Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (15-дарс). Усулул фиқҳ китоблари

18:15 / 09.01.2019 6221 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш «усулул фиқҳ» муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа истинбот этганларини мазкур илм орқали билиб оладилар. «Истинбот» сўзи луғатда «ер қаъридан сув чиқариш» деган маънони англатади. Диний илмларда эса шаръий далиллардан шаръий ҳукмларни чиқариш «истинбот» дейилади.

Усулул фиқҳ илми уламоларнинг диққат-эътиборини доимо ўзига жалб қилиб келган. Улар бу соҳада ҳанузгача ўз қийматини йўқотмаган кўплаб асарлар таълиф этдилар.

Аввало «усулул фиқҳ» қандай маънони англатади, деган саволга жавоб ахтарайлик. «Усулул фиқҳ» бирикмаси икки сўздан иборат. Усул – асос, далил; Фиқҳ – аниқ тушуниш.

Уламолар истилоҳида эса усулул фиқҳ қуйидагича изоҳланади:

Батафсил ҳужжатлардан шариат амалий аҳкомларини истинбот этиш қоидаларини ўргатувчи илм усулул фиқҳдир.

Ҳужжатлардан шариат аҳкомларини истинбот этиш уламолар ишлаб чиққан қатъий қоидалар асосида амалга оширилади. Буни билишни хоҳлаганлар усулул фиқҳ илмига мурожаат этишлари лозим.

Усулул фиқҳ илми ҳижрий иккинчи асрда шаклланди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида у зотнинг ўзлари Қуръони карим оятлари ва ўз суннатлари ила барча муаммоларни ҳал этардилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг эса асҳоби киромлар Қуръони карим ва набавий суннат ҳамда ўз ижтиҳодларига эътимод қилиб ҳукм чиқарар эдилар. Чунки улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларининг шарофати, қобилиятларининг ўткирлиги ҳамда Қуръони карим, ҳадиси шарифни жуда яхши тушунишлари сабабли маълум бир белгиланган қоидаларга муҳтож эмас эдилар.

Ислом дини бир қанча диёрлар ва халқлар орасида тарқалиб, араб халқи бошқа миллатлар билан қўшилиб кетгач, ўзгача шароит юзага келди. Пайдо бўлган муаммоларни ҳал қилиш учун умумий қоидалар ишлаб чиқиш зарурати туғилди. Натижада усулул фиқҳ илмига асос солинди. Бу иш мазҳаббоши имомлар даврида – ҳижрий иккинчи асрнинг охирларида юзага чиқди.

Ибн Надийм «Фиҳрист» номли китобида зикр қилганидек, усулул фиқҳнинг асосий қоидаларини биринчи бўлиб имом Абу Ҳанифанинг шогирди имом Абу Юсуф алоҳида рисолада жамлаган. Лекин, афсуски, бу рисола бизгача етиб келмаган.

Усулул фиқҳга бағишланган биринчи китобни имом Муҳаммад ибн Идрис Шофеъий таълиф этган. Имом Шофеъийнинг «Рисола» деб аталган мазкур китоблари бизгача етиб келган. Шунинг учун имом Шофеъий уламолар ўртасида усулул фиқҳ илмининг асосчиси сифатида машҳурдирлар.

Сўнг усулул фиқҳ илми икки йўналишга бўлинди ва улардан ҳар бирида кўплаб асарлар яратилди.

Биринчи йўналиш: Мутакаллимлар йўналиши.

Бу йўналишда иш олиб борган олимлар далил ва ҳужжатларнинг матни, луғат, калом ва ақл қоидаларига суяндилар. Улар ўз ишларида фуруъул фиқҳга қарамадилар. Мутакаллимлар йўналиши бўйича китоб ёзган уламоларнинг услуби асосан уч нарса ила эътиборга сазовордир:

1. Ақлий далилларга суяниш.

2. Маълум фиқҳий мазҳабга ён босмаслик.

3. Фуруъул фиқҳга фақат мисол келтириш учун қараш.

Шофеъий, моликий, мўътазилий ва бошқа мазҳаб уламолари ушбу йўналишда усулул фиқҳ китобларини таълиф этдилар. Бу йўналишда усулул фиқҳ қоидалари назарий-мантиқий равишда ишлаб чиқилган.

Қуйидаги асарлар мутакаллимлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир:

1. Абдулжаббор Мўътазилийнинг «Китобул умда» асари.

2. Абулҳасан Муҳаммад Али Басрийнинг «Китобул муътамад» асари.

3. Имом Ҳарамайни тахаллуси билан машҳур бўлган Абдул Маъолий Абдулмалик ибн Абдуллоҳ Жувайний Нишопурийнинг «Бурҳон» асари.

