1446 йил 19 жумадис сони | 2024 йил 21 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Иснод илми

05:00 / 18.01.2017 4496 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Қола  ҳаддасано”  си  бори ҳақиқий  илимдир, ва ундан бошқаси шайтон  васвасасидир” .       ( Имом Шофеъий)

    العلم ما كان فيه قال حدّثنا ،

وما سوي ذاك وسواس الشّياطين . 

 

 Иснод сўзининг  таърифи:


Луғавий  маноси : “Сўзни  айтгувчисига суяш” демакдир. (Яъни, фалончи айтди, дейиш.)

Истилоҳий маъноси : Матнга олиб борувчи кишилар  силсиласи”  демакдир. Масалан: Имом Бухорий р.а. Ҳумайдий Абдураҳмон  ибн Зубайрдан р.а., у Суфёндан, у Яҳё ибн Саид ал-Ансорийдан, у Муҳаммад ибн Иброҳим ат-Таймийдан, у Алқама ибн Ваққос ал-Лайсийдан  ривоят қилади: “Умар ибн Ҳаттоб р.а.   минбарда туриб  шундай деганини эшитдим: “Расулуллоҳ с.а.в.дан эшитдимки, у зот шундай дедилар: “Албатта  амаллар ниятларга боғлиқдир...”.[1]

Юқоридаги  мисолда  Имом Бухорий р.адан бошлаб то Росулуллоҳ с.а.в.гача бўлган кишилар силсиласини  иснод  дейилади. Мана шу кишиларнинг таржимаи ҳоллари муҳаддис уламоларнинг “Рижол илми” китобларида муфассал баён қилинган . Масалан, Имом Бухорийнинг “ Тарихул кабир ”лари, Ибнул Асирнинг “ Усудул ғобаҳ фи маърифатис саҳоба ” китоблари, Ҳофизи аз-Заҳабийнинг “ Сияри  Аъломин Нубало ” , “ Мийзанул иътидал фи нақдир рижал ” имом Насоийнинг « Аз-Зуъафо вал-матрукун ” , имом Абу Исҳоқ ал-Жузжонийнинг “ Аҳвалур рижал ” , имом Ҳанзолийнинг “ Ал-Журҳу ват таъдийл ” , имом Ажалийнинг “ Маърифатус сиқот ” , имом ибн Шоҳийннинг “ Тарийху асмоис сиқот ” , имом ибн Ажамийнинг “ Ат-Табйин лиасмоил мудаллисийн ” , қози Абул Валийд ал-Божийнинг “ Ат-Таъдийл ват тажрийҳ ” ,  имом Аҳмад ибн Ҳанбалнинг “ Ал-Асоми вал куно ” номли китоблари ва яна бундан бошқа “Таҳзибут – таҳзиб”, “ Таҳзийбут-тақрийб ” , “Ал-Куно вал асмо ”, “Ал-Асмоул муфродаҳ ” , “ Ал-Мунтақо фи сардил куно ”ва ҳоказо каби юзлаб китоблар бунга мисол бўла олади.

Инсоният тарихида умматлардан  бирортаси  ҳам ўз ичидан чиққан  пайғамбар, ё олим, ёки ҳурматли ва обрўли  кишиларнинг сўзларига мусулмонлар ўз пайғамбарлари Муҳаммад алайҳиссаломнинг сўзларига катта эътибор берганлари каби аҳамият бермаганлар.

Пайғамбар алайхиссаломнинг суннатлари Қуръони  каримнинг мулозими. Унинг муфассири  ва унинг мақсадларини шарҳлагувчи  бўлганлиги  учун Ислом уламолари  ҳадиси шарифларни катта аҳамият билан ўргандилар. Зеро инсон  Аллоҳнинг  каломини ўзининг қосир ақли билан тушуниб ундан  тўғри ҳукм чиқариб олишга ожизлик қилар экан, шу боис инсонлар Аллоҳнинг буйруқларига  тўғри амал қилишлари учун Пайғамбар алайхиссаломнинг ҳадисларини чуқур ўрганишга муҳтож бўладилар. Мана шунинг учун Аллоҳ таоло ҳар бир умматга ўз вақтида пайғамбарларни шу қавмнинг тили билан  сўзлайдиган қилиб жўнатган. Бу ҳақида Иброҳим  сурасининг 4-оятида шундай дейилган:

 

﴿ و ما أرسلنا من رسول إلا بلسان قومه ليبيّن لهم﴾

 

“Биз ҳар бир пайғамбарни ( ҳукмларимизни ) баён қилиб бериш учун ўз қавмининг тили билан ( сўзлайдиган қилиб ) юборганмиз.”

