Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 12 жумадул аввал | 2024 йил 14 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Закоти бериладиган молда лозим бўлган шартлар | Фиқҳ дарслари (286-дарс)

19:00 / 13 июнь 752 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ: ُعَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «مَا مِنْ يَوْمٍ يُصْبِحُ الْعِبَادُ فِيهِ إِلَّا مَلَكَانِ يَنْزِلَانِ فَيَقُولُ أَحَدُهُمَا: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُنْفِقًا خَلَفًا، وَيَقُولُ الْآخَرُ: اللَّهُمَّ أَعْطِ مُمْسِكًا تَلَفًا». رَوَاهُمَا الشَّيْخَانِ وَالنَّسَائِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Бандалар тонг оттирган ҳар бир кунда албатта, икки фаришта нозил бўлади. Улардан бири:

«Аллоҳим! Инфоқ қилувчига ўринбосар бергин», дейди. Иккинчиси эса:

«Аллоҳим! Мумсикка йўқотиш бергин», дейди», дедилар».

Иккисини икки шайх ва Насоий ривоят қилишган.

Энди закот бўйича «Мухтасари Виқоя»да келган матнларни шарҳлашга ўтайлик.

لَا تَجِبُ إِلَّا عَلَى حُرٍّ، مُكَلَّفٍ، مُسْلِمٍ، مَالِكٍ مِلْكًا تَامًّا لِنِصَابٍ نَامٍ وَهُوَ إِمَّا بِالثَّمَنِيَّةِ، أَوِ السَّوْمِ أَوْ نِيَّةِ التِّجَارَةِ مَعَ الْحَوْلِ، فَاضِلٍ عَنْ حَاجَتِهِ الْأَصْلِيَّةِ، وَعَنْ دَيْنٍ مُطَالَبٍ مِنْ عَبْدٍ. فَلَا يَجِبُ عَلَى مُكَاتَبٍ وَلَا بَعْدَ الْوُصُولِ لِأَيَّامٍ كَانَ ضِمَارًا، كَمَفْقُودٍ، وَمَجْحُودٍ لَا حُجَّةَ عَلَيْهِ، وَمَأْخُوذٍ مُصَادَرَةً.

وَشُرِطَ النِّيَّةُ وَقْتَ الْأَدَاءِ أَوِ الْعَزْلِ، إِلَّا أَنْ يَتَصَدَّقَ بِالْكُلِّ.

Закот фақат ҳур, мукаллаф, мусулмон, ўсиб турувчи, аслий ҳожатидан ва бандалар тарафидан талаб қилинадиган қарздан ортувчи нисобга тўлиқ молик бўлган одамгагина фарз бўлади. Ўсиш қиймат, далада боқиш ёки тижорат нияти ва бир йил ўтиши ила бўлади.

Бас, закот мукотабда, умид узилгандан бир неча кун ўтиб қўлига тушган молда, тан олинмаган, ҳужжати бўлмаган ва мусодара қилиб олинган молда фарз бўлмайди.

Закотни адо этиш ёки уни ажратиш вақтида ният қилиш шарт қилинди. Илло, молнинг ҳаммасини садақа қилиб юборса, бундан мустасно.

Ушбу жумлаларда закотнинг фарз бўлиш шартлари ҳақида сўз бормоқда. Уларнинг ҳар бири билан батафсил танишиб чиқсак, масалани пухта тушуниб оламиз.

Закот фарз бўлиши учун уни берувчида ва закоти бериладиган молда лозим бўлган шартлар қуйидагилардан иборат:

1. Ҳур.

Қул, мукотаб (хожаси билан озод бўлиш учун тўлов тўлашга шартнома тузган қул), мудаббар (хожаси «Мен ўлгандан кейин озодсан», деб қўйган қул) ва умму валад(хожасидан бола кўрган чўри)ларга моли бўлса ҳам, закот фарз бўлмаган, чунки уларнинг ўзлари бировнинг мулки бўлишган. Шунинг учун уларнинг мулкка моликлиги тўлиқ эмасдир.

2. Мукаллаф.

«Мукаллаф» деганда унга нисбатан шариат ҳукмлари таклиф қилинган, яъни шариат ҳукмларини бажариши фарз бўлган шахс тушунилади. Бу ерда асосан балоғатга етганлик ва оқиллик кўзда тутилган. Шунинг учун балоғатга етмаган болаларга ва мажнунларга закот фарз бўлмайди.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «رُفِعَ الْقَلَمُ عَنْ ثَلَاثَةٍ: عَنِ النَّائِمِ حَتَّى يَسْتَيْقِظَ، وَعَنِ الصَّبِيِّ حَتَّى يَحْتَلِمَ، وَعَنِ الْمَجْنُونِ حَتَّى يَعْقِلَ». رَوَاهُ أَبُو دَاوُدَ وَالنَّسَائِيُّ وَابْنُ مَاجَهْ وَالْحَاكِمُ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қалам уч тоифадан кўтарилгандир: уйқудагидан, уйғонгунича; ёш боладан, эҳтилом ёшига етгунича; мажнундан, ақли киргунича», дедилар».

