1445 йил 18 Рамазон | 2024 йил 28 март, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Радднинг қоидалари (иккинчи мақола)

11:00 / 19.06.2020 1465 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Учинчи қисм:

Бир синфдаги раддга ҳақдор меросхўрлар билан бирга раддга ҳаққи йўқ меросхўрлардан бири, яъни эр ёки хотин ҳам бўлади.

Бундай ҳолатда раддга ҳаққи йўқ меросхўрнинг насибаси махражи масалага асл қилиб олинади. Унга фарз сифатида ўзининг ҳаққи берилади. Кейин мероснинг қолгани раддга ҳақдорларга уларнинг сонига қараб тақсимланади.

– Аёл кишининг ортидан эри ва учта қизи қолди. Бу ҳолатда масаланинг асли эрнинг насибаси махражи бўлади. У тўртдир. Эрга ундан бир улуш тегади. Қолган уч улушни учта қиз ўзаро бўлиб оладилар.

– Эркак кишининг ортидан хотини ва учта туғишган синглиси қолди. Бу ҳолатда масаланинг асли хотин насибасининг махражи бўлади. У тўртдир. Хотинга меросдан тўртдан бир улуш тегади. Қолган уч улушни туғишган сингиллар ўзаро тақсимлаб оладилар. Уларга бир улушдан тегади.

Гоҳида раддга ҳақдор бўлмаган меросхўрдан ортиб қолган улушларни раддга ҳақдорларга тақсимлаб бўлмай қолади. Бундай ҳолатда улушларни қайтадан тўғрилаш лозим бўлади. Бунинг учун эса масаланинг аслини раддга ҳақдорлар сонига тақсимлаш мумкин бўлган энг оз рақамга кўпайтирилади.

– Эркак кишининг ортидан хотини ва тўрт қизи қолди.

Бу ҳолатда масаланинг асли саккиз бўлади. Чунки хотин насибасининг махражи саккиздан бир. Демак, хотинга бир улуш тегади. Қолган мерос фарз ва радд сифатида тўрт қизга қолади. У етти улушдан иборат. Еттини тўртга бўлиб бўлмайди.

Бу ҳолатда масаланинг аслини тўғрилаш лозим бўлади. Бунинг учун масаланинг асли (8)ни раддга ҳақдорлар сонига бўлинадиган энг оз адад (4)га кўпайтирилади. Натижа ўттиз икки улуш бўлади.

Энди тўғриланган масала бўйича тақсим бўлади. Хотинга саккиздан бир яъни тўрт улуш тегади. Тўрт қиз қолган меросни ўзаро тақсимлаб, ҳар бири етти улушдан олади.

– Аёл кишининг ортидан эри ва беш қизи қолди.

Бу ҳолатда масаланинг асли тўрт бўлади. Чунки эр насибасининг махражи тўртдан бир. Демак, эрга бир улуш тегади. Қолган мерос фарз ва радд сифатида беш қизга қолади. У уч улушдан иборат. Учни бешга бўлиб бўлмайди.

Бу ҳолатда масаланинг аслини тўғрилаш лозим бўлади. Бунинг учун масаланинг асли (4)ни раддга ҳақдорлар сонига бўлинадиган энг оз адад (5)га кўпайтирилади. Натижа йигирма улуш бўлади.

Энди тўғриланган масала бўйича тақсим бўлади. Эрга тўртдан бир, яъни беш улуш тегади. Беш қиз қолган мерос (15)ни ўзаро тақсимлаб, ҳар бири уч улушдан олади.

– Аёл кишининг ортидан эри ва олти қизи қолди.

Бу ҳолатда масаланинг асли тўрт бўлади. Чунки эр насибасининг махражи тўртдан бир. Демак, эрга бир улуш тегади. Қолган мерос фарз ва радд сифатида олти қизга қолади. У уч улушдир. Учни олтига бўлиб бўлмайди.

