1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Байрамлар ва турли тантаналар одоби

05:00 / 04.03.2017 6061 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Барча халқларда қадимдан ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунларни, воқеаларни ёки бошқа муносабатларни эслаш, қадрлаш учун байрам қилиш одат тусига кирган. Ана шу байрамларда одамларнинг хурсандчилик қилишлари одат тусига кирган бўлиб,  кўплар  байрамларда керагича еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик уюштириш, турли фисқу фужур ишларни хоҳлаганча қилишга қулай имконият топишган. Турли халқларда турли замонларда  байрамлар турлича бўлиб, ўзгариб турган. Байрамларни белгилаш ва уларни нишонлаш ҳар бир халқ, миллат ва диннинг ўз таълимоти, дунёқараши ва мафкурасига қараб турлича кечган.


Исломда байрамларга ўзига хос аҳамият берилган. Байрамларни белгилаш ва уларни ўтказиш айнан Ислом таълимотлари асосида жорий қилинган. Байрамларни нишонлаш ва уларда қилинадиган амаллар ҳам умумий Ислом таълимотлари асосида йўлга қўйилган.

Шоду хуррамлик ва хурсандчилик кунлари бўлмиш байрамлар бир неча турлидир. Улардан баъзилари шаръий матнларда, асосан ҳадиси шарифларда байрам дея эълон қилинган ва уларда маълум диний амаллар бажариш ҳам жорий қилинган.

Мусулмонларнинг асл диний байрамларидан бири Қурбон байрами (ҳайити) бўлиб, у зулҳижжа ойининг ўнинчи куни нишонланади ва унга шундан кейинги “ташриқ кунлари” номини олган уч кун ҳам қўшилади.

Мусулмонларнинг иккинчи байрами шаввол ойининг биринчи куни нишонланадиган Фитр байрами (ҳайити) бўлиб, бу байрам Рамазон ойи рўзасини тутиш тугагани муносабати ила ўтказилади.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида уларнинг ўйин-кулги қиладиган икки кунлари бор эди. «Бу икки кун қандай кун?» деб сўрадилар. «Жоҳилиятда ўйнайдиган кунимиз эди», дейишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ сизларга у иккиси ўрнига улардан кўра яхши Азҳо ва Фитр кунларини берди», дедилар». 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

 Исломдан олдин Мадина аҳлининг икки байрами бор эди. Бу байрамларнинг биринчиси шамсий сананинг биринчи куни ҳисобланар эди. Баҳорда кеча билан кундуз тенглашгани, иссиқ ҳам, совуқ ҳам ўртача бўлгани учун қадимги ҳакимлар бу кунни байрам, деб ихтиёр қилишган эди. Иккинчи байрам эса кузда, яъни мезонда – кеча билан кундуз тенг бўлиб, ҳаво мўътадил бўлганда байрам қилинар эди. 

Ислом келиб, бу икки байрам ўрнига икки Ислом байрамини жорий қилди. Шаръий байрамларда ўйнаб-кулиб, хурсандчилик қилган, аҳли аёли, таниш-билишларга кенгчилик яратганлар савоб оладиган бўлишди. Улардан бири, аввал айтилганидек – Рамазони шариф рўзасини тамомлаш муносабати билан бўладиган Фитр байрами, иккинчиси эса Байтуллоҳда ҳаж ибодатини тамомлаш муносабати билан бўладиган Қурбон байрамидир. 

Мусулмонлар учун бу икки байрам еб-ичиладиган, шодон кайфиятда нишонланадиган, ўйнаб-кулинадиган кунлардир. Ҳар бир миллат ўз байрамига эга бўлгани каби мусулмон уммати ҳам ўз байрамларига шу тариқа эга бўлган. Ушбу йил мобайнидаги икки байрамга ҳафталик байрам сифатида жума куни ҳам қўшилади.

Абу Лубоба Бадрийдан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Кунларнинг саййиди ва улуғи жума кунидир. У Аллоҳ азза ва жалланинг ҳузурида Фитр кунидан ҳам, Азҳо кунидан ҳам улуғдир». 

Бухорий тарихда, Аҳмад ва Ибн Можа ривоят қилганлар.

Жума куни ҳафталик байрамгина эмас, у кунларнинг саййиди, яъни улуғи, фақир-мискинларнинг ҳаж куни ҳамдир. Бу кун шарафидан қилинган амалларга савоблар кўпайтириб берилади.

