1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Намозда турганда оёқлар орасини қанча очиб туриш керак?!

05:00 / 19.01.2017 5664 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Ота-боболаримиз ва халқимиз асрлар давомида то бугунги кунга қадар намозда турганларида икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдорича, узрлилар эса ўртача очиб қиём қилиб келмоқдалар. Замонамизда эса бир тоифа намозларда оёқларини ҳаддан ташқари кенг кериб, очиб тура бошладилар. Улар сафда турганларида намоз охиригача ёнларидаги намозхонларнинг оёқларига оёқларини теккизишга ҳадеб ҳаракат қилаверадиган бўлдилар. Хўп, уларнинг далиллари қандай, қайси ҳадисга амал қилмоқчи бўладилар?

Намозда сафда бир текис туриш борасидаги саҳиҳ ҳадисларнинг иккитасининг зоҳирий матни намозхонлар бир-бирларига елкалари, тиззалари ва қадамларини теккизиш-ёпиштириб туришларига очиқ далолат қилади:

1) Имом Бухорий (р.ҳ.)нинг машҳур саҳиҳ ҳадислар тўпламида "Сафда елкани елкага ва оёқни оёққа ёпиштириб туриш ҳақида"ги бобида саҳоба Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилган ҳадис бор:

عَنْ أَنَسٍ عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ أَقِيمُوا صُفُوفَكُمْ فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي وَكَانَ أَحَدُنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِه

Анас (р.а.)дан ривоят қилинади:

Набий (с.а.в.): Сафларингизни тўғриланглар, чунки мен сизларни ортимдан ҳам кўриб тураман", дедилар.

(Анас (р.а.) айтади): "Бизлардан ҳар биримиз елкасини шеригининг елкасига ва оёғини эса унинг оёғига теккизиб турар эдик" (Бухорий, 1/725).

2) Иккинчи ҳадисни саҳоба Нўъмон ибн Башир (р.а.)дан ривоят қилинган:

سمعت النعمان بن بشير يقول أقبل رسول الله صلى الله عليه و سلم على الناس بوجهه فقال أقيموا صفوفكم ثلاثا والله لتقيمن صفوفكم أو ليخالفن الله بين قلوبكم قال فرأيت الرجل يلزق منكبه بمنكب صاحبه وركبته بركبة صاحبه وكعبه بكعبه

Нўъмон ибн Башир (р.а.)нинг бундай деганини эшитдим:

Расулуллоҳ (с.а.в.) одамларга юзларини қаратиб, "Сафларингизни тўғриланглар!" дея уч марта марҳамат қилдилар ва бундай дедилар:

"Аллоҳга қасамки, сафларингизни тўғриланглар ёки Аллоҳ қалбларингизни бир-бирига мухолиф қилиб қўяди".

Нўъмон ибн Башир (р.а.) айтади: "Мен одамларни шеригининг елкасига елкасини, тиззасига тиззасини ва тўпиғини тўпиғига ёпиштирганини кўрдим" (Абу Довуд, 1/662; Байҳақий, 3/4964; Ибн Ҳиббон, 5/2176; Ибн Хузайма, 1/160; Баззор, 1/3285).

Мазкур иккита саҳиҳ ҳадиси шарифнинг матнига назар солсак, ундан сафда турганда намозхонларнинг елкалари, тиззалари, тўпиқлари, оёқлари бир-бирларининг елкалари, тиззалари, тўпиқлари, оёқларига ёпиштириб, теккизиб туриши ҳақидаги ҳукм чиқарилиши керак. Бироқ, негадир оёқларини бир-бирига теккизишга ҳаракат қилиб, чотини кенг очадиганлар, фақат тўпиқни, аниқроғини оёқ учини теккизишга интиладилар. Тўпиқларни ҳам, тиззаларни ҳам, елкаларни ҳам баробар теккизиш лозимлиги борасидаги ҳадис ҳукмидан уларнинг назарлари четда қолиб келади. 

