Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (107-дарс). Қудуқларнинг ҳукмлари ҳақидаги фасл

13:33 / 22.10.2020 3868 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

(فَصْلٌ) أَحْكَامُ الْآبَارِ

Қудуқларнинг ҳукмлари ҳақидаги фасл

ِئْرٌ فِيهَا نَجَسٌ، أَوْ مَاتَ فِيهَا حَيْوَانٌ وَانْتَفَخَ أَوْ تَفَسَّخَ، أَوْ مَاتَ مِثْلُ آدَمِيٍّ أَوْ شَاةٍ: يُنْزَحُ كُلُّ مَاءٍ فِيهَا إِنْ أَمْكَنَ، وَإِلَّا فَقَدْرُ مَاءٍ فِيهَا بِقَوْلِ ذِي بَصَارَةٍ. وَفِي نَحْوِ دَجَاجَةٍ أَرْبَعُونَ إِلَى سِتِّينَ، وَفِي نَحْوِ عُصْفُورِ نِصْفُ ذَلِكَ. دَلْوًا وَسَطًا، وَغَيْرُ الْوَسَطِ احْتُسِبَ بِهِ. وتَنْجُسُ مِنْ وَقْتِ الْوُقُوعِ إِنْ عُلِمَ، وَإِلَّا فَمُنْذُ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ، وَإِنِ انْتَفَخَ فَمُنْذُ ثَلَاثَةِ أَيَّامٍ وَلَيَالِيهَا. وَقَالَا: مُنْذُ وُجِدَ.

Бир қудуққа нажас тушса ёки (унинг ичида) ҳайвон ўлиб, шишиб кетса, ёхуд титилиб кетса, ё одам, қўй кабилар ўлиб қолса, имкони бўлса, ундаги ҳамма сув чиқариб ташланади. Агар имкони бўлмаса, биладиган кишининг гапи ила унда турган сувнинг миқдоричаси чиқариб юборилади.

Товуқдек нарсаларда ўртача пақирда қирқдан олтмишгача, чумчуққа ўхшашда унинг ярми (миқдорича сув) олиб ташланади. (Сувни олишда) ўртача пақир ишлатилади, ўртача бўлмагани унга солиштирилади.

У(қудуқ)нинг нажас бўлиши, агар билинса, тушган вақтидандир. Билинмаса, бир куну бир кечадандир. Агар шишиб кетган бўлса, уч куну уч кечадандир. Икковлари (Абу Юсуф ва Муҳаммад): «Топилган вақтидандир», деганлар.

Албатта, бу фаслдаги зикр қилинган гаплар қадимги воқеъликдан келиб чиққандир. Ҳозирда бу каби ҳолатлар кам учрайди. Шундай бўлса ҳам, илм маъносида, гоҳида бўлса ҳам керак бўлиб қоладиган ҳодиса сифатида ўрганиб қўйганимиз зарар қилмайди.

Бир қудуққа нажас тушса ёки (унинг ичида) ҳайвон ўлиб, шишиб кетса, ёхуд титилиб кетса, ё одам, қўй кабилар ўлиб қолса, имкони бўлса, ундаги ҳамма сув чиқариб ташланади.

Демак, қудуқ ёки сув жамланиб турадиган шунга ўхшаш нарсаларга бирор ҳайвон ёки одам тушиб, ўлиб қолса, ундаги барча сув нажасга айланиб қолар экан. Ўша қудуқдан яна фойдаланиш учун эса имкони бўлса, ундаги сувнинг ҳаммасини чиқариб ташлаш лозим бўлади. Яна янги сув тўлганидан кейин ундан аввалгидек фойдаланилаверади.

رَوَى الطَّحَاوِيُّ وَابْنُ أَبِي شَيْبَةَ بِإِسْنَادٍ صَحِيحٍ عَنْ عَطَاءٍ رَحِمَهُ اللهُ: أَنَّ حَبَشِيًّا وَقَعَ فِي زَمْزَمَ فَمَاتَ، فَأَمَرَ عَبْدُ اللهِ بْنُ الزُّبَيرِ فَنُزِحَ مَاؤُهَا، فَجَعَلَ الْمَاءُ لَا يَنْقَطِعُ، فَنُظِرَ فَإِذَا عَيْنٌ تَجْرِي مِنْ قِبَلِ الْحَجَرِ الْأَسْوَدِ، فَقَالَ ابْنُ الزُّبَيرِ: حَسْبُكُمْ.

Таҳовий ва Ибн Абу Шайба Ато раҳимаҳуллоҳудан саҳиҳ иснод ила ривоят қиладилар:

«Бир ҳабаший Замзамга тушиб, ўлиб қолди. Абдуллоҳ ибн Зубайр амр қилди, унинг суви тортиб олинди. Сув тўхтамай чиқаверди. Қаралган эди, Ҳажарул асвад томондан булоқ оқаётган экан. Шунда Ибн Зубайр: «Етади», деди».

Агар имкони бўлмаса, биладиган кишининг гапи ила унда турган сувнинг миқдоричаси чиқариб юборилади.