Барча халқларда асосий диний байрамлар билан бир қаторда тарихий ҳодисларга, миллий ва ватаний ҳодисаларга боғлиқ байрамлар ҳам бўлади. Бундай байрамлар “мажозий байрамлар” деб аталади. Даврлар ўтиши билан мусулмонларда ҳам бундай мажозий байрамлар шаклланиб борган. Мисол учун, ҳар ҳижрий сана бошида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларини эслаш, байрам қилиш ва одамлар бир-бирларини табриклаши одат тусига кирган. Шунга ўхшаш, Қадр кечаси, Исро ва Меърож кечаси, Мавлид байрами каби муносабатлар мусулмон халқларда ўзига хос равишда нишонланадиган бўлиб қолган.

Диний байрамларни нишонлаш суннатлари

Тилимиздаги “байрам” (ҳайит) сўзи арабчада «ийд» сўзи билан ифода қилинади ва «қайтиш» маъносини билдиради. Байрамлар қайта-қайта келгани учун «ийд» деб номланган. Энг муҳими, икки ийд кунлари Аллоҳ таолонинг кўплаб хайру баракаси мўмин-мусулмонларга қайта-қайта келади.


РЎЗА БАЙРАМИГА ХОС ИШЛАР



Фитр куни таом ейиш, мисвок ва ғусл қилиш, хушбўйлик суртиш ва энг яхши кийимларини кийиш ва фитр садақасини бериш мандубдир. 

Юқоридаги жумлада фитр (рамазон) байрамига чиқишдан олдин қилинадиган амаллар ҳақида сўз бормоқда. Улар қуйидагилардан иборат:

1. Таом ейиш.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир неча хурмо емасдан туриб чиқмас эдилар. Тоқ ер эдилар». 

Бухорий ва Термизий ривоят қилганлар.  Бошқа бир ривоятда: «Фитр куни таом емасдан олдин чиқмас эдилар. Ал-Азҳо куни намоз ўқиб бўлингунча емас эдилар», дейилган.

2. Фитр садақасини бериш.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр закотини рўзадор учун беҳуда гап-сўз ва ҳаракатлардан покланиш ва мискинлар учун таомланиш бўлсин, деб фарз қилдилар. Ким уни намоздан олдин адо қилса, у мақбул закот бўлур. Ким уни намоздан кейин адо қилса, садақалардан бир садақа бўлур». 

Абу Довуд, Ибн Можа ва  Ҳоким ривоят қилишган, Ҳоким «саҳиҳ», деган.

Фитр садақасини ийддан бир неча кун олдин берса ҳам бўлади.


ҚУРБОН БАЙРАМИГА ХОС ИШЛАР



Қурбон байрами кунлари риоя этилиши зарур бўлган алоҳида одоблар бор:

1. Бу байрам кунлари рўза тутмаслик.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Арафа куни, қурбонлик куни ва ташриқ кунлари биз аҳли Исломнинг байрамимиздир. У кунлар еб-ичиш кунларидир», дедилар». 

«Сунан» эгалари ривоят қилишган.

Мазкур кунларда рўза тутиш ман қилинган. Булар хурсандчилик, еб-ичиш, ўйин-кулги кунларидир. Шунинг учун ҳам мазкур кунларнинг рўзасини тутишдан қайтарилган.

2. Қурбон ийдида ҳеч нарса емасдан намозга чиқилади. Ўша куни биринчи таом сифатида ҳар ким ўзи қиладиган қурбонликнинг гўштидан еса, яхши бўлади.

3. Йўлда овоз чиқариб такбир айтилади. Уйдан масжидга етиб боргунча босиб ўтиладиган йўлда овоз чиқариб такбир айтиб борилади. «Аллоҳу акбар! Аллоҳу акбар! Ла илаҳа иллаллоҳу валлоҳу акбар! Аллоҳу акбар  ва лиллаҳил ҳамд»ни айтиш вожиб. Яъни, ушбу такбир сийғасини бир марта айтиш вожиб, ортиқча айтиш мустаҳаб ва савоб.

Аллоҳ таоло Бақара сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳни саноқли кунларда эсланг» (203-оят). 

Ушбу оятда Аллоҳ таоло саноқли кунларда, яъни ташриқ кунларида Ўзини эслашга, зикр қилишга буюрмоқда. 

Икрима розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Саноқли кунларда Аллоҳни эсланг» дегани ташриқ кунларида фарз намозларидан кейин «Аллоҳу акбар», «Аллоҳу акбар» деб такбир айтинг, деганидир».

