1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Силаи раҳм

Ислом – ота-онанинг ҳаққини юқори қўяди

11:46 / 04 июнь 1149 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Онанинг фарзанддаги ҳаққи отаникидан устун экани кўпчилик биладиган маълумот. Аммо ўша ҳукмнинг далили, ҳужжати қайси оят ёки ҳадисда келганини билиш ушбу масалани илмий асосда тушунишга ёрдам беради. Бу билан ўша ҳукмга амал қилиш ҳам осонлашади.

Аллоҳ таоло Луқмон сурасида айтади:

«Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик: онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди; уни сутдан ажратиш икки йилдадир. Менга ва ота-онангга шукр қилгин. Ва қайтиш фақат Менгадир» (14-оят).

Қуръони Каримда фарзандларга ота-онани ҳурмат қилиш, уларни эъзозлаш ҳақида қайта-қайта насиҳат берилади. Чунки Ислом ота-онанинг ҳаққини юқори қўяди. Ушбу оятда ота-онани ҳурмат қилиш ҳар бир фарзанд учун Аллоҳнинг амри экани баён этилмоқда.

«Инсонга ота-онаси ҳақида тавсия қилдик…»

Тавсия, кўпчилик тушунганидек, ихтиёрий иш эмас, балки Аллоҳнинг амридир. Ана шу амр нимадан иборат эканини айтишдан олдин ота-онани ҳурмат қилишнинг сабаби айтиб ўтилади:

«Онаси уни заифлик устига заифлик билан кўтарди».

Яъни ҳомиладорлик пайтида онаси уни қорнида заифҳол бўлиб кўтаради. Борган сари заифлик устига заифлик ортиб боради. Бу ҳол бола туғилгунича давом этади.

«Уни сутдан ажратиш икки йилдадир».

Яъни қорнида заифлик устига заифлик билан кўтарган боласини она кейин яна икки йил давомида эмизади.

Уламоларимиз шаръий эмизиш муддати икки йил экани ҳақидаги ҳукмни шу жумладан олганлар. Бола икки ёшга етгунича бирор аёлни эмса, сут орқали насаб собит бўлади. Ҳамда ўша эмизишга боғлиқ ҳукмлар жорий қилинади. Мисол учун, уни эмизган аёл унга эмизикли она, унинг эри эмизикли ота, болалари эмикдош ака-ука, опа-сингил бўладилар. Маҳрамлик ва никоҳ масалаларидаги ҳукмлар ҳам шунга мувофиқ кучга киради.

Хуллас, она ҳам ҳомиладорлик даврида, ҳам эмизиш даврида бола туфайли катта қийинчиликларни бошидан кечиради. Шунинг учун ҳам фарзандда онанинг ҳаққи отаникидан кўп бўлади.

Оятнинг давомида тавсия нимадан иборат экани айтилади:

«Менга ва ота-онангга шукр қилгин».

Эй инсон фарзанди, аввало Менга – яратган Роббингга, кейин ота-онангга – сенинг дунёга келишингга сабаб бўлган зотларга шукр қилгин. Бу ишлар энг олий бурчингдир.

«Ва қайтиш фақат Менгадир».

Билиб қўй, ана ўша қайтиш вақти келганида, бу ҳақда Ўзим ҳисоб-китоб қиламан.

عَنْ بَهْزِ بْنِ حَكِيمٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ قَالَ: قُلْتُ: يَا رَسُولَ اللهِ، مَنْ أَبَرُّ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «أُمَّكَ»، قُلْتُ: ثُمَّ مَنْ؟ قَالَ: «ثُمَّ أَبَاكَ، ثُمَّ الْأَقْرَبَ فَالْأَقْرَبَ».

Баҳз ибн Ҳакимдан, у отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Кимга яхшилик қилай?» дедим.

«Онангга», дедилар.

«Сўнгра кимга?» дедим.

«Онангга», дедилар.

«Сўнгра кимга?» дедим.

«Онангга», дедилар.

«Сўнгра кимга?» дедим.

«Отангга ва кейин яқинларга, яқинларга», дедилар».

Шарҳ: Мана шу ҳадиси шарифда Расули акрам алайҳиссолату вассалом «Кимга яхшилик қилай?» деб сўраган саҳобийга кетма-кет уч марта «Онангга яхшилик қил», деб туриб, тўртинчисида «Отангга», дейишларидан уламоларимиз ҳукм чиқариб: «Онанинг ҳаққи отаникига нисбатан уч марта юқори туради», дейишади.

Чунки боланинг дунёга келишида, ўсиб-унишида жуда катта машаққат чеккан зот она бўлади.

Ҳомиладорликнинг барча машаққатларини онанинг ўзи тортади. Кўнгил айниши, беҳол бўлиш, заифлашиш, болани қоринда кўтариб юриш ва ҳомиладорликка оид шунга ўхшаш бошқа машаққатларга она дучор бўлади.

Туғиш машаққатлари, тўлғоқ қийинчиликлари онанинг ўлимни бўйнига олганига далилдир. Баъзи оналар айни туғиш жараёнида ҳалок бўлишларининг ўзи нима учун онанинг ҳаққи отаникидан устун қўйилганини билиб олишга ёрдам бериши керак.

Болани эмизиш, уни ювиб-тараш, кечалари уйқудан қолиб, бола учун машаққат чекиш ва шунга ўхшаган ишларнинг барчасини она ўз зиммасига олади.

Шу билан бирга, онанинг мунислиги, муштипарлиги, жисмининг, кўнглининг нозиклиги ва бошқа тарафлари ҳам бор. Улар оталарга нисбатан ёрдамга, яхшиликка, иноятга, лутфга, марҳаматга кўпроқ муҳтожлиги учун ҳам уларга ортиқроқ даражада эҳтиром кўрсатиш зарур.

Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:

1. Кимга яхшилик қилиш ҳақида улуғлардан сўраш кераклиги.

2. Фарзанднинг яхшилик қилишига энг сазовор шахс она экани.

3. Фарзанднинг яхшилик қилишига онадан кейин энг сазовор шахс ота экани.

4. Онанинг ҳаққи отаникидан уч марта кўплиги.

«Яхшилик ва силаи раҳм» китоби 1-жуз.


Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7613-рақамли хулосаси асосида тайёрланган.

 

 

Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
7. Ибн Аббосдан ривоят қилинади.Бир мўминмусулмон инсоннинг мусулмон отаонаси бўлса, уларга яхшилик қилиб, унинг савобини кутган ҳолда тонг оттирган бўлса, Аллоҳ давоми...

3407 15:01 / 13.10.2018
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади.Бир киши.Эй Аллоҳнинг Расули Менинг бир қўшним бор, ҳар доим менга озор беради,, деди..Бориб, уй анжомларингни кўчага олиб чиқиб қўй,, давоми...

3237 19:50 / 04.12.2019
Ибн Умардан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Менга Жаброил қўшни хусусида тавсия бераверганидан уни меросхўр қилиб қўярмикан, деб ўйлаб давоми...

2113 15:45 / 28.08.2019
Баъзи ҳолатларда фарзанд аҳли солиҳ, отаона фожир ва фосиқ бўлиши ҳоллари ҳам учраб туради. Агар отаона Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишни қилса, бола нима қилиши керак давоми...

1835 18:20 / 16 ноябрь
Аудиолар

135056 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55332 14:35 / 11.08.2021