1446 йил 23 жумадул аввал | 2024 йил 25 ноябрь, душанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Интернет одоблари

05:00 / 04.03.2017 6007 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

“Интернет” сўзи ажнабий тилдаги қисқартирилган жумла бўлиб, тилимизда “халқаро маълумотлар тўри” деган маънони англатади. Аммо бу ном ихтиёр қилинганидан кейин интернетнинг тинмай ривожланиши оқибатида у фақат маълумотлар тақдим ва қабул қилиш билан чекланиб қолмай, бундан ҳам катта ҳажмдаги ишларни олиб боришга хизмат қиладиган бўлиб кетди. Ҳаётнинг барча соҳаларида интернет ёрдамида осонлик, арзонлик ва тезлик фойдалари кўзлайдиган бўлинди.


Тасаввур қилиш учун биргина мисол келтиришнинг ўзи кифоя қилади, деб ўйлайман. Ҳаво йўли билан сафарга чиқмоқчи бўлган инсон оддийгина чипта олиш  учун чиптахонага бориши, навбатда туриб чипта олиши, агар чипта у истаган кунга топилмаса, ортига қайтиб кетишига тўғри келади. Худди шу иш интернет орқали амалга оширилса, жуда кўп фойда кўрилади. Бунда инсон уйида ўтириб чипта сотиб олади. Вақти келганда аэропортда учишдан олдин автоматдан чиптасини олади. Бу иш аввалгисига солиштириб кўрилса, вазият аён бўлади. Чиптахонага бориб овора бўлинмайди. Навбатга турилмайди. Устига-устак арзонга тушади. Чунки чиптахона биноси, чиптачи, бинони иситиш, совутиш, ёритиш учун кетадиган, йўлкира ва шунга ўхшаш харажатлар тежаб қолинади.

Бу жуда ҳам оддий мисол, бунга ўхшаш фойдалар жуда кўп. Шунинг учун ҳозирда ҳамма халқлар интернетни ривожлантириш борасида қўлидан келган барча чораларни кўрмоқда. Бу ишга тўғаноқ бўлувчи омиллардан халос бўлиш йўлларини ахтармоқда.  Интернетдан фойдаланувчилар кун сайин кўпайиб бормоқда. Ҳамма ушбу осонлик ва қулайликдан баҳраманд бўлишга ошиқмоқда.

Аммо шу билан бирга интернетга боғлиқ муаммолар ҳам кўпайиб ва жиддийлашиб бормоқда. Барча соҳалардаги каби интернетнинг фойдалари муқобилида зарарлари ҳам кўпайиб бормоқда.

Интернетда фойдали маълумотлар билан бир қаторда зарарли, бузуқ маълумотлар ҳам тарқалмоқда. Ақидага путур етказувчи, фоҳишабозлик ва беҳаёликни тарғиб қилувчи, ахлоқсизликни тарқатувчи ва шунга ўхшаш инсон зотига ор келтирувчи ишларни тарғиб қиладиган сайтлар кўпайиб бормоқда. Баъзи одамлар интернет орқали бир-бирга туҳмат қилмоқда, ҳақоратлаб сўкишмоқда, бир-бирини шарманда қилмоқда ва ҳоказолар. Айнан интернет орқали нафақат ахлоқий бузуқликлар, балки сиёсий, ижтимоий, молиявий, илмий ва бошқа кўпгина соҳаларда ҳам жиноятлар содир этилмоқда. Қўпол қилиб айтганимизда, интернет мазкур қабоҳатларни амалга оширишни осонлаштирмоқда. 

Айтиб ўтилган ушбу гаплардан кўриниб турибдики, интернет ҳам икки тарафлама – ҳам яхшиликка, ҳам ёмонликка хизмат қилиши мумкин нарсага айланди. Бизнинг вазифамиз уни яхшиликка хизмат қилдириб, ёмонликка бошламаслиги чораларини кўриш, унинг зарарларидан четланишга ҳаракат қилишдир. Бунинг учун эса, динимизнинг умумий таълимотлари асосида интернетдан фойдаланиш одобларини йўлга қўйишимиз керак бўлади. 