Бу такбирни айтиш арафа кунининг бомдодидан бошлаб ийднинг асригача мустаҳаб. Жамоат ила адо этилган ҳар фарзнинг ортидан (айтиш) мисрда муқим бўлган кишига (мустаҳаб), эркакка иқтидо қилган аёл ва муқимга иқтидо қилган мусофир учун вожибдир. 

Имом Абу Юсуф ва имом «Муҳаммад «ташриқ кунларининг охирги асригача» деганлар ва шунга амал қилинади. Агар имом тарк қилса ҳам, муқтадий уни тарк қилмайди. Мазкур такбир бевосита фарз намозидан кейин айтилади. Орага намозни бузадиган амаллар тушмаслиги керак.

4. Байрам намозидан кейин қурбонлик сўйиш.

Зотан Ийди Қурбон ҳаж ибодатларининг тамом бўлиши муносабати ила ва Аллоҳ йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёрликни изҳор қилиш учун шариатга киритилган байрамдир.

Аллоҳ таоло Кавсар сурасида бундай деган:

«Албатта, Биз сенга Кавсарни бердик. Бас, Роббинг учун намоз ўқи ва қурбонлик сўй» (1-2-оятлар).


ИККАЛА БАЙРАМДА ҲАМ БАРАВАР ҚИЛИНАДИГАН ИШЛАР



1. Ийдга бир йўл билан бориб бошқа йўл билан қайтиш мустаҳабдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай қилар эдилар.

Абу  Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ийд куни бир йўл ила чиқсалар, бошқаси ила қайтар эдилар». 

Термизий, Абу Довуд, Бухорий ривоят қилганлар.

 2. Мисвок қилиш.

Ҳар бир намоз учун мисвок қилиш марғуб бўлганидек, Фитр ва Қурбон байрами намозларидан олдин ҳам мисвок қилиш марғубдир.

3. Fусл қилиш.

Фокиҳ ибн Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр, ал-Азҳо ва арафа кунлари ғусл қилар эдилар». 

Ибн Можа ривоят қилган.

4. Хушбўйлик суртиш. Кишилар кўп тўпланадиган жойларга хушбўй нарса суртиб бориш мандуб бўлгани учун ийд куни ҳам хушбўйлик суртилади.

5. Энг яхши кийимларини кийиш. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг жума ва ийд учун алоҳида яхши кийим кийишлари маълум ва машҳур.

Ибн Можа Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ийдда ҳибара чопон кияр эдилар». («ҳибара» – Яманнинг машҳур кийими).

6. Икки ийд кечаларини ибодат ила ўтказиш.

Бунда кечанинг ҳаммасини ёки охирги учдан бирини зикр, намоз, Қуръон тиловати, такбир, тасбиҳ, истиғфор билан ўтказилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Фитр кечасини ва ал-Азҳо кечасини савоб умидида бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмас», дедилар». 

Табароний Убода ибн Сомитдан ривоят қилган.

Икки ийд кечасида дуо мустажобдир. Шунинг учун, эртага ийд, деган кечада кўп дуо қилишга ҳаракат қилиш зарур.

7. Муқтадий кишилар ийд намозига эртароқ, пиёда, виқор билан, такбир айтган ҳолларида борадилар. Намозга қанча кўп интизор бўлинса, савоби шунча кўп бўлади.

Термизий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Ийдга пиёда чиқиш суннатдир», деганлар».

Имом ийдга намозга етиб борадиган бўлиб чиқиши суннатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо шундай қилганлар. 

8. Аҳли аёлга кенгчилик ва серобчиликка шароит яратиш. Байрам арафасида ва байрам кунлари нафл садақаларни имконига қараб одатдагидан кўпроқ қилиш керак.

9. Кўринган ҳар бир мусулмонга хурсандчилик ва шодлик изҳор қилиш, уларни байрам билан табриклаш. Яқин кишиларни, ёру дўст ва аҳбобларни зиёрат қилиш.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: 

«Абу Бакр кирганида олдимда ансорийларнинг қизларидан иккитаси Буос куни ансорлар айтган нарсани қўшиқ қилиб айтишаётган эди. Икковлари қўшиқчи эмас эди. Шунда Абу Бакр: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг уйларида шайтоннинг нағмаси бўляптими?!» деди. Ўша куни ийд куни эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Абу Бакр, ҳар бир қавмнинг байрами бор. Бу бизнинг байрамимиздир», дедилар».

