1446 йил 30 рабиъус сони | 2024 йил 02 ноябрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Таъзия маросимлари ҳақида рисола

05:00 / 18.01.2017 4859 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бисмиллоҳир Роҳманир Роҳийм


Фазл ва неъматлар соҳиби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин! Токи кеча-ю кундуз изма-из келар экан, инсониятнинг саййиди бўлмиш Унинг расули Муҳаммадга ҳамда аҳли оилалари саҳобаларига солат ва саломлар бўлсин!


Шундан сўнг Борий сифатли парвардигорнинг авфига муҳтож Муҳаммад Айюб ибн Муҳаммад Латифуллоҳ ал-Ҳанафий ал-Пешоварий – унинг ошкора ва махфий гуноҳларидан Аллоҳ ўтсин – айтади: ислом аҳлининг айримлари орасида таъзия кунларида маййит эгасидан маросим таоми олиш кенг тарқалган. Бу нарса айрим шаҳарларда расман жорий бўлган бўлиб, ўзининг ниҳоят ва ғоят даражасига етиб қолган. Афсуски, улар бу ишни саҳобалар ижмоъси ва тўрт нафар имомларнинг иттифоғи билан бидъати саййиъа деб баҳоланганини билмайдилар.

Тўрт мазҳаб далилларининг тўплами бўлмиш "Кашф ал-ғумма"да маййит дафн қилингандан кейин таом ейиш учун маййит эгасининг одамларни жамлашини саҳобалар разийаллоҳу анҳум макруҳ санаганлари, улар бу нарсани уввос солиб йиғлаш гуноҳи билан тенглаштирганлари баён этилган. Тамом.

Мен айтаманки, уни Ибн Можжа ўз "Сунан"ида "Аҳли маййитга тўпланишдан ва уларга таом тайёрлашдан қайтарилган ҳадислар боби"да Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилган ҳадис бор. Унда Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.) бундай деган: "Биз маййит аҳлига тўпланиш ва таом тайёрлашни уввос солиб йиғлаш гуноҳи каби ҳисоблар эдик". Тамом. Саҳобанинг "биз бундай, ундай ҳисоблар эдик" деган гапи, гарчи бу нарса Расулуллоҳ (с.а.в.) даврида қайд қилинмаган бўлса ҳам марфуъ ҳукмида бўлади. Имом Ҳоким худди шундай деб ҳисоблаган, уни Ибн ас-Саббоғ "ал-Удда" китобида очиқ ёзиб қолдирган. Имом Нававий "Шарҳ ал-Муҳаззаб"да уни маъно жиҳатдан кучли, деган. Тамом.

Маййитга уввос солиб йиғлашдан қайтарилган ҳадислар мавжуд. Улардан бирини Абу Довуд Умму Атиййа (р.а.)дан, Ибн Можжа эса Муовия (р.а.)дан ривоят қилган: Расулуллоҳ (с.а.в.) уввос солиб йиғлашдан қайтардилар. 

Абу Молик ал-Ашъарий (р.а.)дан ривоят: Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай деганлар: "Маййитга уввос солиб йиғловчи аёл ўлимидан олдин тавба қилмаса, қиёмат куни унга баданни куйдирувчи ўсимликдан бўлган иштон кийдирилган бўлади". Уни Имом Муслим ривоят қилган. Яна ундан Ибн Можжа ривоят қилишича, Расулуллоҳ (с.а.в.) бундай дедилар: "Йиғловчи аёл тавба қилмасдан ўлса, Аллоҳ унга баданни куйдирувчи ўсимликдан кийим ва олов чўғидан бўлган совут кийдирилади". Тамом. 

Шундай қилиб, саҳобалар мазкур маросимни уввос солиб йиғлаш қаторида санаганлар. Уни албатта шариатда қайтарилган. Шунинг учун ҳам тўрт мазҳаб уламолари унинг макруҳлигига иттифоқ қилганлар.

Моликий мазҳаби фақиҳларидан Ибн ал-Ҳожж "Китоб ал-Мадхал" асарида айтишича, ушбу замонда айрим маййит аҳли томонидан уч кунгача таом ҳозирлашлари ва одамларни шунга тўплашларининг акси салафи солиҳлар томонидан нақл қилинган. Бундай феълдан ҳазар қилиш керак, чунки у бидъати макруҳадир". Тамом. 