 Худди шунингдек, қиёматга қадар боқий бўлган Қуръони карим оятларини инсонлар ўз ақллари билан тўғри тушуниб олишлари маҳолдир.Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Қуръони каримни инсоният тўғри тушиниб қабул қилишлари учун пайғамбаримиз Муҳаммад  алайҳиссалом орқали нозил қилинган. Бу ҳақида “ Наҳл ” сурасининг 44-оятида Аллоҳ таоло  шундай марҳамат қилади :

 

﴿ و أنزلنا اليك ذكر لتبيّن للنّاس ما نزّل اليهم و لعلّهم يتفكّرون ﴾

 

“ Сизга эса одамларга нозил қилинган  нарсаларни (яъни, шариат аҳкомларини ) баён қилиб  беришингиз учун  ва шояд таффакур қилсалар, деб бу эслатма  -  Қуръонни  нозил қилдик ”.

 Юқоридаги  оятлардан  сўзимизни тўғри  эканлигини, яъни, инсон ўзга  воситасиз Парвардигонинг  буйруқларини тўғри тушуна олмаслигига амин бўламиз.

Ўзимизку   Пайғамбар алайҳиссаломдан 1400 йил кейин яшаб келаётган араб бўлмаган ажам халқмиз, вахоланки, Пайғамбар алайҳиссалом билан бирга яшаган ва ўзи араб бўлган саҳобалар баъзи ҳолларда  Қуръони карим оятларини тушунишга ожизлик қилар эдилар. Бунга биз қуйидаги баъзи оятларни мисол қиламиз:

 

﴿ ألّذين آمنوا و لم يلبسوا إيمانهم بظلم أولئك لهم الأمن وهم مهتدون ﴾

 

“ Иймон  келтириб ўз иймонларини зулм (ширк) билан аралаштирмаган зотлар – ана  ўшалар хотиржам бўлгучилардир ва ана ўшалар ҳидоят топгувчилардир”. [2]

 Шу ояти карима нозил бўлганда саҳобийларга оғир келиб: “ Ё Росулаллоҳ, қайси биримиз ўз нафсига бўлса-да, зулм қилмаймиз? ”- деб, бу оятни тўлиқроқ тушунтириб беришни сўрадилар. Шунда Пайғамбар алайҳиссалом:“ Бу сиз ўйлаётганингиздек эмас, балки, Луқмон ўз ўғлига насиҳат қилганидир”- деб, “Луқмон ” сурасининг 13- оятини ўқиб бердилар:

 

﴿ يا بنيّ لا تشرك بالله إنّ الشّرك لظلم عظيم﴾

 

“ Эй ўғилчам, Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки ширк келтириш катта зулмдир. ” [3]

 Ёки, “Анфол ” сурасининг 60- оятини мисол қилайлик:

 

﴿ و أعدّوا لهم ما استطعتم من قوّة...﴾

 

“ (Эй мўъминлар), улар учун имконингиз борича қувват тайёрлаб қўйингиз!”

 Бу ояти каримани Пайғамбар алайҳиссалом минбарда туриб саҳобаларга ўқиб бердилар-да: “ Билингизки, қувват бу (камон) отишдир!”- деб, уч мартта такрорладлар.[4]

Мана шу ояти карималарнинг тафсиридан кўриниб турибдики, инсон одатда ўз ақли билан топа олмайдиган қуръоний ҳукмларни Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари баён қилиб тушунтириб берганлар.

