1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мўминларга эслатма

Истиғфор айтиб юрса муаммолар ечиладими?

15:00 / 03.02.2022 8288 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Истиғфор – Аллоҳ таолодан мағфират сўрашдир. Астағфируллоҳ дегани «Аллоҳдан гуноҳимни кечиришини сўрайман» деганидир.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилган:

 وَأَنِ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ ثُمَّ تُوبُوا إِلَيْهِ يُمَتِّعْكُم مَّتَاعًا حَسَنًا إِلَىٰ أَجَلٍ مُّسَمًّى وَيُؤْتِ كُلَّ ذِي فَضْلٍ فَضْلَهُ ۖ وَإِن تَوَلَّوْا فَإِنِّي أَخَافُ عَلَيْكُمْ عَذَابَ يَوْمٍ كَبِيرٍ

«Роббингиздан мағфират сўранглар, сўнгра Унга тавба қилинглар, У Зот сизларни белгиланган муддатгача чиройли баҳрамандлик ила баҳраманд қилур ва ҳар бир фазл эгасига фазлини берур. Агар юз ўгириб кетсангиз, бас, албатта, мен сизларга буюк Куннинг азобидан қўрқаман» (Ҳуд сураси, 3-оят).

Ушбу оятда Аллоҳ таолодан мағфират сўрашга ва Унга тавба қилишга буюрилмоқда. Давомида тавба ва истиғфорнинг баъзи мукофотлари баён этилмоқда.

Аллоҳ таоло Нуҳ сурасида Нуҳ алайҳиссаломнинг ўз қавмларига айтган гапларини келтириб шундай деб марҳамат қилган:

فَقُلْتُ اسْتَغْفِرُوا رَبَّكُمْ إِنَّهُ كَانَ غَفَّارًا يُرْسِلِ السَّمَاءَ عَلَيْكُم مِّدْرَارًا وَيُمْدِدْكُم بِأَمْوَالٍ وَبَنِينَ وَيَجْعَل لَّكُمْ جَنَّاتٍ وَيَجْعَل لَّكُمْ أَنْهَارًا 

«Роббингиздан мағфират сўранг, албатта, У кўплаб мағфират қилувчидир», – дедим». «Шунда устингизга ёмғирни мўл кўл қилиб юборадир. Ва сизга молу мулк ва бола-чақа ила мадад берадир ва сизларга боғу роғлар қилиб берур ҳамда анҳорлар қилиб берадир» (Нуҳ сураси, 10-11-12-оятлар)

Бу оятда ҳам истиғфорнинг бир қанча фойдалари зикр этилмоқда.

Истиғфор банданинг гуноҳлари кетишига сабаб бўладиган улуғ зикрдир. Аллоҳ таоло ҳақига тегишли ҳар бир ёмон гуноҳ тавба ҳамда истиғфор билан афв бўлади. Шу боис қачон бир катта ёки кичк гуноҳ содир қилганда, тезлик билан тавба ёки истиғфор билан уни кетказиш лозим. Балки, яхши ишларни хилофини қилганда ҳам истиғфор айтиш керак. Зоҳиран бирор гуноҳ содир бўлмасада, ўшанда ҳам истиғфорни кўп айтиши лозим. Барча мусулмонларга маълумки, икки олам сарвари Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам тамомила гуноҳлардан маъсум ва пок бўлганлар. Шунга қарамай Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бир кунда 70 дан зиёд тавба ва истиғфор айтардилар.

وعن أبي هريرة رضي الله عنه قال : سَمعتُ رَسُول اللهِ صلى الله عليه وسلم يقولُ : «وَاللهِ إنِّي لأَسْتَغْفِرُ اللهَ وَأتُوبُ إلَيْهِ فِي اليَومِ أَكْثَرَ مِنْ سَبْعِينَ مَرَّةً » . رواه البخاري 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Мен: «Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Аллоҳга қасамки, мен бир кунда Аллоҳга етмиш мартадан кўп истиғфор айтиб, Унга тавба қиламан», деяётганларини эшитдим». (Бухорий ривояти).

