1446 йил 3 рабиъус сони | 2024 йил 06 октябрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Алломаи жаҳон, фозилу нуктадон, шайх Исмоил Махдум

13:30 / 21.05.2022 2066 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Биз тилга олмоқчи бўлган Исмоил Махдум мулла Солиҳ Охунд афанди ўғли милодий 1909 йил Наманганда таваллуд топганлар. Бошланғич таълимни қиблагоҳларидан, маҳалладаги мактабларда олганлар. Ўн уч ёшларида Наманганнинг машҳур қориларидан Ғофир қори домлада Қуръони мажидни тўла хатм қилиб, ҳофизи Каломуллоҳлар сафидан жой олдилар. Кейин «Ҳидоя» (яъни, «Мулла Қирғиз») мадрасасида таҳсилни давом эттирдилар. Талабалар орасида ўткир зеҳн, теран заковат, зухду тақво билан ажралиб турганлар. Машҳур аллома Собитхон тўра ва бошқа устозлардан илми тафсир, ҳадис, ҳол ва қол илмларини эҳтимом ила ўрганиб, шогирдларнинг пешқадамига айландилар. Бу зотнинг ниҳоятда зукко, қувваи ҳофизалари ўткирлигини устозларимиз кўп зикр ва эътироф этишган.

Исмоил Махдумнинг илмга рағбатлари, риёзатлари, тақволари ҳақида сафдошлари кўп нақл қилишган. Ул зотнинг ҳамҳужрадошлари Абдулмуталлиб қори Бобохонов: «Махдум мутолаага берилиб кетсалар, вақтнинг ҳисобини йўқотиб, таом ва бошқа ҳожатларни ҳам унутардилар. Шариф ҳожи маҳалласи масжидига қарашли мактабда ҳужрамиз ёнма-ён бўлгувчи эди. Оталари мулла Сатти Охунд мактабдорлик қилардилар. Шикоятлари кўпроқ Махдумнинг илмга қаттиқ берилиб, овқат ва уйқуни унутганидан бўларди, риёзат ва зуҳд фарзандлари сиҳатига зарар етказмасмикан, деган қўрқувда юрардилар», – дея ҳикоя қилган эдилар.

Исмоил Махдум фақат илмда пешқадам бўлмай, хулқу одобда, риёзатда ҳам тенгсиз бўлганлар. У кишини билганлар бир воқеани кўп эслашади: «Падари бузруквори билан масжиддаги ҳужралари ёнма-ён эди. Махдум туни билан совуқ ҳужрада шам ёки чироқ шуъласида мутолаа қилардилар. Оталарининг ярим тунда таҳажжуд намозига туриш одатларини билганлари боис, у зотнинг таҳорати учун сув солинган обдастани кўксиларига босиб қалблари тафти билан иситиб ўтирардилар».

1943 йилга келиб шўролар ҳукумати бошқа динлар қатори Ислом динига ҳам бироз эркинлик берди. Юртнинг улуғ уламоларидан Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон бошчиликларида бир неча уламо Московга, Сталин ҳузурига таклиф этилди. У ердан Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари диний идорасини ва бир неча масжидлар очишга рухсатнома ҳамда шўро армиясининг ғалабасини тилаб дуода бўлиш топшириғи билан қайтишди. Ўша гуруҳ сафида Исмоил Махдум ҳам бор эдилар.

Кейинчалик Эшон Бобохон ҳазратлари бошчиликларида мусулмонларнинг илк бор ҳаж сафарига боришларига ижозат бўлди. Шу тариқа Исмоил Махдум ҳаж қилиш бахтига мушарраф бўлдилар.

Ўша пайтдан бошлаб Исмоил Махдум Эшон Бобохон ва ул зотнинг фарзандлари муфтий Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратлари билан бир сафда туриб, дину диёнат, илму-ирфон ишларини равнақ топтиришнинг сарчашмасида бўлдилар. Бирмунча вақт Намангандаги «Шайх Эшон» масжидида имом-хатиблик қилган Исмоил Махдумни Тошкентга – диний идорага ишга таклиф этишди. 1952 йилдан бошлаб мазкур идорада муҳтасиб, кейинчалик Бухородаги Мир Араб мадрасасига мудир бўлдилар. 1957 йилдан то умрларининг ниҳоясигача диний идора раисининг муовини ва қози лавозимида турдилар.

