Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадул аввал | 2024 йил 22 ноябрь, жума
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (23-дарс). Сиёсатуш-шаръийя китоблари

13:40 / 06.03.2019 5118 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Бу тоифадаги китобларда давлат сиёсатини қандай юритиш ҳақида сўз юритилади.

1. «Ал-аҳкомус-султонийя вал вилоятуд-динийя».

Сиёсатуш-шаръийя китоблари ичида энг қадимги ва машҳурларидан бири имом Мовардийнинг «Ал-аҳком ас-султонийя вал вилоятуд-динийя» номли китобидир. Одатда бу номни қисқа қилиб «Ал-аҳком ас-султонийя» дейилади.

Муаллифнинг тўлиқ исми – Абулҳасан Али ибн Муҳаммад ибн Ҳабиб Мовардий. У киши ҳижрий 364 санада Басрада туғилган. Фиқҳ, усул, тафсир ва адабиётда пешқадам саналган бу олим шофеъий мазҳабида бўлган. Абулқосим Суҳайрий, Абу Ҳомид Исфиройиний, Ҳасан ибн Али Ҳийлий ва бошқалардан дарс олган. Кўплаб шогирдлар етиштирган. Унинг шогирдлари ичида айниқса Хатиб Бағдодий ва Абулъизз ибн Каадиш машҳурдир.

Имом Мовардийнинг муҳим китобларидан «Ал-ҳовий ал-кабир», «Адабуд-дунё вад-дин», «Қонунул визора», «Ал-иқноъ», «Далоилун-нубувва» ва «Тасҳилин-назар»ни айтиб ўтишимиз мумкин. У киши ҳижрий 450 санада Бағдодда вафот этган.

«Ал-аҳком ас-султонийя» китобида имом Мовардий Исломдаги сиёсий, молиявий, қозилик, идорий ва аскарий тузумлар ҳақида баҳс юритади.

Имом Мовардий ўзининг бу китобида давлат бошлиғи, халифалик, вазирлик, унинг турлари ва шартлари, жиҳодга ва юртларга амирлик қилиш, қозилик ва шикоятларга қараш, намозга имом бўлиш ҳамда ҳаж ва садақаларга раҳбарлик қилиш ҳақида сўз юритган.

Шунингдек, «Ал-аҳком ас-султонийя» китобида қозилик тузуми, шикоятлар бўйича девоннинг ишларини йўлга қўйиш тартиблари ва тафтишчилик бўйича нималар қилиниши лозимлиги ҳам батафсил баён этилган.

Бундан ташқари, имом Мовардий ўзининг бу китобида давлатнинг вазифалари нималардан иборатлиги ҳамда ҳоким ва маҳкум ўртасидаги алоқалар қандай бўлиши лозимлигини ҳам айтиб ўтган. Китобда ўлжа, жизя, харож ва қўриқ ерларни ўзлаштириш масалалари ҳам батафсил ёритилган.

Кейин эса катта жиноятлар ва уларга белгиланган шаръий жазолар, ҳадд, қасос ва таъзир ҳақида сўз юритилган.

«Ал-аҳком ас-султонийя» китоби исломий тузумлар ва сиёсатуш-шаръийя бўйича энг мўътабар ва машҳур китобдир. Имом Мовардийдан кейин келган ва ушбу масалада сўз юритган ҳамма уламолар худди шу китобдан фойдаланганлар.

Имом Суютий «Ал-аҳком ас-султонийя»ни мухтасар қилган. Китоб ўзининг равонлиги, тартибининг гўзаллиги, мазҳабларнинг ижтиҳоди солиштирилиши, оят, ҳадис, асарлар ва шеърлардан далил келтирилиши билан эътиборни ўзига тортади. Мутахассислар бу китобдан кўп фойдаланадилар. «Ал-аҳком ас-султонийя» жуда кўп марта нашр қилинган.

2. «Ас-Сиясатуш-шаръийя фий ислоҳир-роъий ар-раъийя».

Бу китоб ҳанбалийлардан Аҳмад ибн Абдул Ҳалийм ибн Таймиянинг қаламига мансубдир. У киши ҳижрий 661 санада Ҳарронда туғилган ва ҳижрий 728 санада Дамашқда вафот этган.

Аҳмад ибн Абдулҳалим ибн Таймия отаси Абдулҳалим, Шамсуддин ибн Қудома, Зайнуддин ибн Нажо, Маждиддин ибн Асокир, Ибн Аллон, Яҳё ибн Сайрафий ва бошқалардан дарс олган.

Унинг шогирдлари ичида Шамсуддин Заҳабий, Абу Ҳайён Наҳвий, Шамсуддин Мақдисий ва бошқалар бор.

