Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.
Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларига назар солсак, у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мол тақсимлаганларида келиб, ёқаларидан олиб, «Аллоҳдан қўрқ! Адолат қилмадинг!» деганлар ҳам бўлган. Шунинг учун ҳам закотни тақсимлашни Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган. Энг адолатли, энг тўғри тақсимлаш шудир! Бу тақсимлашдан ҳеч ким норози бўла олмайди. Норози бўлган ноҳақ бўлади, кофир бўлади. Мана, кўрдингизми, нима учун закот тақсимлашни Аллоҳ таолонинг Ўзи зиммасига олган!
Энди закотга ҳақдор мазкур саккиз синф ила ояти каримада келган тартибда танишиб, улар кимлар, закот олишга қай тарзда ҳақдор бўладилар, закотдан қанча оладилар ва шунга ўхшаш масалалар билан батафсил танишиб чиқайлик.
Закот қуйидагиларга сарфланади:
Фақир, яъни нисобдан оз моли бор одамга. Мискин, яъни ҳеч нарсаси йўқ кишига.
Бир одамнинг маскани бўлса, баъзи мулки бўлиб, ундан келадиган даромад унинг харажатини қоплай олмаса, бой ҳисобланмайди ва у закотга ҳақдор бўлиб тураверади.
Шунингдек, ўзига етарли кийимлари, ийдларда киядиган яхшироқ кийимлари, ҳунар асбоблари, китоблари бўлиши билан, аёл кишининг ўзига яраша тақинчоқлари бўлиши билан мискин ёки фақирликдан чиқиб қолмайди.
Бировнинг моли бўлса-ю, ундан фойдаланиш йўлида тўсиқ бўлиб, оғир аҳволга тушиб қолса ҳам мискин-фақир ҳисобланаверади. Ана шундай кишилар закотнинг мискин ва фақирларга ажратилган улушидан ҳақ оладилар.
Бирор офат етганлиги сабабли мол-мулки ҳалокатга учраган кишилар ҳам турмуш харажатларига яраша олсалар, ҳалол бўлади.
Турли сабабларга кўра қаттиқ фақирликка учраган киши ҳам, уни танийдиган уч киши гувоҳлик берса, ўша закот маблағидан олса бўлади.
Ҳанафийлар эса: «Биринчи навбатда энг муҳтожлар ҳақли», дейдилар. Агар улар бўлмаса ёки улардан ортиб қолса, моли нисобга етмаганлар ҳам олса бўлади. Лекин бойлар олиши мумкин эмаслигига шубҳа йўқ.
Илмга ажраб чиққан одамга закот молидан олиш жоиз. Чунки у фарзи кифояни адо этмоқда. Келажакда етук мутахассис бўлиб, жамиятга хизмат қилади. Баъзи уламоларимиз толиби илмга закот молидан беришга унинг ўткир зеҳнли, тиришқоқ ва қобилиятли бўлишини шарт қилганлар. Қобилиятсиз, дангаса одамлар илм талабини ўзига парда қилиб олиб, мусулмонлар яратган имтиёзлардан фойдаланиб юрмасликлари керак.
Кўриниб турибдики, закот беришдан мақсад, мискин ва фақирнинг қорнини бир-икки бор тўйдириш ёки бир-икки ойга етадиган сарф-харажатини бериш эмас. Демак, закотга ҳақдор барча одамларга яхши турмуш шароитини яратишга ёрдам бериш закот беришнинг асосий мақсадидир.
«Яхши турмуш шароити» деганда оила аъзоларини турар жой, етарли таом, қишки ва ёзги кийим билан таъминлаш тушунилади.
Бизнинг давримизда илм олиш учун ҳам, даволаниш учун ҳам шароит ва маблағ бўлиши керак. Бу нарсаларнинг миқдори замонга, шароитга, урфга ва бошқа омилларга қараб белгиланади.
Бу борада алоҳида таъкидлаш лозим бўлган нарсалардан бири никоҳ масаласидир. Ислом мусулмонларни оила қуришга қаттиқ тарғиб қилган. Бу ишни хоҳлаб туриб, аммо мискинлик туфайли қодир бўлмай турганларга закотдан ёрдам берилади.
عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، قَالَ: جَاءَ رَجُلٌ إِلَى النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَقَالَ: إِنِّي تَزَوَّجْتُ امْرَأَةً مِنَ الْأَنْصَارِ، فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «هَلْ نَظَرْتَ إِلَيْهَا؟ فَإِنَّ فِي عُيُونِ الْأَنْصَارِ شَيْئًا»، قَالَ: قَدْ نَظَرْتُ إِلَيْهَا، قَالَ: «عَلَى كَمْ تَزَوَّجْتَهَا؟» قَالَ: عَلَى أَرْبَعِ أَوَاقٍ، فَقَالَ لَهُ النَّبِيُّ r: «عَلَى أَرْبَعِ أَوَاقٍ؟! كَأَنَّمَا تَنْحِتُونَ الْفِضَّةَ مِنْ عُرْضِ هَذَا الْجَبَلِ، مَا عِنْدَنَا مَا نُعْطِيكَ، وَلَكِنْ عَسَى أَنْ نَبْعَثَكَ فِي بَعْثٍ تُصِيبُ مِنْهُ». رَوَاهُ مُسْلِمٌ.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир киши келиб:
«Ансорлардан бир аёлга уйландим», деди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:
«Унга назар солдингми? Ансорийларнинг кўзларида бир нарса бўлади», дедилар.