Шуни билиш лозимки, аҳли суннат ва жамоанинг тўрт мазҳаб уламоларининг бирортаси ушбу ҳадислардан елка, тизза, тўпиқ ва оёқларни бир-бировникига теккизиб туриш лозим, деган ҳукмни олган эмаслар. Саҳобалар давридан бошлаб XIV аср давомида жами мусулмонлар, тўрт мазҳабга эргашиб келаётган намозхонлар орасида чотини кенг очиб турадиганлари чиққан эмас. Бунинг сабаби нима? Оқил инсон мазҳаб уламоларини айбламасдан, "мазҳаб аҳли ҳадисга қарши иш қиладилар", демасдан, асрлар давомида яшаб ўтган содда намозхонларни гумроҳликда айбламасдан, мазкур ҳадисларни бошқача тушуниш кераклигини, унинг борасида мазҳаб уламолари каби фикрлаш лозимлигини, англаб етади.

Намозда қиёмда турганда оёқлар ораси қандай ҳолатда туриши борасидаги мазҳаблар фикри ҳақида Абдурраҳмон ал-Жузайрий (р.ҳ.)нинг "ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа" асарида қуйидагилар зикр қилинган: "Қиём ҳолатида икки оёқни очиш миқдори жуда яқин ҳам, жуда узоқ ҳам бўлмаслиги керак. Фақат семизлик, тўлалик, барвасталик ва шунга ўхшаш узр билан бўлса, жоиз. Мазҳабларда унинг миқдори борасида ихтилофлар бор. Ҳанафийлар икки оёқ орасини тўрт бармоқ миқдори очиш деб белгилаганлар. Ундан ортиқ ёки кам бўлса, макруҳ бўлади. Шофиъийлар эса бир қарич деб белгилаганлар. Улар ораси бундан қисқа ёки ортиқ очилса, макруҳ бўлади. Худди бу бир оёқ олдинроқда, бириси орқароқда тургандек макруҳ бўлади. Моликийлар икки оёқ орасини очишни суннат эмас, балки мандуб бўлади, дейдилар. Улар фикрича, икки оёқ ораси бир-бирига теккизилган ёки жуда очилган ҳолатда эмас, балки урфда ёмон кўрилмайдиган ҳолатдаги ўртача очилиши керак. Ҳанбалийларнинг фикрлари ҳам моликийлар сингаридир, фақат улар мандуб ёки суннат деб белгилаган эмаслар" (Абдурраҳмон ал-Жузайрий. ал-Фиқҳ ъала-л-мазоҳиб ал-арбаъа. 1-жилд. – Қоҳира: ал-Мактаб ас-сақофий, 2000. – Б. 202).

Ваҳба аз-Зуҳайлий (р.ҳ.) айтишига қараганда, қиёмда оёқнинг тўрт бармоқ ёки бир қарич ёхуд ўртача очиқ туриши хушуънинг кўриниши ва унинг ифодасидир. Билакс, оёқларни бир-бирига ёпиштириб туриш ёки урфда ғайритабиий кўринадиган ҳолда ҳаддан ташқари очиб туриш хушуънинг тескарисидир (Ваҳба аз-Зуҳайлий. Ал-Фиқҳ ал-исломий ва адиллатуҳу. 1-жилд. – Дамашқ: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 695).

Демак, тўрт мазҳабнинг фиқҳий қарашларига кўра намозда қиёмда турганда икки оёқ ораси жуда катта очилган бўлмаслиги, урфда ва одамлар назарида ғайритабиий кўринмаслиги даркор. Шунинг учун ҳам, намозларда икки оёқларини кериб, кенг очиб туриш ҳолати намоз борасидаги миллий-диний анъана ва қадриятларга тўғри келмагани боис эриш туюлади. Унда юқоридаги иккита ҳадиси шарифни қандай тушунганлар? Булар ҳақида қуйидагиларни айтиш мумкин:

1) Намоз сўнггига қадар елкаларни елкаларга, тиззаларни тиззаларга ва қадамларни қадамларга ёпиштириб туриш кучли машаққат бўлиб, айниқса, қадди-қоматлари ҳар хил бўлган намозхонларнинг бу ишни қилишлари жуда қийин кечади. Зотан, қад-қоматлари турлича одамларнинг бир сафда турганларида ушбу аъзоларини бир-бирига теккизиш ҳақиқатдан ҳам юз бериши қийин. Аллоҳ таоло бизни ҳараж-машаққатга таклиф қилмаган:

لاَ يُكَلِّفُ اللّهُ نَفْساً إِلاَّ وُسْعَهَا  {286}

"Аллоҳ бирорта жонни фақат тоқати етган нарсага таклиф қилган" (Бақара, 286).