Юқоридаги ўтган нарсалардан хулоса шу бўладики, қиёматга қадар боқий дастуруламал бўлган Қуръони карим оятларини тўғри фаҳмлашимиз учун Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини, яъни, ҳадиси шарифларини яхши англаб, унинг саҳиҳ ва заифларини бир биридан ажрата биладиган бўлишимиз лозим бўлади. Чунки, ҳадисларни Пайғамбар алайҳиссаломдан саҳобийлар, улардан тобеъинлар ва улардан табаъ-тобеъинлар  эшитиб ривоят қилганлар. Мана шу табаъ-тобеъинларнинг даврларида, яъни, ҳижрий 150-151 йилларда ибн Журайж ва ибн Исҳоқ р.а.лар биринчилардан бўлиб Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак ҳадиси шарифларини қитоб шаклида жамлаганлар.

Кўриниб турибдики, бир дона ҳадис Пайғамбар алайҳиссаломнинг муборак оғизларидан чиқиб, то китобнинг бир бетидан жой олгунга қадар (Пайғамбар алайҳиссалом ҳижрий 11 йилда вафот этганлар) бир ярим аср вақт ўтиб, бир неча авлод орқали оғиздан-оғизга ўтиб юқорида номлари зикр қилинган ва улардан кейин келган муҳаддис уламоларнинг китобларидан ўрин олган.

Маълумки, шахслар хар хил бўлади. Баъзиларнинг ривоятларини қабул қилиш жоиз бўлса, баъзиларнинг ривоятларини қабул қилиш мутлоқ жоиз бўлмайди ва бошқа баъзилар эса, ривоятлари қабул қилиниш ё қабул қилинмасдигида ихтилофлидир ва ҳ.к. Шунинг учун муҳаддис уламолар бу ҳақда умумий ва хос бўлган қоидалар туздилар ва бу қоидалар мажмуъаси  мусталаҳ илми  деб ном олди.

Бизга етиб келадиган хар қандай хабарни текшириб кўриб, сўнгра уни қабул қилишимиз кераклиги ҳақида Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло  “Ҳужурот”  сурасининг 6- оятида шундай марҳамат қилади:

 

﴿ يا أيّها الّذين آمنوا إن جآءكم فاسق بنبأ فتبيّنوا... ﴾

 

“ Эй мўъминлар, сизларга бир фосиқ кимса бирон хабар келтирса, ( у фосиқ келтирган хабарни ) текшириб кўринглар...”

 Бу бизга етиб келган хар қандай хабарни текшириб кўриш хақида Қуръони каримдаги Аллоҳ субҳанаҳу ва таъолонинг буйруғидир. Энди келинг бу ҳақда Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадиси шарифларида қандай ривоятлар келганига назар солайлик:

 

" يكون في آخر الزّمان دجّالون كذّابون يأتونكم من الأحاديث بما لم تسمعوا أنتم و لا آباءكم ، فإيّاكم و إيّاهم لا يضلّونكم و لا يفتنونكم "

 

“ Охирги замонда ёлғончи дажжоллар бўладиулар сизлар ҳамда ота-боболарингиз эшитмаган ҳадисларнисизларга келтирадилар. Сизлар улардан узоқ бўлинг ва уларни ўзингиздан узоқ қилинг, тоинки улар сизларни фитна қилиб (ҳидоят йўлидан) адаштириб қўймасинлар.” [5]

 

" كفي بالمرء كذبا أن يحدّث بكلّ ما سمع "

 

“ Кишининг ёлғончилигига эшитган сўзларини (текширмасдан) сўзлашлиги кифоя қилади.” [6]

 

" إنّ الشّيطان ليتمثّل في صورة الرّجل فيأتي القوم فيحدّثهم بالحديث من الكذب ، فيتفرّقون فيقول الرّجل منهم سمعت رجلا أعرف وجهه و لا أدري ما اسمه يحدّث "

 

“ Албатта, шайтон эркак кишининг суратига кириб бир қавмнинг ҳузурига келади-да, ёлғон ҳадисларни тўқийди. Қавм тарқаб кетганда, улардан бири: “ Бир кишидан эшитдим, унинг юзини танийман, аммо исмини билмайман ”, деб у(шайтон)нинг сўзларини сўзлайди.” [7]

 

" إنّ هذا العلم دين فانظروا عمّن تأخذون دينكم "

 

“ Албатта,  бу илм (яъни, иснод билан ҳадисни ривоят қилиш илми) диндир. Динингизни кимдан олаётганингизга қаранг.” [8]