Махдум ҳазратларининг диний идорадаги фаолиятлари жуда серқирра, шарафли ва мушкул бўлган. Бир томондан даҳрийлик асосига қурилган тузумнинг тазйиқи, иккинчи томондан, Аллоҳнинг динини азалий исломий заминда яшаётган, аммо зўрлик қутқуси остида унута бошлаган мусулмонлар орасида тарғиб қилиш. Ул зот билан суҳбатларимиздан бирида шундай дегандилар: «Мен гўёки ўткир тиғли қилич устида юриб бораётганга ўхшайман. У ёққа ҳам йиқилиб бўлмайди – ҳукмрон сиёсатга қарши бормоқ ўлим билан баробар. Бу ёққа ҳам йиқилиб бўлмайди – Аллоҳнинг қаҳридан қўрқаман».

У зот ана шундай оғир бир замонда, икки ўт орасида ҳам жуда кўп ва хўб ишларни қилишга улгурдилар, катта-катта ҳаракатларга бош-қош бўлдилар. Ҳали қарасангиз, Мир Араб мадрасасида ёки Тошкентда очилган Имом Бухорий номли ислом маъҳадида талабаларга сабоқ бераётган, бир қарасангиз, мусулмонлар учун журнал ва тақвимлар чиқариш учун ноширлик ва матбаа  идораларига қатнаётган. Гоҳ диний идора бир неча бор чоп этган Қуръони Карим нашрларининг таҳририй ишларига бошчилик қилаётган. Гоҳ расмий гуруҳлар таркибида Африка ёки Осиёдаги мусулмон ўлкаларга сафарга жўнаётган. Булардан ташқари, шўролар мамлакатига келган диний арбоблар билан мулоқотлар, диний идоранинг борди-келди, мактуб алмашув ишлари, республикадаги масжидларнинг хўжалик-молия, кадрлар масалалари билан шуғулланиш, фатволар бериш, журналларда мақолалар турли йиғинларда маърузалар билан чиқиш – буларнинг ҳаммаси Исмоил Махдум жўшқин фаолиятининг қирраларини ташкил этган. Турли вилоятларга, қўшни республикаларга бўладиган жуда кўп сафарлар орасида бир оз вақт топиб, Наманганга – волидаи шарифа ҳузурига отланардилар. Мушфиқа оналари Шарофат бибининг соғинч тўла ўкинчларини тинглашга ҳали улгурмай туриб, эшик тақиллаб, у ёки бу масалада фатво ва маслаҳат сўраб келишарди. Дўсту-қариндошлар бу зотнинг дийдори ва суҳбатини қўмсаб, унга етишолмай армон чекишарди.

У киши дин асослари ва тарихини мукаммал эгаллаганлари ҳолда араб, форс, қадимий туркий тилларни чуқур билар, Мовароуннаҳр тарихи, маданияти, адабиёти бўйича етук мутахассис эдилар. Араб дунёсининг атоқли намояндалари иштирок этган Тошкентдаги бир халқаро йиғинда араб тилида бир ярим соатлик маъруза қилганликларини, тил фасоҳатию ибора балоғатини кўриб, унча-мунчага ҳайратланмайдиган араблар мутаассирликдан қарсак чалиб юборганларини гапириб юришарди. Яна «Тошкентдаги Усмон Мусҳафининг тарихи» номли илмий тадқиқот маҳсули бўлмиш китобни ҳам араб тилида тасниф этгандилар. Мазкур асар 1995 йилга келиб, бу зотнинг фарзанди аржуманди Абдуллоҳ ҳожи томонидан ўзбек тилига таржима этилиб, чоп қилинди. Китобни тасниф этишда 40 жилдга яқин араб тилидаги китобларни истифода қилганларининг ўзиёқ бу зотнинг уммоний билим ва бемисл заковатларига, поёнсиз мушоҳадаларию, чуқур изланишларига ишоратдир.