لاَ نُكَلِّفُ نَفْساً إِلاَّ وُسْعَهَا

"Бирорта жонни фақат тоқатига кўра таклиф қиламиз" (Анъом, 152; Аъроф, 42; Мўъминун, 62).

مَا يُرِيدُ اللّهُ لِيَجْعَلَ عَلَيْكُم مِّنْ حَرَجٍ

"Аллоҳ сизларга машаққатни хоҳламайди" (Моида, 6).

وَمَا جَعَلَ عَلَيْكُمْ فِي الدِّينِ مِنْ حَرَجٍ

"Сизларга динда машаққат қилмади" (Ҳаж, 78).

2) Иккинчи сабабни "Олтин силсила"ни нашрга тайёрловчилар айтганлар: "Намоз маълум ва машҳур ибодат. Бу ибодат фарз қилингандан бошлаб кўп йиллар давомида ҳамманинг иштирокида ва кўз ўнггида адо этилган. Расулуллоҳ (с.а.в.) намозни кўпчиликка ўргатганлар. Жумладан, сафда туришни ҳам. Ўша машҳур ривоятларнинг бирортасида сафда турган одам оёғини кериб, ёнида турган кишининг оёғига теккизиши фарз, вожиб, суннат ёки мустаҳаб экани айтилмаган. Намозга ўхшаш машҳур нарсаларда биргина саҳобийнинг гапи ҳужжат қилиб олинмайди" (Олтин силсила. Саҳиҳул Бухорий. 1-жилд. – Тошкент: Hilol-nashr, 2012. – Б. 652).

"Олтин силсила"да айтилишича, қадамларни бир-бирига теккизиб туриш ҳақидаги гап биргина саҳобий – Анас ибн Молик (р.а.)дан ривоят қилинган. Чунки, юқорида келтирилган иккинчи ҳадис Нўъмон ибн Башир (р.а.)дан ривоят қилинган бўлиб, унинг Расулуллоҳ (с.а.в.)дан ҳадис эшитиб ривоят қилганига ҳадисшунослар томонидан шубҳа билдириб келинади. Чунки, у Расулуллоҳ (с.а.в.) вафотидан саккиз ёки олти йилча илгари туғилган. Бу ҳақида манбаларда алоҳида тилга олинган (Ибн ал-Асир. Асад ал-ғоба фий маърифат ас-саҳоба. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 1996. – Б. 311; Ибн Абдулбарр. Ал-Истиъоб фий маърифат ал-асҳоб. – Уммон: Дор ал-аълом, 2002. – Б. 724).

Демак, агар "Саҳиҳ ал-Бухорий"да келган ҳадис ўтиб кетган бир ҳолатни ифодалаш учун айтилган бўлиб, унда намозда туриш суннати билдириб ўтилган эмас. Намозда оёқларни кенг очиб туриш суннат ёки мустаҳаб бўлмагани боис бу ҳолат фақатгина биттагина саҳобадан ривоят қилинган. Акс ҳолда, айниқса намозларга бепарво бўлмаган саҳобалар ва тобеъинлар бу ҳолатга катта эътибор қаратган ва уни ўз шогирдларига қаттиқ уқтирган бўлардилар. Бинобарин, бундан барча ҳадислар ҳам гарчи саҳиҳ бўлса ҳам суннатлар, аниқроғи шаръий ҳукмларни ифодалаб беролмаслиги маълум бўлади. Балки суннатликни саҳобалар, тобеъинлар ва мужтаҳид уламоларгина билиб, қайси ҳадисда суннат баён қилинганини билдира олишлари мумкинлиги аниқ бўлади.      

