1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Суннатнинг Қуръон билан насх бўлиши

17:30 / 22.12.2017 4517 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Суннатнинг Қуръон билан насх бўлишига ҳамма иттифоқ қилган ва бунинг намуналари жуда ҳам кўп.

– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадийнаи Мунавварага ҳижрат қилиб келганларидан сўнг, Байтул Мақдис томонга қараб намоз ўқишни бошлаганлар. Қибла ўша томон бўлган. Шунинг учун ҳам, Қудуси шарифни ҳозиргача «икки қибланинг биринчиси» деб аталади. 

Баро розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўн олти ой ёки ўн етти ой Байтул Мақдис томонга намоз ўқидик. Сўнгра Каъба томонга бурилиндик».

Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Мадийнаи Мунавварага келишлари Робиъул Аввал ойида бўлган. Қибланинг Каъба томон бурилиши эса, ҳижрий иккинчи йилнинг Ражаб ойи ўрталарида бўлган. Шу икки муддат ичида Байтул Мақдис қибла бўлиб турган. 

Сўнг «Бақара» сурасида қуйидаги оят тушиб, суннат билан собит бўлган ҳукмни насх қилган ва Каъба қибла бўлган.

 «Гоҳо юзингнинг осмонга тез-тез бурилганини кўрамиз. Бас, албатта, сени ўзинг рози бўлган қиблага қаратамиз. Юзингни Масжидул Ҳаром томон бур. Қаерда бўлсангиз ҳам, юзингизни у томон бурингиз» (144-оят).

– Дастлаб, рўза фарз бўлган вақтида ифтор вақти қуёш ботгандан то хуфтон намози вақти киргунча бўлган, холос. Агар ўша вақт ичида ифтор қилиб олинмаса, ундан кейин яна ифтор вақти келмагунча еб-ичишга рухсат бўлмаган. 

Шунингдек, рўза пайтида кечаси ҳам эру хотин жинсий яқинлик қилишларига рухсат бўлмаган.

Кейинчалик Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг «Бақара» сурасидаги қуйидаги оятни нозил этиб, суннат ила собит бўлган ушбу ҳукмни насх қилди: 

 «Сизларга рўза кечасида хотинларингизга яқинлик қилиш ҳалол қилинди. Улар сизга либосдир, сиз уларга либосдирсиз. Аллоҳ сизнинг ўзингизга хиёнат қилаётганингизни билди, тавбангизни қабул этди ва сизларни афв этди. Энди уларга яқинлашаверинг ва Аллоҳ сизга ёзган нарсани талаб қилинг. Тонг пайтида оқ ип қора ипдан ажрагунча еб-ичаверинг» (187-оят).

– Баъзи уламоларнинг ижтиҳодларига қараганда, Ошуро куни рўзасини тутиш суннат ила вожиб бўлган. Сўнгра Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини тутиш ҳақидаги оятларни нозил қилиб, бу ҳукмни насх этган.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Усулул фиқҳ китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги давоми...

2765 18:03 / 18.08.2020
Инсон сотиб олган ҳар бир нарса ҳам тижорат моли бўлавермайди. Кўпгина нарсалар шахсий ва оилавий фойдаланиш учун ҳам бўлади. Фақат сотиб, фойда олиш ниятида олиб давоми...

1820 15:32 / 17.10.2024
Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш ила бўлади. Таъзия уч кунгача давоми...

3303 19:00 / 19.04.2024
. . ,. . Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши .Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб давоми...

4758 18:20 / 01.09.2022