Махдум ҳазратлари табобат, фалсафа, тарих, фалакиётга оид манбаларни ҳам пухта билардилар. Бўш вақт топилди дегунча, тоғу-тошларга чиқиб шифобахш кўкатлар йиғар, кейин улардан қадимий тиб китоблари асосида турли дори ва суртгичлар тайёрлар эдилар.

Жуда кўп замондош олимлар, ёзувчилар, мутахассислар шайх хонадонларига тез-тез ташриф буюриб, у зот билан мулоқотда бўлиб туришарди. Махдум ҳазратлари академиклар Иброҳим Мўминов, Убайдулло Каримов, Павел Булгаков, «Араб тили дарслиги» муаллифи Боқи Холидов, профессор Исматулла Абдуллаев, мўмиё бўйича мутахассис М. Мўминов каби алломалар билан доимий мулоқотда бўлиб, қимматли маслаҳатларини дариғ тутмаганлар.

Машҳур ёзувчи Абдулла Қодирий ҳам «Меҳробдан чаён» романини ёзиш олдидан Наманганга ташриф буюриб, Исмоил Махдумдан кўпгина маслаҳат, йўл-йўриқлар олган экан. Бу ҳақда укалари Ҳабибулло Махдум (Аллоҳ раҳмат қилсин) шундай хотирлаган эдилар:

«Адашмасам, 1926 йил бўлса керак, бир куни асрга яқин уйимизга Тошкентдан бир меҳмон келиб қолди. Исмоилхон акамиз кўк бахмал дўппили, узун тўн кийган бу хушрўй кишини кўп ҳурматлаб, ичкарига таклиф қилдилар. Икки соатча чамаси суҳбат қуришди. Меҳмон шомни ўқиб ўрнидан турди. Кетар чоғи кўп изҳори дил қилиб, Тошкентга меҳмонга таклиф этди. У чиқиб кетгач акамиз қувончдан кўзлари ёниб: «Меҳмонни танидингларми?» – дедилар. – Отабек-Кумушни ёзган Жўлқинбой шу киши. Энди янги бир китоб ёзмоқ илинжида гап йиғаётган эканлар. Мактаб-мадраса, мударрислар ҳақида кўп нарсаларни сўраб олдилар». Назаримда Абдулла Қодирий «Меҳробдан чаён» романидаги Солиҳ Махдум ва Анвар Мирзога тегишли ўринларга материал йиғиб юрган бўлсалар керак.

Шўро даврида машҳур бўлган бир жамоат арбоби суҳбат асносида «Агар Исмоил Махдум дин арбоби бўлиб етишмаганида, албатта, ўткир сиёсатчи ва моҳир дипломат бўларди», – деган эди.

Дарҳақиқат, бу зот Саудия Арабистони, Покистон, Марокаш, Сурия, Индонезия, Миср, Ливан, Яман каби мусулмон мамлакатлари билан ўзаро муносабатларни яхшилаш борасида катта саъй-ҳаракат кўрсатдилар. 1992 йили бир гуруҳ ўзбекистонликлар биринчи марта умра қилмоқ учун Саудия Арабистонига борган эдик. Ўшанда Мадинадаги Наманган такясида бўлган учрашувда ҳамюртимиз Афандихон тўра жаноблари Исмоил Махдум ҳақларида шундай ҳикоя қилган эдилар: «Шўролар юртидан 10-15 чоғли киши ҳаж қилгани келса, шундан бор-йўғи 3-4 киши Ўзбекистондан бўларди. Кўпинча Исмоил Махдум раҳбар бўлиб келардилар. Ўшанда ҳар икки мамлакатнинг муносабатлари изга солинмаган, ҳажга келганлар билан ватандошлар учрашолмай жонлари ҳалак, Ватанда не ҳол эканини билолмай, мужда кутиб, кўзлар нигорон эди. Худди шундай пайтда Махдум ҳазратлари катта жасорат кўрсатиб, бирор кишининг хонадонида ёки овлоқроқ бир жойда уч-тўрт ватандошни тўплашга, уларнинг юрт соғинчи изҳорини эшитишга, қон-қариндошлар саломи ва ҳадяларини топширишга имкон топардилар».

