1446 йил 15 шаввол | 2025 йил 13 апрель, якшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг эмиздирилишлари

13:36 / 12.09.2019 2493 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арабларнинг одати бўйича, болалар саҳролик аёлларга эмиздирилар эди. Уларнинг фикрича, саҳронинг ҳавоси ҳам, одамларининг ахлоқи ҳам шаҳарникидан яхшироқ бўлгани учун саҳролик аёлларни эмиб ўсган болалар соғ-саломат, ўткир зеҳнли бўлиб ўсарди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни дастлаб ўз туққан оналари Омина етти кун эмизди, сути етмагач, бир неча кун у зотнинг амакилари Абу Лаҳабнинг озод қилган жорияси Сувайба эмизиб турди.

Ўша кунлари Бану Саъд қабиласидан эмизувчи аёллар янги туғилган гўдакларни олиб кетиш учун Маккага келиб қолишди.

Ўша йили қурғоқчилик йили бўлиб, одамлар етишмовчиликдан қийналиб қолишган эди. Аёллар бойроқ оилаларнинг фарзандини эмизиб, бир оз даромад топиш ниятида эдилар. Шунинг учун отаси йўқ, етим Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизишга қизиқувчи аёллар топилмади.

Минган улови оқсоқлиги учун ҳаммадан ортда қолган Ҳалима исмли аёл ҳам бойроқ оиланинг боласини олиш ниятидан холи эмас эди. Лекин кеч қолгани унга панд берди. Бойларнинг болаларини дугоналари эгаллаб олишибди.

Аввалига Ҳалима ҳам ҳалиги етим болани олишдан бош тортди. Бошқа бола топа олмагач, бир оз ўйланиб қолди. Нима, шунча жойга келиб, бола олмай кетадими? Хотинлар «Ҳалима қуруқ қайтди», деб ҳамма ёққа гап тарқатиб юборишади-ку! Яхшиси, етим бўлса ҳам Муҳаммад деган гўдакни олиб кетгани маъқул.

Аллоҳ таоло Ҳалиманинг қалбига ўша болага нисбатан меҳр солди. У Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни эмизгани олди.

Ҳаммадан охири келиб, ҳаммадан охири қайтган Ҳалима ўзининг оқсоқ уловининг тузалиб, илдам юраётганини пайқади. Буни қарангки, унинг ҳаммадан орқада қолган ночор улови бошқалардан ўтиб кета бошлади. Кетишда ҳаммадан ортда қолган Ҳалима қайтишда ҳаммадан олдин масканига етиб келди. У ўзи сезмаган ҳолда барча бандалар ичида энг афзалига кўкрак тута бошлади.

Ҳалима шу болани эмиза бошлаганидан буён ҳамма нарсага барака кириб қолганини яхши билар эди: ўзининг сути ҳам кўпайди, хонадонига ҳам қут-барака кирди. Унинг болалари қўй-қўзиларини қаерда боқишларидан қатъи назар, уларнинг қорни ўтга, елини сутга тўлиб қайтадиган бўлиб қолди.

Шу боис болани эмизиш муддати тугаганида ҳам ундан ажрагиси келмади. Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ёшга тўлганларида у зотни оналари ҳузурига олиб бориб: «Яна бир оз менинг олдимда тарбия топсин», деб илтимос қилди. Омина онамиз ҳам ўша вақтда Макка ҳавоси яхши эмаслиги учун бу таклифга рози бўлдилар.

Орадан икки йил ўтиб, ўша ерда «шаққус-садр» – «кўксиларини ёриб, қалбларидан шайтоннинг насибасини чиқариб ташлаш» номи билан машҳур ҳодиса ҳам бўлиб ўтди.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам болалар билан ўйнаб юрганларида, олдиларига Жаброил келди. Жаброил у зотни олиб, ерга ётқизиб, кўксларини ёрди. Сўнг қалбларини олиб, ичидан лахта қонни чиқариб олди-да: «Бу шайтоннинг сендаги насибаси», деди.

Кейин уни тилладан бўлган жомда Замзам суви билан ювиб, ўрнига қайтариб солди. Болалар онасининг, яъни эмизган онасининг олдига югуриб келиб: «Муҳаммад ўлдирилди», дедилар. У зотнинг олдига борсалар, ранги оппоқ ҳолда турган экан».

Анас: «Мен у зотнинг кўкракларидаги ўша тикилган изни кўрар эдим», деди».

Муслим ривоят қилган.

Бу ҳам Аллоҳ таоло томонидан Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламни пайғамбарликка тайёрлаш чораларидан бири эди. Лекин бундан қўрқиб кетган Ҳалима Саъдия Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни оналари Оминага қайтариб олиб борди.

«Ислом тарихи» биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу биринчи бўлиб бир юртдан иккинчи юртга инсонпарварлик ёрдамини уюштирган шахсдирлар. Ибн Абдул Ҳакам Лайс ибн Саъддан ривоят давоми...

1071 16:47 / 12.07.2024
Мир Алишер Навоий раҳматуллоҳи алайҳ .Мажолисун нафоис,да Мирзо Улуғбек ҳақида ёза туриб .Улуғбек Мирзо донишманд подшоҳ эрди. Камолоти бағоят кўп эрди. Етти давоми...

1591 09:14 / 18.09.2023
Исломдан аввал нафақат Макка аҳли, балки Арабистон яримороли аҳолисининг кўп қисми бутсанамларга ибодат қиларди. Юқорида ҳам таъкидланганидек, Маккага давоми...

2379 09:10 / 17.10.2019
Кофирлар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни даъватларидан қайтариш учун яна бир уриниш қилиб кўришди. Улар у зотни молу дунё, мансаб ва бошқа нарсалар билан давоми...

2548 11:08 / 05.02.2020
Аудиолар

149744 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

69189 14:35 / 11.08.2021