Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (39-дарс). Янги усулул фиқҳ китоблари

15:25 / 01.07.2019 5166 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. «Усулул фиқҳ».

Бу китобнинг муаллифи шайх Абдулваҳҳоб Халлоф мисрлик таниқли олимлардан бўлиб, айнан усулул фиқҳ мутахассиси сифатида Олий ўқув юртларида дарслар берган. Бир неча йиллар давомида шаръий маҳкамада қози бўлиб ҳам ишлаган. Кейинроқ шаръий маҳкаманинг тафтиш аъзоси этиб тайинланган. 1934 йилдан 1948 йилгача Ислом шариати курсида устоз бўлиб хизматини давом эттирган.

Араб тили академияси аъзоси сифатида Қуръони Карим луғатларини ишлаб чиқишда мутасаддилардан бири бўлган.

Ҳофизи Қуръон бўлган бу олим исломий илмларнинг кўпгина соҳаларида салмоқли асарлар таълиф қилган. «Аҳком аҳвол аш-шахсийя», «Вақф ва мерос қонунларига тўлиқ шарҳ», «Шаръий сиёсатдаги ягоналик», «Нурун минал Ислам» (Қуръони Каримдан тафсирлар), «Қуръон қиссаларидан», «Исломдаги уч салтанат» китоблари шулар жумласидандир.

Мазкур «Усулул фиқҳ» китоби муайян мазҳабга ён босмай, холис ёзилганлиги ҳамда тилининг соддалиги, кўпчилик томонидан ўзлаштирилишига қулайлиги туфайли кўпгина араб давлатларида дарслик сифатида қабул қилинган.

Китоб тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда шаръий ҳукмлар олинадиган манбалар ҳақида, иккинчи қисмда шаръий ҳукмлар тўғрисида батафсил маълумот берилган. Учинчи қисм усулул фиқҳнинг луғавий қоидаларига, тўртинчи қисм шаръий ҳукмлар чиқариш қоидаларига бағишланган.

«Ҳукм чиқаришдан мақсад», «Ҳукмларда Аллоҳнинг ва мукаллафнинг ҳаққи», «Нималарда ижтиҳод қилиш мумкин?», «Ҳукмнинг насх бўлиши», «Ҳукмлардаги қарама-қаршилик ва уни ечиш» каби қоидалар алоҳида боблар сифатида кенг ёритилган.

2. «Усулул фиқҳил Исламий».

Бу китобнинг муаллифи Бенғозий дорилфунуни ҳуқуқ куллиясидаги шариат устози Закиюддин Шаъбондир. Муаллиф китобнинг муқаддимасида Усулул фиқҳ илмининг аҳамияти, уламоларнинг унга берган аҳамиятлари, ёзган китоблари ҳақида сўз юрита туриб, бу борадаги китобларнинг кўпчилиги мутахассислар учун эканлиги, тили ва услуби қийинлиги, олимларнинг тортишувларига кўп эътибор берганлиги сабабли оддий одамлардан кўра бошланғич босқичдаги толиби илмлар ҳам уларни тушуниб етишлари қийинлигини айтиб ўтади.

Кейин эса ўзи шариат куллияларида устозлик қила бошлаганда орзу қилиб юрган китобни ёзишни йўлга қўйиш учун ҳаракат қилганини таъкидлайди. Закиюддин Шаъбон мазкур китобнинг иложи борича ўқувчига осон бўлишига уринган. Китобнинг бош мавзулари, жумладан, қуйидагилардан иборат:

– Усулул фиқҳ илмининг таърифи, тарихи;

– Шаръий ҳукмларнинг далиллари;

– Иттифоқ қилинган далиллар;

– Ихтилоф қилинган далиллар;

– Китоб;

– Суннат;

– Ижмоъ;

– Қиёс;

– Масолиҳул мурсала;

– Истеҳсон;

– Урф;

– Шаръу ман қоблана;

– Қавлус саҳобий;

– Истисҳоб;

– Шаръий далиллардан олинадиган ҳукмлар;

– Ҳукм;

– Ҳукми чиққан тараф;

– Ҳукм зиммасига тушган тараф;

– Шаръий далиллардан ҳукмлар чиқариш йўллари;

– Ижтиҳод ва тақлид.

Закиюддин Шаъбоннинг «Усулул фиқҳил Исламий» китобининг тўртинчи нашри «Қорюнус» дорилфунуни томонидан 1979 йилда амалга оширилган.

3. «Усулул фиқҳил Исламий».

Бу китобнинг муаллифи замонамизнинг машҳур фақиҳларидан бири доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлийдир. У киши «Усулул фиқҳил Исламий» китобини Дамашқ дорилфунунида фиқҳ ва усулул фиқҳдан устоз бўлиб турганида ёзган. Китоб икки жуздан иборат. Муаллиф бошқа китобларидаги одати бўйича мавзу ҳақида батафсил сўз юритган. Мисоллар келтиришда тўрт мўътабар мазҳабдан мисол олишга ҳаракат қилган. Доктор Ваҳба Мустафо Зуҳайлий бу китобини ёзишда эски ва янги манбалардан унумли фойдаланган. Китобнинг биринчи нашри ҳижрий 1406 – милодий 1986 йилда «Дорул Фикр» нашриёти томонидан амалга оширилган.

