1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Масжид ва қудуқ вақфи

05:00 / 18.01.2017 3529 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида ва масжид бино қилишга амр қилганларида:

«Эй Бани Нажжор! Мен билан мана бу боғингизни баҳолашинглар», дедилар.

«Йўқ! Аллоҳга қасамки, унинг баҳосини фақат Аллоҳдан сўраймиз», дейишди. 

 Бас, у Зот уни олиб, масжид қурдилар». 

Учовлари ривоят қилишган.


Шарҳ: Бу ривоятда Бани Нажжор қабиласи ўзларига мулк бўлган боғ ерини масжид қуриш учун вақф қилганлари ҳақида сўз бормоқда.

Бани нажжорликларнинг бу ҳимматлари кейин ҳам барча замонлар ва маконларнинг мухлис мусулмонлари томонидан қўллаб-қувватланиб келинмоқда. Масжид учун ҳеч нарсасини аямаслик яхши одат бўлиб қолган. Фақат мусулмонлигини эмас, балки одамийлигини ҳам унутганларгина бошқача тасарруф қилиши мумкин. 


Усмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Рума қудуғини ковласа, унга жаннат бўлур, деганларида уни мен кавладим
». 

Бухорий, Термизий ва Насаий ривоят қилган.

Шарҳ: Бошқа ривоятларда: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келганларида у ерда Рума қудуғидан бошқа ширин сувли қудуқ йўқ эди. Ким қудуқни сотиб олиб ўз челагини мусулмонлар челаги билан бирга қилса, унга жаннатда яхшироқ қудуқ берилур, дедилар. Шунда мен уни ўзимнинг асл молимдан йигирма беш ёки ўттиз беш минг дирҳамга сотиб олдим», дейилган.

У Бани ғифорлик бир кишининг булоғи эди. Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу уни қудуқ қилиб ковлатдилар, қурилиш қилдилар ва мусулмонлар учун атаб, ўз челакларида улар билан бир қаторда сув олиб ичиб юрдилар.


 Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«У киши розияллоҳу анҳу:
«Эй Аллоҳнинг Расули, Умму Саъд вафот этди. Қайси садақа афзал?» деди.
«Сув», дедилар у Зот.
Бас, у қудуқ қазиди ва:
«Бу Умму Саъдга», деди
».

Абу Довуд ва Насаий ривоят қилишган ва:

«Ана ўша Саъднинг Мадинадаги сув бериши»ни зиёда қилишган.

Шарҳ: Савобини маълум кишига атаб вақф қилиш жоизлиги ушбу ривоятдан маълум бўлмоқда. 

Ўша вақтда мусулмонлар жамоасининг эҳтиёжига биноан, шу иш қилинган. Кейинчалик шу маънода турли вақфлар қилинган. Турар жойлар, мадрасалар, муҳтожларга маош бўладиган нарсалар вақф қилинган. 

Ҳозирги мусулмонлар ҳам бу ишлардан ўрнак олишлари керак. Чунки вақф садақаи жория бўлади, ундан доимий равишда савоб етиб туради.

Динимиздаги вақфлар тушунчасини ҳозирги кундаги хайрия жамиятлари тушунчасига ўхшатиш мумкин. Албатта, иккиси ўртасидаги фарқ жуда ҳам катта. Бунинг нозик фарқларини синчиклаб ўрганган кишилар яхши англаб етишлари мумкин.

Аъзолари олиймақом инсоний фазилатлар соҳиби бўлган умматгина ҳаётга, тараққиётга ва дунёда пешқадам бўлишга лойиқдир. Мазкур олиймақом инсоний фазилатлардан яхшилик, хайр-эҳсон ва меҳру шафқат барқ уриб, улардан жамиятдаги барча табақалар баҳраманд бўладилар.

Мусулмонлар худди ўша олиймақом фазилатлар билан бутун дунёга яхшилик уруғини сочган жамоа аъзоларидир. Улар ўзларининг муқаддас китоблари Қуръони каримда ва Пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг ҳадисларида келган бутун мавжудотга яхшилик қилиш ҳақидаги таълимотларга амал қилароқ яхшилик, хайр-эҳсон ва меҳр-шафқат улашиб келганлар.

Мусулмонларнинг хайрия ишларининг барчасига динимиздаги вақфлар ҳақидаги кўрсатмалар асос бўлган. 

Мазкур хайрия ишларини қилишда барча мусулмонларга Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг ўзлари бош ўрнак бўлганлар. У зот турли кишилар тарк қилган еттита боғни мискин фақирлар ва ҳожатмандлар фойдасига вақф қилганлар.

Кейин у зотга Ҳазрати Умар, Ҳазрати Абу Бакр, Ҳазрати Усмон, Ҳазрати Али, Зубайр ибн Аввом, Муоз ибн Жабал каби саҳобалар эргашиб катта миқдордаги вақфларни қилганлар. Аста-секин бу хайрли иш кенгайиб борган ва деярли имкони бор барча саҳоблар вақфлар қилганлар. 

