1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Ёлғон тўқиш ва илмсиз фатво бериш

18:29 / 26.07.2017 9063 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

121. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир», деди».

Тўртовлари ривоят қилганлар.

Муслимнинг ривоятида: 

«Албатта, менга ёлғон тўқиш бошқа бировга ёлғон тўқишдек эмас. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин»де­йилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг илмий одобга қанчалар риоя қилишлари кўриниб турибди. У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бардавом турган зот бўлиб, саҳобаи киромлар ичида энг кўп ҳадис билгувчилардан эдилар. Зеҳнлари ўткир, муҳофазалари кучли бўлганига қарамай, Пайғамбаримиз айтмаган бирор оғиз сўз­ни айтиб қўйиб, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: 

«Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деган ҳадисларида зикри келган тахтга дохил бўлиб қолишдан ҳайиқиб турганлар.

Ислом дини ёлғонни мутлақо ҳаром қилган. Ёлғончи Ислом назарида Аллоҳнинг душмани, иймонсиз ҳисобланади. Аллоҳ таоло Қуръони Ка­римда: «Албатта, ёлғонни Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганлар тўқийдилар», деб марҳамат қилган. Шундай бўлганидан кейин Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш мислсиз улкан гуноҳ саналади. 

Шунинг учун ҳам уламолар жумҳури «Пай­ғам­баримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқишни ҳалол санаган одам кофир бўлади», деганлар. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш Аллоҳ таолога ва Ислом динига нисбатан ёлғон тўқишдир. 

Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алай­ҳи васалламнинг ҳадислари бўйича аниқ билимга эга бўлгандан сўнггина гапириш лозим. Гумон ва тахмин билан гапириш мутлақо мумкин эмас. Мусулмон одам гумон ва ишончсиз нарсаларни гапирмагани маъқул. Ҳар бир нарсага тўла ишонч ҳосил қилгандан сўнггина гапирмоқ лозим. Айниқса, дину диёнатга, иймон-эътиқодга, ҳалол-ҳаромга, шариат аҳкомларига ва оят-ҳадисга тегишли мавзуда сўз юритганда жуда эҳтиёт бўлиш керак. Улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу барчамизга ўрнак бўлишлари лозим. Ҳар бир гапни гапиришдан олдин агар шу гапим ёлғон бўлса, дўзахдаги ўрнимни олишим керак бўлади-ку, деган тушунча фикримиздан ўтиб туриши керак.

Ҳазрати Анас ибн Молик ва бошқа саҳобий­ларнинг илмий одобларига таҳсинлар айтамиз. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам­нинг ўзларидан эшитиб туриб ҳам, эҳтиёткор бўлганла­рига қойил қоламиз. 

Шу билан бирга, ҳозирги кунимиздаги баъзи бир кишиларнинг нобакорлиги, одобсизлиги кишини ҳайрон қолдиради. Ўзлари оят билан ҳадис­нинг фарқига бормайдилар-у, турли диний муаммоларни ҳал этишни даъво қиладилар. Бундай кишилар бир неча тоифага бўлинадилар.

Баъзилари Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва Қуръонга душманликларини билдириш учун шундай қиладилар. Ҳаётда бўлиб ўтган воқеалардан бир мисол келтирай. Худосиз тузумнинг худосизликдан дарс берадиган малайларидан бири ўз дарсида «Қуръонда ундай дейилган, бу айб, Қуръонда бундай дейилган, бу нуқсон», дея сафсата сотарди. Маълумки, ҳеч ким унга қарши бирор нарса дея олмас эди. Бир умумий йиғинда ҳалиги худосиз яна ўша дийдиёсини қайтарибди. 

Шунда талабалардан бири эътироз билдириб: «Сиз бир неча бор Қуръони Карим оятини далил қилиб, Исломга айб қўймоқдасиз. Аммо ўша сиз оят деб айтган гап Қуръонда йўқ-ку. Мана, қўлимда Қуръ­он турибди, сиз ўша ўзингиз айтган гапни топиб беринг», дебди.

Нобакор араб тилини билмаслигини айтиб, қу­тулмоқчи бўлибди. Талаба «Сиз билмасангиз, била­диганлар бор, таржима қилиб беришади», дебди. Охири у бу гап Қуръонда бор-йўқлигини аниқ билмаслигини тан олибди. Заррача инсофи, уяти бор одамга ўзини ўнглаб олиш учун шунинг ўзи етарли эди. Лекин нобакорларда инсоф нима қилсин, уят нима қилсин?! Ҳалиги талабани ўқишдан ҳайдатиб, яна ўзининг эски дийдиёсини давом эттираверибди.

Ҳа, Ислом душманлари ўзлари тўқиб чиқарган нарсани ҳам оят ёки ҳадис деб, Исломга қарши гапираверишган. Улар баъзи жоҳил одамлар томонидан айтилган гап-сўз, қилинган ишларни ҳам Исломдан деб кўрсатиб, Исломни қоралайверишган.

