Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 14 жумадис сони | 2025 йил 05 декабрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Ҳадис

Намозда сажда қилган вақтда муҳим бўлган нукталар | Ҳадис дарслари (319-дарс)

19:00 / 26 февраль 3028 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: أُمِرْتُ أَنْ أَسْجُدَ عَلَى سَبْعَةِ أَعْظُمٍ: عَلَى الْجَبْهَةِ وَأَشَارَ بِيَدِهِ عَلَى أَنْفِهِ، وَالْيَدَيْنِ، وَالرُّكْبَتَيْنِ، وَأَطْرَافِ الْقَدَمَيْنِ، وَلَا نَكْفِتَ الثِّيَابَ وَالشَّعْرَ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

 

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Етти аъзо билан сажда қилишга амр қилиндим. Пешона билан, – деб, қўллари билан бурунларига ишора қилдилар. – Икки қўл, икки тизза ва икки оёқнинг учлари билан. Ва кийим ва сочни йиғиштирмаслигимизга», дедилар».

Бешовлари ривоят қилганлар.

Шарҳ: Демак, инсон намозда сажда қилган вақтда мазкур аъзолар ерга тегиб туриши лозим. Бунга алоҳида эътибор билан қараш керак. Баъзи вақтларда бош кийими халақит бериб, пешона ерга тегмай қоладиган ҳоллар бўлади. Шунга ўхшаб, бурун ва оёқларнинг учи ҳам кўтарилиб қолиш ҳоллари кўп учрайди. Бу ҳадиси шарифни ўқиганимиздан кейин Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни шунга амр қилганини тушуниб етиб, унга эътиборли бўлишимиз лозим.

Шу билан бирга, кийим ва сочни намознинг ичида йиғиштириш, тўғрилаш макруҳ эканлигини ҳам тўла тушуниб етмоғимиз керак. Уламолар «Аввал йиғиштириб олиб, кейин намоз бошлаш ҳам макруҳ», деганлар. Мисол учун, енг ва почаларни шимариб олиш каби ишлар шулар жумласидандир. Чунки ибодат қилганда ҳамма аъзолар, ҳатто кийимнинг енг ва почалари ҳам том маънода иштирок этиши керак.

وَعَنْهُ قَالَ: كَانَ النَّبِيُّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يُعَلِّمُنَا التَّشَهُّدَ كَمَا يُعَلِّمُنَا الْقُرْآنَ فَكَانَ يَقُولُ: التَّحِيَّاتُ الْمُبَارَكَاتُ الصَّلَوَاتُ الطَّيِّبَاتُ ِللهِ، السَّلَامُ عَلَيْكَ أَيُّهَا النَّبِيُّ وَرَحْمَةُ اللهِ وَبَرَكَاتُهُ، السَّلَامُ عَلَيْنَا وَعَلَى عِبَادِ اللهِ الصَّالِحِينَ، أَشْهَدُ أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ. زَادَ فِي رِوَايَةٍ: وَحْدَهُ لَا شَرِيكَ لَهُ، وَأَشْهَدُ أَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ. رَوَاهُ الْخَمْسَةُ إِلَّا الْبُخَارِيَّ.

 

Яна ўша кишидан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ташаҳҳудни худди Қуръонни ўргатгандек ўргатар эдилар.

У зот:

«Аттаҳиятул мубарокатус солаватут тоййибату лиллаҳ. Ас-саламу алайка айюҳан набийю ва роҳматуллоҳи ва барокатуҳ. Ассаламу алайна ва ала ибадиллаҳис солиҳийн. Ашҳаду алла илааҳа иллаллоҳу. (Бир ривоятда «Ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу»ни зиёда қилди.) Ва Ашҳаду анна Муҳаммадар Росулуллоҳ», дер эдилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

Шарҳ: Бу ҳадисга ва бошқа шунга ўхшаш ҳадисларга асосланиб, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари уламолари намоз охиридаги ташаҳҳуд фарз, деганлар. Ҳанафий мазҳаби уламолари эса вожиб, деганлар.

Ҳадисда ташаҳҳуд муҳим нарса эканлиги айтилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ташаҳҳудни саҳобаи киромларга худди Қуръонни ўргатгандек ўргатишлари шуни кўрсатади.

Энди ушбу ривоятда келган ташаҳҳуд сийғасини таржима қилиб чиқайлик:

«Барокатли табриклар ва покиза салавотлар Аллоҳ учундир. Эй Пайғамбар, сенга салом, Аллоҳнинг раҳмати ва баракаси бўлсин. Бизларга ва Аллоҳнинг солиҳ бандаларига салом бўлсин. Аллоҳдан ўзга ибодатга сазовор Зот йўқ, деб гувоҳлик бераман. (Бошқа бир ривоятда «У ёлғиздир. Унинг шериги йўқ» деган жумла зиёда қилинган.) Албатта, Муҳаммад Аллоҳнинг Расули, деб гувоҳлик бераман».

Шофеъий мазҳаби ташаҳҳуднинг ушбу сийғасини олган. Агар ўша мазҳабдаги биродарлар бу сийғани ўқисалар, бошқалар буни ғариб санамасликлари керак.

«Ҳадис ва ҳаёт» китобининг 4-жузи асосида тайёрланди.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари Аллоҳ таолонинг ваҳийсининг бир тури экани, бу каби масалаларда у зот алайҳиссалом ўзларидан чиқариб давоми...

6417 17:03 / 03.05.2018
Аҳмад ибн Ҳанбал ибн Ҳилол ибн Асад Идрис ибн Абдуллоҳ ибн Ҳайён ибн Абдуллоҳ алБағдодий ҳадис ва фиқҳ олими ва Ҳанбалий мазҳабининг асосчисидирлар. Насаблари давоми...

7695 13:30 / 22.05.2019
. . Фазл ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Намоз икки ракъат, икки ракъатдир. Ҳар икки давоми...

1224 19:00 / 12 июнь
Маъсиятларни тарк қилиш ҳамдаАллоҳ таолонинг тоати ва зикрини маҳкам тутиш19тавсия Умму Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади.Эй Аллоҳнинг Расули, менга тавсия давоми...

5662 16:11 / 07.01.2017