1446 йил 28 жумадис сони | 2024 йил 30 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

ДЕНГИЗ ҲАЙВОНИ ВА ЎЛИМТИГИ

05:00 / 17.02.2017 4607 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло: «Денгиз ови ва унинг таоми сизга ва сайр қилувчиларга ҳалол қилинди», деган.
Шарҳ: «Денгиз ови» деганда, фақат сувда яшайдиган, сувдан чиқса яшай олмайдиган ҳайвонлар кўзда тутилади. Ҳам сувда, ҳам қуруқликда яшайдиган; бақа ва тимсоҳга ўхшаш ҳайвонлар ҳаромдир.
Ушбу ояти карима асосида денгиз-сув ҳайвонларидан қай бирини овланса ҳалол бўлиши келиб чиқади.

«Унинг таоми», яъни, денгизнинг таоми дейилганда, сувдан чиқиб ўлиб қолган ҳайвонлар назарда тутилади.
Келгуси ҳадисларда баён қилинишича, сув ҳайвонлари сувдан ажрагани учун ўлиб қолса, ҳалол бўлаверади. Агар сув ҳайвони сув ичида туриб ўлиб қолса, уни еб бўлмайди. Чунки, у бирор зарарли нарса тасиридан ўлган бўлади. Ундоқ ҳайвонларни еб бўлмаслиги ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар келган.
Аммо Ҳанафий мазҳаби уламолари сув ҳайвонларига тегишли масалада жумҳурга хилоф қилганлар. Улар, балиқдан бошқа сув ҳайвони ҳалол эмас, деганлар. Чунки, дейдилар улар, сув ҳайвонларини ўзи ўлганидан кейин истеъмол қилинади. Ўлимтик эса, ҳаромдир. Балиққа келсак, унинг ўлимтик бўлса ҳам ҳалоллиги ҳадисда келган.
Умуман сув ҳайвонлари ҳалоллиги ҳақида уламоларимиз ҳар хил далиллар борлиги учун кенг ижтиҳод қилганлар. Ўша кенг ижтиҳоднинг бир томонини Ҳанафийларнинг ижтиҳоди ташкил этса, иккинчи томонини, сув ҳайвонларининг ҳаммаси, ҳар бир ҳолда, ҳаттоки сув ичида ўлса ҳам ҳалол, деганларнинг ижтиҳоди ташкил этади.
Ушбу сарлавҳа остидаги ҳадиси шарифларини ўрганишимиз жараёнида бу масала, иншааллоҳ, ойдинлашади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни, уч юз отлиқни Абу Убайданинг амирлигида Қурайшнинг карвонини пойлаш учун юбордилар. Бас, бизга шиддатли очлик етди. Ҳаттоки, дарахт баргларини едик. (Гуруҳимиз) барг лашкари, деб номланди. Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисмларимиз яхши ҳолга келди. Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди. Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни (бу ишдан) қайтарди». Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу маъно турли кишилар томонидан, турли шакл ва лафзлар ила энг мўътабар ҳадис китобларимизда ривоят қилинган.
Ушбу уч юз отлиқнинг юриши кўпроқ «Сайфул баҳр ғазоти» номи ила машҳур.
Гуруҳнинг амири бўлган Абу Убайда-машҳур саҳобий-Омир ибн Абдуллоҳ ибн ал-Жарроҳ розияллоҳу анҳудир. У киши, жаннат башорати берилган ўн кишининг бирлари, музаффар лашкарбоши бўлган зотдирлар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрлари ила Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиққан бу саҳобийлар гуруҳи катта қийинчиликларга дуч келганлар. Бошқа ривоятларда айтилишича, таомлар озлигидан Абу Убайда розияллоҳу анҳу ҳамманинг таомини тўплаб, оз-оздан тановул қилишни йўлга қўйганлар. У ҳам тамом бўлганидан кейин, ушбу ривоятда зикр қилинганидек, дарахтларнинг баргини ейишга мажбур бўлганлар. Бу қийинчиликларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг дини йўлида бўлгани улар учун шарафдир.
Чин дилдан «Аллоҳ» деган бандани Аллоҳ таоло қаровсиз қолдирмайди. Ушбу гуруҳ ҳам чин дилдан «Аллоҳ» деган экан, Аллоҳ таоло Ўзи уларнинг мушкилини кушойиш қилди.
«Бас, денгиз «анбар» деб номланувчи улкан балиқни отиб чиқарди. Биз уни ярим ой давомида едик. Мойини жисмларимизга суртдик. Жисмларимиз яхши ҳолга келди».
Дарҳақиқат, уч юз жангчига ярим ой муддат давомида таом бўлган «анбар» жуда ҳам улкан денгиз жонивори бўлган. Бошқа ривоятларда, уни еб семириб кетдик, дейилганини эътиборга олсак, уни тергаб-тежаб эмас, бемалоллик билан еганлари келиб чиқади. Албатта, мазкур гўштнинг сақлаш, айниб қолмаслиги чораларини кўриш бўйича ўша вақтнинг услублари қўлланган бўлади.
Қаранг, очликдан дарахт баргларини ейишга мажбур бўлиб турган кишиларга Аллоҳ таоло Ўзи ғойибдан ризқ ато қилиб, турар жойларидагидан ҳам яхши ҳолатни вужудга келтириб берганини!
Ривоятнинг давомида мазкур денгиз ҳайвонининг катталигини баён қилиш учун баъзи миқёслар келтирилади.
«Абу Убайда унинг бир қовурғасини олиб тиклади. Отлиқ одам унинг тагидан ўтди».
Мазкур «анбар» ана шунчалик улкан экан. Албатта, у пайтларда метрлаб ўлчаш таомулда бўлмаган ва кишилар ўз услублари билан қиёслаганлар.
Ҳозирги кунда Кувайт давлатида манашу васф қилинганга ўхшаш «анбар»ни тўлиқ, мужассам ҳоли кўргазмага қўйиб қўйилган.
«Ичимиздан бир киши очлик шиддатлашганда учтадан, учтадан туя сўйиб турар эди. Абу Убайда уни (бу ишдан) қайтарди».
Мазкур саҳобалар гуруҳининг очлиги кучайиб, ҳожат тушганда учтадан, учтадан туя сўйиб турадиган қассобларининг исми, Қайс ибн Саъд ибн Убода ал-Ансорий бўлган.
Агар ҳар куни ёки икки кунда бир туя сўйилиб турарди, деб фараз қилсак ҳам мазкур «анбар» тахминан 25-45 туянинг ўрнини босган бўлади. Чунки у қирғоққа тушиб, саҳобаларга таом бўлганидан кейин Абу Убайда розияллоҳу анҳу ўз қассобларини туя сўйишдан тўхтатган эканлар.
Ушбу ривоятни манашу биз ўрганаётган бобда келтиришдан мақсад музкур денгиз ҳайвонини ҳалол эканини баён қилишдир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётлик даврларида саҳобалар ичида ҳаром иш содир бўлса, Аллоҳ таоло дарров огоҳлантирар эди. Ярим ой «анбар»ни есалар ҳам огоҳлантириш келмаганидан, у нарса ҳалол экани келиб чиқади.
Бунинг устига бошқа ривоятларда таъкидланишича, Абу Убайда розияллоҳу анҳунинг гуруҳи Мадинаи Мунавварага қайтиб келиши билан, бўлиб ўтган нарсани Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга айтиб мазкур ҳайвон ҳақида сўраганлар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам, Аллоҳ таоло сизларга уни таом қилиб чиқариб берибди, гўштидан қолган бўлса, бизга ҳам беринглар, деган маънода гап айтганлар.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз:

1. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кези келганда душман карвонларини пойлаш учун жангчи гуруҳлар юбориб турганлари.
2. Давлат бошлиғи томонидан маълум вазифани бажариш учун юбориладиган гуруҳга амир таъйинлаш лозимлиги.
3. Саҳобаи киромлар Аллоҳ таоло йўлида қаттиқ машаққатлар тортганлари.
Ушбу гуруҳнинг аъзолари очлик кучидан дарахт баргларини еганлари шунинг далилидир.
4. «Анбар»га ўхшаш улкан денгиз ҳайвонларининг гўштини ейиш, мойини баданга суртиш жоиз экани.

Сунан соҳиблари ривоятида: «У суви пок ва ўлимтиги ҳалол нарсадир», дейилган.
Шарҳ: Ушбу келтирилган жумла машҳур ҳадисдан иқтибосдир. Ҳадиснинг тўлиғи қуйидагича: Абу Ҳурарйра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўради: «Эй, Аллоҳнинг Расули, албатта, биз денгиз(кема)га минамиз. Ўзимиз билан озгина сув оламиз. Агар у билан таҳорат қилсак, чанқаймиз. Денгизнинг сувидан таҳорат қилаверайликми?» деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«У суви пок, ўлимтиги ҳалол нарсадир», дедилар».