Бошқа бир ривоятда: «Абу Бакр у(Оиша)нинг олдига Мино кунларида кирганида унинг ҳузурида икки қизча қўшиқ айтар ва дуфф (доира) чалар эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса кийимларига бурканиб, ухлаб ётар эдилар. Абу Бакр иккови (қиз)ни ўдағайлаб тўхтатди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошларини очиб: «Тек қўй уларни, эй Абу Бакр, бу кунлар ийд кунлари», дедилар», дейилган.

10. Бева-бечора, етим-есир ва камбағаллардан хабар олиш. Байрам кунларни худди шу тоифадаги инсонлар ҳолидан хабар олиш, уларнинг қалбига сурур киритиш жуда ҳам муҳимдир. Зотан, рўза байрамида фитр садақаси, Қурбон байрамида қурбонлик қилиш жорий этилишидан кўзланган мақсад ҳам шунинг ўзидир. Мазкур байрам кунлари барча мусулмонлар шоду хуррам бўлишлари керак.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам фитр садақасини фарз қилдилар ва «Уларни бу кунда беҳожат қилинглар», дедилар». 

Байҳақий ва Дорақутний ривоят қилганлар.

Шунинг учун мазкур кишилардан байрам куни хабар олиб, уларга хайру эҳсон қилиш жуда савобли иш бўлади.

11. Қариндошларга силаи раҳм қилишни кучайтириш. Силаи раҳм (қариндошлик ришталарини боғлаш) масаласи маълум ва машҳур. Унинг ҳақидаги ояти карималар ва ҳадиси шарифлардан кўпчилик хабардор. Шу билан бирга бу масаланинг аҳамияти байрам кунлари яна ҳам ортишини эсдан чиқармаслик зарур. 

12. Ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш ва аразлашиб юрганларни яраштириб қўйишни амалга ошириш. Мусулмон кишиларнинг уч кундан ортиқ бир-бирлари билан аразлашиб юришлари мумкин эмас. Байрам кунлари аразлашиб юриш эса, гуноҳнинг яна ҳам катталашишига сабаб бўлади. Шунинг учун ҳам бундай улуғ кунларда одамлар барча гина ва аразларни йиғишитиришлари, бир-бирлари билан ярашиб, аввал ўтган хатоларни кечириб юборишлари лозим.


Жумани ҳафта байрами сифатида нишонлаш


Жума куни ҳафталик байрам, мусулмонлар жамоаси тўпланадиган маросимдир. Ушбу ҳафталик байрам куни ҳам йиллик байрамлардаги каби ишлар қилинади. Жума оқшоми ибодат билан ўтказилади. Ғусл қилинади, гўзал либослар кийилади, хушбўй нарсалар сепилади ёки суртилади ва ҳоказолар. Йилдаги икки байрамдаги каби бу ҳафталик байрамнинг бош маросими ҳам жамоат билан ўқиладиган намоз бўлади.  

Жума – ҳафталик байрам, кунларнинг саййиди,  мискинларнинг ҳажи куни. Бунинг шарафидан шу куни қилинган амалларга ажр-савоблар кўпайтириб берилади.

Шундай улуғ бир кунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга кўп саловот айтиш жуда марғуб амаллардан. Умматларнинг айтган саловотлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга арз қилинади, Аллоҳнинг амри ила у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саловотларни эшитадилар, умматларидан хурсанд бўладилар. 

Жума куни ҳафталик байрам бўлгани учун йиллик байрамларда рўза тутилмагани каби бу кунда ҳам рўза тутмаган маъқул. Жума кунида дуо қабул бўладиган соат борлиги унинг фазлини яна ҳам оширади.

Бу ҳақда ва жума куни қилинадиган ишлар ва одоблар борасида “Жума одоблари”да батафсил сўз юритилган.


Мажозий байрамларни нишонлаш ҳақида


Аввал таъкидлаб ўтилганидек, бу турдаги байрамлар дастлабки пайтларда оммавий равишда нишонланмаган ва ўша пайтларда бунга ҳожат ҳам бўлмаган. Кейинчалик, кўплаб халқларнинг Исломни қабул қилиши, мусулмонларнинг араб тилини билмаганлари ва бошқа сабабларга кўра диний таълимотларни етарлича ўзлаштира олмаганлари оқибатида турли ноқулайликлар келиб чиққан. Мазкур камчиликларни бартараф қилиш учун турли восита ва чора-тадбирлар ўйлаб чиқилган. Ана шундай тадбирлар ичида ушбу байрамларни жорий қилиш ва нишонлашни йўлга қўйиш ҳам бор эди. Бу байрамлар  орқали мусулмонлар оммасига ислом умматига ўз тарихидаги муҳим ҳодисаларни эслатиб туриш, уларнинг сабаби ва аҳамиятини англаб етишга ёрдам бериш кўзда тутилган.

Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратларини ҳар ҳижрий йил бошида эслаш, байрам қилиш ва бир-бирларини табриклаш одат тусига кирган. Бу билан ҳижрий – қамарий йил ҳисобининг аввалида йилбоши байрами йўлга қўйилган. Бунда асосан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижратлари тафсилоти ва бу улкан ҳодисанинг мусулмон уммати учун аҳамияти ва ундан бугунги кунда ибрат олиш каби ҳикматлар кўзда тутилган. Ҳозирги кунимизда ҳам бу байрам, асосан, матбуот ва ахборот воситаларида мақола ва маърузалар, турли чиқишлар уюштириш орқали бўлади. Кишилар бир-бирларини табриклайдилар. Охирги пайтларда Ислом давлатлари раҳбарлари ҳам ҳижрий йил бошида бир-бирларига тарбик юборишни йўлга қўйганлар.

Аввал ҳам таъкидлаганимиздек, барча халқларда ўтган улуғ кишиларни, машҳур кунлар, воқеалар ёки бошқа муносабатларни байрам қилиш одат тусига кирган. Аммо бу байрамлар кўпроқ еб-ичиш, ўйнаб-кулиш, ароқхўрлик, турли фисқу фужур ишлар билан тўлиб-тошган.

Исломда эса байрам ўзига хос бўлади. Илоҳий дастур байрами бўлмиш Қадр кечаси шулардан биридир. Чунки худди шу кечада Қуръони карим нозил этила бошлаган. Бу байрамда қалбни поклаш, виждонни сайқаллаш имкони бор. Аллоҳга яқинлик ҳосил қилиш учун ҳам бу кечада бедор бўлиб, ухламай ибодат қилинади.


Қадр кечасини нишонлаш ҳам анчадан бери амал қилиб келинаётган ишлардан биридир. Қадр сурасида Аллоҳ таолонинг мусулмонларга берган улкан неъмати – уларни зулматдан нурга олиб чиққан Қуръони каримни нозил қилганини эслатиши бежиз эмас. Қуръони карим сураларидан бири ушбу Қадр кечасига бағишланган. Шу эътибордан  шу ўринда Қадр сурасининг батафсил шарҳини баён этиш фойдадан холи бўлмас эди.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм 1. «Албатта, Биз уни (Қуръонни) Қадр кечасида туширдик». Бу ояти каримада зикр қилинаётган Қуръони каримнинг туширилиши унинг Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига туширилишидир. Бу маъно Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда келтирилган. Ана шу ҳодиса Қадр кечасида содир бўлганини ушбу ояти карима очиқ баён этиб турибди. 

Қуръони карим Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга бу дунё осмонидан бўлиб-бўлиб, йигирма уч йил давомида туширилган. Демак, бу ояти кариманинг маъноси «Биз Қуръонни Лавҳул Маҳфуздан бу дунё осмонига Қадр кечасида туширдик», дегани бўлади.

2. «Қадр кечаси нима эканини сенга нима билдирди?» Яъни, унинг ҳақиқатини, фазлини тўла тушунишинг қийин. Шунинг учун уни Ўзимиз айтиб берамиз.

3. «Қадр кечаси минг ойдан яхшидир». Чунки бу кечада Қуръон нозил бўлган ва бу кечадаги ибодатнинг фазли минг ойлик ибодатдан афзал.

Мана шу оят тафсирида аллома Ибн Касир, жумладан қуйидагиларни ёзганлар: «Бир кишининг қурол-аслаҳа олиб, Аллоҳ йўлида минг ой жиҳод қилгани ривоят этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мусулмонлар бундан ажабландилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига ҳам шундай бўлишини орзу қилиб: «Эй Роббим, менинг умматимни умматлар ичида умри қисқа, амали оз қилдинг!» дедилар. «Лайлатул Қадр сенга ва умматингга ўша одам жиҳод қилган минг ойдан яхшироқдир», деди Аллоҳ таоло».