Аҳмад ибн Абдул Ҳалим ибн Таймия «Иқтизои сиротил мустақийм», «Фатавои Ибн Таймия», «Минҳожус-сунна ан-Набавийя» ва бошқа бир қанча китобларни ёзган.

«Ас-сиясатуш-шаръийя фий ислоҳир-роъий ар-раъийя»­ китобида муаллиф асосан шаръий жиҳатдан ҳоким ва маҳкум орасидаги алоқаларни низомга солишга ва ҳукмдор қандай ҳукм юритиши ҳамда қўл остидагиларга нисбатан қандай сиёсат қилишига эътибор қаратган.

Китоб икки бобга бўлинган.

Биринчи бобда энг салоҳиятли ва рисоладаги ҳокимни сайлаш қандай бўлиши ҳақида сўз кетган.

Иккинчи бобда эса мусулмонларнинг молу мулкини қандай тасарруф қилиш кераклиги борасида баҳс боради.

Китобнинг охирида оят ва ҳадислардан далиллар келтириш орқали шаръий жазоларнинг қандай амалга оширилиши ҳақида батафсил баён келган. Шунингдек, тўрт мазҳаб имомларининг ижтиҳодлари ҳам келтирилган бўлиб, имом Аҳмаднинг мазҳабига алоҳида эътибор берилган. Сўнгра муаллиф ўзига маъқул келган тарафни қўллаган.

3. «Шарҳус-сияри кабийр».

Бу китоб ҳанафий мазҳабидаги олим Муҳаммад ибн Абу Саҳл Сарахсийнинг қаламига мансубдир. Имом Сарахсий ҳижрий 483 санада Фарғона шаҳрида вафот этган. У киши фиқҳ, усул ва ҳадис бўйича катта ва машҳур олим бўлган. Ҳанафий уламолар имом Сарахсийни соҳиби мазҳабдан ривоят бўлмаган масалаларда мужтаҳидлардан деб ҳисоблайдилар. У киши кўп китобларини Ўзгандаги зиндонда ўтириб ёзган. У киши Шамсул Аимма Абдулазиз Ҳалвонийнинг шогирдларидандир.

Имом Сарахсий кўплаб китоблар ёзган. Ўша китобларнинг ичида «Мабсут», «Усул» ва «Ан-нукат» китоблари жуда ҳам машҳурдир.

«Шарҳус-сияри кабийр» китоби имом Сарахсийнинг имом Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг «Ас-сияр ал-кабийр» китобига ёзган шарҳидир.

Бу ҳанафий мазҳаби бўйича сиёсатуш-шаръийяга оид китобдир. Бу китоб уруш ва унга оид ҳукмлар, бошқа диндагилар билан бўладиган алоқалар ҳақидаги қонунлар мажмуаси десак, хато қилмаган бўламиз. Унда Қуръон ва Суннатдан далиллар келтирилган.

Имом Сарахсий «Шарҳус-сияри кабийр» китобида аввал оят ёки ҳадисни келтиради. Сўнгра уларни шарҳ қилади ва шаръий ҳукмни чиқаради. Бу китобда зикр қилинган масалаларнинг сони 453 тага етган.

4. «Маъолимул қурба фий маъолимил ҳисба».

Бу китобнинг муаллифи Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Ахва Қурашийдир. Шофеъий мазҳабида.

5. «Ниҳоятур-рутба фий толабил ҳисба».

Бу китобнинг муаллифи Абдурраҳмон ибн Наср Шизрий ҳам Шофеъий мазҳабида.

6. Ал-муқаддима ас-султонийя фис-сиясатуш-шаръийя.

Бу китобнинг муаллифи Тўғон Муҳаммадий Мисрий Ҳанафийдир. Китоб ҳижрий 878 йилда ёзиб тугатилган.

“Фиқҳий йўналишлар ва китоблар” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Фақат далада ўтлайдиган, яъни йилнинг кўп қисмида яйловда боқиладиган ҳайвондангина закот бериш фарз бўлади. Кичикларидан ҳам берилмайди. Илло, катталарга тобе давоми...

564 19:00 / 05 сентябрь
Намоз араб тилида .салот, дейилиб, луғатда .яхшиликка дуо, маъносини англатади. Шариатда эса такбир ила бошланиб, салом бериш ила тугайдиган, махсус шартлари бор давоми...

2804 17:00 / 06.05.2021
Намозда охирги саждадан бошини кўтаргач, .Аттаҳиййаату,ни .абдуҳу ва расулуҳу,гача ўқигунча бўлган вақт давомида ўтириш фарздир. Бу амалнинг фарзлигига давоми...

3042 17:00 / 09.12.2021
. . Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таҳорат қилдилар ва икки жавробларига ҳамда кавушларига масҳ давоми...

3028 13:00 / 07.01.2021