Бу ҳадиси шарифнинг биз ўрганаётган бобга тегишли жойи «ўлимтиги ҳалол» деган еридир.
Демак, денгиз ҳайвонларининг ўлимтиги ҳам ҳалол бўлади. Сув ҳайвонларининг сув ичида ўлиб қолганлари ҳақида уламоларимиз қилган ижтиҳодлар ҳақида аввал баҳс юритдик.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бизга икки ўлимтик ва икки қон ҳалол қилинди. Икки ўлимтик; балиқ ва чигирткадир. Икки қон бўлса, жигар ва қора талоқдир», дедилар». Ибн Можа ва ал-Ҳоким ривоят қилган.
Шарҳ: Аслида, Аллоҳ таолонинг: «Менга ваҳий қилинган нарсада таомланувчи учун ҳаром қилинган нарсани топмаяпман. Магар ўлимтик ёки оқизилган қон ёки тўнғиз гўшти бўлса, албатта, у ифлос, ҳаромдир», деган ояти каримасига биноан асли ҳалол ҳисобланган ҳайвонларнинг ўлимтиги ва оқизилган қони ҳаромдир.
Ушбу ҳадиси шариф эса, ўша умумий ҳукмдан тўрт нарсани; иккита ўлимтикни ва иккита қонни истисно қилмоқда.
«Икки ўлимтик; балиқ ва чигирткадир. Икки қон бўлса, жигар ва қора талоқдир».
Ислом шариатида ўлимтик нопок, инсон саломатлиги учун зарарли бўлгани учун ҳаром қилинган. Агар беморлик ориз бўлмаса, ҳайвон ўз ўзидан ўлмайди. Қолаверса, ҳайвон шаръий йўл билан сўйилмай, бошқа сабабларга кўра ўлса, қони ва у билан бирга ундаги микроблар, касалликлар бутун баданига тарқалиб кетади. Уни таом сифатида тановул қилган одамга зарар етказади.
Аммо, балиқ ва чигирткада бу ҳолат йўқ. Уларнинг қони йўқ. Шунинг учун уларнинг ўлимтиги ҳеч зарар етказмайди. Бу нарса илмий тажрибалар орқали ҳам тасдиқланди.
Лекин, чигирткадан бошқа қони йўқ қуруқлик ҳайвонлари ҳаромдир. Чаёнлар, арилар, пашалар шулар жумласига киради.
Жигар билан қора талоқ ҳам асосан қондан таркиб топган бўлади. Аммо ўша қон жигар ва талоққа айланганда зарарсиз ҳолга ўтиб қолади, Шунинг учун ҳам шариатимизда бу икки нарса ҳалол қилинган.
Ушбу биринчи фаслда қуруқликдаги бўлсин, сувдаги бўлсин таом сифатида истеъмол қилиш ҳалол бўлган ҳайвонлар ҳақидаги баъзи ҳадиси шарифларини ўрганиб чиқдик.
Аллоҳ таолонинг ёрдами ила иккинчи - еб бўлмайдиган ҳайвонлар ҳақидаги фаслни ўрганганимиздан сўнг вазият яна ҳам ойдинлашади.
Ушбу емоқлиги ҳалол бўлган ҳайвонлар ҳақидаги бобнинг ниҳоясида, Ислом шариатида фақатгина пок ва фойдали ҳайвонларни таом сифатида тановул қилиш ҳалол қилинганини яна бир бор таъкидламоқчимиз.
Шу билан бирга, сув ҳайвонларига оид бир мулоҳазани эслатиб қўймоқчимиз. Аввал айтиб ўтилганидек, сув ҳайвонлари ҳақида уламоларимиз турлича ижтиҳод қилганлар. Албатта, ул муҳтарамлар ўз замонлари, имконлари, маданиятлари ва тушнчалари ҳамда бошқа омиллардан келиб чиқиб ижтиҳод қилганлар.
Бугунга келиб сув ҳайвонат олами ҳам атрофлича ўрганилди. Қадимда бўлмаган маълумотлар пайдо бўлди. Шунинг учун сув ҳайвонларининг ҳалол-ҳаромини аниқлашда аввалги маълумотларга янги маълумотларни ҳам қўшиб умумий қоидалардан келиб чиқиб иш юритилса, маъқул бўлса керак. Мисол учун, сувда ўта заҳарли, ейиш уёқда турсин, бирор жойига тегиб кетса ҳам инсонга зарар етказадиган ҳайвонлар борлиги аниқ бўлди. Бас, шундоқ экан, қандоқ қилиб уни ҳалол, еса бўлади дея оламиз.
Демак, бу масалада эҳтиёт бўлмоғмиз зарур бўлади.

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Рукуъ, луғатда .эгилиш, деган маънони билдиради. Шариатда эса бош ва бел билан қўли тиззасига етгунча энгашишга .рукуъ, дейилади. Рукуънинг энг ози икки кафтнинг давоми...

3847 19:00 / 02.12.2021
Фуруъу усулнинг муқобилига ишлатилиб шохобча маъносини англатади. Усулда фиқҳий аҳкомларни истинбот қилиш қоидалари устида иш боради. Фуруъда эса турли фиқҳий давоми...

3807 05:00 / 17.01.2017
Маълумки, Ҳанафий мазҳабига оид китоблар бир хил мартабада эмас. Бу китоблар уч даражага бўлинади.Биринчи даража.Бу даражадаги китоблар .Усул, деб аталади.Улар яна давоми...

3316 13:30 / 30.04.2020
Абу Усайд асСоъидий розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни никоҳ тўйига даъват қилди. Ўша куни унинг аёли, келинчакнинг ўзи уларнинг хизматчиси давоми...

3167 05:00 / 18.01.2017