«Унга назар солдим», деди.
«Қанчага уйландинг?» дедилар.
«Тўрт увқияга», деди. (Тўрт увқия 160 дирҳамга тенг.)
Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тўрт увқияга?! Сизлар кумушни манави тоғдан кўчириб олаётгандексизлар-а?! Бизда сенга берадиган нарсамиз йўқ. Эҳтимол, сени бир гуруҳ ила юборамиз, бирор нарсалик бўлиб қоларсан», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам янги турмуш қурганларга закот молидан бериб турганлар. Мазкур саҳобийни ҳам закот йиғувчилар билан қўшиб юборишга ваъда берганлар. Бундан «Уйланишга муҳтож кишига закотдан берса бўлади», деган ҳукм чиқади.
Умар ибн Абдулазиз раҳматуллоҳу алайҳининг даврларида ҳар куни жарчи: «Мискинлар қани?! Қарздорлар қани?! Никоҳ талаблар қани?!» деб жар солар экан. Келганларга закот молидан берилар экан.
Закотнинг пулидан камбағал толиби илмга китоб сотиб олиши учун ҳам берилади.
Фақир ва мискин закот олишга ҳақли бўлиши учун ўзига ва қарамоғидаги кишиларга кифоя қилгудек моли ёки мол топишга касби йўқ бўлиши керак.
Қўлидан иш келадиган, лекин ўзига яраша иш топа олмаётган ишсиз ҳам закот олиши мумкин.
Ишлаб туриб, етарли даромад топа олмаётган шахс эса етмаганини олади.
Ўзига, ҳолига, обрўсига муносиб иш эътиборга олинади. Агар шундай иш топилмаса, у чиндан ҳам ишсиз ҳисобланади. Олим ёки адиб одам ноқулай ҳолга тушиб қолса, жамият уни юкчилик ёки фаррошлик қилдириб қўймайди. Балки муносиб иш топгунича закот пулидан кифоясини бериб, таъминлаб туради.
Касбга қодир бўлса-ю, лекин талаби илм билан бўлиб, қийналиб қолган кишилардан қобилиятли, келажакда жамиятга фойда келтириши кўзда тутилаётганларига ҳам закотдан берилади.
Кўчмас мулки бор-у, ундан тушаётган даромад озлиги учун қийналиб қолган кишиларга ҳам закотдан берилади. Уларни кўчмас мулкини сотишга мажбур қилинмайди.
Шунингдек, илмий иш билан машғул кишилар ноқулай иқтисодий ҳолатга тушиб қолсалар, закотдан олишга ҳақли бўладилар. Бундай кишиларнинг китобларини, илмий тажриба учун керакли асбоб-анжом ва бошқа нарсаларини сотиб кун кўришларига Ислом жамияти йўл қўймайди.
Бир киши бойлиги маълум ва машҳур бўлса-ю, кейин фақирлик даъвосини қилиб келса, то ҳужжат-далил билан даъвосини исботламагунича, унинг гапи қабул қилинмайди.
Бир кишининг бойлиги номаълум бўлса-ю, фақирлик даъвосини қилиб келса, гапи қабул қилинади.
Биров касби йўқлигини даъво қилиб келса-ю, ташқи кўринишидан гапи тўғрига ўхшаса, гапи қабул қилинади.
Биров касби йўқлигини даъво қилса-ю, ташқи кўриниши ўхшамаса, қасам ичирилади.
Фақир ва мискин бола-чақаси борлиги, маоши етмаслигини даъво қилса, ҳужжат билан тасдиқлаши керак.
Закот омилига амали миқдорича берилади.
Бу синф «Закотчи», «Садақачи», «Закот омили» деб ҳам аталган. Бугунги кунда уларни закот идораси, ташкилоти ёки шунга ўхшаш муносиб ном билан аташ мумкин.
Бу синфга закотни бойлардан йиғиб олиб, ҳақдорларга тарқатгунча бўладиган ишларда қатнашадиган барча кишилар киради. Бевосита закот йиғувчими, ҳисобчими, қоровулми, котибми ёки бошқами, барибир.
Закот йиғиш муҳим иш бўлгани учун Қуръони Карим бу ишда ишловчиларни саккиз синфдан учинчи ўринда зикр этган.
Аллоҳ таоло закот ходимига ҳам закотдан улуш ажратди. У закотдан олишга ҳақдор саккиз синфдан биридир. Закот ходими бой бўлса ҳам закотдан олса бўлади. Чунки бу унинг хизмат ҳақи. Қанча олиши эса маконга, замонга ва шароитларга қараб белгиланади. Яъни бажарган иши учун қанча ҳақ бериш керак бўлса, шунча олади. Бошқачароқ қилиб айтадиган бўлсак, иш бошлаганда тузган шартномасига биноан олади.
«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди
Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.