Шофиъий уламоларидан Хатиб Ширбинийнинг "ал-Иқноъ" китобида Ибн ас-Саббоғнинг гапини келтирилган: "Маййит аҳлининг таом ҳозирлаши ва унга одамларни жамълашлари яхши бўлмаган бидъатдир". Тамом.      

   Агар яхши бўлмайдиган бўлса, демак у макруҳ экан. Ҳанбалийлар фикрига кўра ҳам худди шундай. Чунончи, Аллома Шомий "Радд ал-муҳтор"да очиқ келтирган. Абу Ҳанифа ан-Нўъмон (р.ҳ.) мазҳабининг мўътабар матнларидан бири "Мавоҳиб ар-Раҳмон"да "Мусибат кунларида зиёфат ҳозирлаш макруҳ бўлади. Агар меросхўрлар балоғат ёшидаги оқиллар бўлса, фақирлар учун таом ҳозирлашлари мумкин", деган. Тамом. Ундан бойлар учун таом тортишнинг макруҳ экани тушунилади. Гарчи маййитнинг меросхўрлари катта ёшдаги одамлар бўлса-да. 

Таржеҳ аҳлидан бўлган зот Садр ал-ислом Қозихон "Китоб ал-Ҳазар ва ал-Ибоҳат" асарида бундай деган: "Мусибат кунларида таом ҳозирлаш макруҳ бўлади. Чунки, у маҳзунлик кунларидир, масрур ва шод бўлиш лойиқ эмас. Агар меросхўрлар болиғ бўлсалар, фақирлар учун таом ҳозирлашлари дуруст бўлади". Тамом.

"Шарҳ ал-Барзах"да келган: "Маййит аҳли учун қариндошлар ва бойлар учун уч кунгача таом ҳозирлашлари макруҳ бўлади. Уларга бундан ейиш ҳам макруҳ. Уч кундан сўнг эса макруҳ бўлмайди". Тамом.

Имом аз-Зайлаъий айтади: "Мусибат учун уч кунгача ўтиришнинг зарари йўқ. Модомики гуноҳ ишларни қилмасдан ўтирилса шундай, масалан тўшаклар тўшаш, маййит аҳлидан таом ҳозирлатиш кабилар бўлса, зарари бор. Чунки, бундай нарсалар хурсандчилик учун қилинадиган ишлардир. Шунингдек, "ат-Тариқат ал-муҳаммадиййа"нинг шарҳи "ал-Бариқа"да ҳам келган. 

"Тажҳиз ал-жиноза" рисоласида ўлик бўлган хонадонда еб-ичиш саҳиҳ фикрга кўра макруҳдир, дейилган. Тамом. Таъзия кунларида зиёфат ейиш ўтган ривоятларда очиқ айтилганидек макруҳ бўлади. бу борада "Фатовойи Сирожиййа"да ҳам бир матн келган: "Мусибатда уч кунгача таом ҳозирлаш мубоҳ бўлмайди". Худди шундай "Хулосат ул-фатово"да ҳам келган. "Жомеъ ар-румуз"да эса бу кунларда зиёфат ҳозирлаш макруҳ бўлади, дейилган. "Фатовойи Заҳириййа"да "Уч кунда, яъни мусибат кунларида таом тайёрлаш мубоҳ бўлмайди", дейилган. "Фатовойи Ғиёсиййа" ва бошқа фиқҳий китобларда ҳам шу тариқада келтирилган. 

Шунинг учун Ибн Ҳумомнинг "Фатҳ ал-қадир" асарида "Аҳли маййит тарафидан зиёфат ҳозирлатиш маркуҳ бўлади. Чунки, бу нарса шодликда амалга оширилади, ёмон кунларда эмас" деб жазм қилинган. Ибн Ҳумом ҳам ҳукмларда таржеҳ аҳлидандир. 

Таъзияларда таом ҳозирлашни қабиҳ бидъат, деганлар. Имом Ибн Можжа саҳиҳ иснод билан Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.)дан ривоят қилганки, у бундай деган: "Биз маййит аҳлига йиғилишни ва таом тайёрлашни уввос солиб йиғлаш қаторидан санар эдик". Тамом.