Бу ерда қудуқнинг кўзини беркитиш имкони бўлмаган ҳол ҳақида сўз бормоқда. Унинг ичидаги сувни олиш билан ўрнига янги сув пайдо бўлиб қолаверади. Бундай ҳолда илмини биладиган киши «Бу қудуқда фалон миқдорда сув бор», деб гувоҳлик беради. Ўша миқдордаги сув олиб ташланганидан кейин қудуқдан аввалгидек фойдаланилаверади.

Товуқдек нарсаларда ўртача пақирда қирқдан олтмишгача, чумчуққа ўхшашда унинг ярми (миқдорича сув) олиб ташланади.

Албатта, бу гапдаги пақирлардан ўша вақтнинг пақирлари кўзда тутилган.

«Насбур-роя ли аҳодиси Ҳидоя» китобида зикр қилинишича, Анас розияллоҳу анҳудан, агар қудуқда сичқон ўлиб қолса-ю, дарҳол олиб ташланса, йигирма пақир сув олиб ташланиши лозимлиги ривоят қилинган.

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан, агар қудуқда товуқ ўлиб қолган бўлса, қирқ пақир сув олиб ташланиши ривоят қилинган.

(Сувни олишда) ўртача пақир ишлатилади, ўртача бўлмагани унга солиштирилади.

Агар ичидан ўлик нарса топилган сув тортадиган пақир ўртача бўлмаса, у ила олинаётган сув миқдори ўртача пақир сиғимига солиштириб ўлчанади. Мисол учун, мазкур пақир ўртача пақирдан икки баравар катта бўлса, йигирманинг ўрнига ўн пақир олиб ташланади. Агар пақир ўртачадан икки марта кичик бўлса, олтмишнинг ўрнига бир юз йигирма пақир сув чиқарилади.

У(қудуқ)нинг нажас бўлиши, агар билинса, тушган вақтидандир.

Яъни ўлик тананинг қудуққа тушган вақти маълум бўлса, унинг суви ўша вақтдан бошлаб нажас ҳукмига киради. Бирор киши мазкур вақтдан кейин ундан таҳорат қилган бўлса, таҳорати поклик ўрнига ўтмайди. У киши бошқа таҳорат қилиши ва намозларини ҳам бошқатдан ўқиши лозим бўлади.

Билинмаса, бир куну бир кечадандир.

Ўлик тананинг қудуққа қачон тушгани маълум эмас. Шу билан бирга, у шишиб ҳам кетмаган. Бу ҳолатда ўша кўрган вақтдан бир куну бир кеча олдиндан бошлаб сув нажас, деган ҳукм чиқарилади. Мазкур муддат ичида ўша қудуқдан қилинган таҳоратлар, ғусллар ҳисобга ўтмайди. Улар билан қилинган ибодатлар ҳам бошқатдан қилинади.

Агар шишиб кетган бўлса, уч куну уч кечадандир.

Чунки одатда ўлган нарса уч кунгача шишмайди.

Икковлари (Абу Юсуф ва Муҳаммад): «Топилган вақтидандир», деганлар.

Бу мазкур икки имомнинг ижтиҳоди.

Уламоларимиз ўша қудуқдан сув оладиган пақирнинг ҳажми бугунги кун ўлчовларида олти ярим литр эканини айтишган.

Улар: «Агар ўша ўлик нарса топилган қудуқ ёки ҳовузнинг сувини ёнидан тешик ёки ариқ очиб оқизиб чиқариш имкони бўлса, ўшандоқ қилган маъқул», дейдилар.

«Қудуқ яқинида нажосатли нарса бўлса нима бўлади?» деган саволга уламолар икки хил жавоб берганлар.

Баъзилари: «Ўша нарса етти ёки ўн аршин узоқда бўлса, ҳечқиси йўқ», деганлар.

Бошқалари эса: «Бунда таъм, ҳид ва ранг ўзгариши эътиборга олинади», дейишган. Агар ўша нарса сувнинг ушбу уч сифатидан бирини ўзгартираётган бўлса, ундан таҳорат қилиб бўлмайди.

«Кифоя» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Намозхон таҳорати кетганини гумон қилсаю, масжиддан чиқса ёки масжид ташқарисидаги сафдан ўтиб кетса, кейин таҳорати кетмагани аён бўлса ҳам, намози бузилиши давоми...

3097 00:00 / 18.11.2022
Мусулмон маййитга жаноза намози ўқиш фарздир. Илло, тўрт хил ўликка боғийлар, йўлтўсарлар, тарафкашлар ва шаҳарда очиқданочиқ қурол ила тажовуз қиладиганларга давоми...

2420 19:00 / 23 февраль
Маълумки, ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Балки бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китоблар .Усул, деб давоми...

4305 13:40 / 30.05.2019
Бир киши вафот этди. Ортидан иккита ёки ундан ортиқ қизлар ва қиз набиралар қолди. Бу ҳолатда қизлар мероснинг учдан иккисини оладилар ва қиз набираларни ҳажб давоми...

3813 10:20 / 21.10.2019