Абу Довуд, Насоий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган.

3. Мусулмон.

Мусулмон бўлмаган одамга закот фарз бўлмайди.

Мусулмон бўлмаган одамдан закот олинмаслиги закот исломий ибодат бўлгани учундир. Худди мусулмон бўлмаган одамдан намоз ўқиш ва рўза тутиш талаб қилинмаганидек, закот беришни ҳам талаб қилиб бўлмайди.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا: أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ لِمُعَاذِ بْنِ جَبَلٍ حِينَ بَعَثَهُ إِلَى الْيَمَنِ: «إِنَّكَ سَتَأْتِي قَوْمًا أَهْلَ كِتَابٍ، فَإِذَا جِئْتَهُمْ فَادْعُهُمْ إِلَى أَنْ يَشْهَدُوا أَنْ لَا إِلَهَ إِلَّا اللهُ، وَأَنَّ مُحَمَّدًا رَسُولُ اللهِ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لَكَ بِذَلِكَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ قَدْ فَرَضَ عَلَيْهِمْ خَمْسَ صَلَوَاتٍ فِي كُلِّ يَوْمٍ وَلَيْلَةٍ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لَكَ بِذَلِكَ فَأَخْبِرْهُمْ أَنَّ اللهَ قَدْ فَرَضَ عَلَيْهِمْ صَدَقَةً تُؤْخَذُ مِنْ أَغْنِيَائِهِمْ فَتُرَدُّ عَلَى فُقَرَائِهِمْ، فَإِنْ هُمْ أَطَاعُوا لَكَ بِذَلِكَ فَإِيَّاكَ وَكَرَائِمَ أَمْوَالِهِمْ، وَاتَّقِ دَعْوَةَ الْمَظْلُومِ، فَإِنَّهُ لَيْسَ بَيْنَهُ وَبَيْنَ اللهِ حِجَابٌ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Муъоз ибн Жабални Яманга юбораётиб, унга қуйидагиларни айтганлар:

«Албатта, сен аҳли китоб қавмнинг ҳузурига борасан. Бас, қачон уларнинг ҳузурига етиб борсанг, уларни «Лаа илааҳа иллаллоҳу ва анна Муҳаммадан Расулуллоҳ», деб шаҳодат беришларига даъват қил.

Агар улар сенга бунда итоат этсалар, Аллоҳ уларга бир кеча-кундузда беш вақт намозни фарз қилганининг хабарини бер.

Агар улар сенга бунда итоат этсалар, Аллоҳ уларга уларнинг бойларидан олиниб, фақирларига қайтариладиган садақани фарз қилганининг хабарини бер.

Агар улар сенга бунда итоат этсалар, яхши молларини олишдан ҳазир бўл. Мазлумнинг дуосидан қўрқ, чунки, у (дуо) билан Аллоҳнинг орасида парда йўқдир».

Бешовлари ривоят қилишган.

Ушбу ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам закот беришни таклиф қилиш иймонга келганларидан кейин бўлишини таъкидлаганлар.

Баъзи бир кишилар: «Ислом давлати соясида яшаётган, аммо мусулмон бўлмаган одам турли имтиёзлардан, хизматлардан, қулайликлардан, ижтимоий манфаатлардан фойдаланади, ҳатто қарилик ёки ишга яроқсизлик нафақасини ҳам олади. Яна у закотдан тушган маблағлар ҳам сарфланган нарсалардан фойдаланади-ю, нима учун ўзи закот бермай юриши керак?» дейишлари мумкин.

Бу саволга уламоларимиз шундай жавоб берадилар:

«Ислом давлати соясида яшаётган ғайримусулмон одам «зиммий» деб аталиб, у «жизя» деб номланган тўлов тўлайди. Исломдаги бу тўловга ибодат маъносида эмас, ҳукумат одамлари билан мусулмон бўлмаган кишилар орасидаги келишув орқали олиб бориладиган муомала сифатида қаралади».

Зиммий Ислом давлати ҳимоясида юргани, барча ижтимоий имтиёзлардан фойдалангани, аммо ҳарбий хизматдан озод қилингани учун жизя тўлайди.

Агар «жизя»га амал қилинмаётган бўлса, давлат ундай кишиларга алоҳида солиқ солиши мумкин. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг даврларида Бану Тағлаб номли араб қабиласига нисбатан шундай қилинган.

Энди закоти бериладиган молга қўйиладиган шартлар ҳақида сўз юритилади.

4. Ўсиб турувчи нисобга тўлиқ молик бўлган одам.

Бу жумлада молда бўлиши шарт қилинган нарсалардан бири, яъни ўша мол ўсувчи бўлиши кераклиги айтилмоқда. Ўсишдан мақсад нималигини матннинг қуйидаги жумласи шарҳ қилади:

5. Ўсиш қиймат, далада боқиш ёки тижорат нияти ила бўлади.