Шайх Абу-л-Ҳасан ас-Синдий "ал-Бадр ал-мунир ли-мабоҳис Фатҳ ал-қадир" асарида "маййит аҳлига тўпланиш" иборасини ўлган учун тўпланиш деб изоҳлаган. Маййит аҳлидан яқинлар ва дўстлар учун зиёфатмонанд таомлар ҳозирлатиш уларнинг таомга тўпланишлари фақат зиёфатлар ва тўйлардагидек бўлса, макруҳ. Бу ҳожатмандлар ва солиҳ зотларни табаррук қилиш мақсадида ўтказиладиган қурбат эмас. Маййит аҳли бирор кимса вафот этган кунларда Расулуллоҳ (с.а.в.)га таом ҳозирлаганлари ривоят қилинмаган. 

Савол туғилади, қурбат доимо мандуб амал ҳисобланади-ку! Айрим кунларда, хусусан, ўликни эслаш кунларида макруҳ бўлиб қолиши нима? Ахир, у қурбатларни кўпайтиришга чақирадиган амаллардан ҳисобланади. Жавоб шуки, ниятнинг бўлишидан қатъи назар икки таомланиш орасидаги фарқ маълум. Чунки, аввалгисида молнинг исрофи бор, ўз ўрнида берилмагани мавжуд. Иккинчиси эса ундай эмас. Зоҳири шуки, вафот этган куни таом бериш Аллоҳга яқинлашиш ниятида бериладиган таом эмас. У зиёфат таомига ўхшаш ёки уввос солиб йиғлайдиганларга қувват бўлиши ниятида таом берилган бўлиши мумкин. Тамом.

Хуллас, Расуллуллоҳ (с.а.в.) учун, ул зотнинг саҳобалари учун маййит соҳиби тайёрлаган таом билан маййит аҳлининг ўз қариндошлари ва дўстларига уч кун ичида тайёрлаган таомнинг фарқи бор. Аввалгисида бундай буюк зотларни уйига ҳозир айлаб, баракот исташ ҳамда уларга таом бериб, Аллоҳга яқин бўлиш маъноси бор. Иккинчисида эса таъзия кунларида ўтказиладиган расм-русумли маросим бор, холос. Шунинг учун муқаддам зикр қилинган Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.) ҳадисида маййит аҳлидан мусибат кунларида зиёфат олиш учун жамланишдан қайтарилган. 

Шайх Иброҳим Ҳалабийнинг "Шарҳ ал-Муниййа" асарида Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.)нинг ҳадиси Имом Аҳмаднинг саҳиҳ санад билан ривоят қилган ҳадисига қарама-қарши ҳисобланади. Уни Абу Довуд Осим ибн Кулайбдан, у эса отасидан, у эса ансорлардан бўлган битта саҳобийдан ривоят қилган. Унда ровий бундай деган: "Биз Расулуллоҳ (с.а.в.) билан бирга бир жанозага чиққандик. Расулуллоҳ (с.а.в.)ни қабр бошида туриб, гўрковга тавсия қилаётганларини кўрганман. Ул зоти шариф: "Оёқлари тарафидан кенгроқ қази, бош томонини кенгроқ қил!" дердилар. Қайтаётган эдилар, бир хотин ул зотни чақириб қолдилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) унинг уйларига келдилар, таом келтирилди. Ул зотнинг олдига ва бошқа қавмнинг олдига таом қўйилди. Одамлар ейишни бошладилар. Расулуллоҳ (с.а.в.) оғизларида бир луқмани чайнар эканлар, "Мен ушбу қўйнинг гўштини эгасининг изнисиз олинган, деб ўйлаяпман" дедилар. Хотин келиб, "Эй, Расулуллоҳ! Мен шарбат эвазига қўй сотиб олиш учун жўнатган эдим. Лекин топа олмадим. Қўшнимда эса қўй бўлиб, ундан сотиб олиш учун бордим. Лекин, уни топа олмадим. Унинг хотинидан сотиб олиб кела қолувдим" деди. Расулуллоҳ (с.а.в.): "Уни асирларга едиринглар!" дедилар. Мана шу ҳадис маййит аҳлининг таом ҳозирлаши мубоҳлигига ва унга чақириш мумкинлигига далолат қилади. Ҳалабийнинг гапи тугади.