4. «Ал-муяссар фил усулил фиқҳил Исламий».

Бу китобнинг муаллифи Дубайдаги исломий ва арабий илмий изланишлар факультети декани Иброҳим Муҳаммад Салқинийдир.

«Ал-муяссар фил усулил фиқҳил Исламий» икки қисмдан иборат.

Биринчи қисм уч бобдан иборат:

Биринчи боб: Усулул фиқҳга оид еттита муқаддима.

Иккинчи боб: Исломий шариатнинг манбалари.

Учинчи боб: Манбалардан олинадиган ҳукмлар ва шаръий далиллар.

Иккинчи қисм беш бобдан иборат:

Тўртинчи боб: Лафзларнинг далолатлари ва матнлардан ҳукмларни чиқариб олиш кайфияти.

Бешинчи боб: Насх ва унинг ҳукмлари.

Олтинчи боб: Ижтиҳод ва тақлид.

Еттинчи боб: Қарама-қаршилик ва бир тарафни устун қилиш.

Саккизинчи боб: Шариатнинг умумий мақсадлари.

Китоб осон ва равон тилда ёзилган. Ҳар бир мавзу бўйича етарлича мисоллар келтирилган.

«Ал-муяссар фил усулил фиқҳил Исламий» «Дорул фикр» томонидан 1996 йилда Байрутда нашр этилган.

5. «Тайсирул усулил фиқҳи».

Бу китобнинг муаллифи Абдуллоҳ ибн Юсуф Жудайъдир. «Тайсирул усулил фиқҳи» тақлидий усулул фиқҳ китобларига ўхшамайди. Унда усулул фиқҳнинг уч мавзуси ҳақида сўз юритилган.

Муаллиф муқаддимада усулул фиқҳ илми ҳақидаги тушунча ва таърифни ҳамда усулий ва фиқҳий қоидалар орасидаги фарқларни баён қилган.

Кейин ҳукмлар ва уларнинг далиллари ҳақида маълумот берган.

Сўнг шаръий ҳукмларни чиқариш қоидалари тўғрисида сўз юритган.

Китобнинг охирида ижтиҳод ва тақлид ҳақида батафсил баҳс кетган.

«Тайсирул усулил фиқҳи» «Муассасатур-Райян» томонидан 1997 йилда Байрутда нашр этилган.

6. «Усулул фиқҳ».

Бу китобнинг муаллифи мисрлик машҳур олимлардан Муҳаммад Хазарийбекдир. У кишининг айтишича, 1905 йили Судандаги Ғардун куллиясида ушбу фандан дарс берганда тайёрлаган маърузаларини жамлаб, китоб қилган. Мавзуларни кўпайтирмасдан, китоб тилининг содда ва равон бўлишига эътибор берган. Муҳаммад Хазарийбек имом Баздавийнинг «Усул»и, Ибн Ҳожибнинг шарҳлари, «Танқийҳул усул» ва «Шарҳул Аснавий алал Минҳож» каби китобларга суюнган.

Муҳаммад Хазарийбек Суданга зиёрат учун келган Шайх Муҳаммад Абдуҳуга ўз китобини кўрсатган. У киши китобни мақтаб, муаллифга маслаҳатлар берган, хусусан, имом Шотибийнинг «Мувофақот» китобидан фойдаланишни таклиф қилган. Муҳаммад Хазарийбек мазкур китобни яхшилаб ўрганган ва китобини қайта ёзишда ундан унумли фойдаланган.

Мисрга қайтиб келганидан кейин Муҳаммад Хазарийбек шаръий қозилик мадрасасида дарс берган. Бу ерда усулул фиқҳни кенг ва чуқур тарзда ўқитиши керак бўлган. Китобга яна қўшимчалар киритилган. Натижада китоб мукаммаллашган.

Китобнинг бош сарлавҳалари қуйидагилардан иборат:

– Усулул фиқҳнинг тарихий муқаддимаси;

– Аҳкомлар ҳақида;

– Лафзлардан аҳкомларни чиқариб олиш кайфияти;

– Тафсилий аҳкомларнинг далиллари;

– Ижтиҳод ва тақлид.

“Фифҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
...аёлни мақтаб, алдаб кўчага олиб чиқишди, унинг ҳаё пардасини йиртиб, фаҳш ишларга судрашди. Иккови ҳам аёлларнинг шаънини ерга уришдан бошқа иш қилмади. давоми...

7868 05:00 / 03.03.2017
иккинчи мақола Бу ҳукмларни фақиҳларимиз қуйидаги далиллардан олганлар . . Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади .У киши .Набий соллаллоҳу давоми...

2799 13:56 / 04.03.2021
Барча фуқаҳолар қабрларни эҳтиром қилиш суннат эканига иттифоқ қилганлар. Қабрларнинг эҳтироми қуйидагилардан иборат 1. Қабрнинг устига ўтириб, устидан юриб ёки давоми...

989 19:00 / 22 март
.Васий, етим болаларга қараб, уларнинг молмулкларини тасарруф қилиб туриш топширилган кишидир.Васийни отанинг ўзи ўлими олдидан васият йўли билан, давоми...

1646 11:05 / 03.08.2020