1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Мақолалар

Тежамкорлик жасад учун яхшидир

12:00 / 22.03.2019 4061 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Исломий маърифати бўлмаган киши исрофнинг ҳақиқатини тушуниб етиши қийин. Исломда Қуръони карим оятлари орқали, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари орқали, шариат таълимотлари ва улуғ зотларнинг насиҳатлари орқали исроф ҳақида тўлиқ тушунча берилади. Исрофнинг гуноҳ экани, унинг бу дунё ва охиратда ёмон оқибатларга олиб бориши мумкинлиги уқтирилади.

Исломда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ва аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушириб қўйилмайди. Балки ўрта меъёрда адо этилади.

Исрофчи диний таълимотларни билмаслиги оқибатида мубоҳ нарсаларда ҳаддидан ошади, исроф даражасида овқатланишга ўтади, семириб кетади, бадани оғирлашади, иштаҳаси карнай бўлади, дангасалашади, бўшашади ва бемор бўлади.

Бу борада ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу дейдилар: «Таом ва ичимликда қорин бандаси бўлманглар. Албатта, бу жасадни бузувчидир, касални келтирувчидир, намоздан қолдирувчидир. Сизлар бу икки нарсада тежамкор бўлинглар. Тежамкорлик жасад учун яхшидир, исрофдан узоқдир».

Исрофчи бўлмаслик, бу дунёда ҳам, охиратда ҳам ҳасрат-надоматга қолмаслик учун диний таълимотларни ўрганиб, улар асосида маиший маърифат ҳосил қилиш керак бўлади.

Баъзи ҳолатларда болалар исрофчи оилада туғилиб, исрофчилик шароитида ўсадилар. Бундай болалар исрофни табиий ҳолат деб тушуниб қоладилар. Албатта, улар катталарга эргашиб, улардан ўрнак олиб исрофчи бўладилар.

Катталар доимий равишда аҳамият бериб, болаларнинг исрофга ўрганиб қолмасликлари учун зарур бўлган барча чора ва тадбирларни кўриб боришлари керак. Болаларни исрофдан узоқ ва тежамкорликка яқин қилиб тарбиялаш, вояга етказиш катталарнинг вазифасидир.

Ота-она фарзандига яхши ахлоқларни ўргатсин, уни ёмон болалардан сақласин, ўткинчи лаззатларга қизиқишга одатлантирмасин, зебу зийнатга ружу қўйишга қизиқтирмасин. Токи катта бўлганда зебу зийнат ортидан қувиб, умрини зое қилмасин.

Болада пайдо бўладиган салбий сифатларнинг аввалгиси таомга ўчликдир. Болада бу сифат шаклланиб қолмаслиги учун ота-она унга овқатланиш одобларидан таълим берсин. Баъзи вақтларда фақат нон ейишга одатлантирсин. Токи нонга бошқа нарсани қўшиб ейиш лозим, деган хаёлга бормасин. Шу тариқа ота-она фарзандига кўп овқат ейишнинг ёмонлигини сингдиради. Таомга ружу қўйиш, қорни тўйганини билмасдан, апил-тапил еявериш ҳайвонлар иши эканини тушунтиради. Бошқа ҳақиқатларни ҳам англатиб, болани исрофга йўл қўймайдиган қилиб ўстиради.

Дунёнинг ишлари доимо бир хилда турмаслиги собит ҳақиқатдир. Тўқлик очликка, бойлик камбағалликка, серобчилик қаҳатчиликка айланиб қолиши эҳтимоли бор. Банда тўқлик пайтида очликнинг, бойлик пайтида камбағалликнинг ва серобчилик пайтида қаҳатчиликнинг чорасини кўриб қўймоғи лозим бўлади. Бу эса исрофгарчиликка йўл қўймасдан, келажак учун жамғарма йиғиб қўйишни тақозо қилади.