 

" لم يكونوا يسألون عن الإسناد ، فلمّا وقعت الفتنة قالوا سمّوا لنا رجالكم ، فينظر إن كان من أهل السّنّة يؤخذ حديثه ، و إن كان من أهل البدع فلا يؤخذ حديثه "

 

“ Аввалида иснод ҳақида сўралмас эди. Вақтики, фитна воқеъ бўлганда: “ Кишиларингизни номини айтинг ”- дейишди. Уларга қараб, аҳли сунна бўлса ҳадислари қабул қилинар эди, ва агар аҳли бидъат бўлса ҳадислари қабул қилинмас эди.” [9]        

" الإسناد من الدّين ، لو لا الإسناد لقال من شآء ما شآء "

 

Абдуллоҳ ибн Муборак р.а. шундай деган эканлар: “ Иснод диндандир. Агар иснод бўлмаганда эди, у ҳолда ҳар ким хохлаган нарсасини (диндан деб) айтар эди.” [10]

Шайх Абу Амр ибн Солаҳ р.а. айтадиларки:“ Муттасил иснод билан  ҳадис ривоят қилишдан мақсад, мана  шу умматга хосланган силсила (занжир)ни боқий қолдиришдир.”

Юқорида ҳадисларнинг саҳиҳ ва заифларини ажрата билиб ривоят қилишда исноднинг нақадар муҳим эканлигига гувоҳ бўлдик. Энди келинг, иснод илмини ўрганишнинг яна бир муҳим бўлган ўрни билан танишиб чиқайлик, бу - мазҳаблар ўртасидаги бўлган ихтилофларни бартараф этишда яққол кўринади. Масалан, энг машҳур ихтилофлардан “омин”ни жаҳрий айтиш масаласини олайлик. Бу ҳақида имом Доруқутний р.а.  “ҳасан” деб, имом Ҳоким р.а. Бухорий ва Муслимнинг шартига кўра “саҳиҳ” деб, ва имом Байҳақий р.а. “ҳасан, саҳиҳ” деб Абу Ҳурайра р.а. дан: “Росулуллоҳ с.а.в Уммул Қуръон  “Фотиҳа” дан  фориғ бўлганларида товушларини чўзиб “омин” дер эдилар” – деган ривоятни келтирганлар. Энди бу ҳадисларнинг иснодига келсак, унда Яҳё ибн Усмон ва Исҳоқ ибн Иброҳим зикр қилинган . Бу иккисини Имом Абу Довуд р.а. ва имом Насоий р.а. “заиф” деганлар. Исҳоқ ибн Иброҳимни имом Муҳаммад ибн Авф р.а. “каззоб” деган, ҳамда “сиҳоҳус ситта”да улардан бирорта ҳам ҳадис ривоят қилинмаган. Шунинг учун юқоридаги муҳаддисларнинг бу ҳадисни “саҳиҳ”, ё “ҳасан” ёки Бухорий ва Муслимларнинг шартларига кўра дейишлари ҳеч ҳам тўғри бўлмайди.

Бошқа ривоятларда келтирилган “...масжидлар гуриллар эди... ” деган ривоят ҳам  заифдир. Чунки унинг иснодида Бишр ибн Рофеъ зикр қилинган. У ҳақда имом Бухорий, имом Аҳмад, имом Яҳё ибн Маъин, имом ибн Ҳиббон, имом ибн Абдулбарр р.а.лар ва бошқа муҳаддислар унинг ривоятларини “мункар” деб қабул қилмасликка иттифоқ қилганлар. Бу “ аҳзибут таҳзийб”, “Ал-Куно”, “Китабул Инсоф” ва бошқа китобларда зикр қилинган.[11]  

Яна бир масала, яъни, такбири таҳримадан сўнг қўлни киндикдан юқорига қўйиш масаласини ҳам мана шу иснод орқали ечайлик.

