Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 24 шаъбон | 2026 йил 12 февраль, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Тилла-кумуш буюмлар, идишлар ва тақинчоқлар закоти | Фиқҳ дарслари (307-дарс)

19:00 / 14.11.2024 2206 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Уламоларимиз тилла-кумуш буюмлар, идишлар ва тақинчоқлардан закот бериш масаласини чуқур ўрганиб чиқиб, қуйидаги қарорларга келганлар:

1. Тилла ва кумушдан қилинган турли буюмлар, идишлар учун закот бериш фарздир.

Аввало, Ислом бу нарсаларни исрофгарчилик, манманлик бўлгани ҳамда камбағалларнинг кўнгли чўкишига сабаб бўлгани учун ҳаром қилган. Мусулмон одам мазкур нарсаларни уйида сақламагани маъқул. Аммо ким ушбу қоидага риоя қилмай, уларни ўзига мулк қилиб олган бўлса, ўша нарсалар ўзи ёки бошқа мулк билан қўшилганда нисобга етса, закот бериш фарз бўлади.

Уламоларимиздан баъзилари: «Бундай идиш ва буюмларнинг нисобга етганини аниқлаш учун уларнинг оғирлиги эътиборга олинади, агар 85 граммга етса, нисобга етган бўлади», деганлар.

Баъзилари эса: «Қийматини олиш керак, чунки у нарсалар санъат асари сифатида баҳоси яна ҳам ортган бўлади», дейишади.

2. Эркак кишиларнинг тилла ва кумуш тақинчоқларидан ҳам закот олинади.

Эркак кишига шариатимизда битта кумуш узук тақишга рухсат берилган. Қолган ҳар қандай кумуш ва тилла тақинчоқ ҳаром. Лекин шундай бўлса ҳам, ўша нарсалардан тақинчоғи бўлса, уни тақиш ёки тақмаслигидан қатъи назар, ўзига мулк бўлиб тургани учун закот беради. Уни бошқа мулкларга қўшиб, нисоб ҳисобига киритади.

Бу нарсаларнинг ҳаммаси ўсиши керак бўлган молни ўлик мол қилиб қўйиш ҳисобланади ва Исломда қораланади.

Зарурат учун, кишининг соғлиғи учун қилинган тилла ва кумуш нарсалар, масалан, тиш, бурун ва шунга ўхшашлардан закот берилмайди.

3. Маржон, лаъл, зумрад, олмос, ёқут каби нарсалардан закот берилмайди. Чунки бу нарсалар ўсмайдиган мол ҳисобланади. Фақат аёлларнинг зебу зийнати шаклида ишлатилади.

4. Тилла ва кумуш тақинчоқлар тақиш учун эмас, пулни банд қилиш учун, жамғарма қилиш учун, сотиб, фойда кўриш учун олиб қўйилган бўлса, улардан закот бериш вожиб бўлади.

Агар шундай қилинмаса, одамлар закот беришдан қочиб, пулига тилла ва кумуш тақинчоқлар олиб қўйишга ўтадилар. Қолаверса, бундай тақинчоқлар аёлларнинг ҳожати учун эмас, пулни ушлаб ва унинг фойдасини олиш учун жамғарилган бўлади.

5. Аёл кишининг тилла ва кумуш тақинчоқлари 85 грамга етса закоти берилади.

Олмос, маржон, лаъл ва бошқа қимматбаҳо тошлари бўлган тақинчоқларда уларнинг қимматбаҳо тошларининг вазни чиқариб ташланиб, соф тилла ва кумуш вазнидан закот чиқарилади.

عَنْ عَمْرِو بْنِ شُعَيْبٍ، عَنْ أَبِيهِ، عَنْ جَدِّهِ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «كُلُوا، وَاشْرَبُوا، وَتَصَدَّقُوا، وَالْبَسُوا مَا لَمْ يُخَالِطْهُ إِسْرَافٌ أَوْ مَخِيلَةٌ». رَوَاهُ ابْنُ مَاجَهْ وَأَحْمَدُ.

Амр ибн Шуъайб отасидан, у бобосидан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Исроф ва манманлик қилмасдан еб-ичинглар, садақа қилинглар ва кийинглар», дедилар».

Ибн Можа ва Аҳмад ривоят қилишган.

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Қуръони Каримдаги биздан олдин бўлган нарсаларнинг ахборида иймонИслом йўли осон эмаслиги, у йўлга поёндоз тўшалиб, гуллар сочилиб қўйилмаганлиги, балки бу йўл давоми...

4932 05:00 / 17.01.2017
. Биринчи бор қанча ўқигани ҳақида шакка тушган одам намозни янгитдан ўқийди. Агар шаки кўпайган бўлса, гумонининг ғолиб тарафини олади. Агар ғолиб давоми...

3583 19:00 / 06.07.2023
. . . .У икки зарбадан иборат бўлиб, бир зарба юзга масҳ тортиш учун, яна бир зарба эса икки қўлга чиғаноқлари билан қўшиб масҳ тортиш учун ер давоми...

5413 13:00 / 26.11.2020
Алқомус алфиқҳий.Бу китобнинг тўлиқ исми .Алқомус алфиқҳий луғатан ва истилоҳан,дир. Унинг муаллифи Саъдий Абу Жийбдир.Муаллиф олдин феълни, кейин исмни баён давоми...

7118 14:00 / 29.07.2019