Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (80-дарс). Абу Ҳанифанинг қадри

15:30 / 09.04.2020 4518 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу буюк имомнинг асл исмларини кўпчилик билмайди ҳам. Аммо ҳамма Имоми Аъзам, яъни «улуғ имом», «катта имом» деб номлайди. Ҳақиқатан ҳам, у киши бу номга сазовор зотдирлар. Зар қадрини заргар билади, деганларидек, у кишининг қадрларини ҳам уламолар, имомлар биладилар.

Бошқа мазҳаб соҳиби имом Шофеъий Имоми Аъзам ҳақида:

«Одамлар фиқҳда Абу Ҳанифанинг боқимандаларидир», деганлар.

Бошқа бир мазҳаб соҳиби имом Моликдан одамлар «Абу Ҳанифани кўрганмисиз?» деб сўрашганда, «Ҳа, агар ушбу устунни тилла демоқчи бўлса, ҳужжат топа оладиган одамлигини кўрдим», деб жавоб берган эканлар.

Машҳур имом Абдуллоҳ ибн Муборак: «Фиқҳда энг кучли одам Абу Ҳанифадир. Унга ўхшашини кўрмадим», деганлар.

Улкан илм соҳиби бўлмиш имом Абу Ҳанифа ўз мазҳабларини бино қилишда Қуръони Каримга, Суннати набавияга, ижмоъга, қиёсга ҳамда саҳобаларнинг қавлларига суяндилар. Ҳукмларни чиқаришда қиёс ва истеҳсонга бошқалардан кўра кўпроқ мурожаат қилдилар.

Уламолар бу ҳақда у кишининг ўз сўзларини иқтибос қилиб келтирадилар: «Мен ҳукмни аввало Аллоҳнинг Китобидан оламан, ундан топмасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан оламан. Агар Аллоҳнинг Китобида ҳам, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида ҳам топа олмасам, саҳобаларнинг гапидан бошқаникини олмайман. Гап Иброҳим, Шаъбий, Ибн Сирийн ва Ибн Мусаййибларга етганда, ўзим уларга ўхшаб ижтиҳод қиламан», деганлар.

Баъзилар «Абу Ҳанифа қиёсни заиф ҳадисдан устун қўяди», дейишган. Лекин аслини олганда ундай эмас экан. Уламолар бу масалани ҳам ўрганиб чиқишган ва Имоми Аъзам заиф ҳадисни қиёсдан устун қўяди, деган хулосага келганлар.

Бунга мисоллар ҳам келтирганлар: «Намозда қаҳқаҳа билан кулса, таҳорат кетиши ҳақидаги ҳадис заиф бўлса ҳам, Абу Ҳанифа уни қиёсдан устун қўйиб, қабул қилганлар».

Имом Абу Ҳанифанинг ўзлари бу ҳақда: «Аллоҳга қасамки, ким бизни қиёсни нассдан (яъни ҳадисдан) устун қўяди, деса, ёлғон айтибди ва бизга туҳмат қилибди. Насс бўлганидан кейин қиёсга ҳожат қолармиди?!» дейдилар.

Имоми Аъзам ўз мазҳабларида доимо мусулмонларга енгиллик бўлишининг тарафдори сифатида ижтиҳод қилганлар.

Кези келганда яна бир мулоҳазани айтиб ўтмоқчиман. Ҳамма, ҳатто Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг мухлислари ҳам у кишини раъй, яъни фикрий фиқҳнинг асосчиси, дейишади ва ҳадисни кўп ишлатган имомларга муқобил қўйишади. Гўёки бошқа имомлар ҳадисдан ҳукм чиқаришган-у, Имоми Аъзам эса ўз фикрларидан чиқарган. Менимча, бу хато фикр. Бунга Имоми Аъзам яшаган шароит ва бошқа омиллар сабаб бўлган бўлса керак.

Мисол учун, имом Молик умуман бошқа шароитда яшаб, ижод қилганлар. У киши Мадинаи Мунавварада, ҳадис илмининг марказида яшаганлар. Шунинг учунми, қандай фиқҳий масала айтсалар, унга қўшиб ҳадисдан унинг далилини ҳам айтганлар. Имом Моликнинг «Муватто» китобларида ҳадис ва фиқҳий боблар бўлиб-бўлиб келтирилган.

Имоми Аъзам ўзлари ажам бўлганлар, асосан араб бўлмаган халқлар билан яшаганлар. Эҳтимол, яна бошқа омиллар бўлгандирки, у киши фиқҳий ҳукмни айтиб, ўз сўзлари билан ифода қилганлар-у, ортидан унга далил бўлган ҳадисни зикр қилмаганлар. Ҳанафий мазҳабига оид фиқҳий китобларни мутолаа қилган ҳар бир киши буни дарҳол тушуниб етади.