Албатта, интернет нисбатан яқинда пайдо бўлган восита эканидан олдинлари мусулмон уламоларнинг бу масалани хаёлларига келтиришлари ҳам мумкин эмасди. Ҳозир эса интернет ва унга боғлиқ масалалар замонамизнинг мусулмон уламолари олдига тегишли муаммоларни кўндаланг қилмоқда. Бу масалалар қанчалик тез ҳам қилинса, шунчалик яхши бўлиши ойдин бўлиб турибди. Қуйидаги саҳифаларда эътиборингизга тақдим этилаётган маълумотлар мазкур соҳадаги изланишларда камтарона бир уриниш бўлишидан умид қиламиз.


Интернетдан фойдаланиш одоблари


Қуйида халқаро замонавий алоқа ва ахборот воситаси бўлмиш интернетдан фойдаланишнинг баъзи умумий  одоблари ҳақида қисқача сўз юритамиз:  

  – Интернетдан фойдаланмоқчи бўлган одам ниятни яхши қилган бўлиши керак. Албатта, мусулмон инсон ҳар бир нарсада бўлгани каби интернетдан фойдаланишда ҳам фақат яхшиликни, шариатда рухсат берилган нарсаларга мувофиқ иш қилишни ният қилиши лозимдир. Ана шундагина бу ишидан фойда топади, кўзлаган мақсадига эришади. Интернетдан олган фойдасига қўшимча равишда динининг таълимотларига амал қилгани учун савоб ҳам олади. Агар диний таълимотга амал қилмай, ниятини яхшиласаю, интернетдан фақат яхшилик йўлида фойдаланса, ўша олган фойдаси қолади, аммо савоб олмайди. Чунки бу ишига диний таълимот асосида яхши ниятни аралаштирмади. Мусулмон киши бир яхшиликни ният билан қилса, бир савоб олади, ўша ниятига амал қилганида эса, савоби ўн марта кўпаяди.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз Роббилари таборака ва таолодан ривоят қилиб айтадилар: «Албатта, Аллоҳ яхшиликлар ва ёмонликларни ёзиб қўйди. Сўнгра ўшани баён қилди. Ким бир яхшиликни қасд қилсаю, унга амал қилмаса, Аллоҳ буни Ўз ҳузурида комил бир яхшилик қилиб ёзиб қўяди. Агар уни қасд этиб, амал ҳам қилса, Аллоҳ азза ва жалла уни Ўз ҳузурида ўнтадан етти юз яхшиликкача, ундан ҳам бир неча марта кўп қилиб ёзади», дедилар». 

Бухорий, Муслим, Термизий, Насаий ривоят қилганлар.

– Интернетга киришдан олдин вақтни зое қилмаслик учун умрнинг қадрини эсга олиш, унинг ҳар лаҳзаси ҳисобли экани, қиёмат кунида ҳисоб-китоб бўлишини эсга олиш зарур. Айнан ушбу ҳис-туйғу бўлмагани учун кўпчилик интернетда соатлаб вақтини, азиз умрнинг тансиқ кунларини зое қилишни ўзига эп кўрмоқда. Узоқ вақт давомида, саккиз-ўн соатлаб интернетда ўтирганлар ўзига хос хасталикларга чалинганлари ҳақидаги хабарлар беҳуда тарқалмаган бўлса керак. Мусулмон инсон эса, доимо, жумладан, интернетдан фойдаланишда ҳам умрининг ҳар лаҳзаси борасида охиратда сўралишини зинҳор унутмайди.

Ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қиёмат куни одам боласининг қадами то ундан беш нарса ҳақида: умрини нимага сарфлагани, ёшлигини нимага кетказгани, молини қаердан касб қилгани ва сарфлагани, билганига қандай амал қилгани ҳақида сўралмагунича Роббининг ҳузуридан узилмайди». 