Нафақат Мовароуннаҳр ва собиқ иттифоқда, ҳаттоки бутун дунёда Исмоил Махдум Ислом асосларининг чуқур билимдони, қувваи ҳофизаси ўткир ҳофизул-Қуръон, етук аллома ва комил инсон сифатида яхши танилган ва унга эҳтиром кўрсатилган. Ҳозир ҳам Москва ва Санкт-Петербург, Озарбайжон ва Доғистон, Уфа ва Қозон, Ашхобод ва Душанбеда, хуллас жуда кўп жойларда ул зотнинг шогирдлари фаолият кўрсатмоқда. Озарбайжон мусулмонлари раҳбари Оллоҳшукур Пошшозода, Русия мусулмонлари раҳбарларидан Талъат Тожиддин каби арбоблар Махдум ҳазратларидан сабоқ олишганидан фахрланишади.

Самарқанд шаҳар Хўжа Зудмурод жомеъ масжиди имом хатиби Мустафоқул Маликзода шундай хотирлайдилар: «Устознинг волидаи муҳтарамалари, «Мен фарзандларим Иброҳим Махдум, Исмоил Махдум, Исҳоқ Махдумларни гўдаклигида таҳорат олмасдан сут бермас эдим, уларни шундай тарбия қилдимки, барчаси мен орзу қилгандек, халқига хизмат қилишга қодир фарзандлар бўлиб етишди», деб айтган эканлар. Шайх Исмоил Махдумни биз илк бор 1964 йили Бухорои шарифдаги Мир Араб мадрасасига ўқишга кирганимизда кўриб, насиҳат ва суҳбатларини олган эдик... Бизлардан қишки ва йил охиридаги имтиҳонларни Тошкент шаҳридан Исмоил Маҳдум қозининг шахсан ўзлари келиб олар эдилар. Бу зот имтиҳон олишда ҳеч ҳам шошмас эдилар, керак бўлса Бухорои шарифда ҳафталаб, ўн кунлаб кечаю кундуз Мир Араб мадрасаси биносида қолар, мадраса бурчагидаги нақшинкор ҳужра чироғи доим мунаввар турар, беш вақт намозларига, жума хутбаларига ёшларни жалб этардилар. Ҳужра токчаларига терилган катта-катта китоблар бир неча кун ичида мутолаа қилиниб, ҳужранинг иккинчи токчаларига ўтар эди. Талабаларнинг китоблари, ётоқлари, ҳужраларининг тозалигидан, овқатларидан ва ўтинларидан ўзлари хабардор бўлар эдилар. 1965 йилда Ҳазратнинг шарофатлари билан мадраса газлаштирилди. Диний идора раиси Зиёвуддин Бобохонов ва Исмоил Махдум қозикалонлар ташаббуслари билан 1970 йили Тошкент шаҳрида Имом ал-Бухорий номидаги Ислом институти очилди Аллоҳнинг инояти, қолаверса устознинг шарофати билан ушбу институтга илк бор қабул қилинган 20 нафар талабадан бири бўлиш менга насиб этди».

Наманганнинг таниқли уламоларидан Убайдуллоҳ хожи Лутфуллоҳ эшон ўғиллари шундай хотирлайдилар: «Бир йили Рамазон ойида устоз Наманганга ташриф буюриб қолдилар. Бирга ифторлик қилдик. Ифтордан сўнг масжидимизда хатми Қуръон бўлаётганини айтиб, бугун ўзлари шунга табаррукона ўтиб беришларини сўрадик. Устоз рози бўлдилар. У кишининг хатмга ўтишларини эшитиб, намозхонлар ҳар кунгидан кўпайиб кетди. Хуфтонни тамомлагач, Қуръони Каримнинг қайси пораси ўқиб бўлинганини сўрадилар. Жавобни эшитибоқ худди ўша жойдан шариллатиб бошлаб кетавердилар».