Хусусан, Али Қорининг «Мухтасари Виқоя» китобига ёзган «Шарҳи Ниқоя» номли асарини ўқиган одам Ҳанафий мазҳабида айтилган ҳар бир гапнинг оят ва ҳадисдан далили борлигига ишонч ҳосил қилади.

Али Қори раҳматуллоҳи алайҳининг мазкур китобларида ҳанафий мазҳабига қилинган юқоридаги туҳматга илмий асосда жавоб берилган. У киши ҳанафий мазҳаби уламолари ҳақида сўз юрита бориб, қуйидагиларни ёзади:

«Билки, бизнинг уламоларимиз раҳматуллоҳи алайҳим бошқалардан кўра Суннатга кўпроқ эргашадилар. Чунки улар мурсал (ровий саҳобийнинг номи тушиб қолган) ҳадисни қабул қилишда салаф уламоларига эргашганлар. Барча мусулмонлар саҳобаларнинг мурсалларини қабул қилишга низосиз иттифоқ қилган бўлсалар ҳам, улар (уламолар) мазкур ҳадисни муснад каби, деб эътиқод қиладилар. Тобарий: «Уламолар мурсални қабул қилишга ижмоъ қилишган. Уларнинг бирортаси (ҳижрий) икки юзинчи сананинг аввалигача бунга хилоф қилмаган», деган. Ровий: «Ўша (биринчи хилоф қилган) киши Шофеъий бўлса керак», деди.

Ҳофиз Абу Амр ибн Абдулбарр ҳам ўзининг «Там­ҳид» номли асарида шунга ишора қилган. Бас, ким бизнинг асҳобларимизга Суннатга хилоф қилишни ва райъ ва қиёсга эътибор беришни нисбат берса, батаҳқиқ, улкан хато қилган бўлади. Чунки бизда саҳобийга тўхтаган ҳадис қиёсдан устундир. Шунингдек, заиф ҳадис ҳам. Бас, ким зикр қилинган нарсаларда бизга хилоф қилса, бу унинг фосид фикридан ва касодга учраган қиёсидандир».

Али Қори раҳматуллоҳи алайҳи баҳсларининг давомида яна қуйидагиларни ёзади:

«Бизнинг аввалги асҳобларимиз ўз китобларида Суннатдан далилларни зикр қилиш, улар ҳақида баҳс қилиш, саҳиҳ, ҳасан ва заифини ажратишда бардавом бўлдилар. Бундай олимларга Таҳовий, Абу Бакр Розий, Қудурий ва бошқалар мисол бўла оладилар.

Асҳобларимиздан кейинги даврда келганлари бу ишда камчиликка йўл қўйдилар. Улар аввалги ўтганларнинг ишларига суяниб (ҳужжат ва далилларни зикр қилмай) қолдилар. Оқибатда уларга Суннат ва шариатни четлаш нисбати берилди. Бирор кишига асҳобларимизни мазкур ёмон хислат ила айблаш ҳалол эмас».

Ҳозирги кунимизда покистонлик уламолардан аллома Зафар Аҳмад Усмоний ўзларининг устозлари улуғ олим фазилатли шайх Ашраф Али Тоҳанавийнинг кўрсатмалари ила «Эълоус Сунан» номли йигирма бир жилдли китобни йигирма йил давомида ёзиб тугатдилар. Бу китоб улкан меҳнат самараси ўлароқ, Ҳанафий мазҳабидаги фиқҳий масалалар ҳадислар асосида ечилганини исбот қилибгина қолмай, ҳадисдан фойдаланишда бошқа мазҳаблардан устун эканини ҳам исбот қилди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳига тил теккизаётганлар аввало мазкур икки китобни ўқиб, сўнгра гап бошласалар, яхши бўлади.

Аллоҳ таоло ўтган уламоларимизнинг барчасини, жумладан, Имоми Аъзамни раҳмат айласин. Қолганларни тўғри йўлга бошлаб, ўзи адаштирмасин.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Аллоҳ таоло .Денгиз ови ва унинг таоми сизга ва сайр қилувчиларга ҳалол қилинди,, деган.Шарҳ .Денгиз ови, деганда, фақат сувда яшайдиган, сувдан чиқса яшай давоми...

4567 05:00 / 17.02.2017
7. Ота бир опасингил.Ота бир опасингиллар мерос илми истилоҳида .авлодул аллот, деб ҳам аталади.Ота бир опасингилларнинг мероси олти хил бўладиБиринчисиМаййитнинг давоми...

1482 10:36 / 09.03.2020
учинчи мақола10. Тартибли қилмоқ.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам доимо тартибли равишда, таҳоратнинг амалларини бирини олдинга, бошқасини кейинга сурмай давоми...

3819 13:00 / 02.07.2020
Савол. Билими йўқ бир кимса имомлардан бирортасига тақлид қилишни ўзига лозим тутмайди. Балки ўз эътиқодича, ҳар бир олимни муқтадо ва пешво деб билади. У ўз давоми...

3136 05:00 / 18.01.2017