Ҳозирги пайтдаги исрофгарчиликнинг кўпи ҳам одамларнинг дунё ҳаёти ўзгарувчан эканидан бехабарлиги оқибатида келиб чиқмоқда. Кўпчилик моддий имконияти яхшиланиши билан гўё абадий шундай бўлади, деган хаёлга бориб исрофга қўл урадилар. Эртага иш чаппасига айланиб қолиши мумкинлигини мутлақо хаёлларига келтирмайдилар. Кейинчалик «Мол топсак ҳам ақл топмаган эканмиз», дея афсус-надомат қилиб юрадилар.

Баъзи одамлар торликда, қийинчиликда яшаб юрадилар. Ўша вақтда тақдирга тан берадилар, тежамкор бўладилар. Аммо торликдан кенгликка, қийинчиликдан енгилликка чиқишлари билан исрофчиликка ўтиб кетадилар. Бундай маърифатсиз одамлар «Вақтида сабр қилганмиз, энди бир маза қилиб яшайлик», қабилида иш тутадилар ва ўзларига исрофчиликни эп кўрадилар. Бу эса мутлақо нотўғри ишдир. Исрофчилик бундай кишиларнинг тезда яна аввалги торлик ва қийинчилик ҳолига қайтишларига сабаб бўлиши мумкин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам  дедилар:

«Киши дўстининг динидадир. Бирингиз кимга дўст бўлишига назар солсин».

Аҳмад, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Мусулмон инсон гўзал сифатли кишиларни ўзига дўст тутишга одатланиши лозим. Дўст дўстдан таъсирланиши, агар ихтиёр қилинган дўст исрофчи бўлса, аста-секин унга дўст бўлган шахсга ўз таъсирини ўтказиб, унинг ҳам исрофчи бўлиб қолишига сабаб бўлиши шубҳасиздир.  

Манманлик ва шуҳратпарастликни яхши кўриш кўп ҳолатларда исрофчиликка сабаб бўлади. Баъзи мақтанчоқ кишилар одамларнинг кўзига сахий бўлиб кўриниш ниятида риё ва мақтанчоқлик ила мол-мулкларини исроф даражасида сарфлашга ўтадилар. Бундай одамлар атрофдагиларнинг мақтовига эришиш учун пулларини орқа-олдига қарамай сарфлайдилар. Шуҳрат кетидан қувиб, Аллоҳ таоло ҳаром қилган ишларни қилишдан ҳам тап тортмайдилар.

Исрофгарчиликнинг энг катта сабабларидан бири айнан мана шу банддаги гапдир. Маърифатсиз одамлар кимўзарга исроф қилишни ўзларига касб қилиб оладилар. Бундай тоифаларнинг ичида «Фалончи ундай қилибди, мен ундан ўтказмасам, исмимни бошқа қўяман», шиори баланд кўтарилган бўлади.  Исрофчиликка олиб келадиган «Фалончи бундай қилибди, мен ҳам қиламан», қабилида иш тутиш ҳозирги кунда кенг тарқалган хунук одатлардан бири десак, муболаға қилмаган бўламиз.

“Исроф” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Илмнинг асосларидан бири шуки, табиий ҳақиқатлар ўзгармасдир. Ишончли далил билан собит бўлган ҳақиқат барча вақтларда ҳақиқатлигича қолаверади. Бу нарса давоми...

1737 16:00 / 24.07.2019
Рамазон ойи ҳам яқинлашиб қолди. Бу ойнинг улуғлиги кўпчиликка маълум. Бу ойда бажариладиган амалларнинг савоби бошқа ойларга қараганда кўпайтириб берилишини давоми...

3068 12:30 / 01.05.2019
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Сизга муборак Рамазон ойи келди. Аллоҳ азза ва жалла сизга унинг рўзасини давоми...

2117 18:40 / 04.05.2019
Ер шари қуруқлик қисмининг умумий майдони борган сари қисқариб бораётганини биласизми Музликларнинг муттасил равишда эриб бораётгани натижасида пастқам давоми...

5342 10:00 / 22.08.2023