Улардан кейинги ўринда ўзини кўрсатмоқчи бўлган баъзи бир чаласаводлар туради. Илмлари йўқ, Қуръон оятларини ҳам, ҳадисларни ҳам билмайдилар. Билсалар ҳам, бир оз нарсани чала биладилар. Аммо кўпчиликни оғзига қаратиш учун хаёлига келган фикрни айтиб, Аллоҳ ундай деган, пайғамбар бундай деган, дейишдан тўхтамайдилар. Булар ҳам жуда хавфли тоифадир. Улар инсоф қилишлари, Аллоҳдан қўрқишлари лозим.

Учинчи тоифа – диний таълимдан мутлақо бе­хабар баъзи бир қаламкашлар тоифаси бўлиб, улар ўз мақолалари, чиқишлари ва ёзувларида ис­ломий масалаларни баён қилишга уринадилар. Ўзларини билимдон кўрсатиб, одамларни йўлга солмоқчи бўладилар. Аслида эса бошқа ғаразлари бор. Кимгадир ёқиш, кимнингдир розилигини топиш учун ўша кимсаларга ёқадиган тарзда сафсата сотишга уринадилар. Оятларнинг маънолари таржимасини олиб, уни ўзларининг бузуқ фикрларига мосламоқчи бўлаверадилар. Ҳадиси шариф билан бўладиган муомалалари ҳақида ҳам худди шу фикр­ларни айтиш мумкин. Уларнинг Аллоҳга, Исломга ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга қарши бу хил журъатларини кўриб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Бу тоифа ҳам ўта хатарли тоифадир.

Мазкур тоифаларга мансуб кишилар ўзларини ўнг­лаб олишлари, илм одобларига амал қилишлари, но­бакорлик ва беодобликларини йиғиштиришлари лозим. Мусулмонлар эса улардан ўта эҳтиёт бў­лишлари, уларнинг кирдикорларини фош қи­лишга ҳа­миша шай турмоқлари керак. Токи ҳеч ким Ал­лоҳга, Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алай­ҳи васалламга нисбатан беодоблик қилмасин. Ўзи одобли бўлиб, ўзгаларни ҳам шунга чақириш исломий бурчдир.

123. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади. Кимки тўғрилик бошқа тарафда эканини билиб туриб, ўз биродарига бошқа бир ишни кўр­сатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўлади», деганлар». 

Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қил­ган­лар.

Шарҳ: Ҳадис ровийси Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан яхши танишмиз.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз­ларининг ушбу ҳадиси шарифларида икки муҳим ма­салани баён қилмоқдалар. 

Биринчиси – илмсиз кишининг фатво бериши мумкин эмаслиги. 

Иккинчиси – билиб туриб, бировга нотўғри йўл кўрсатиш хиёнат экани.

Бир мусулмон одам қилмоқчи бўлган иши шариатга мувофиқ бўлишини хоҳлади, дейлик. Аммо уни қандай қилса, тўғри бўлишини билмай, бир кишидан ўша ишнинг ҳукмини сўради. Чунки ўша одам бу ҳукмни билса керак, деб ўйлади. Аслида ўша фатво сўралган одам фатво беришга қодир бўлмаса, мазкур ишнинг ҳукмини аниқ ва ишончли равишда билмаса, «Билмайман» деб айтиши керак эди. Энди савол туғилади. Фатво сўралган одам ўзича тахмин билан нотўғри жавоб берса-ю, сўраган одам соф ният билан Аллоҳ динининг ҳукми шу экан, деб, ҳалиги нотўғри ишни қилса, нима бўлади? 

«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади». 

Демак, нотўғри ишнинг содир бўлишига ўша илмсиз равишда фатво берган киши сабабчи бўла­ди. Агар у нотўғри фатво бермаганида, ҳалиги одам бошқа биладиган одамдан сўраб, ишини тўғри ҳолда амалга оширган бўлар эди.

Нотўғри фатвога ишониб, савоб ниятида нотўғ­ри ишни қилган кишига эса гуноҳ бўлмайди. Аммо у киши фатвонинг нотўғри эканини билиши билан ўша ишни тўхтатиши, иккинчи бор ҳалиги жоҳил одамдан фатво сўрамаслиги лозим. Ўзи учун ишончли, тақводор, инсофли ва билимдон устоз топишига тўғри келади.

Яна бошқа бир киши келиб, бир одамдан мас­лаҳат сўради. «Фалон нарсани амалга оширишим учун қайси йўлни тутмоғим керак?» деди. Сўралган одам ўша нарсани амалга ошириш учун қайси йўлни тутса яхши бўлишини билади. Аммо унга ишониб, йўл сўраган одамга била туриб, бошқа, нотўғри йўлни кўрсатди. Бундай алдамчи одамни ким деб баҳолаш мумкин? Ушбу ҳадиси шарифда бундай кимсалар қуйидагича баҳоланмоқда:

«Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканини билиб туриб, бошқа бир иш­ни кўрсатса, батаҳқиқ, унга хиёнат қилган бўла­ди».