Унга Шомий ҳам "Радд ал-муҳтор"да жавоб берган. "Муниййа"ни шарҳловчиси Осим ибн Кулайбнинг ҳадиси қарама-қарши дейишида янглишлик бор. Чунки, ушбу ҳадис бир воқеадир, унда умумийлик йўқ. Унда хос сабабнинг эҳтимоли бор. Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.)нинг ҳадиси эса ундай эмас. Бу нарса мазҳабимизда ҳам, бизникидан бошқа мазҳаблар – шофиъийлар, ҳанбалийларда ҳам баҳс қилинган бўлиб, мазкур Жарир ибн Абдуллоҳ (р.а.)нинг ҳадисини далил қилиб, макруҳ деганлар. Тамом.

Хуллас, маййит эгасидан таъзия кунларида зиёфат олишликнинг макруҳ бўлиши масаласи тўрт мазҳабда ҳам иттифоқ қилинган бўлиб, унга саҳобалар ва имомларнинг амалларини далил қилганлар. У борада яна баҳс қилишнинг ҳожати йўқ. Ибн ал-Ҳумом "ат-Таҳрир"да ижмоъ бу ишнинг қилинмаслигига келишилган, деган. Тўрт мазҳабда бунга мухолифлар йўқ. "Баҳр ар-роиқ" соҳиби ўзининг "ал-Ашбоҳ ва-н-назоир" асарида буни нақл қилган. Осим ибн Кулайбнинг ҳадисига келсак, унда умумий бўлмаган бир иш ҳикоя қилинган, холос. Уни Садр аш-шариъа "ат-Тавзеҳ"да очиқ айтиб кетган. 

Аммо мўътазилий бўлган аз-Зоҳидийнинг "ал-Ҳовий" асаридан нақл қилинган жумла ҳам бор: "Маййит уйида таом тортилиши уни ювилишидан аввал макруҳ бўлиши ижмоъ билан бўлган. Имом Муҳаммаддан маййит дафн қилинганидан кейин жоиз бўлиши нақл қилинган. Имом Молик уч кундан аввал макруҳ бўлади, деган. Фатво Имом Муҳаммаднинг гапигадир!". Ушбу жумлага илтифот қилинмайди, уни таъвил ҳам этилмайди. "Танқиқҳ ал-Ҳомидиййа"да зикр қилинишича, аз-Зоҳидийдан нақл қилинган гап ҳанафийликнинг мўътабар китобларига қарши бўла олмайди. "Баҳр ар-роиқ"нинг мусаннифи Зайнуддин ибн Нужайм ал-Мисрийнинг "ар-Расоил аз-зайниййа" асарида мазҳабнинг асосий фатволарига зид бўладиган гаплар фатволарда учраса, уларга эътибор қилинмайди, дейилган. Агар мазҳаб китобларига мухолиф бўладиган гаплар топилмасагина фатволарга улфат бўлиш мумкин. Тамом. Уч кун ичида зиёфат беришнинг макруҳ эканлиги мазҳабнинг асли ҳисобланган эътиборли тўпламлардан бири "ал-Мавоҳиб" матнида мазкурдир. Аллома ал-Бийрий "ал-Ашбоҳ" шарҳида зикр қилишича, ихтилоф бўлган вақтда кўпчилик айтган гапга амал қилинади. Тамом.

Жумҳур уламолар мазкур зиёфатни олишнинг макруҳлигини билиб ўтдинг. Осим ибн Кулайбнинг зиёфатнинг мубоҳлиги бораисдаги ҳадисига жавоб ҳам топдинг. Аллома Али ал-қори "Мирқот"да Осим ибн Кулайбнинг ҳадиси остида зикр қилган нарсани бу ерда эслатишнинг ҳожати йўқ. Унда айтилишича, ушбу ҳадис зоҳири мазҳабимиз асҳоблари қарор қилган макруҳлик ҳақидаги гапни рад қилади. Уламоларнинг гапини тўпланиш хос бир жиҳатдан бўлишига қайдлаб қўйиш керак бўлади. Маййит аҳли таом ейишдан уялаётган бўлишлари мумкин, уларни мажбурлаб таом едириш керак; айрим меросхўрлар сағир ёки ғойиб бўлиши мумкин, уларнинг розилиги олиниши керак; таом маййитнинг ҳали меросхўрлар орасида тақсимланмаган мол-мулкидан бўлиши мумкин ва ҳоказо. Қисқача тамом. Мен айтаманки, мазкур маросим таоми ёзилган ушбу ишлардан биридан бўладиган бўлса, макруҳлик чегарасидан ўтиб кетади ва шубҳасиз ҳаромлик даражасига етиб боради. Мазҳабимиз асҳоблари макруҳ деб қарор қилган гапларини мазкур ишларга ўхшаш деб ўйлаш дуруст эмас. 