3) "Саҳиҳ ал-Бухорий"нинг энг машҳур шарҳларини ёзган буюк ҳадисшунос олимлар Ибн Ҳажар ал-Асқалоний (р.ҳ.) ва Бадриддин ал-Айний (р.ҳ.) юқоридаги сафларда бир-бировнинг оёқларига оёқларини теккизиб туриш ҳақидаги ҳадис борасида المراد بذلك المبالغة في تعديل الصف وسد خلله – "Бундан мурод сафларнинг тўғрилаш ва унинг очиқлигини йўқотиш борасидаги муболағадир", деган (Ибн Ҳажар ал-Асқалоний. Фатҳ ал-Борий. 2-жилд. – Риёз: Дор Таййиба, 2005. – Б. 611; Бадриддин ал-Айний. Умдат ал-қори. 5-жилд. – Байрут: Дор ал-кутуб ал-илмия, 2001. – Б. 377). Яъни, бундан оёқларни бир-бировникига теккизиш ҳақиқий маънода эмас, балки сафларни жипслаштириб туриш маъносида тушунилиши керак. Яъни, оёқларни бир-бировникига теккизиш суннат ёки мустаҳаб эмас, балки ҳадис ибораларидан жуда текис ва ўта жипс ҳолда сафланиш лозим эканини тушуниш керак бўлади.  

4) Намозда оёқларни кенг очиб, намозхонлар бир-бирларининг оёқларига оёқларини теккизиб туришлари керак, деганлар келтирган юқоридаги ҳадиси шарифларга назар солинса, улардаги оёқларни бир-бирига теккизиб туриш ҳақидаги сўз Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг ўзларининг буйруғи ёки амрлари эмас, балки саҳобийнинг гапи экани англашилади. Саҳоба эса оёқларни бир-бирига теккизиб туришни Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг даврида бир муддат қилганларини айтганларини ҳам тушуниш мумкин. Чунки, икки саҳоба ҳам: "Бизлардан ҳар биримиз елкасини шеригининг елкасига ва оёғини эса унинг оёғига теккизиб турар эдик" ва "Мен одамларни шеригининг елкасига елкасини, тиззасига тиззасини ва тўпиғини тўпиғига ёпиштирганини кўрдим" деб гапни ўтган замонда айтганлар. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг умрларининг охирги йилларида ва хусусан саҳобалар даврида намоз ўқишда ҳеч ким оёқларини ёнидаги кимсанинг оёқларига теккизиб турган эмас. Расулуллоҳ (с.а.в.)нинг даврида, исломнинг энг гуллаган даврида ва, хусусан, саҳобалар даврида намозда оёқларни кенг очиб туриш одати бўлмаган. Бунга далил сифатида алоҳида ҳадиси шарифни ҳам келтириш мумкин:

حَدَّثَنَا أَبُو بَكْرٍ ، حَدَّثَنَا هُشَيْمٌ ، أَخْبَرَنَا حُمَيْدٌ الطَّوِيلُ ، عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ ، قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم : اعْتَدِلُوا فِي صَلاتِكُمْ وَتَرَاصُّوا ، فَإِنِّي أَرَاكُمْ مِنْ وَرَاءِ ظَهْرِي ، قَالَ أَنَسٌ : لَقَدْ رَأَيْتُ أَحَدَنَا يُلْزِقُ مَنْكِبَهُ بِمَنْكِبِ صَاحِبِهِ وَقَدَمَهُ بِقَدَمِهِ ، وَلَوْ ذَهَبْتَ تَفْعَلُ ذَلِكَ الْيَوْمَ لَتَرَى أَحَدَهُمْ كَأَنَّهُ بَغْلٌ شَمُوسٌ

Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Намозларингизда тўғри туринглар, зич бўлиб туринглар! Чунки, мен сизларни орқа тарафимдан ҳам кўраман".

Анас ибн Молик (р.а.) айтади: "Бизлардан биримиз шеригининг елкасига елкасини, оёғига оёғини ёпиштириб-теккизиб туришини кўрганман. Агар шу ишни бугунги кунда қиладиган бўлсанг, улардан бирларини калтафаҳм аҳмоқ бўлиб қолганини кўрардинг" (Ибн Абу Шайба, 1/3544; Абу Яъло, 6/3720). Ушбу ҳадис ровийлари ишончли ҳисобланади.

Демак, мазкур ривоятдан саҳобаи киромлар ва тобеъини изомлар даврида намозхонлар орасида оёқларни кенг очиб, кериб туришлар, бир-бировларининг оёқларига оёқларини теккизиб туришлар бўлмаганлиги маълум бўлади. Бу ерда Анас ибн Молик (р.а.)нинг: "Агар шу ишни бугунги кунда қиладиган бўлсанг, улардан бирларини калтафаҳм аҳмоқ бўлиб қолганини кўрардинг", деган гапидан бугунги кунларда оёқни кенг ва катта очиб туриш, уни суннат ёки вожиб деб унгагина катта эътибор қаратиш калтафаҳм аҳмоқ одамларнинг иши эканини ҳам зикр қилиш ўринли. 