Ёҳуд “рофъул ядайн” яъни, рукуъдан олдин ва кейин қўлни кўтариш масаласини олсак ҳам мана шу иснод орқали унинг заиф эканлигига гувоҳ бўламиз. Чунки имом Аҳмад ибн Ҳанбал р.а.дан  иккинчи ракъатга турганда ва икки сажда орасида қўл кўтариш ҳақида сўралганда: “Солим отаси (Абдуллоҳ ибн Умар)дан ривоят қилган ҳамда Воил (ибн Ҳужр)нинг ҳадисларига эргашмайман. Чунки уларнинг лафзлари бир-бирига тескаридир” – деб жавоб берганлар. Шунингдек, имом Бухорий р.а. ибн Умар р.а.дан  “Росулуллоҳ с.а.в. сажда қилаётганларида ва саждадан бош кўтараётганларида буни (яъни, қўл кўтаришни) қилмас эдилар” – деган ривоятни келтирганлар. Бу ривоятлар барчаси бир-бирини инкор қиладиган зид ривоятлардир. “Мусталаҳ илми” қоидалари бўйича икки ишончли киши бир-бирига зид ривоят келтирса, ишончи кучлироқ шахснинг ривояти қабул қилиниб, иккинчи шахснинг ривоятини “мункар” деб қабул қилинмайди. Шунингдек, бир ишончли шахс ўзининг аввалги ривоятларига тескари ривоят қилса, унинг ишончлилиги сусайиб қолмасада ривояти қабул бўлмайди. Чунки бундай турдаги ривоятни “Мусталаҳ илми” қоидасига кўра “музтароб” ривоят дейилади.  “Музтароб” турдаги ривоятлар заиф ҳадислар турига киради. Имом Бухорий ва имом Муслим р.а.ларнинг китобларида бундай турдаги ҳадислар кўп бўлмасада учраб туради.

Ҳанбалий мазҳаб уламоларидан ибн Қуддома р.а. “Ал-Муғний” номли китобларида ибн Умар р.а.нинг имом Бухорий ривоят қилган қўл кўтариш ҳақидаги ривоятлари  “музтароб” эканлигига қуйидаги бир қанча далилларни келтирганлар:

  1. Ҳар тик туриш ва эгилишда ( қўлни кўтариш) ва бу саҳиҳдир.
  2. Саждада  ( қўлни кўтаришни) инкор этдилар.
  3. Иккинчи ракъатга турганда ( қўлни кўтариш).
  4. Бунинг тескариси.(яъни, иккинчи ракъатга турганда қўлни кўтармаслик).
  5. Рукуъдан бошни кўтаргандан кейин.
  6. Бунга хилоф ривоят, (яъни, рукуъга такбир айтганда ва саждага энгашаётиб такбир айтганда қўлни кўтариш). Бу ерда рукуъдан турганда қўлни кўтариш зикр қилинмади.
  7. Юқоридаги ривоятларнинг барчасига тескари ривоят қилиниши.

Имом ибн Аби Шайба р.а. ўзларининг  “Мусоннаф” номли китобларида қуйидагини ривоят қилганлар:

 

"حدّثنا أبو بكر ابن عيّاش ، عن حصين ، عن مجاهد ، قال : ما رأيت ابن عمر يرفع يديه إلا في أوّل ما يفتتح "

 

Абу Бакр ибн Айёш  Ҳусайндан, у Мужоҳиддан : “Ибни Умар р.а.ни аввалги такбирдан бошқа жойда қўл кўтарганини кўрмадим.” [12]

 

Юқоридаги ривоятларнинг барчасини турли муҳаддис уламолар Абдуллоҳ ибн Умар р.а.дан ривоят қилганлар. Бу ривоятлар бир-бирига тескари зид ривоятлар бўлгани учун ҳам қабул бўлмайди. Шунинг учун ҳам Ҳанафий мазҳаб уламолари бу ривоятларни қабул қилмаганлар. Чунки, қўл кўтармаслик ҳақида ўттизга яқин саҳиҳ ва ҳасан ҳадислар мавжуд бўлиб, қуйидаги иснод унинг ичидаги энг саҳиҳ ва машҳуридир: 

 

" أبو حنيفة ، عن حمّاد ابن أبي سليمان ، عن إبراهيم النّخعي ، عن الأسود و علقمة ، عن ابن مسعود رضي الله عنه ، عن النّبيّ صلّي الله عليه و سلّم "

    

 

Муҳаммадаюб Усмон

[1] Бухорий ривояти.