Асли жавобга  Аллома ас-Синдий қарор қилган бўлиб, мазкур икки ҳадис асосидаги икки хил маросимдаги таом орасидаги фарқни баён қилиб, уни муфассал зикр қилган. Уни "Зод ал-лабиб"даги "Минҳож ал-ислом"дан ва "Танбеҳ ал-ғофилин"дан нақл қилинган нарса қувватлайди. Унда Аллоҳ ва унинг расули уч кундан олдин мусибат аҳлидан олиб таом ейдиганлардан безордир, дейилган. Маросим таомидан мурод тафсилоти ўтганидек садақа едириш учун тайёрланган таомдир. Буларнинг бари маййитлан васият бўлмаганидадир. Агар ундан васият бўлса, унда бир қанча ривоятлар бор. "ат-Тариқат ал-муҳаммадия"да "Ўлган куни ёки ундан сўнг маросим ташкил қилишга васият қилиш бидъат ва ботил ишлардан бири" дейилган. "Фатовойи Қозихон"да шайх, имом Абу Бакр ал-Балхийдан нақл қилинган: "Бир кимса ўлганидан кейин уч кунгача одамларга таом тортилиши ҳақида васият қилса, васият ботилдир". Лекин "Фатовойи Сирожиййа"да "Бир кимса агар ўлганидан сўнг таом тортилишини ва таъзияга ҳозир бўлганлар ундан ейишларини васият қилса, мол-мулкининг учдан биридан жоиз бўлади" дейилган. Тамом. Лекин, фақиҳ Абу Жаъфар бундай деган: "Учдан биридан жоиз, деган масала таъзияга узоқдан келганлар ва таъзия бўлган хонадонда узоқ қоладиганларга ҳалол бўлади. Бу борада бой ва камбағаллар баробар бўлади. узоқ масофадан келмайдиганларга жоиз бўлмайди. Чунончи, "Фатовойи Қозихон"да шундай келтирилган. Уйнинг узоқлиги кечда уйида тунай олмайдиган бўлсадир. "Зод ал-лабиб"да ҳам худди шундай дейилган.

Ибн ал-Ҳумом айтади: "Маййит аҳлининг қўшнилари ва узоқ қариндошларига ўша куни ва кейинги кечаларда қоринларини тўйдиришлари ва шунга таом ҳозирлашлари мустаҳаб бўлади. Расулуллоҳ (с.а.в.) "Жаъфарнинг оиласи учун таом ҳозирлаб боринглар. Уларни таомланишдан чалғитадиган нарса келиб қолди" деганлар. Ушбу ривоятни Имом Термизий уни ҳасан деган, Ҳоким эса саҳиҳ деган. Таъзия хонадонида яшаётганларни таом ейишга тарғиб қиладилар, чунки маҳзунлик уларни бундан ман қилиб қўяди ва оқибатда заиф бўлиб қолишлари мумкин. Тамом. "Фатовойи Қозихон"да "Бошланишдаёқ маййит аҳли учун таом кўтариб бориш мусибат аҳли маййит билан, уни дафнга ҳозирлаш учун шуғилланиб  қолганлари учун макруҳ эмас. Уч кунгача уввос солиб йиғловчи аёллар тўпланмайдиган бўлса, ўша кунларда таомлантириш уларга бир ёрдам бўлади", дейилган. Тамом. "Ширъат ал-ислом"да келтирилган: "Маййит эгаларига биринчи кеча ўтмасидан илгари қўлидан келганича садақа қилиш суннат". Афзали шуки, фақир ва мискинларни таомлантириш. Анас (р.а.)дан ривоят. Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилганлар: "Садақанинг афзали оч жигарни тўйдиришингдир!". Уни Имом Байҳақий "Шуаб ал-имон"да ривоят қилган. "ан-Насафиййа"да келтирилган: "Мўъминларнинг арвоҳи ҳар жумъада келиб, уйларининг ҳовлиларида турадилар. Сўнг улардан ҳар бири ҳазин овоз билан "Эй аҳлим, авлодим ва қариндошларим! Бизларга садақа қилиш ила раҳмингиз келсин. Бизларни эсланг, бизни унутманг, бизнинг ғариблигимизда бизга раҳм қилинг. Сизнинг ҳозирда қўлингиздаги мол-мулк бизнинг қўлимизда бўлган эди" деб нидо қилади. Агар уларга раҳм қилинмаса, дуо ва улар учун садақа қилинмаса, ҳазин овоз билан "Эй, Аллоҳим! Улар худди бизни дуо ва раҳматдан ноумид қилганинг каби уларни ҳам раҳматдан ноумид қилгин!" деб орқага қайтадилар". Тамом.