Ўзимизга шундай таъкидли савол берайлик: “Инсонларнинг гултожи, Пайғамбарларнинг имоми, олдинги ва кейинги гуноҳлари кечирилган зот кунига етмиш марта истиғфор айтганларидан кейин мен ким бўлибманки, истиғфор айтмасам! Нимамга кериламан?! Қайси гуноҳларим кечирилгани хабар қилинди?! Шундай экан, кунига юз марта эмас, беш юз марта, минг марта истиғфор айтишим керак!”

عن ابن عباس رضي اللّه عنهما قال : قال رسولُ اللّه صلى اللّه عليه وسلم : مَنْ لَزِمَ الاسْتِغْفارَ جَعَلَ اللَّهُ لَهُ مِنْ كُلِّ ضِيقٍ مَخْرَجاً وَمِنْ كُلّ هَمٍّ فَرَجاً، وَرَزَقَهُ مِنْ حَيْثُ لا يَحْتَسِبُ 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ким истиғфорни лозим тутса, Аллоҳ унга ҳар бир торликдан чиқишни, ҳар бир ғамдан кушойишни насиба қилади. Ҳамда уни ўзи билмаган жойдан ризқлантиради», дедилар».

(Абу Довуд ривояти).

Шунинг учун айланиб, юриб, туриб, ўтириб ҳам истиғфорни одатга айлантириб олиши лозим. Кунда камида бир тасбеҳ истиғфор айтиши жуда яхшидир.

Истиғфор лафзларининг ичида улуғи мана бу саййидул истиғфор (истиғфорнинг саййиди)дир. Шуни ҳар куни, айниқса, эрталаб ва кечқурун кўп-кўп айтайлик. Инша Аллоҳ, самарасини кўрамиз.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким саййидул истиғфор –

«Аллоҳумма анта роббий лаа илааҳа илла анта холақтаний ва ана ъабдука ва ана ъала ъаҳдика ва ваъдика мастатоъту аъузу бика мин шарри маа сонаъту, абу‘у лака биниъматика ъалаййа ва абу‘у бизамбий фағфирлий фаиннаҳу лаа йағфируз зунуба илла анта»ни кечки пайт айтиб, шу куни вафот этса, жаннатга киради. Ким тонгда айтиб, шу куни вафот этса, унда ҳам жаннатга киради», дедилар.

Имом Бухорий ривоятлари.

اللَّهُمَّ أَنْتَ رَبِّي لّا إِلَهَ إِلَّا أَنْتَ، خَلَقْتَنِي وَأَنَا عَبْدُكَ، وَأَنَا عَلَى عَهْدِكَ وَوَعْدِكَ مَا اسْتَطَعْتُ، وأَعُوذُ بِكَ مِنْ شَرِّ مَا صَنَعْتُ، أَبُوءُ لَكَ بِنِعْمَتِكَ عَلَيَّ، وَأَبُوءُ بِذَنْبِي فَاغْفِرلِي فَإِنَّهُ لَا يَغْفِرُ الذُّنُوبَ إِلَّا أَنْتَ

Маъноси: «Аллоҳим! Сен парвардигоримсан, Сендан бошқа илоҳ йўқ. Мени Сен яратдинг ва мен Сенинг қулингман. Мен Сенга берган ваъдамда ва Сенга берган аҳдимда қодир бўлганимча турибман. Қилган нарсаларимнинг ёмонидан Сенинг номинг билан паноҳ тилайман. Менга ато қилган неъматларингга иқрор бўлдим. Ва яна гуноҳларимга ҳам иқрор бўлдим. Менинг гуноҳларимни кечир. Чунки Сендан бошқаси гуноҳларни кечира олмайди.

Бухорий ривояти.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда истиғфорнинг самараси ҳақида шундай деб марҳамат қилган:


وَمَا كَانَ اللَّهُ لِيُعَذِّبَهُمْ وَأَنتَ فِيهِمْ ۚ وَمَا كَانَ اللَّهُ مُعَذِّبَهُمْ وَهُمْ يَسْتَغْفِرُونَ

«Модомики, сен уларнинг ичида экансан, Аллоҳ уларни азобламас. Модомики, улар истиғфор айтар эканлар, Аллоҳ уларни азобловчи эмас» (Анфол сураси, 33-оят).

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ «Истиғфор айтган кишини Аллоҳ азоблайди деб ўйламайман» дедилар.

«Нега бундай деяпсиз?» дейилди.

«Ўзи бир бандага истиғфорни илҳом қилиб туриб, уни яна қандай азоблайди?» дедилар.