Қадр кечасининг яна бир фазилати қуйидаги оятда баён қилинади: 4. «Унда фаришталар ва Руҳ Роббилари изни билан барча ишлар учун тушишади». Бу оятдаги «Руҳ»дан мурод Жаброил алайҳиссаломдир. Қадр кечасида Жаброил алайҳиссалом бошчиликларида фаришталар Аллоҳ таоло келаси йилгача тақдир қилган ишлар билан тушадилар. Бу ҳам Қадр кечасининг шарафини оширади.

Қадр кечасининг учинчи фазилати қуйидаги ояти каримада баён қилинади: 5. «У то тонг отгунча салом (тинчлик)дир». Яъни Қадр кечаси тонг отгунча салом ва тинчлик-омонлик кечасидир. Унда фаришталар мўминларга салом берадилар. Унда Аллоҳ таоло инсонларга фақат тинчлик-омонликни тақдир қилади.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Қадр кечасини иймон ва савоб умидида бедор ўтказса, унинг барча гуноҳлари кечирилади», деганлар. Бу кечани бедор ўтказиш эса намоз ўқиш, дуо қилиш, истиғфор айтиш ва Қуръон қироати билан бўлади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Лайлатул Қадрни иймон ва савоб умидида қоим бўлиб ўтказса, унинг ўтган гуноҳлари мағфират қилинур», дедилар». 

Бухорий, Муслим, Абу Довуд, Термизий ва Насаий ривоят қилганлар.

 «Қоим» лафзи луғатда «тик туриш» маъносини англатади. Истилоҳда эса, кечани ибодат билан ухламай ўтказишга айтилади. Қадр кечасини бедор ўтказиш қандай бўлади? Бу саволга уламоларимиз батафсил жавоб беришган. Аввало бу кечани қоим ўтказиш учун ўша кечада хуфтон ва бомдод намозларини жамоат билан ўқиш керак. Чунки бар ҳадисда «Ким хуфтонни жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади», дейилган. Бошқа бир ҳадисда эса «Ким бомдод намозини жамоат билан ўқиса, кечанинг ярмини бедор ўтказган бўлади», дейилган. 

Қолаверса, кечанинг қолган қисмида нафл намоз ўқиш, Қуръон тиловат қилиш, зикр ва дуо қилиб чиқиш лозим. Ана шунда кечани бедор ўтказган бўлинади ва ҳадисдаги Қадр кечасини иймон ва ихлос билан қоим бўлиб ўтказганларга қилинган ваъда – ўтган гуноҳларнинг мағфират қилинишига эришилади.

Исро ва Меърож кечасини байрам қилиш ҳам кўпчилик мусулмонларни динларига яқинлаштириш мақсадида Ислом миллатининг кейинги даврдаги етакчи олимлари ва раҳбарлари томонидан жорий қилинган.  

“Исро” сўзи луғатда кечанинг бир қисмида сайр қилиш, юришни англатади. Шариатда эса Аллоҳ таолонинг кечалардан бирида Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Масжидул Ҳаромдан Масжидул Ақсога сайр қилдиришига Исро дейилади. 

Яна шуни ҳам таъкидлаб айтиш лозимки, Исро ҳодисаси туш эмас, руҳий сафар ҳам эмас, балки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳам жасадлари, ҳам руҳлари ила қилган сафарларидир. Агар туш ёки руҳий сафар бўлса, бу воқеанинг мўъжизалиги қолмас эди. Ояти каримада «бандасини» деб таъкидланиши ҳам Исро ҳодисасининг ҳам жасад, ҳам руҳ билан бўлганини кўрсатади. Агар фақат руҳ билан бўлганида, «бандасининг руҳини» деган бўлар эди.

«Меърож» сўзи луғатда «юқорига кўтарилиш» деган маънони англатади. Шариатда эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Байтул Мақдисдан Сидратул Мунтаҳога – Аллоҳнинг ҳузурига кўтарилишларига Меърож дейилади.

Муҳаддислар ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хуфтон намозидан сўнг Умму Ҳониъ бинту Абу Толибнинг уйида ухлаб ётганларида Исро ҳодисаси бошланади. Ўша кечаси Буроқ номли ҳайвонга миниб, Байтул Мақдисга бордилар. Сўнгра у ердаги катта харсангтош устида турганларида Меърожга кўтарилдилар. Ҳозирда ўша тош устига қубба – гумбаз қурилган. 