Шу ўринда «ўз биродарига» деган иборага эътибор берайлик. Бундан ўртада биродарлик ало­қаси бор одамга нисбатан мазкур ишни қилиб бўлмаса-да, биродар бўлмаган кишиларга нисбатан қилаверса бўлар экан, деган тушунча келиб чиқмаслиги лозим. Ислом муомала бобида барча инсонларни бир-бирларига биродар деб билади. Ислом ҳукми бўйича ҳатто ғайридинларга ҳам ёлғон гапириб, уларни алдаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда барча одамларнинг биродарлиги кўзда тутилмоқда.

Одатда ишончга, омонатга хиёнат қилган одам «хоин» дейилади. Бир одам иккинчисига ишониб, ундан бир ишни қандай қилай, деб сўраши омонатдир. Ўша сўралган одам ишончни оқлаб, тўғри жавоб берса, омонатга хиёнат қилмаган бўлади. Агар билиб туриб, бошқа нарсани айтса, хиёнат қилган бўлади.

Демак, бир одам қайси бир нарсани сўраса ҳам, билиб, аниқ жавоб бериш керак. Билмай туриб, жавоб бериш ҳам, билиб туриб, нотўғри жавоб бериш ҳам гуноҳ бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир масалани аниқ билмай туриб, фатво бериш мумкин эмаслиги.

2. Бир масалани билмай туриб, фатво берган одам гуноҳкор бўлиши.

3. Унинг нотўғрилигини билмай, ихлос билан нотўғри фатвога амал қилган одам гуноҳкор бўл­маслиги.

4. Сўралган масалани билган одам тўғри жавоб бе­риши зарурлиги.

5. Тўғри йўлни билиб туриб, бошқа йўлни кўр­сатган одам хоин ва гуноҳкор экани.

Энди ушбу ҳадиси шариф ҳукмини ҳам бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Билимсиз равишда фатво бераётганлар қанчалар кўп. «Намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан», «Ароқни ичиш эмас, маст бўлиб, кўчада тўполон қилиб юриш ҳаром экан» қабилидаги гапларни айтадиганлар ҳар қадамда учраб туради. Баъзи бир чаласаводлар эса икки-уч оғиз нарсани чала ёдлаб олиб, мусулмонларнинг ярмидан кўпини кофир ёки мушрикка, дунёдаги аксар нарсаларни ҳаромга чиқариб юборадилар. Икки томон ҳам Аллоҳдан қўрқмайди, охиратини ўйламайди. 

Билиб туриб, тўғрисини айтмайдиганлар ҳам оз эмас. Дунёнинг мансабини ўйлаб, бойларга ва зўравонларга яхши кўринаман деб, шариатнинг ҳукмини эмас, ўшаларнинг хоҳишини айтаётганлар ҳам ҳаммага маълум. Бу икки ҳолат ҳам ўз эгалари ва мусулмонлар бошига кўпгина бало-офатлар ёғдириши турган гап. Бундай бало-офатлардан қу­тулиш учун ҳар ким ўз чегарасини билиши керак. Шаръий илмдан узоқ кимсалар инсоф қилиб, диний ишларга аралашмасликлари, фатво беришга ўтмасликлари фарз. Ким фатво бермоқчи бўлса, хато гапнинг гуноҳи ўз бўйнига тушишини ўйлаб қўй­моғи лозим.

Шариат аҳкомларини биладиганлар эса Ислом таълимотларини, шариат ҳукмини тўғрилигича етка­зиши лозим. Агар тўғрисини айтиш жонига таҳдид соладиган бўлса, унда жим турсин, тўғри нарсани била туриб, тескарисини айтмасин. Бир оғиз сўзи билан қанчадан-қанча одамлар залолатга кетишига, гуноҳга ботишига сабабчи бўлмасин. Беш кунлик  дунё­­нинг матоҳини деб, ўзининг ҳам, ўз­галарнинг ҳам охиратини куйдирмасин.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

  (Ҳадис ва ҳаёт китобидан)



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳанафий мазҳаби уламолари наздида намознинг қуйидаги одоблари мавжуд 1. Такбири таҳрима вақтида эркак киши қўлларини енгидан чиқариши. 2. Қиёмда саждагоҳга, давоми...

3524 19:00 / 27.01.2022
Абу Барза розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бомдод намозида олтмишоятдан юзтагача қироат қилар эдилар,. Икки шайх ва давоми...

2736 19:00 / 16.06.2022
. . . . . . . . . . . Фақат фарз ва жума намозларига вақтида азон айтиш суннатдир. Агар азон вақтидан олдин давоми...

4665 17:00 / 29.07.2021
.Хилоф, фиқҳий илмлардан бири бўлиб, у орқали шаръий далилларни келтириш, шубҳаларни даф қилиш ва хилофга сабаб бўлган далилларни солиштириб кўриш кайфияти давоми...

5088 13:30 / 20.03.2019