1447 йил 24 жумадис сони | 2025 йил 15 декабрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тафсир

Оғзида «мусулмонман» дейдиганларга...

19:00 / 23.08.2023 1824 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ўзининг Каломида шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ

«Ва «Биз насоролармиз», деганлардан ҳам аҳду паймонларини олдик. Бас, улар ўзларига эслатилган нарсалардан кўп улушни унутдилар. Биз улар орасида адоват ва нафратни қиёмат кунигача қўзғатдик. Аллоҳ албатта уларга қилмишлари ҳақида хабар берадир» (Моида сураси, 14-оят).

«Насоролар» деганда масиҳий динидаги кишиларни, яъни Ийсо алайҳиссаломга эргашганларни тушунамиз. Баъзи уламоларнинг таъкидлашларича, Ийсо алайҳиссаломга биринчи эргашганлар Носиро номли қишлоқ аҳолиси экан. Шунинг учун ҳам уларга «насоролар» деб ном берилган. Бошқа бир талқинларга кўра, Ийсо алайҳиссалом: «Ким менга нусрат (ёрдам) беради?» – деганларида, «Биз», деб чиққан эканлар. Шунинг учун улар «насоро» номини олганлар.

Ояти каримада:

«Ва «Биз насоролармиз», деганлардан ҳам аҳду паймонларини олдик», – дейилмоқда.

Ушбу жумланинг ўзидан бир неча мулоҳаза чиқарсак бўлади. Аввало, «Биз насоролармиз», деганлар» дейишдан англашиладики, улар оғизларида насороликни даъво қиладилар-у, ўзлари асли насоро эмаслар. Оғиздаги гап амалда тасдиқланмагунча, ундай даъвони ҳеч ким эътироф этмайди (оғзида «мусулмонман» дейдиганлар ҳам шу сирага кирадилар). Қолаверса, Аллоҳ таоло бу диндагилардан аҳднома олганлигини биламиз. Самовий динларнинг асли бир бўлгандан кейин, уларга бўлган муносабат ҳам бир хил бўлиши табиий ҳолдир. Оятда насоролардан олинган аҳднома тафсилотлари келтирилмасдан, бир йўла натижа зикр этиляпти. Сўзнинг кетиши шу мақомда. Аллоҳ таолога аҳд берган насоролар ҳам яҳудийлар каби, аҳдга вафо қилмадилар. Яҳудийларга ўхшаб:

«Бас, улар ўзларига эслатилган нарсалардан кўп улушни унутдилар».

Бунинг оқибатида кетма-кет ноқулайликлар келиб чиқаверди. Аҳдномани унутганликлари натижасида:

«Биз улар орасида адоват ва нафратни қиёмат кунигача қўз­ғатдик».

Насороларнинг ўзаро адоватлари ҳаммага маълум. Уларнинг ўзаро олиб борган диний-мазҳабий урушлари оқибатида қонлар дарё бўлиб оққани тарихда машҳур. Бу душманлик ва бир-бирини ёмон кўриш ҳозиргача давом этиб келмоқда. Ушбу ояти кариманинг тасдиғи ўлароқ, у душманлик қиёмат кунигача давом этишида ҳам шубҳа йўқ. Қиёмат куни эса:

«Аллоҳ албатта улар­га қилмишлари ҳақида хабар берадир».

Яҳудий ва насороларнинг Аллоҳга берган аҳдномаларига нисбатан ўзларини қандай тутганлари баён қилиб берилганидан сўнг, энди уларга қўшма хитоб қилинади:

ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻﭼ ﭽ ﭾ ﭿ ﮀ ﮁ ﮂ ﮃ ﮄ

«Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, Расулимиз сизларга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни ўзингизга баён қилиб, кўпини афв қилувчи бўлиб келди. Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди» (Моида сураси, 15-оят).