Меърожда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Жаброил алайҳиссалом ҳам бирга бўлдилар. Ҳар бир осмонга етганда у киши эшикни очишни сўрар эдилар. Қўриқчи фаришталар: «Ким?» деб сўрашарди. У киши: «Жаброил», деб жавоб берар эдилар. Улар: «Ёнингдаги ким?» деб сўрашарди. Жаброил алайҳиссалом: «Муҳаммад», десалар, улар: «Шундайми? У Пайғамбар этиб юборилдими?» дея эшикни очиб, сўрашар эди.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир осмонда бир пайғамбар ва кўплаб фаришталар ила кўришдилар. Шунингдек, жаннат ва жаҳаннамнинг ҳолатини кўрдилар. Сидратул Мунтаҳога ўтиб, Аллоҳнинг малакут оламида кўпгина ажойиботларни кўрдилар. Ўшанда беш вақт намоз фарз қилинди. Сўнгра ортга қайтдилар.

Исро ва Меърож орқали Аллоҳ таоло Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оддий йўлбошчи эмас, балки анбиёлар жамоасининг аъзоси эканларини эълон қилди. У кишининг баъзи давлат ёки баъзи халқ равнақи учун курашадиган шунчаки бир бошлиқ эмас, балки самовий таълимот орқали бутун дунёни икки олам саодатига бошловчи охирги пайғамбар (хотимул анбиё) эканларини эълон қилди.

Исро ва Меърож Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маҳзунликдан чиқишлари учун туртки бўлди. У зот бу ҳодисадан кейин ўзларини тамоман бошқача тута бошладилар. Шунинг учун ҳам бу ҳодиса мусулмон уммати тарихидаги доимо эсланиб туриши керак бўлган улкан ҳодиса ҳисобланади ва ҳозирги давр мусулмонлари томонидан алоҳида байрам қилинади.


Мавлид байрами ҳам мусулмон халқларда ўзига хос равишда нишонланадиган бўлиб қолган. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириш, итоат этиш, муҳаббат қилиш ва у зотдан ўрнак олиш вожиб бўлганидан у зотнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганиш ҳам вожиб бўлади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганмай туриб, у зотга иймон келтириш, итоат этиш, муҳаббат қилиш ва у зотдан ўрнак олиш имкони ҳам йўқ. Бу масалада, бошқа кўпгина ҳолатлардаги каби «Вожиб амални бажариш учун унга олиб борадиган нарса ҳам вожибдир» қоидаси кучга киради.

Шунинг учун ҳам мусулмон уммати ўзининг дастлабки давридан бошлаб Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари, сийратлари, сифатлари ва суннатларини ўрганишга алоҳида аҳамият бериб келмоқда. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам тириклик пайтларида саҳобаи киромлар у зотнинг ҳаётларида содир бўладиган ҳар бир нарсани қанчалик аҳамият билан ўрганиб борганлари, ҳар бир сўзлари, ҳаракатлари, имо-ишораларини ҳам яхшилаб ёдлаб борганлари маълум ва машҳур.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам рафийқул аълога интиқол қилганларидан кейин мусулмон уммати у зотга тегишли ҳар бир нарсани кўз қорачиғидек асрашга, ёдлашга ва қадрлашга беқиёс катта аҳамият бериб келди ва келмоқда. Мусулмон уммати Аллоҳ таолонинг каломи Қуръони каримни саҳифаларга ёзиб бўлганидан кейин биринчи ўринда ёзган нарсаси ҳабиб пайғамбарларининг сийрати шарифлари бўлди.

Аввалги сийрат китобларини ёзилишида Ваҳб ибн Мунаббаҳ (ҳижрий 10–34 сана), Урва ибн Зубайр (ҳижрий 23–94 йил), Абон ибн Усмон ибн Аффон (ҳижрий 22–105)лар ҳаммага ўрнак бўлишди. Кейинроқ Ибн Исҳоқ ва Ибн Ҳишом каби сийрат илми имомлари чиқишди. Мусулмонлар оммаси айнан мазкур сийрат уламолари ёзган китоблардан ўз пайғамбарлари алайҳиссаломнинг сийратлари, суннатлари, сифатлари, хулқлари ва хилқатларини ўрганар ва амал қилиб, ўрнак олар эди.

Вақт ўтиши билан турли халқлар, миллат ва элатларнинг вакиллари мусулмон бўлди, одамларнинг ташвишлари кўпайиб, бир неча жилдли, ровийлар санади билан битилган китобларни ўрганишлари қийинлашиб қолди.