Бу жумладаги «қиймат»дан пул бирлиги, яъни қадимги тилла ва кумуш, ҳозирги қоғоз ва танга пуллар ирода қилинган.

«Далада боқиш» закоти бериладиган ҳайвонларга қўйилган шарт бўлиб, бундан қўлда ем бериб боқилган, бу боқишда тижорат мақсад қилинмаган ҳайвонлардан закот берилмаслиги аён бўлади.

«Тижорат нияти» деганда сотиш учун олиб қўйилган ҳар бир нарса кўзда тутилади.

Закот бериш фарз бўлиши учун мол ўсиб туриши ёки ўсишга имкони бўлиши керак. Яъни ўша молдан эгасига фойда кўпайиб туриши ёки фойда кўпайиш имкони бор бўлиши лозим.

Молнинг ўсиши ҳайвонот бойликларида туғилиш, семириш, яна бошқа маҳсулотлар бериш йўли билан бўлади. Бошқаларида эса тижорат ёки шунга ўхшаш йўллар билан бўлади. Агар ўсмайдиган молдан закот фарз қилинса, молни закотнинг ўзи йўқ қилиб қўяди. Бундай ҳолда закот берувчига зарар бўлади. Ҳолбуки, «закот» сўзининг бир маъноси «ўсиш»дир.

Закот ўсувчи моллардан олиниши кераклигига, бошқасидан олиб бўлмаслигига Набийимиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан далил келтирилган.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِي اللهُ عَنْهُ، عَنِ النَّبِيِّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: «لَيْسَ عَلَى الْمُسْلِمِ صَدَقَةٌ فِي عَبْدِهِ وَلَا فِي فَرَسِهِ». رَوَاهُ الْخَمْسَةُ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Мусулмонга қулида ва отида садақа йўқ», дедилар».

Бешовлари ривоят қилишган.

Қул ва от кишининг хизмати учун керакли нарсалар. Улардан тижорат мақсадида фойдаланилмайди. Шунинг учун шахсий эҳтиёжлар учун ишлатиладиган ҳеч бир молдан закот чиқариш фарз бўлмайди.

Тилла ва кумуш доимо ўсиб турадиган мол бўлгани учун уларнинг ҳар қандай ҳолатидан закот берилади.

Зироат бойликлари табиий ўсишга боғлиқ бойликлардир, кон ва дафиналар ҳам шундай.

Ҳайвонот бойликлари туғилиш, семириш ва турли маҳсулотлар бериш билан ўсади.

Тижорат моллари эса энг кўп ўсувчи моллар ҳисобланади.

Пуллар хам шундай, нарсаларнинг қиймати пул билан ўлчанади. Ҳозирги кунда бу нарсасиз мол кўпайтиришни умуман тасаввур қилиб бўлмайди. Аммо баъзан шу пулнинг ўзи ўсмай, кўпаймай туриб қолиши ҳам мумкин.

Масалан, бир кишининг нисобга етган миқдорда пули бор, дейлик. У ишончли жойда турибди. Лекин йил давомида бир тийинга ҳам кўпаймади. Закот берадими-йўқми? Шубҳасиз, закот беради. Чунки у пул ўсишга имкони бор мол ҳисобланади. Унинг эгаси ўзининг уқувсизлиги туфайлигина бу пулнинг ўсишига имкон бермади. Аслида эса у одам пулини савдога ишлатиб ёки ишлаб чиқаришга қўйиб, ўзи ҳам фойда олиши, ўзгаларга, жамиятга ҳам фойда келтириши мумкин эди.

 

«Кифоя» китобининг иккинчи жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2022 йил 5 октябрдаги 03-07/7013-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳишом ибн Урвадан ривоят қилинади.Ибн Зубайр Маккадалигида Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари қушларни қафасда кўтариб юришарди,. Шарҳ Демак, ушбу давоми...

3369 05:00 / 03.03.2017
Учинчи қисмБир синфдаги раддга ҳақдор меросхўрлар билан бирга раддга ҳаққи йўқ меросхўрлардан бири, яъни эр ёки хотин ҳам бўлади.Бундай ҳолатда раддга ҳаққи йўқ давоми...

1651 11:00 / 19.06.2020
.Қуёш чиқаётганда, қиёмда турганда ва ботаётганда намоз ўқиш, тиловат саждаси қилиш ва жаноза намози ўқиш жоиз эмас. Бу ҳукмнинг далили қуйидагича давоми...

3326 16:30 / 17.06.2021
Мажлиснинг оддий ёки фавқулоддаги йиғинида, агар имкони бўлса, қатнашувчиларнинг барчаси ёки аксари тўплангандагина фатво ва қарорлар ишлаб чиқилади. Мухолиф давоми...

4682 15:05 / 31.10.2019