1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Вало орқали мерос олиш

16:05 / 23.12.2019 2177 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ بُرَيْدَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ: أَنَّ النَّبِيَّ صلى الله عليه وسلم جَعَلَ لِلْجَدَّةِ السُّدُسَ إِذَا لَمْ تَكُنْ دُونَهَا أُمٌّ. رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ. وَاللهُ أَعْلَى وَأَعْلَمُ.

Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам она бўлмаганда, момога олтидан бирни берганлар».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилганлар. Аллоҳ олий ва билгувчироқдир.

Маййитнинг онаси бўлса, момоси мерос олмайди. Она момони меросдан тўсади. Шунингдек, ота бобони ҳам, момони ҳам меросдан тўсади.

Вало орқали мерос олиш

«Вало» луғатда «яқинлик», «қариндошлик» маъноларини англатади.

Шариатда эса қул озод қилувчи билан озод бўлган қул орасидаги яқинлик алоқаси бўлиб, унинг асосида қул озод қилувчи ва унинг асабалари озод бўлган қулнинг меросини олиш ҳаққига эга бўладилар.

Бу ҳолдаги мерос олиш аллақачон йўқ бўлган. Чунки дунёда қулчиликнинг ўзи қолмади. Шу нуқтаи назардан хаёлга «Мазкур ҳукм ўрганилмаса ҳам бўлар», деган фикр келиши мумкин. Лекин ўрганилгани яхши. Аввало, ҳар бир ҳадисни ўрганиш, уларнинг маъносини англаш, ҳукмларини билиш улкан ибодатдир.

Ушбу ривоятларни ўрганиш орқали Аллоҳнинг охирги Пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари ўрганилади, тил ўрганилади, шаръий маъно ва ҳукм, қолаверса, тарих ўрганилади.

Бошқа барча ривоятлар каби, бу ривоятларни ўрганиш асносида Исломнинг улуғворлиги, инсонпарварлиги ва бекаму кўст тузум эканлиги ўрганилади. Динимизнинг қулдорчиликка қарши қандай курашганлиги ўрганилади.

Мисол учун, сарлавҳани олиб кўрайлик: «Вало орқали мерос олиш ҳақида». Вало – биз учун янги маъно, янги маълумот. Вало – қариндошлик. Қариндошлик бўлганда ҳам, қул озод қилувчи билан унинг озод қилган қули орасидаги қариндошлик.

Фақат Исломгина хожа билан собиқ қулнинг ўртасида қариндошлик ришталарини ўрнатган. Ўрнатганда ҳам, мерос оладиган даражадаги қариндошликни жорий қилган.

Бир инсон ўлганида унинг орқасидан меросхўр қолмаслиги ачинарли ҳолатдир. Ислом собиқ қулларни ана шу ҳолатдан ҳам халос қилди. Агар озод бўлган қулнинг ортида насабий меросхўри қолмаса, валоий меросхўри қолишини таъминлади.

Шу билан бирга, бу ишда қул озод қилишга бўлган катта тарғиб ҳам бор. Чунки валонинг, яъни озод қилинган қулнинг меросини олишга қизиқиб, қул озод қилувчилар кўпайган.

عَنْ عَائِشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا، عَنِ النَّبِيِّ صلى الله عليه وسلم قَالَ: الْوَلَاءُ لِمَنْ أَعْطَى الْوَرِقَ وَوَلِيَ النِّعْمَةَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

وَلِلْبُخَارِيِّ: مَوْلَى الْقَوْمِ مِنْ أَنْفُسِهِمْ. أَوْ كَمَا قَالَ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Вало пул берганга ва валинеъмат бўлгангадир», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Бухорийнинг лафзида:

«Бир қавмнинг мавлоси уларнинг ўзларидандир. Ёки шунга ўхшаш гап айтдилар», дейилган.

Валонинг, яъни озод қилинган қулнинг меросини олиш уни пул бериб, сотиб олган ва унга озодлик неъматини бериб, валийнеъмат бўлган кишига бўлади.

«Мавло» ҳам озод қилинган қулдир. Исломий одоб юзасидан собиқ қулларга нисбатан қул ва шунга ўхшаш сўзларни ишлатмасдан, уларга «мавло», «дўст», «хўжайин» каби эркалатувчи истилоҳлар билан мурожаат қилинган.

Имом Бухорийнинг ривоятларида келган:

«Бир қавмнинг мавлоси уларнинг ўзларидандир», деган ҳадиси шарифга амал қилиб, мусулмонлар собиқ қулларни «фалончининг мавлоси» деб атаганлар. Уларнинг қабиласига нисбат бериб, «фалоний» деб номлаганлар ва меросхўрлари бўлмаса, ўзлари уларга меросхўр бўлганлар.

Бу ишларнинг ҳаммаси қулларнинг обрўсини кўтариш, озод бўлганларидан кейин ҳурлар жамиятига сингиб кетишлари, ўзларини ғариб санамасликлари учун кўрилган чоралардир.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
. . ,. . Абу Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Бир киши .Аллоҳга қасамки, эй Аллоҳнинг Расули, фалончининг чўзиб давоми...

4963 18:20 / 01.09.2022
Фиқҳ илмининг асоси бўлмиш .усулул фиқҳ, муҳим илмлардан биридир. Фуқаҳолар мужтаҳидларнинг шариат аҳкомларини қай тариқа истинбот этганларини мазкур илм орқали давоми...

7754 18:15 / 09.01.2019
Ёлғиз Аллоҳнинг Ўзига ҳамд бўлсинОртидан Набий келмайдиган зот ndash саййидимиз ва Набийимиз Муҳаммадга салавоту салом бўлсинАммо баъдуРобитатул Оламил давоми...

4118 13:00 / 29.10.2020
Маълумки, Рамазондан олдинги шаъбон ойининг йигирма тўққизинчи куни мусулмонлар янги ойни кўришга ҳаракат қиладилар. Бунинг учун ўша куни қуёш ботиши пайтида давоми...

1220 19:00 / 17.07.2025