1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фарзандларнинг мероси (бешинчи мақола)

10:44 / 27.03.2019 1956 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бир киши хотини билан лаънатлашишди ва унинг (туғадиган) боласидан воз кечди. Бас, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам икковининг орасини ажратиб қўйдилар ва болани аёлга нисбат бердилар».

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Довуднинг лафзида: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам лаънатлашган аёлнинг ўғлининг меросини онасига ва онасининг меросхўрларига қилдилар», дейилган.

Шарҳ: Эр ўз хотинини зинода айбласа-ю, етарли гувоҳ топа олмаса ва хотин зино қилганини тан олмаса, шариат бўйича, улар орасида ўзаро лаънат айтишлари йўлга қўйилади.

Ушбу ўзига хос нозик жиҳатларга эга бўлган ҳукмни Аллоҳ хоҳласа, келажакда ўрганамиз.

Бунда эр қози ва гувоҳлар олдида ўзининг гапи тўғри эканлигини айтиб, агар ёлғон гапирган бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлишини тилайди. Хотин ҳам эрининг гапи ёлғон эканлигини, агар ўша гап рост бўлса, ўзига Аллоҳнинг лаънати бўлишини айтиб, қасам ичади. Шунинг учун бу иш «мулоъана» – «лаънатлашиш» деган номни олиб қолган.

Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлиб ўтган ана шундай воқеалардан бири ҳақида сўз бормоқда. Эри билан лаънатлашган хотин ҳомиладор бўлган. Эр «Унинг ҳомиласи мендан эмас», деб, болани тан олмаган. Икковлари лаънатлашиб бўлганларидан сўнг Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларнинг ораларини ажратганлар ва «Бола туғилса, онасининг номи билан юритилади, мерос олиши ёки қолдириши ҳам фақат онаси томонидан бўлади», деб ҳукм чиқарганлар.

Демак, мазкур ҳолатга тушиб қолган болалар онаси ва онасидан мерос оладиганлар билангина мерос ҳаққига эга бўлади, холос. Чунки отанинг тайини йўқ.

Термизийнинг ривоятида: 

«Қай бир киши ҳур ёки чўри аёл билан зино қилса, бола зинодан бўлган бўлади. Мерос олмайди, мерос қолдирмайди», дейилган.

Шарҳ: Зинодан бўлган бола билан унинг дунёга келишига сабаб бўлган эркакнинг орасида шаръий насаб собит бўлмаганлиги учун мерос ҳаққи ҳам собит бўлмайди. Бундай бола фақат онаси билангина мерос алоқасида бўлади.

«Абул Асвад ибн Язийд розияллоҳу анҳу: 

«Муъоз ибн Жабал Яманга биз учун муаллим ва амир бўлиб келди. Биз ундан бир одам вафот этиб, ортидан қизини ва синглисини қолдирганлиги ҳақида сўрадик. Бас, у қизга яримни, сингилга яримни берди», деди». 

Бухорий ва Абу Довуд ривоят қилганлар.

Абу Довуд: 

«Аллоҳнинг Набийси ўша вақтда тирик эдилар»ни зиёда қилган.

Шарҳ: Ушбу ривоятда машҳур саҳобий Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳунинг Яманда ишлаб турган вақтларида ҳал қилган масалаларидан бири зикр этилмоқда.

Бир киши вафот этиб, орқасидан бир қизи ва бир синглиси қолган экан. Унинг меросини бўлиб беришни сўраганларида Муъоз ибн Жабал меросни иккига бўлиб, ярмини қизига, ярмини синглисига берган эканлар.

У киши бу тақсимни Қуръони карим ҳукмига биноан қилганлар. Қуръони каримда «Агар битта (аёл) бўлса, унга ярми» дейилган. Бошқа бир оятда эса «Ва унинг синглиси бўлса, бас, унга у(маййит) қолдирган нарсанинг ярми», дейилган.

Абу Довуднинг ривоятидаги «Аллоҳнинг Набийси ўша вақтда тирик эдилар» деган жумла ушбу ҳукмнинг тўғрилигини тасдиқлаш учун келтирилган. Чунки у зотнинг тирикликларида бошқалардан нотўғри ҳукм содир бўлса, Аллоҳ ваҳий юбориб, тузатиши турган гап эди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: 

«Янги туғилган бола овоз чиқарса, унга мерос берилади», дедилар». 

«Сунан» эгалари ва Ибн Ҳиббон ривоят қилганлар. Ибн Ҳиббон саҳиҳ, деган. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Ислом дийнининг инсон ҳақларини қанчалик тақдирлаши очиқ-равшан баён этилмоқда. Унда онасидан туғилганда тириклик аломатига эга бўлган ҳар қандай боланинг ҳам меросда ҳаққи борлиги айтилмоқда.

Ислом шариати ҳукми бўйича, бир одам вафот этганида ундан мерос олишга ҳаққи бор бўлган одам онасининг қорнида ҳомила ҳолида бўлса ҳам, ўша ҳомила туғилгунича мерос бўлинмай, кутиб турилади. Бу Моликий мазҳаби танлаган ҳукмдир.

Аммо бошқа мазҳабларда мерос ҳомиланинг туғилишини кутиб турмай, бўлинаверади ва меросхўрлардан кафолат олиниб, унга ҳам тахминий равишда меросдан қолдирилади.

Табиийки, ҳомила ўлик ҳолда туғилса, унга мерос ажратилмайди. Бироқ, тирик туғилса, у ҳам меросдан ўз улушига ҳақдор бўлади. Бунинг учун бола туғилган вақтда унда овоз чиқариш, нафас олиш, акса уриш каби тириклик аломатлари бўлиши кифоя. Кейин ўлиб қолса ҳам, унга меросдан улуш ажратилиб, бу улуш ундан мерос олиш ҳаққига эга бўлган кишиларга берилади. Туғилган болада тириклик аломати борлиги ҳақида бир одила аёлнинг гувоҳлиги қабул қилинаверади.


«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
.Ҳажб, луғатда .тўсиш,, .ман қилиш, ва .маҳрум қилиш, деган маъноларни англатади.Мерос бобида ўзгани меросдан тўсувчи .ҳожиб,, меросдан маҳрум бўлган эса .маҳжуб, деб давоми...

3951 20:05 / 24.09.2019
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина давоми...

1461 17:00 / 30.10.2020
Улар қуйидагилардан иборат 1. Таом ейиш. . . . Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Фитр куни бир давоми...

1393 19:00 / 30.11.2023
Таъзия билдириш маййит аҳлига тасалли бериш, уларни сабрга чақириш, қазои қадарга рози бўлишга тарғиб қилиш ва ажр олишга ундаш ила бўлади. Таъзия уч кунгача давоми...

1278 19:00 / 19 апрель