Бу ҳақда улкан саҳобий Жобир ибн Абдуллоҳ Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳожир бўлсин, ансорий бўлсин қудрати етган саҳобаларидан бирор кишининг ўз молидан сотилмаслик, меросга қолмаслик ва ҳадя қилинмаслик шарти ила вақф қилмаганини билмайман, дейдилар.

Кейин келган мусулмонлар ҳам бу хайрли ишни шараф билан давом эттирдилар. Улар ҳадсиз-ҳисобсиз боғу роғларни, ерларни, ҳовли жойларни ва бошқа турли туман мулкларни вақф қилдилар. Бунинг оқибатида ҳамма тарафларга хайрия муассасалари тарқалди.

Мазкур вақфлар икки хил бўлган:

Биринчиси, давлат томонидан ташкил қилинган вақфлар. 

Иккинчиси, шахслар томонидан ташкил қилинган вақфлар. 

Хайрия муассасаларининг энг биринчиларидан бўлгани масжидлардир. Мусулмонлар масжид қуришда қадимдан бир-бирлари билан мусобақа қилиб келганлар.

Шунингдек, мадрасалар ҳам бу борада Ислом умматининг алоҳида эътиборга сазовор ишларидан биридир.

Вақфлар ҳақида сўз кетар экан, шифохоналар, меҳмонхоналар, зовия - зикрхоналар, такялар каби муҳтожларга аталган муассасалар ҳақида алоҳида таъкидлаш лозим бўлади.

Камбағаллиги туфайли турар-жой қура олмайдиган, уй сотиб ёки ижарага ололмайдиган оила ва шахсларга аталган турар-жой вақфлари ҳам кўп бўлган.

Йўловчи ва муҳтожларга сув тарқатишга аталган алоҳида вақфлар ҳам ҳамма ерларда етарли равишда бўлган. Кишиларга турли таомлар, нон, гўшт, ҳолва ва бошқа нарсаларни тарқатадиган хайрия ошхоналари ҳам жуда кўп бўлган.

Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунавварага ҳаж ҳамда зиёратга келганларга аталган такиялар ҳам жуда кўп бўлган. Улардан ҳозирга қадар кўпчилик фойдаланиб келмоқда.

Йўловчилар, зироатлар, ҳайвонлар ва муҳтожларни сув билан таъминлаш ниятида ҳамма ерларда қудуқлар қазийдиган вақфлар ҳам кўп бўлган.

Мусулмонларнинг хайрия ижтимоий муассасалари қаторида йўл ва кўприкларни тузатиш билан ўз хизматларини тақдим қиладиган вақфлари ҳам бўлган.

Ташландиқ ва етим болаларга аталган вақфлар уларни едириш, ичириш, кийинтириш, яшаш жойи билан таъминлаш билан бирга уларни хатна қилдириш билан ҳам шуғулланганлар.

Шунингдек, кўзи ожиз, шол ва ожиз кишиларга аталган вақфлар уларнинг ҳузур-ҳаловат ила яшашлари учун барча керакли нарсаларни ҳозир қилганлар.

Қамоқдагиларга ёрдам берадиган, уларга озиқ-овқат ва дори-дармон етказиб берадиган вақфлари бўлган.

Оила қуришда қийналиб қолган ёш йигит-қизларга оила қуришда керакли барча ёрдамларни тақдим қиладиган вақфлар ҳам ҳамма ерларда муваффақият билан иш олиб борганлар.

Эмизикли оналарни сут ва қанд билан таъминлайдиган хайрия муассасалари бўлиб, бу каби вақфни биринчилардан бўлиб, Салоҳуддин Айюбий ташкил қилган эди. У киши Дамашқ шаҳри қалъаси дарвозаларидан бири яқинида икки тарнов қилиб биридан сут, иккинчисидан қандли сув оқиб турадиган қилган эди. Оналар ҳар ҳафтада икки марта келиб, болалари учун сут ва қанд олиб кетар эдилар.

Идишларини синдириб қўйган болаларга ёрдам берадиган вақфлар ўйинқароқлик қилиб идишларини синдириб қўйган болаларга янги идиш берар эдилар. Болалар эса янги идишларни олиб худди ҳеч нарса бўлмагандек ота-оналари ҳузурларига бемалол бораверар эдилар.

Мусулмонларнинг хайрия ташкилотларидан ҳамма баробарига фойда топар эди. Ҳатто қаровсиз қолган ҳайвонларга ёрдам берадиган хайрия ташкилотлари ҳам турли ерларда ўз хизматларини адо этар эди.


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бисмиллоҳир Роҳманир РоҳиймФазл ва неъматлар соҳиби Аллоҳга ҳамдлар бўлсин Токи кечаю кундуз измаиз келар экан, инсониятнинг саййиди бўлмиш Унинг расули давоми...

4899 05:00 / 18.01.2017
. . .Бурайда розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам она бўлмаганда, момога олтидан бирни берганлар,.Абу Довуд ва Насаий давоми...

1648 16:05 / 23.12.2019
. . . Абдуллоҳ ибн Буҳайна розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қачон намоз ўқисалар, икки қўлларини очиб давоми...

3681 20:00 / 03.03.2022
. . . . . Муъоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Улар намозга келганларида Набий соллаллоҳу алайҳи давоми...

1892 19:00 / 22.06.2023