Ибн Аббос (р.а.) бундай дейди: "Ҳайит куни, жумъа куни, ашуро куни, шаъбонинг ўн бешинчи кечасида ўлганларнинг арвоҳлари келиб, уйларининг ҳовлиларида турадилар. Улар "Бизга раҳм қиладиган бирор кимса борми? Бизни эслайдиган бирор кимса борми? Китобларимиз ёпилган, сизники бўлса ҳали очиқ". "Хизонат ар-ривоёт"да шундай келган. Агар ушбу ривоятлар ҳақиқатдан рост бўлса, унда ўликлар учун табаррук кечаларда садақа қилиб туришга қизиқтириш мавжуд. Токи ўлганлар садақа талаб қилиб уйларининг олдида туришларига муҳтож бўлмасинлар. 

Саҳиҳ ривоятда келганки, Ибн Аббос (р.а.) айтишича, бир кимса: "Эй, Расулуллоҳ! Менинг онам ўлиб кетган, унинг номидан садақа қилсам, фойдаси бўладими?" дейди. Шунда Расулуллоҳ (с.а.в.) "Ҳа!" деб жавоб берадилар. Ҳалиги кимса: "Менинг бир боғчам бор. Сиз гувоҳ бўлинг, уни мен онам номидан садақа қилдим!" дейди. Уни Имом Бухорий ва бошқалар ривоят қилган.                                    

Саъд ибн Уббода (р.а.) айтади: "Эй, Расулуллоҳ! Менинг онам ўлган. Қайси садақа афзал?" дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) "Суф" дедилар. Бир қудуқ тайёрлаб, "бу Саъднинг онаси учундир" дейилди. Уни Абу Довуд ривоят қилган. Садақа агар ҳалоли таййибдан бўлса, қабул бўлишига умид қилинади. 

Абу Ҳурайра (р.а.) айтади: Расулуллоҳ (с.а.в.) марҳамат қилдилар: "Ҳар ким таййибдан садақа қилсин. Аллоҳ фақат таййибни қабул қилади. Аллоҳга битта хурмони садақа қилиб бўлса ҳам ўзингизни қутқаринг. Бу сизларга тоғдан катта бўлиб қайтади". Уни Бухорий ва Муслим ривоят қилган. 

Аллоҳ ҳар нарсага қодирдир! Мавло қандай ҳам яхши, қандай ҳам яхши ёрдамчидир!

Тамом бўлди.        


Мавлавий Муҳаммад Айюб соҳиб. "ад-Дуррат ал-музиййа фий зиёфат ат-таъзиййа". ("Таъзия маросими ҳақида зиё сочувчи дурдона") // Мажмуат ар-расоил фий муҳиммот ал-масоил. – Деҳли: Ходим ал-ислом матбааси, 1311. – Б. 55-59.  


Таржимон: Ҳамидуллоҳ Беруний.



Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Фиқҳ, сўзи луғатда дақиқ фаҳмни, яъни бир нарсани нозик жойларигача тушунишни англатади. Шариат истилоҳида эса .Шаръий далиллардан фаръий ҳукмларни чиқаришга давоми...

13888 10:37 / 17.08.2018
. . . . . . . . Намозда ундан аввал ёки унинг асносида пайдо бўлган беморлик сабабли тик туриш узрли бўлиб қолса, ўтирган давоми...

1940 19:00 / 18.08.2023
. ,. . Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Ким кечанинг охирида тура олмасликдан қўрқса, унинг давоми...

3088 18:00 / 10.06.2021
. .Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.Фарзанд ўз волидини қул ҳолида кўриб, сотиб олиб, озод қилсагина давоми...

1390 17:00 / 30.10.2020