1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Суннат

Қабрнинг устига сурат, мармар тош қўйиш мумкин эмас

15:38 / 21.10.2024 3045 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ الْمُطَّلِبِ بْنِ أَبِي وَدَاعَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: لَمَّا مَاتَ عُثْمَانُ بْنُ مَظْعُونٍ أُخْرِجَ بِجَنَازَتِهِ فَدُفِنَ، فَأَمَرَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ رَجُلًا أَنْ يَأْتِيَهُ بِحَجَرٍ، فَلَمْ يَسْتَطِعْ حَمْلَهُ، فَقَامَ إِلَيْهِ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ وَحَسَرَ عَنْ ذِرَاعَيْهِ ثُمَّ حَمَلَهَا، فَوَضَعَهَا عِنْدَ رَأْسِهِ وَقَالَ: أَتَعَلَّمُ بِهَا قَبْرَ أَخِي، وَأَدْفِنُ إِلَيْهِ مَنْ مَاتَ مِنْ أَهْلِي.

Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Усмон ибн Мазъун вафот қилганида жанозасини олиб чиқиб, дафн қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамга тош олиб келишни буюрдилар. У тошни кўтара олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб бориб, икки билакларини шимариб, тошни кўтариб олиб келиб, унинг бош томонига қўйдилар ва:

«Бу билан акамнинг қабрини белгилайман ва аҳлимдан ким ўлса, унинг ёнига дафн қиламан», дедилар».

Аввало ривоят соҳиби Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:

Мутталиб ибн Абу Вадоъа ал-Ҳорис ас-Саҳлий ал-Қураший, оналари Арво бинти Ҳорис ибн Абдулмутталиб Макка фатҳ этилган куни Исломга кирдилар.

Ҳадисларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва Ҳафса онамиздан ривоят қилдилар.

Бу кишидан ўғиллари Жаъфар, Абдурраҳмон, Кусайрлар ва Соиб ибн Язийд, Икрима ибн Холид, Абдуллоҳ ибн Ҳорислар ривоят қилдилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан эмикдошлик юзасидан бўлган яқинлик қаттиқ ҳурмат қилинганлиги.

Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир аёлни – Ҳалима Саъдийяни эмганлар ва эмикдош ака-ука бўлиб қолганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни тирикликларида ҳам «Ака» деб, ҳурмат қилар эдилар. Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу вафот этганларида қаттиқ қайғурганлар. Худди туғишган акаларини дафн қилгандек дафн қилганлар.

Агар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига диққат билан разм солсак, Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни «эмишган акам» эмас, «акам» деб атайдилар. Шундан ибрат олиб, Исломда сут қардошлигига, эмикдошликка қай даражада эътибор берилишини билиб олиш мумкин.

2. Раҳбар киши ўз одамларини хизматга буюришга ҳақли эканлиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи  васаллам бир кишини тошни олиб келишга амр қилдилар.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бақувват, ғайратли ва камтарликлари. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам енг шимариб, тошни ўзлари олиб келиб, қабрнинг бош томонига қўйдилар.

4. Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиш мумкинлиги.

Қабрнинг устига сурат, мармар тошлар, ёзувлар ва бошқа нарсалар қўйиш мумкин эмас. Бундай қилувчилар бошқа миллатларга ёки ўтганларга эргашишларини ҳужжат қиладилар. Лекин уларнинг ҳеч бир шаръий далиллари бўлмай, бу ишлари билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган ҳадисга хилоф қиладилар.

5. Белгиланган бир жойга яқин қариндош-уруғларни дафн қилиш мумкинлиги. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта бўлиб, у ҳам бўлса, тириклар уларни зиёрат қилиш учун борганларида қабрларини тез ва осон топишлари учундир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Саҳл ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ давоми...

3520 20:00 / 20.02.2022
. . . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Албатта, шайтон сизларнинг ҳар давоми...

767 15:10 / 17 сентябрь
.Истихора, сўзи луғатда .хайрни талаб қилиш, деган маънони англатади. Мусулмон киши икки ишдан қайси бирини қилишини билмай қолганида, хайрлисини танлаш учун давоми...

3805 11:19 / 25.01.2024
. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сотганда, сотиб олганда ва ҳаққини талаб қилганда карамли бўлган давоми...

5306 16:10 / 15.01.2019
Аудиолар

210815 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

130080 14:35 / 11.08.2021