Яҳудий ва насороларга бу оятда таъкидлаб айтилаётган нарса – Аллоҳнинг охирги Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафақат араб мушрикларига, балки дунёдаги бошқа барча халқларга, шу жумладан, аҳли китобларга ҳам Аллоҳ томонидан келганликларидир. Муҳаммад алайҳиссаломнинг яҳудийларга ҳам пайғамбар бўлиб келишлари хабари Тавротда бор бўлиб, улардан аҳд олинганда у зотга иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди. Шунингдек, у зоти бобаракот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг насороларга ҳам пайғамбар бўлиб келишлари хабари Инжилда зикр қилинган бўлиб, Аллоҳ таоло насоролардан аҳд олган пайтида у зот келган вақтларида иймон келтириш аҳди ҳам олинган эди.

Бу оятда уларга ўша аҳдномада айтилган Пайғамбар ҳақиқатда ҳам келганлигининг хабарини бериб туриб, у зотнинг аҳли китобларга нисбатан қиладиган баъзи ишлари ҳам айтилмоқда:

«Эй аҳли китоблар! Батаҳқиқ, Расулимиз сизларга китобдан беркитиб юрган кўпгина нарсаларингизни ўзингизга баён қилиб, кўпини афв қилувчи бўлиб келди».

Яҳудийлар Тавротдан, насоролар эса Инжилдан кўпгина нарсаларни беркитиб юрган эдилар.

Ҳақиқатда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яҳудийларга улар беркитган зинонинг ҳукмини баён қилиб берганлар. Шунингдек, рибохўрликнинг ҳаром эканини ҳам ва бошқа кўпгина нарсаларни баён қилиб берганлар. Насоролар эса Аллоҳнинг тавҳидини беркитганлар. Бу икки тоифа қўшилиб, Ҳазрати Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг барчага пайғамбар бўлиб келишларини беркитганлар. Булар ва бунга ўхшаш кўплаб беркитилган ҳақиқатлар баён қилиб берилган. Шу билан бирга, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«...кўпини афв қилувчи бўлиб келди».

Яъни, ўз шариатларига тегишли бўлмаган, вақти ўтиб кетган, зикр қилишдан фойда йўқ бўлган кўпгина нарсаларни афв қиладилар, эслаб ўтирмайдилар.

Агар яҳудийлар ва насоролар ҳамда жумлаи жаҳон англаб етса:

«Батаҳқиқ, сизларга Аллоҳдан нур ва очиқ-ойдин Китоб келди».

«Нур»дан мурод Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Ислом дини, «ойдин Китоб»дан мурод эса Қуръони Каримдир. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам инсониятга келтирган нарса нурдир. Буни иймон насиб этган кишилар биладилар. Улар Исломга киришлари билан жоҳилият зулматидан иймон нурига чиққанларини ҳис этадилар. Қуръони Каримни иймон ва ихлос билан ўрганганларида унинг ойдин Китоб эканини тушунадилар.

«Тафсири Ҳилол» китоби асосида тайёрланди

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Уларга Бизнинг баломиз етганда, тазарру қилсалар эди Лекин қалблари қаттиқ бўлди ва шайтон уларга қилаётган ишларини чиройли кўрсатди, Анъом сураси, давоми...

475 19:00 / 18 ноябрь
Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади Одамлар учун чиқарилган энг яхши уммат бўлдингиз. Маъруфга буюрасиз ва мункардан қайтарасиз ҳамда Аллоҳга иймон давоми...

2208 17:00 / 07.12.2021
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади .Албатта, охиратга иймон келтирмайдиганларга ndash ўшаларга аламли азобни тайёрлаб қўйдик, Исро сураси, давоми...

1695 19:00 / 02.01.2024
Аллоҳ таоло Жума сурасида шундай марҳамат қилади Бу Аллоҳнинг фазлидир, уни Ўзи хоҳлаган кишига берадир. Аллоҳ буюк фазл эгасидирrdquo 4оят.Ушбу ояти давоми...

3404 12:05 / 23.11.2018
Аудиолар

213524 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132734 14:35 / 11.08.2021