Уламолар бу ҳолатни эътиборга олиб, уни муолажа қилишга ўтишди. Керакли уриниш ва изланиш ҳамда илмий ишлардан кейин Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларида мухтасар сийрат китоблари юзага чиқди. Кишилар улар ёрдамида ўзларининг ҳабиб пайғамбарлари ҳаётлари, сийратлари, суннатлари, сифатлари, хулқлари ва хилқатларини ўрганадиган бўлишди.

Турли сабабларга кўра, вақт ўтиши билан халқ оммаси яна Пайғамбар алайҳиссалом ҳақларидаги маълумотларни ўрганишда қийналадиган бўлиб қолди. Бу ҳол ўша вақтдаги мусулмон уламолар ва раҳбарларни ташвишга солди. Улар одамларга Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳақларидаги керакли маълумотларни осон ва таъсирли услубда етказиш ташвишини қилишди. Охири Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлари ва сифатлари ҳақида шеърий услубда қисқа ва жамловчи асарлар тайёрлаб, халқ оммасини тўплаб ўқиб эшиттириш маъқул кўрилди. Бу ишни амалга ошириш учун Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг туғилган кунлари ва ойлари танланди. 

Бу таклиф ҳаммага ёқиб тушди. Ироқда бошланган бу иш зудлик билан Ислом оламининг турли тарафларига тарқалди. Юқорида зикр этилган Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳақларидаги шеърий асарлар «Мавлидун-набий» ёки «Мавлид» деб аталди. Аста-секин мавлид ўқиш ва у зотга салавот айтиш одамлар орасида одат тусига кирди. Вақт ўтиши билан бошқа ишлардаги каби бу ишда ҳам асл мақсаддан оғиш, баъзи бидъат ва хурофотларга берилиш ҳолатлари ҳам содир этилгани сир эмас.

Бизнинг диёрларимизда мавлид маросимларида шомлик олим ва шоир Жаъфар Барзанжий раҳматуллоҳи алайҳининг «Мавлид» асарини ўқиш одат тусига кириб қолган ва ҳозиргача давом этмоқда. Бошқа юртларда мазкур асардан ташқари бошқа асарлар ҳам ўқилади. Маккаи мукаррама, Мадинаи мунаввара, Тоиф ва Ҳижознинг бошқа шаҳарларида турли шоирларнинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мадҳларида айтган шеърларидан намуналар ўқилади.  Бу улуғ санани нишонлашдан кўзланган бош мақсад эса, мусулмон умматига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, суннатлари, сийратлари, ҳаётлари, ахлоқларини ўргатиш, танишириш ва ибрат ҳамда ўрнак олишларида ёрдам беришдир.

Охирги пайтларда бу байрам кўплаб давлатларда ва халқаро миқёсда нишонланадиган бўлди. Кўпчилик мусулмон давлатларда расмий байрам – дам олиш куни деб эълон қилинди.

Ушбу мажозий байрамларни нишонлаш пайтида ҳам катта ва ҳақиқий байрамларнинг одобларига риоя қилинади. Бу тантаналарда ҳам муносабатларни ижтимоий алоқаларни мустаҳкамлаш, ўзаро ҳурмат-эҳтиромни ривожлантириш, муҳтожларга ёрдам бериш, эътиборга сазовор кишилардан хабар олиш каби савобли ишлар қилинади. Одамларга халақит берадиган ва уларга ноқулайлик туғдирадиган ишлардан сақланилади. Гуноҳ ва беодобликдан батамом четланилади. 


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳидоя, Бурҳониддин Али бин Абу Бакр Абдужалол алМаржоний розияллоҳу анҳу 511593 ҳ.с. томонидан тасниф қилинган ҳанафий фиқҳи фуруъидаги машҳур китобнинг номи.Бу давоми...

4552 05:00 / 18.01.2017
Ҳадиси шарифда айтиладики .Поклик ndash имондандир,. Дарҳақиқат, Аллоҳ таоло Яхшидир яхшиликни севади, Сахийдир саховатни севади, Покдир покликни севади. давоми...

3456 14:30 / 11.03.2021
. ,. . Муҳаммад ибн Абдулмалик ибн Абу Маҳзурадан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади .Эй Аллоҳнинг Расули Менга азоннинг суннатини ўргатинг,, давоми...

4167 19:00 / 19.08.2021
Намоздан .салом, лафзи ила чиқиш вожибдир. Бунинг далиллари қуйидагича . ,. . Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

3081 17:00 / 30.12.2021