5) Жамоатда сафларни текис ва тўғри қилиб туриш кераклиги ҳақидаги ҳадиси шарифларда елкалар елкалар баробарида, бўйинлар бўйинлар тўғрисида бўлиши таъкидланган, холос:

سووا صفوفكم وحاذوا بين مناكبكم ولينوا في أيدي إخوانكم وسدوا الخلل فان الشيطان يدخل بينكم بمنزلة الحذف يعنى أولاد الضأن الصغار

"Сафларни тўғриланглар! Елкаларингиз орасини баробар тутинглар! Биродарларингиз қўлларини юмшоқ тутинглар! Очиқ жойларни ёпинглар! Чунки, шайтон ораларингизга худди қўзичоқдек бўлиб кириб олади" (Аҳмад, 5/22317).

رُصُّوا صُفُوفَكُمْ وَقَارِبُوا بَيْنَهَا وَحَاذُوا بِالأَعْنَاقِ

"Сафларни мустаҳкам қилинглар ва улар орасини яқин қилинглар! Бўйинларингизни эса тенг тутинглар!" (Абу Довуд, 1/667; Насоий, 1/889; Байҳақий, 3/4960; Ибн Ҳиббон, 14/6339; Ибн Хузайма, 1/1545; Аҳмад, 3/13761).

Усмон ибн Аффон (р.а.) намозхонларга қарата бундай дердилар:

فإذا قامت الصلاة فاعدلوا الصفوف وحاذوا بالمناكب فإن اعتدال الصفوف من تمام الصلاة

 "Намозга иқомат айтилса, сафларни тўғриланглар, елкаларни баробар тутинглар! Зотан, сафларнинг тўғри бўлиши намознинг тўлиқлигидан далолатдир" (Молик, "Муватто, 1/234; Байҳақий, 3/5626; Абдурраззоқ, 3/5373).

Мазкур маънодаги ҳадиси шарифларни шарҳлар экан, Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий (р.ҳ.) "Эъло ас-сунан"да: "Баъзингиз баъзингизнинг тўғрисида турсин. Ҳар бир намозхоннинг елкаси бошқасининг елкаси баробарида бир-бирларига тегиб турсин. Токи, елкалар, бўйинлар ва қадамлар битта йўналишда бўлсин", деб изоҳлаган (Зафар Аҳмад ал-Усмоний ат-Таҳонавий. Эъло ас-сунан. 3-жилд. – Байрут: Дор ал-фикр, 2001. – Б. 1441).

Демак, юқоридаги изоҳотлардан маълум бўладики, мусулмонлар янги-янги фатволар ва қарашларга эмас, балки анъанавий исломга, асрлар давомида амалда бўлиб келган фатволарга ва урфдаги фиқҳий масалаларга суяниши энг тўғри йўл ҳисобланади. Хуллас, ҳар бир намозхон ҳам намозда турганида оёқлари орасини кўпчилик қилаётган ҳолатда тутгани маъқулдир.     

        Ҳамидуллоҳ Беруний тайёрлади

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. .Саъд розияллоҳу анҳу айтадилар.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўнг тарафларига ва чап тарафларига салом беришларини кўрар эдим, ҳатто у давоми...

3295 19:00 / 26.05.2022
Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни .улуғ имом,, .катта имом, деб номлайди. Ҳақиқатан ҳам, у киши бу номга сазовор давоми...

4517 15:30 / 09.04.2020
.Васий, етим болаларга қараб, уларнинг молмулкларини тасарруф қилиб туриш топширилган кишидир.Васийни отанинг ўзи ўлими олдидан васият йўли билан, давоми...

1686 11:05 / 03.08.2020
Агар вафот этган кишининг моли қарзидан ортиб қолса, васияти молнинг учдан бирига ўтиши ҳақида аввал гапириб ўтганмиз.Ояти кариманинг давомида яна қуйидагилар давоми...

2319 09:57 / 11.03.2019