Термизий ривоят қилган.  

– Интернетга киришдан олдин иш режасини яхшилаб тузиб олиш керак. Ҳар бир ишдаги каби интернетдан фойдаланишда ҳам яхшилиаб тузилган режа асосида иш юритиш лозим. Мақсад ва кўзланган фойда аниқ бўлсин. Кириш ният қилиб турилган сайтнинг номи  тайёр бўлсин. Шунга ўхшаш барча керакли нарсалар, маълумотларни олдиндан аниқлаб олиш зарур. Ўтириб олиб “нима қилсам экан”, деган хаёлларни суриш вақтнинг заволидир. 

– Интернетда ишлашни “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” билан бошлаш ва иш бошлашда ўқиладиган дуолардан билганича ўқиш керак. Мусулмон кишининг ҳар бир ишни бошлаганда албатта “Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм” дейиши кераклиги кўплаб ҳадислардан таъкидланган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эътиборли ҳар бир иш «Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм» билан бошланмас экан, у кесикдир», дедилар». 

Абдулқодир Раҳовий ривоят қилган.

– Интернетда кўриладиган, ўқиладиган ва эшитиладиган нарсаларнинг барчаси шариат рухсат берган нарсалар бўлиши шарт. Зотан мусулмон инсоннинг ҳамма ерда, барча замонларда ва барча вазиятларда қиладиган гап-сўзларию, иш ва фаолияти шариатга мувофиқ бўлиши талаб этилади. 

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, сайтга кирадиган баъзи одамлар ҳаётда ўзларига раво кўрмайдиган нарсаларни сайтда бемалол эп кўришади. Улар ўзларича, “бу иш ҳаётдаги савияда эмас-ку”, деган хаёлга боришлари мумкин. Аслида эса, бу ношаръий ишларни сайтда ўзига раво кўрганларнинг ахлоқий савиясида нуқсон бор. Ҳаётда одамлар уни кўриб-билиб тургани учун, ўзгалар гапирмасин дея ўзини ёмонликдан тийган бўлади. Сайтда эса, одамлар кўрмайди ҳам, билмайди ҳам. Бунинг устига сайтда номини ҳам ўзгартириб, тамоман бирор киши танимайдиган бўлиб олади. Демак, унинг шариат талабларига амал қилиши хўжакўрсинга, тўғрироқ айтганда мунофиқликка асосланган бўлади.  

Шунинг учун ҳам, сайтга кирган ҳар бир инсон ўзининг мусулмонлик бурчини унутмаслиги керак. Одамлар кўрмаса ҳам, Аллоҳ таоло кўриб турганини эсдан чиқармаслик лозим. Одамлар билмаса ҳам, Аллоҳ таоло билиб турганини мунтазам ҳис этиб туриш зарур.  

Аллоҳ таоло Ғофир сурасида марҳамат қилади: 

«У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам, кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур» (19-оят).

Аллоҳ таоло билмайдиган ҳеч нарса йўқ. У зот ҳамма нарсани билади. Ҳатто: «У Зот кўзларнинг хиёнатини ҳам...” билади. Яъни, кимнингдир бировга билдирмасдан, ўғринча кўз қирини ташлаганини ҳам билади, ҳисобга олиб қўяди. 

У зот: «...кўкслар яширган нарсаларни ҳам билур”. Ҳеч кимга билдирмасдан, дилда тугиб қўйилган нарсаларни ҳам Аллоҳ таоло жуда яхши билади. Шундай бўлганидан кейин, бошқа нарсаларни билишида асло шак-шубҳа йўқдир. Одамлар бундан огоҳ бўлсинлар. Демак, фаҳш ва бедобликни тарғиб қилувчи, бефойда машғулотларга, вақтни беҳуда ўтказадиган нарсаларга ихтисослашган сайтларга кирмаслик талаб этилади.

