Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 3 жумадул аввал | 2024 йил 05 ноябрь, сешанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (76-дарс). Имом Абу Ҳанифа ва у кишининг мазҳаблари

15:05 / 12.03.2020 5400 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мусулмонлар оммасига Имоми Аъзам номи ила машҳур бўлган бу зот ҳақида кўплаб мақолалар ва китоблар ёзилган. Биз эса у кишининг улуғ ҳаётлари билан қисқача танишиб чиқамиз.

Абу Ҳанифа Нўъмон ибн Собит ибн Зутий Куфа шаҳрида ҳижрий 80-санада таваллуд топдилар. У киши фиқҳий мазҳаблар бошлиқлари ичида энг аввал туғилганидирлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг оталари Собит ибн Зутий асли форс бўлган. Боболари эса асли кобуллик бўлган. Оталари Термиз, Наса ва Анбор шаҳарларида яшаб, охири Куфада қарор топган ҳамда Абу Ҳанифа айни шу шаҳарда дунёга келганлар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг оталари Али розияллоҳу анҳу билан учрашган ва ўзига ҳамда зурриётига барака тилаб, у кишининг дуоларини олган эди.

Кўпчилик тарихчилар Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳини тобеъинлардан кейинги авлод мусулмонларидан, дейишади. Аммо баъзилар у кишининг тобеъин бўлганларини, саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан «Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир», ҳадисини ривоят қилганларини таъкидлайдилар.

Шунингдек, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн ал-Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлар. Аммо уларнинг суҳбатларида бўлмаганлар. Саҳобани кўрган шахс тобеъин бўлади, деган уламолар «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин бўлган», дейдилар. Саҳобани кўрса-ю, суҳбатини топмаса, тобеъин бўлмайди, дейдиган уламолар «Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи тобеъин бўлмаган», дейдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи ўша вақтнинг катта шаҳари бўлган Куфада ўсдилар. Кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осим ибн Абу Нажжуддан Қуръони Каримни ёд олдилар.

Ёшликларидан таҳсили илм қилдилар, бир вақтнинг ўзида касб ҳам қилар эдилар. Илм мажлисларидан кўра бозорда кўп бўлар, ипак сотар эдилар. Кўпчилик у кишидаги ақл-заковат ва ўткир зеҳн ила илмга уриниш лозимлигини таъкидлар эди. Охири бу фикр Абу Ҳанифанинг ўзларига етказилди.

Ибн Ҳажар ал-Маккий шундай ёзади:

«Абу Ҳанифа айтдики:

«Бир куни Шаъбийнинг олдидан ўтиб қолдим. У ўтирган экан. У мени олдига чақириб:

«Кимга аралашасан?» деди.

«Бозорга аралашаман», дедим.

«Бозорни айтаётганим йўқ. Уламоларга аралашишни айтяпман», деди.

«Мен уларга оз аралашаман», дедим.

«Ундай қилма! Илмга назар сол! Уламолар мажлисига бор! Мен сенда сергаклик ва ҳаракатни кўряпман», деди.

Унинг гапи менга таъсир қилди. Бозорга боришни тарк қилиб, илм олишни бошладим. Унинг сўзи ила Аллоҳ менга манфаат берди».

Дастлаб у киши ақоид илмини ўргандилар. Калом илмида донг таратдилар.

Яҳё ибн Шайбондан қилинган ривоятда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтганлар:

«Мен каломда тортишиш қобилияти берилган одам эдим. Бир муддат унга аралашиб юрдим, талашдим, тортишдим. Хусумат ва мужодала соҳибларининг кўплари Басрада эди. Бас, Басрага йигирма мартадан ортиқроқ бордим. Бир йил, ундан кўп ёки озроқ турдим. Хаворижларнинг Абозия, Суфрия деган тоифалари ва бошқалар билан низолашдим. Ўша пайтда каломни илмларнинг афзали деб билар эдим. Бу калом диннинг аслидир, дер эдим. Унда бир муддат умрим ўтганидан кейин ўзимни ўзим тергадим. Тадаббур қилдим».

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари имом Зуфар ибн Ҳузайл у кишидан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Абу Ҳанифанинг қуйидагиларни айтганини эшитдим: «Каломга назар солар эдим. Ҳатто бунда менга бармоқ ила ишора қилинадиган даражага етдим. Биз Ҳаммод ибн Сулаймоннинг ҳалқаси яқинида ўтирар эдик. Кунлардан бирида бир аёл келиб:

«Бир кишининг чўри хотини бор. Суннатга мувофиқ талоқ қилмоқчи бўлди. Неча талоқ қилади?» деди.

Ҳаммоддан сўрашга ва қайтиб келиб, менга хабарини беришга амр қилдим. У Ҳаммоддан сўради. Бас, у: «Ҳайздан ва жинсий яқинликдан пок бўлганда бир талоқ қўяди. Сўнг икки марта ҳайз кўргунча тек қўяди. Ғусл қилгач, бошқа эркаклар учун ҳалол бўлади», деди. Аёл қайтиб кетди.

Мен, каломга ҳожатим йўқ, дедим-да, кавушимни олиб, Ҳаммоднинг олдига ўтирдим. Мен унинг масалаларини эшитар ва гапини ёдлаб олар эдим. Эртасига қайтарса, мен ёдлаб олган бўлардим. Бошқалар хато қилишарди. Бас, у: «Ҳалқанинг бошида, менинг рўпарамда Абу Ҳанифадан бошқа ўтирмасин!» деди».

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
1. Намоз Исломнинг иккинчи рукни, ибодатларнинг онаси, тоатларнинг асоси, гуноҳларни ювувчи, ёмонликларни қайтарувчидир. 2. Намоз калимаи шаҳодатдан кейинги энг давоми...

3113 14:00 / 13.05.2021
биринчи мақола . . . .Осмон ва ер суви ила таҳорат қилинади, гарчи кўп туриш ила ўзгарган ёки унга пок нарса аралашган бўлса давоми...

4304 14:09 / 17.09.2020
121. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ким менга қасддан ёлғон давоми...

8883 18:29 / 26.07.2017
Бир неча фиқҳий мазҳабнинг қарашларини ўзида жамлаган китобларни уламолар .фиқҳул муқорин, дейишади. Бу истилоҳни сўзмасўз таржима қиладиган бўлсак, давоми...

4423 21:10 / 17.04.2019