4. Қози Абдуллоҳ ибн Умар Байзовийнинг «Минҳожул вусул ила илмил усул» асари.

5. Ҳужжатул Ислом Абу Ҳомид Ғаззолийнинг «Мустасфо» номли асари.

6. Имом Фахруддин Розийнинг «Маҳсул» номли китоби.

7. Абул Ҳасан Омадийнинг «Иҳком фий усулул аҳком» номли китоби ва бошқалар.

Иккинчи йўналиш: Ҳанафий мазҳаби уламолари йўналиши.

Бу йўналишда усулул фиқҳ қоидалари ҳанафий мазҳабидаги мужтаҳидларнинг ижтиҳодлари асосида ишлаб чиқилган. Чунки бу мазҳабдаги мужтаҳидлар имом Шофеъий сингари усулул фиқҳга доир ҳужжатлар қолдирмаганлар. Улардан фақат фиқҳий масалалар мерос қолган, холос.

Ҳанафий мазҳаби йўналишидаги усулул фиқҳ услуби ўзининг уч хусусияти ила ажралиб туради:

1. Бу услубда фиқҳнинг қоидалари унинг ҳукмлари ила амалий равишда боғланганлиги.

2. Усулул фиқҳ ва фиқҳнинг фойдали услуб ила аралаштирилгани.

3. Бу услуб хилоф бўйича, умумий фиқҳ қоидаларини ёзиш бўйича мислсиз хизмат бўлгани.

Қуйидаги асарлар ҳанафийлар йўналишида ёзилган асарлар орасида машҳурдир:

1. Абу Бакр Аҳмад ибн Али Жассоснинг «Китобул усул» асари.

2. Абу Зайд Убайдуллоҳ ибн Умар Даббусийнинг «Тақвиймул адилла» асари.

3. Фахрул Ислом Али ибн Муҳаммад Баздавийнинг «Китобул усул» асари.

4. Абдуллоҳ ибн Аҳмад Ҳофизуддин Насафийнинг «Манор» асари.

5. Имом Шамсул-аимма Муҳаммад ибн Аҳмад Сарахсийнинг «Тамҳидул фусул фил усул» китоби ва бошқалар.

Баъзи уламолар усулул фиқҳнинг икки йўналишини ҳам ўзида бирлаштирган асарлар яратдилар. Бу услуб ҳижрий еттинчи асрда юзага чиқди. Унда иш олиб борган олимлар мутакаллимлар ва ҳанафийларнинг йўналишини жамладилар. Улар усул қоидаларини таҳқиқ қилиш ва далиллар билан исботлашга, сўнгра фуруъул фиқҳга татбиқ қилишга алоҳида эътибор бердилар. Бу ишни асосан ҳанафийлар ва шофеъийлар амалга оширдилар. Уларнинг услуби «мутааххирлар йўналиши» деб ҳам аталади.

Қуйидаги асарлар мутакаллимлар ва ҳанафийлар йўналишини жамлаб ёзилган асарлар орасида машҳурдир:

1. Музаффаруддин Аҳмад ибн Али Соатий Ҳанафийнинг «Ба-дийъун-низом ал-жомеъ байна китобай Баздавий вал аҳком» асари.

2. Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорийнинг «Танқийҳул усул» асари.

3. Тожуддин Абдулваҳҳоб Субкийнинг «Жамъу­жавомиъ» асари.

4. Саъдуддин Тафтазонийнинг «Талвийҳ» номли китоби.

5. Имом Камол ибн Ҳумом Ҳанафийнинг «Китобут-таҳрийр» асари.

6. Муҳиббуллоҳ ибн Абдушшакур Ҳиндийнинг «Мусалламус-субут» китоби.

Ушбу китоблар усулул фиқҳнинг икки йўналишини ўзида жамлаган асарлар ҳисобланади.

Энди мўътабар тўрт мазҳабга оид баъзи бир усулул фиқҳ китоблари билан батафсилроқ танишиб чиқайлик.

1. «Ал-фусул фил усул».

Бу китобнинг муаллифи ҳанафий мазҳабининг машҳур олимларидан Аҳмад ибн Али Розий Жассос раҳматуллоҳи алайҳидир.

«Фусул фил усул» усулул фиқҳ илмида ҳанафий мазҳаби бўйича ёзилган энг асосий китоблардан биридир. «Фусул фил усул» ҳанафийларнинг энг асосий манбаларидан биридир. Шу билан бирга, бу китоб ҳанафийларнинг бу борадаги дастлабки китобларидан бири бўлиб, кўпчилик асосан шу китобга суяниб иш кўрган.