Сафдошлари яна у зотнинг фиқҳ илми бобида ҳам ажиб бир камолотга эришганларини кўп эслашарди. Диний идорага узоқ-яқиндан у ёки бу шаръий масалага жавоб излаб турли одамлар келар, уларнинг ҳар бирига мукаммал жавоб қайтаргувчи қози ҳазратлари ҳатто китоб варақлашга ҳам эҳтиёж сезмасдилар. Ўша пайтдаги яна бир воқеа эсда қолган: 60-йиллар ниҳоясида бир ботил мазҳаб чиқиб, унинг анчагина тарафдорлари ҳам пайдо бўлган ва аҳли сунна вал жамоа ақидаси билан қаттиқ ихтилофга борганди. Шунда Исмоил Махдум уларнинг бир неча раҳнамоларини диний идорага таклиф этиб, Қуръони Карим ва ҳадиси шарифга суянган ҳолда улар эътиқоди асоссиз ва пуч эканини исботлаб бергандилар. Чуқур илмий далиллар ва букилмас қатъият қаршисида лол қолган янги мазҳабчилар кўп ўтмай ўз-ўзидан йўқолиб кетишди.

Шайх Исмоил Махдум 1976 йил январь ойида 67 ёшларида оламдан ўтдилар. У зот Наманган шаҳридаги «Мавлавий» қабристонига дафн қилинди. Ул зотнинг букилмас эътиқоди, донишмандлиги ва тақвоси, Ислом дини равнақи йўлидаги жонбозлигини тўла ифода этмоққа ақл ноқис, қалам ожиз, сўз танқисдир. Исмоил Махдум номи бутун ҳаётларини Ислом ва Ватан равнақи йўлига тиккан табаррук муфтийларимиз Эшон Бобохон ибн Абдулмажидхон, Зиёвуддинхон ибн Эшон Бобохон ҳазратларининг номлари қаторида зикр қилинишга сазовордир.[1]

 

Шу ўринда шайх Исмоил Махдумнинг оилалари ва фарзандлари тўғрисида қисқача тўхталиб ўтмоқчимиз. Ҳазрат махдум домла ҳаётлари давомида 3 нафар аёл билан турмуш қуриб, улардан 11 нафар фарзанд кўрганлар.

Аввалги турмуш ўртоқлари Зайнабхон ойим Ҳамидхон тўра қизлари бўлиб, улардан 1 нафар қиз фарзандлари бўлган. Улар; Маймунахон ойим.

Ўртанча турмуш ўртоқлари Ҳадичахон ойим мулла Акбарали қори қизлари бўлиб, улардан ёлғизгини зурриёд ҳожи Аҳмадхон (1945-2003) исмли фарзандлари бўлган.

Охирги турмуш ўртоқлари Саодатхон ойим (1926-2020) мулла Турсунбой Миролим Охунд ўғлининг қизлари бўлиб, улардан 5 нафар ўғил, 4 нафар қиз фарзандлари бор.

Улар Абдуллохон (1947), Муҳаммадхон (1949-2000), Маҳмудхон (1951), Абдулатифхон (1957-2016) ва Хайруллохон (1964) лар.

Мустақил тадқиқотчи Акрам Шарипов

  
 
 


[1] Абдулҳай Турсунов. Аҳмад Турсунов. Маърифат булоқлари.-Н; Наманган, 2003. Б. 25.

 

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Муҳтарам муфтий ҳазратлари, Сиз Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонларининг талабига биноан ана шу обрўли ташкилотга демократик йўл билан сайланган биринчи давоми...

1154 17:04 / 01 май
Савол Муфтий ҳазратлари, жиноятчилик чидаб бўлмас даражада авж олиб кетганлигидан халқнинг сабр косаси тўлди. Бу ҳақда дин раҳбарларининг фикри қандай давоми...

872 10:52 / 23 апрель
Ғавсул аъзам пиримиз сулуклари ҳам хуфя, ҳам жаҳрийядир.Ҳар иккала пиримизни зикрлари .Лаа илаҳа иллаллоҳ,дир.Унда 6 калимаи динни ўқилади.Диннинг 8 томири, яъни давоми...

1666 12:30 / 25.11.2021
Араб тили филологияси ривожига беқиёс ҳисса қўшган тилшунос олим, доктор Абдул Раҳим дунёнинг 14 тилида бемалол сўзлаша оладиган ноёб полиглот эди. Яъни, устоз давоми...

1234 21:30 / 20.10.2023
Аудиолар

131175 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7391 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

51688 14:35 / 11.08.2021