазҳаблари орасидаги энг муҳим ихтилофлар ҳақида бахс юритилган. Масалаларнинг келтириш тартиби эса ҳанафий фиқҳига оид китоблар тартибига биноан бўлган. Олдин ибодот кейин муомалот, мунокаҳот, жиноёт, ҳудуд, жиҳод ва ҳоказо. Албатта, китоб мухтасар бўлгани учун унда ҳар бир бобга оид энг муҳим масалалар олинган, холос.
Баъзи ҳолатларда бир бобда битта ёки иккита масала билан кифояланган. Мисол учун Китобул ҳавола вас Замонда битта, Китобул кафолада иккита масала келтирилган.
Жоруллоҳ Замахшарий «Руъусул масоил»ни муқаддимасиз Бисмиллаҳдан кейин тўғридан тўғри биринчи масаладан бошлаб кетаверган.
Муаллиф бу китобида ўзига хос услубга риоя қилган. Ҳар бир масалада олдин Абу Ҳанифанинг кейин Шофеъийнинг гапини келтирган. Кейин эса олдин ўша масала бўйича Абу Ҳанифанинг, сўнгра Шофеъийнинг далилини келтирган. Уларнинг муноқаша қилмаган.
Истисно ҳолатларда масалани савол тариқасида келтирган, Абу Ҳанифа ва Шофеъийлар бошқа Абу Юсуф ёки Муҳаммадларга ўхшаган уламоларнинг гапларини келтирган ва олдин Шофеъийнинг гапини кейин Абу Ҳанифаникини келтирган ҳолатлар ҳам учрайди.
Жоруллоҳ Замахшарий «Руъусул масоил»да масалаларни ва ҳадисларни манбаларини зикр қилмаган. Бу китобда келтирилган масалаларнинг сони тўрт юз олтитага етган.
Жоруллоҳ Замахшарийнинг «Руъусул масоил» китоби қўлёзмасини Абдуллоҳ Назийр Аҳмад таҳқиқ қилди ва 1987 м.с.да Лавандаги Дорул Башаирил Исломий нашрёти томонидан чоп этилди. Бу китоб фуқаҳолар хилофи бўйича муҳим манба эканини бугун ҳам эътироф этилмоқда.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Энди намозда сутра масаласига оид матнларни ўрганамиз.Кичик масжидда намозхоннинг олдидан ўтиш ила гуноҳкор бўлинади. Бу ҳукмга қуйидаги ҳадиси шариф далилдир давоми...

2544 19:00 / 19.01.2023
Маълумки, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан асар бўлиб қолган гап, иш ва тақрир .суннат, дейилади.Суннат мутавотир ва оҳодга тақсимланади..Мутавотир, Набий давоми...

3602 17:06 / 22.12.2017
биринчи мақола Албатта, жамоат намози имомсиз бўлмайди. Шунинг учун намозда имом бўладиган шахс ҳақида кўпгина шаръий ҳукмлар келган. Имомликнинг тўғри бўлиши давоми...

4544 19:00 / 31.07.2022
1. Сувни исроф қилиш.Шаръий ҳожатдан ёки етарлисидан ортиқ сув ишлатиш исроф бўлади. Агар сув таҳорат қилувчининг ўзиники бўлса, исроф макруҳдир. Аммо кўпчилик давоми...

4286 13:30 / 23.07.2020