– Сайт эгаларининг маънавий-маърифий ҳуқуқларига тўла риоя қилиш чин мусулмонлик бурчидир. Бунга пул тўлаб кириш лозим бўлган сайтларга ҳақ тўламасдан ўғринча кириш, кўчириб олишга рухсат берилмаган нарсаларни кўчириб олиш, кўчириб олинганда манба кўрсатилиши лозим бўлганида кўрсатмаслик каби ишлар киради. Бу каби ишларнинг барчаси гуноҳдир. Чунки бу бировнинг маърифий-маънавий мулкини талон-тарож қилишдан иборатдир. Бошқача қилиб айтганда, маърифий-маънавий ўғрилик ва қароқчиликдир. Бундай ишлар ҳаром эканига уламолар бир овоздан фатволар чиқаришган. 

– Ишхона ёки бошқа бирор шахснинг интернетидан рухсатсиз фойдаланиш мумкин эмас. Баъзи кишилар ишхонанинг интернетидан ўз шахсий манфаатлари учун фойдаланишни ўзларига эп кўришади. Бунда икки тарафлама мулоҳаза қилинадиган иш содир бўлади. Бир тарафдан – ишхонанинг интернетга тўлайдиган маблағи шахсий манфаат учун сарфланади. Иккинчи тарафдан –ишхонанинг ишини бажариш ўрнига иш вақтида ўз манфаатини кўзлаб, масъулиятдан қочиш юз беради. Бошқа одамнинг интернетидан фойдаланиш борасида ҳам шунга ўхшаш гапни айтиш мумкин. Шунинг учун улардан фақат ҳақ эгасининг рухсати билан ва зарурат юзасидангина фойдаланиш мумкин. Дам олиш танаффусида, керакли маълумотни олиш, электрон почтани текшириб кўриш кабиларга рухсат берилади.

– Болаларнинг интернет ва компютердан фойдаланишини оқилона ва эътибор билан йўлга қўйиш керак. Аввало, бола ота-онаси ва катталарнинг рухсатисиз интернет ва компютердан фойдаланмасин. Болаларни бундай пайтларда қаровсиз қолдирмаслик, назардан қочирмаслик лозим. Улар фойдаланадиган жиҳозлар ҳамманинг кўз ўнгида турадиган бўлсин. Йўқса, кўзни шамғалат қилиб, исталмаган, бузуқ ёки бефойда нарсаларга ўзларини уришлари мумкин. Болаларнинг интернет ва компютерда ўйнайдиган ўйинлари зеҳнни чархлайдиган, маърифий фойда берадиган, одоб-ахлоққа чорлайдиган бўлиши чорасини кўриш лозим. Болалар вақти зое бўлмаслиги ҳақида мунтазам бош қотириш ҳам эсдан чиқмаслиги лозим.

Юқорида ўтган мулоҳазаларда бир кишининг сайтга кириб, ундан фойдаланиши ҳақида сўз борди. Аммо интернетда бошқа хизматлар, турли тармоқлар ва фаолиятлар ҳам бор. Албатта, булар ҳақида ҳам батафсил сўз юритилиши жуда зарур.


Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф


Муаллиф
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Бу китобнинг муаллифи Жиддадаги Малик Абдулазиз дорилфунуни Ислом иқтисоди илмий изланишлар маркази илмий ходими доктор Рафиқ Юнус Мисрийдир. Муқаддимада давоми...

3682 14:00 / 19.08.2019
Уламолар ва мусулмон уммати Қуръоннинг ҳаммаси насх бўлмаслигини алоҳида таъкидлаганлар. Қуръон Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бош ва абадий давоми...

3173 17:04 / 22.12.2017
Маконнинг пок бўлиши шартлигига далил Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу айтади .Бир аъробий туриб, масжидда бавл қилди. Одамлар унга ёпишиб кетишди. Шунда Набий давоми...

3050 18:00 / 30.09.2021
121. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг .Ким менга қасддан ёлғон давоми...

8943 18:29 / 26.07.2017