Миянгиз роҳатини истайсизми, истиғфор айтинг!

Кўнглингиз кенгайишини истайсизми, истиғфор айтинг!

Нафсингизга сокинлик истайсизми, истиғфор айтинг!

Қалб хотиржамлигини истайсизми, истиғфор айтинг!

Чиройли матоъ истайсизми, истиғфор айтинг!

Кўп ёрдам истайсизми, истиғфор айтинг!

Пок, солиҳ зурриёд истайсизми, истиғфор айтинг!

Ҳалол мол истайсизми, истиғфор айтинг!

Кенг ризқ истайсизми, истиғфор айтинг!

Ёмонликлар ўчирилишини истайсизми, истиғфор айтинг!

Яхшиликлар зиёда бўлишини истайсизми, истиғфор айтинг!

Даражалар кўтарилишини истайсизми, истиғфор айтинг!

Али розияллоҳу анҳу: «Агар Роббинг сени истиғфор айтишга илҳомлантириб қўйган бўлса, билгинки, У сени мағфират қилишни истаяпти».

Инсоннинг бадани, кийими кир бўлса, уни совун, шампун ва яна бошқа воситалар билан тозалайди. Аммо қалб кирланса, уни совун билан поклашнинг иложи йўқ. Қалбнинг совуни - истиғфордир. Истиғфорни кўп айтиш билан қалб покланади. Аста-секин бу поклик баданга ҳам ўтади. Танадаги асосий аъзо бўлмиш қалб яхши бўлса, қолган барча аъзолар ҳам яхши бўлади. Агар қалб бузилса, бошқа аъзолар ҳам бузилади.

Зуннун Мисрий раҳимаҳуллоҳ дедилар:

«Жасаднинг касаллиги оғриқлардадир. Қалбларнинг касаллиги гуноҳлардадир. Жасад касал бўлган пайтда таомнинг лаззатини ҳис қилмаганидек, қалб гуноҳлар сабабли ибодат ҳаловатини топмайди».

(«Сифатус софва», 4-жилд, 509-бет).

Ҳа, азизлар! Гуноҳ бизларнинг бошимизга дунё ва охиратда кўп зарарлар келишига сабаб бўлади. Барчамиз тавба ва истиғфорга шошилайлик! Қалбларимизни тозалашга, уни оппоқ ҳолга келтиришга ҳаракат қилайлик! Агар биз қалб поклигини, нафс хотиржамлигини, ризқ кенглигини, тоат муҳаббатини, маъсият нафратини ва энг муҳими Аллоҳ розилигини хоҳласак, гуноҳдан эҳтиёт бўлайлик! Гуноҳлардан узоқ юришга ҳаракат қилайлик! Ҳаракатни эса ҳозирдан, айни дақиқадан, шу мақолани ўқиб бўлишимиз биланоқ бошлайлик! Аллоҳ бу ишда барчамизга Ўз мададкор бўлсин! Омин!

Фойдаланилган манбалар:

Islom.uz
Quran.ksu.edu.sa
savollar.islom.uz
Vakillik.uz

Нозимжон Ҳошимжон

Муаллиф
Нозимжон Ҳошимжон
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Олтинчи амалАллоҳ таолонинг яхшилигини, эҳсонини, ботиний ва зоҳирий неъматларини мушоҳада қилиш. Бу ҳам бандани Аллоҳ таолонинг муҳаббатига чорловчи давоми...

2487 11:30 / 29.01.2021
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Табук ғазотида жуда ҳам қийин шароитда йўлга чиқдилар. Ҳаво жуда ҳам иссиқ эди. Саҳро гўё олов ичида ёнар эди. Сафар эса узоқ давоми...

2361 10:00 / 02.07.2021
Одамлар тавбага нисбатан тўрт табақага бўлинадилар1. Тавба қилганидан кейин умрининг охиригача тавбасида мустақим турадиганлар тоифаси.Бу тоифадаги кишилар давоми...

3918 12:30 / 24.03.2019
Агар вафот этсам, Аллоҳ насиб қилса, мусулмонлар лозим бўлган ишларни қилишадиbull кийимларимни ечиб олишадиbull жасадимни ювишадиbull кафанга ўрашадиbull тобутга давоми...

693 09:31 / 18.06.2022