Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари: (235-дарс) Саждаи саҳвнинг саломдан кейин бўлишига далил

19:00 / 16.06.2023 3725 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ عَبْدِ اللهِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ صَلَّى الظُّهْرَ خَمْسًا، فَقِيلَ لَهُ: أَزِيدَ فِي الصَّلَاةِ؟ فَقَالَ: وَمَا ذَاكَ؟ قَالَ: صَلَّيْتَ خَمْسًا. فَسَجَدَ سَجْدَتَيْنِ بَعْدَ مَا سَلَّمَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам пешинни беш ракъат ўқидилар. Бас, у зотга:

«Намозда зиёда бўлдими?» дейилди.

«Нима учун?» дедилар.

«Беш ракъат ўқидингиз», дейилди. Ул зот салом берганларидан кейин икки саҳв саждасини қилдилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Мисоли: қироатдан олдин рукуъ қилиш, учинчи ракъатга туришни ташаҳҳуддан зиёда орқага суриш, махфий нарсани ошкора қилиш, қаъдаи аввални тарк қилишлардир. Буларнинг ҳаммаси тарки вожибга киради.

Бу жумлада саждаи саҳвнинг бир неча сабабларига мисоллар келмоқда.

Қироатдан олдин рукуъ қилиш рукнни олдинга суришдир.

Бу ҳолда саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади.

Учинчи ракъатга туришни ташаҳҳуддан зиёда орқага суриш рукнни орқага суришдир.

Агар биринчи қаъдада ташаҳҳудни такрор ўқиса ёки «Аллоҳумма солли ала Муҳаммад»гача ўқиб юборса, учинчи ракъатга туришни кечга сургани учун саждаи саҳв қилиш вожиб бўлади.

Махфий нарсани ошкора қилиш вожибни ўзгартиришга мисолдир.

Умуман, жаҳрий ёки сиррий қироат қилиш қоидасига хилоф қилиб, пешин ва аср намозларида овоз чиқариб, бошқа намозларда овоз чиқармай қироат қилиш имом учун саждаи саҳвни вожиб қилади.

Қаъдаи аввални тарк қилиш вожибни тарк қилишдир.

Умуман, намозда ҳар бир вожиб амални тарк қилиш саждаи саҳвни вожиб қилади.

Муқтадийнинг унутиши сабабли саждаи саҳв вожиб бўлмайди, балки имомнинг унутиши ва сажда қилиши ила бўлади.

Агар муқтадий ўзи сажда қилса, имомига хилоф қилган бўлади. Шунинг учун муқтадий имомга иқтидо қилиб туриб саждаи саҳв қилишга лойиқ хато қилса ҳам, унга саждаи саҳв вожиб бўлмайди. Аммо имом бир нарсани унутса, хатога йўл қўймаган муқтадийга ҳам саждаи саҳв вожиб бўлади. Бунинг учун унутган имом саждаи саҳвни қилиши шарт. Агар имом унутиб қўйиб, кейин саждаи саҳвни қилмаса, муқтадий ўзича саждаи саҳв қила олмайди.

Кейин келиб қўшилган (одам) имоми билан саждаи саҳв қилади ва кейин ўзи қолганини қазо қилади.

Намоз бошланганидан кейин келиб қўшилган одамни «масбуқ» дейилади. Ўша масбуқ келиб қўшилгандан олдин ёки кейин имом саҳв қилган бўлса ва саждаи саҳв қилса, масбуқ ҳам у билан қўшилиб қилаверади. Имом саждаи саҳвни ҳам қилиб, намозни тугатганидан кейин масбуқ туриб, қолганини ўқиб олади.

«Кифоя» китобининг биринчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аввалги мақоламизда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан .Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир,, давоми...

5371 13:30 / 19.03.2020
Савол. Биров мазҳабларни инкор қилса, уларни ёмон деб ҳисобласа, ҳадис китобларига эргашишни даъво қилса, унинг ҳукми қандай бўлади У мубтадеъ бўладими ёки давоми...

5924 05:00 / 18.01.2017
.Қозилик китоблари, деганимизда одамлар орасида ҳукм чиқаришнинг фиқҳий ечимларини ўз ичига олган китобларни тушунамиз. Бу йўналишдаги китоблар ҳам фиқҳий давоми...

6478 16:10 / 13.02.2019
Фиқҳ илмининг тарихига назар соладиган бўлсак, Исломнинг аввалги даврида тафсир, ҳадис, усулул фиқҳ ва бошқа илмлар каби, фиқҳ илми ҳам алоҳида илм шаклида ажралиб давоми...

5836 14:22 / 02.01.2020