[2] Анъом сураси  82-оят

[3] Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а.)дан имом Бухорий ва имом Муслим ривояти.

[4] Уқба ибн Омирдан имом Бухорий ривояти.

 

[5]Абу Ҳурайра р.а.дан имом Муслим 1ж. 12 – бет  7-8 рақам, имом Аҳмад 7919, 8241 – рақам билан ривоят қилганлар.

[6] Абу Ҳурайра р.а.дан имом Муслим 1ж. 12 – бет  6 – р, имом Абу Довуд 4340 – р,  “ Ал-комил фи зуъафаир рижал ” 7ж.203 – бет.  

[7] Абдуллоҳ ибн Масъуд р.а.дан имом Муслим 1ж. 12 – бет,  “ Тафсирул Қуртубий ”  1ж. 422 – бет.

[8] Мухаммад ибн Сийрийн р.а.дан имом Муслим 1ж. 14 – бет, имом Доримий 421, 425, 430-р, ибн Аби Шайба  “ Мусоннаф ”  5ж. 334 – бет, имом Хойсаманинг ҳадиси 1ж. 167 – бет, “ Аҳвалур рижал ”  1ж. 36, 211 – бет, “ Сияру аъломин нубало ” 4ж. 611 – бет, 5ж. 343 – бет имом Молик р.а.дан, “ Жомиъут таҳсийл ”  1ж.73 – бет, “ Зуъафаул Ақийлий ” 1ж.7 – бет, “ Таҳзибул камол ” 25ж. 352 – бет, 26ж. 438 – бет имом Молик р.а.дан, “ Ат-таъдийл ват-тажрийҳ ” 2ж. 677 – бет, “ Тарийху Журжон ” 1ж. 473 – бет имом Молик р.а.дан, “ Ат-тобақотул кубро ” 7ж. 194 – бет, “ Муъжамул муҳаддисийн ” 1ж. 228 – бет, “ Кашфул хофа ” 1ж. 302 – бет, “ Ал-ъилал ва маърифатур рижал ” 3ж. 67 – бет, “ Тадрибур ровий ” 1ж.301 – бет, “ Адабул имло вал истимло ” 1ж. 55 – бетларда ривоят қилганлар:

 " إنّ هذا العلم دين فانظروا عمّن تأخذونه ، ذهب العلم و بقي منه غبرات في أوعية سوء "

[9] Мухаммад ибн Сийрийн р.а.дан имом Муслим 1ж. 15 – бет, “ Жомиъут таҳсийл ”  1ж.58, 69 – бет.

[10] Имом Муслим 1ж. 15 – бет, “ Ал-жарҳу ват-таъдийл ” 2ж. 16 – бет, “ Тадрибур ровий ” 2ж. 160 – бет, “ Маърифату ъулумил ҳадис ” 1ж. 6 – бет, “ Адабул имло вал истимло ” 1ж. 7 – бет.

[11] “ Иълаус сунан ”  2ж. 151 - бет.

[12] Ибн Аби Шайба “ Мусоннаф ” 1ж. 214 – бет. 2454 – рақам.

 

Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу китоб баъзан Китоб алҲазар валибоҳатrdquo ва баъзан Китоб алКароҳатrdquo деб ҳам номланган. Аслида бу китоб ҳақида икки ўринда гап борадиа Китоб исми маъносининг давоми...

4806 05:00 / 18.01.2017
3. Асрнинг вақти ўшандан қуёш ботгунча. Аср намози вақтининг кириши ҳар бир нарсанинг сояси ўзига икки баробар бўлгандан то қуёш ботгунча. Бу ҳукмнинг далили ҳам давоми...

3099 16:00 / 27.05.2021
Учинчи қисмБир синфдаги раддга ҳақдор меросхўрлар билан бирга раддга ҳаққи йўқ меросхўрлардан бири, яъни эр ёки хотин ҳам бўлади.Бундай ҳолатда раддга ҳаққи йўқ давоми...

1675 11:00 / 19.06.2020
. ,. . . ,. . , . . Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади .Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам .Имом давоми...

2757 19:00 / 18.08.2022