1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тарих

Икки пайғамбар оралиғидаги давр

14:00 / 14.07.2019 3062 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Арабистон яримороли Исмоил алайҳиссаломдан кейин узоқ муддат илоҳий таълимотлардан кесилиб қолган эди. Расулуллоҳ алайҳиссалоту вассалом пайғамбар қилиб юборилгунларича илоҳий таълимотлар бўлмаган. Бу пайтга келиб, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло илоҳий таълимотларни нафақат Арабистон яриморолидан, балки бутун дунёдан кесиб қўйган эди. У Зот Ийсо алайҳиссаломни осмонга кўтариб олганидан сўнг милодий 610 йилгача, ҳижратдан аввалги 13 йилгача бўлган муддат «фатрат замони» дейилади. Бу «пайғамбарлик кесилган муддат» деганидир.

Бу орада кишилик жамияти ниҳоятда пала-партиш ҳолатга келди. Кишиларда пайғамбарларга бўлган эҳтиёж кучайди. Инсониятни хатолардан қайтариш ва тўғри йўлга бошлаш зарур эди. Хусусан, самовий динлар бузиб юборилгандан кейин бунинг аҳамияти яна ҳам ошиб кетди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шунинг учун ҳам бутун инсониятга ҳидоятчи расул қилиб юборилдилар.

Исломдан олдинги қадимги тарихни қисқача ифодалайдиган бўлсак, Аллоҳ таоло башариятни яратди. Уларга пайғамбарлар юбориб, Ўзининг ибодатига чақирди, ер юзида шариатининг қоим бўлишини ирода қилди. Одам алайҳиссалом биринчи башар бўлишлари билан бирга, биринчи набий ҳам эдилар.

Кетма-кет бир қанча тамаддунлар, бирин-кетин набийлар ва расуллар келди. Энг қадимги тамаддун Ироқда, Мисрда, Шомда, Арабистон яриморолида юзага келди.

Сумарийлар, аккодийлар, ийломийлар, бобилийлар, ошурийлар ва калдонийлар тамаддунлари Ироқнинг энг муҳим тамаддунларидан саналади.

Ушбу юртларнинг набийлари эса Нуҳ алайҳиссалом, Иброҳим алайҳиссалом ва Юнус алайҳиссаломлардир.

Аммурийлар, финикийлар, канъонийлар, оромийлар, сўнг анботлар ва тадмурийлар, улардан кейин ғассонийлар ва мунзирийлар тамаддунлари Шом ўлкасининг энг аҳамиятли тамаддунлари ҳисобланади.

Шом юртларида яшаб ўтган расул ва набийларнинг баъзиларини эслаб ўтамиз: Лут, Исҳоқ, Яъқуб, Айюб, Ал-Ясаъ, Илёс, Довуд, Сулаймон, Закариё, Яҳё ва Ийсо алайҳимуссалом. Улар Бану Исроил қабиласидан бўлиб, ҳаммалари ўша Бану Исроилга ва бошқаларга ҳам пайғамбар қилиб юборилганлар.

Мисрда эса фиръавнлар тамаддуни, шунингдек, Ҳиксус (Гиксос) тамаддуни ҳам вужудга келди.

Юсуф ва Мусо алайҳимассалом Миср набийларидандир.

Арабистон яриморолида Од, Самуд, Мадян аҳли каби қавмлар яшаб ўтишди. Яман тамаддунида Маъин, Сабаъ, Ҳимяр ва Қитбон каби қабилалар, Маъриб тўғони барбод бўлганидан кейин эса ҳижрат қилган қабилалар машҳур бўлишди. Сўнг у ерда ҳабашлар ва Исмоил алайҳиссаломнинг зурриётлари ҳукмронлик қилишди.

Арабистон яриморолининг набийлари Ҳуд, Солиҳ, Шуайб ва Исмоил алайҳимуссаломдир.

Шунингдек, ер юзида бошқа тамаддунлар ҳам пайдо бўлиб, ўз ҳукмини ўрнатган. Форслар, қадимги юнонлар ва румликлар шулар жумласидандир.

хулоса

Юқоридаги сатрларда инсоният яратилганидан буён босиб ўтилган тарихий йўлни қисқача ўрганиб чиққан бўлдик. Ўрганганда ҳам, тахмин ва фаразлар асосида эмас, шу дунёни яратган Зот – Аллоҳ таолонинг китоби Қуръони Карим асосида, У Зотнинг энг маҳбуб ва афзал бандаси – пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, иймон-эътиқод асосида, бир оғиз ҳам ёлғон гапирмаган мўмин бандаларнинг кўзи билан кўриб, қулоғи билан эшитганлари ва ўтган умматларнинг вакиллари келтирган хабарлар асосида билиб олдик.

Хулоса қиладиган бўлсак, қадимги тарих инсониятнинг гултожи бўлмиш пайғамбарларнинг ва уларнинг умматлари ҳаётлари билан обод бўлган. Шунинг учун ҳам пайғамбарлик ва пайғамбарлар ҳақидаги ҳақиқатни билиб қўйишимиз лозим бўлади.

“Ислом тарихи” биринчи китоб

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Тарих ўтмишнинг илми эмас. У бугуннинг ва эртанинг илмидир. У халқларга тўғри йўл кўрсатиб уларни етаклайди. У халқлар хотирасидир. Устоз Мустафо Аққод давоми...

3398 16:00 / 06.03.2021
Макканинг фатҳ этилиши улкан аҳамиятга эга эди. Макка ndash ҳаммага машҳур шаҳар. Унинг асосий аҳолиси Қурайш ndash арабларнинг бош ва энг обрўли қабиласи.Тарихда ҳеч давоми...

4005 19:00 / 18.02.2022
Аллоҳ таоло одамлар орасига нима учун пайғамбарлар юборганининг ҳикматини ва уларнинг вазифаларини баён қилиб, Бақара сурасида қуйидагиларни айтади.Одамлар бир давоми...

4106 14:00 / 31.07.2019
Абдуллоҳ атТАРЖУМОН каталонча Ансельмо Турмеда 1355 ndash 1423 ndash малоркалик насроний руҳоний. Кейинчалик Исломни қабул қилади ва Тунисга кўчиб ўтади. Араб ва лотин давоми...

3633 10:30 / 23.08.2021
Аудиолар

213189 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132409 14:35 / 11.08.2021