Бу ҳолатда масаланинг аслини тўғрилаш лозим бўлади. Бу ерда қолган улуш (3) билан раддга ҳақдор меросхўрлар сони (6) орасида мувофиқлик бор. Олтини учга бўлсак, икки чиқади. Бу сон (2)ни радд масаласи асли (4)га кўпайтирилади ва саккиз ҳосил бўлади.

Ушбу саккиз улушдан тўртдан бири (2) эрга тегади. Қолганини олти қиз бир улушдан тақсимлаб оладилар.

Тўртинчи қисм:

Бир синфдан ортиқ раддга ҳақдор меросхўрлар билан бирга раддга ҳаққи йўқ меросхўрлардан бири, яъни эр ёки хотин ҳам бўлади.

Бундай ҳолатда раддга ҳаққи йўқ меросхўрнинг насибаси махражи масалага асл қилиб олинади. Унга ўзининг ҳаққи фарз сифатида берилади. Кейин мероснинг қолгани раддга ҳақдорларга уларнинг насибаларига қараб тақсимланади.

– Эркак кишининг ортидан хотини, онаси ва иккита она бир биродари қолди.

Бу ҳолатда масаланинг асли тўрт бўлади. Чунки хотиннинг насибаси махражи тўртдан бир. Хотин тўртдан бирни, яъни бир улушни олади. Қолган уч улушни она ва иккита она бир биродарлар бўлиб оладилар.

Энди раддга ҳақдор меросхўрлар (яъни бу ерда она ва икки биродар) масаласидаги умумий махражининг (яъни олтининг) олтидан бири (1) ва учдан бири (2) эътиборга олинади.

Бу эса ўз навбатида бирга икки бўлади. Шунга биноан, онага бир улуш, икки она бир биродарга икки улуш: ҳар бирига бир улушдан берилади.

– Эркак кишининг ортидан хотини, икки қизи ва онаси қолди. Бунда:

Хотинига мероснинг саккиздан бир, икки қизига учдан икки, онасига олтидан бир қисми тегади.

Масаланинг асли саккиз бўлади. Чунки хотиннинг асл махражи саккиздан бир. Хотинга бир улуш тегади. Қолган етти улуш икки қиз ва онага тақсимланади. Асл масалага биноан, олти улушнинг учдан иккиси (4) икки қиз ҳаққи ва олтидан бири (1) онанинг ҳаққидир. Икки ҳақни қўшсак, беш бўлади. Еттини бешга бўлиб бўлмайди.

Шунинг учун масаланинг асли тўғриланади. Бунинг учун масаланинг асли (8) тақсимни кўтарадиган энг оз рақам (5)га кўпайтирилади. Натижа қирқ бўлади.

Хотин саккиздан бир, яъни 5 улушни олади.

Қолган мерос икки қиз ва она орасида тўртга бир нисбат билан тақсимланади. Онага етти улуш, икки қизнинг ҳар бирига ўн тўрт улушдан тегади.

(Тамом)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳозиргача қайси турдаги ва қайси номдаги фиқҳий китоб ҳақида сўз юритган бўлсак, уларнинг барчаси якка муаллифларнинг асари ҳисобланади. Албатта, бу ўша давоми...

3798 13:40 / 16.05.2019
Бошқа илмлардаги каби, фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида давоми...

3085 16:05 / 12.12.2019
Араб тилида .қоида, сўзи асл ва асос маъноларини билдиради. Араблар уйнинг пойдеворини ҳам .қоида, дейишади. Фиқҳ уламолари истилоҳида .қоида, жузъий нарсаларнинг давоми...

4931 12:10 / 13.03.2019
ТақдимИслом динининг илк даврларидан бошлаб ҳаром ва ҳалол бирбиридан ажратилган, фарқлари Аллоҳ ва унинг Расули томонидан баён қилиб берилган эди. Бироқ, давоми...

11598 05:00 / 19.01.2017