Аҳмад ибн Али Розий Жассос раҳматуллоҳи алайҳи «Фусул фил усул»ни ўзининг машҳур китоби «Аҳкомул Қуръон»дан ҳам аввал ёзган. Муаллиф ўз китобида фиқҳий масалаларни енгилгина зикр қилиб ўтади. Аммо усулул фиқҳ масалалари келганда кенг шарҳ қилади.

Аҳмад ибн Али Розий Жассос раҳматуллоҳи алайҳи «Фусул фил усул»ни ўзининг машҳур шайхи имом Кархийнинг вафотидан кейин ёзган. Бу китоб унинг илмий тажрибалари ва амалининг хулосаси сифатида юзага келган. «Ал-фусул фил усул» ҳанафий мазҳаби-даги усулул фиқҳнинг тожига айланган.

2. «Кашфул асрор шарҳи Усули Баздавий».

Бу китобнинг муаллифи ҳанафий мазҳабининг машҳур олимларидан Алоуддин Абдулазиз ибн Аҳмад Бухорийдир (ҳижрий 730 санада вафот этган). «Кашфул асрор шарҳи усули Баздавий» ҳанафий мазҳаби бўйича энг муҳим китоблардан биридир. Имом Баздавийнинг усулул фиқҳ китобининг энг машҳур шарҳи ҳисобланган бу асар ҳанафий уламоларнинг усулул фиқҳ бўйича бош китоби бўлиб танилган.

«Кашфул асрор шарҳи усули Баздавий»нинг муқаддимасида илмнинг таърифи ва фиқҳ ҳамда ҳикматнинг баёни ҳақида сўз юритилган. Кейин шаръий ҳукмларнинг манбалари ҳақида сўз юритилиб, Қуръон, Суннат ва уларга тегишли нарсалар ҳамда бошқа далиллар баён этилган. Сўнгра усулул фиқҳнинг бошқа баҳслари зикр қилинган.

«Кашфул асрор шарҳи усули Баздавий»да фиқҳий ҳукмларни баён эта туриб, уларнинг Ҳанафий мазҳаби бўйича далилларини келтириш кўп учрайди.

3. «Ат-талвийҳ ъалат-тавзийҳ».

Бу китобнинг мусаннифи аллома Саъдуддин Масъуд ибн Умар Тафтазоний раҳматуллоҳи алайҳидир. У кишининг «Ат-талвийҳ ъалат-тавзийҳ» китоби Содруш-шарийъа Убайдуллоҳ ибн Масъуд Бухорий Ҳанафий раҳматуллоҳи алайҳининг «Танқийҳул усул»ига ёзилган шарҳдир. «Танқийҳул усул» эса жуда машҳур китоб бўлиб, Фахрул Ислом Баздавийнинг «Усулул фиқҳ» китобига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ила юзага келгандир.

4. «Ат-Тақрир ват-таҳбир фий шарҳит-Таҳрир».

Бу китобнинг муаллифи ҳанафий уламолардан Ибн Амийрул Ҳажж раҳматуллоҳи алайҳидир. «Ат-тақрир ват-таҳбир фий шарҳит-Таҳрир» имом Камол ибн Ҳумом раҳматуллоҳи алайҳининг «Китобут-таҳрир»ига шарҳ бўлиб, унда мусанниф фуқаҳолар билан мутакаллимларнинг усулини жамлаган. Шунингдек, унда ҳанафийлар билан шофеъийларнинг истилоҳлари ҳам жамланган.

Ибн Амийрул Ҳажж раҳматуллоҳи алайҳи гоҳида далилни закр қилиш билан бирга унинг саҳиҳ ёки заифлигини ҳам баён этади. Ҳанафий мазҳаби имомларининг гапларини нақл қилади. Шунингдек, шофеъий мазҳаби уламоларининг гапларини ҳам келтиради. Кейин эса иккисини таққослаб кўради.

(давоми бор)

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Имом жума ва икки ийдда, шунингдек, бомдодда, шом ва хуфтоннинг аввалги икки ракъатида намозни вақтида адо қилса ҳам, қазо қилса ҳам овоз чиқариб қироат қилади. давоми...

3673 19:05 / 02.06.2022
Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш ила бўлади. Таъзия уч кунгача давоми...

1278 19:00 / 19 апрель
1. Жанозани тезлатиш. 2. Жанозага эргашиш. Бу нарса уч амалдан жаноза намозини ўқиш, қабргача бирга бориш ва дафндан кеshyйин маййитнинг ҳаққига дуо қилишдан давоми...

1807 19:00 / 07 март
Фиқҳга оид китоблар ичида аҳком ҳадислари ва уларнинг шарҳидан иборат китоблар ҳам бор. Бу йўналишдаги китобларнинг баъзиларида шаръий ҳукмларга доир ҳадиси давоми...

4801 21:30 / 01.05.2019