1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Уламолар

Суннатга мувофиқ ҳаёт

11:24 / 01 июль 1360 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Мухлислар Шайх ҳазратларининг қиёфаларидан, юриш-туришларидан, сўзлашларидан, одамларга муносабатларидан, ҳатто кулишларию таом истеъмол қилишларидан суннатга мувофиқликни излашар ва ҳар гал, албатта излаганларини топишар эди.

Саъид Жаририй Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни кўрганман», деди. Унга: «У зотни кўрганингда қандай эдилар?» дедим. «Хушрўй оқ, худди пастликка тушаётганга ўхшаб юрар эдилар», деди» (Муслим ва Абу Довуд ривояти).

Шайх Муҳаммад Содиқ баланд бўйли барваста, тик қоматли, қуюқ қошли, келишган, соч-соқоли ўзига ярашган, бақувват киши эдилар. Ранглари оқ-қизғишга мойил, юзлари нурли, жиддий ва ўйчан эди. Олимларга хос виқорли, ҳайбатли, ҳаракатлари дадил ва салобатли эди. Оҳангаронлик бир мухлис қуйидагича ҳикоя қилади: «Ҳазратни бир маросимга таклиф қилишган эди. Кўча лой бўлгани учун хонадонгача пиёда келдилар. Узоқдан у кишининг юришларини Пайғамбар алайҳиссаломнинг қадам ташлашларига ўхшатиб юбордим. Худди тепаликдан тушиб келаётгандек қадларини тик тутиб, бир нуқтага қараганча дадил одимлардилар».

Бошқа бир ҳадис билан танишиб, яна Набий алайҳиссаломга ўхшашлик топса бўлади. Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг ичида юзи энг гўзали, хулқи энг гўзали эдилар» (Бухорий ва Муслим ривояти). Устознинг хулқлари ҳамма ҳавас қиладиган даражада гўзал эди. Ҳазратда бир инсонда жам бўлиши мушкул бўлган кўплаб олийжаноб сифатлар мужассамлашган эди. У киши ўзларида улуғворлик билан камтарлик, ўткир билимдонлик билан соддалик, даҳолик билан тавозуъ, подшоҳларча сиёсатдонлик билан оталарча меҳрибонлик, ҳайбат билан беғуборлик, бойлик билан зоҳидлик, устозлик билан толиблик, олимлик билан паҳлавонликни жамлаган эдилар. Ҳазрат буюк арбоб бўлиш билан бирга оддий мусулмон бўлишни ҳам унутмаган эдилар. У кишида ҳақиқий тавозуъ – дилдаги тавозуъ жуда мукаммал шаклланган эди. Юксак шон-шавкатга эга бўлиш билан бирга фитрат софлигини ҳам сақлаган эдилар. Суҳбатдошлари билан чин юракдан гаплашардилар. У киши билан ҳамсуҳбат бўлган ҳар ким Ҳазрат мени ҳаммадан кўп яхши кўради, деб ўйларди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Оиша, албатта, Аллоҳ мулойимдир. У зот мулойимликни яхши кўради ва мулойимлик учун қўполликка ҳамда ундан бошқага бермаган нарсани беради», дедилар» (Муслим ривояти). Ҳазратнинг табиатларига қўполлик, бадхулқлик, бировни ёмонлаш каби иллатлар ёт эди. Ҳамиша одамлар билан, ҳатто биринчи марта кўраётган кишилари билан ҳам жилмайиб мулойим гаплашар эдилар, сўзларидан дағаллик сезилмасди. Ҳазратнинг бутун вужудларидан бардамлик, саломатлик, қувват, ғайрат уфуриб турарди. Бадантарбия ва спорт билан мунтазам шуғулланганлари учун таналари соғлом, чиниққан, ҳаракатлари дадил ва енгил, руҳлари доим тетик эди. Кийинишда бошқалардан ажралиб туришга, фахрга интилмас, аммо гўзал ва ярашган кийимларни киярдилар.

Бир ривоятда: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кулгилари фақат табассумдан иборат эди», дейилган (Термизий ривояти). Бу борада ҳам Шайх ҳазратлари Расулуллоҳ алайҳиссаломнинг ҳақиқий эргашувчиларидан эдилар. Қанча суҳбатларида юриб, сафарларда ҳамроҳ бўлиб, у киши билан маросим ва давраларда қатнашиб, бирор марта Ҳазратнинг қаҳ-қаҳ отиб ёки шарақлаб кулганларини кўрган эмасмиз. Жуда қизиқ ва латиф гаплар сўзланса ҳам мийиғларида кулиб ёки шунчаки табассум қилиб қўярдилар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гапни сизларга ўхшаб шошилиб гапирмас эдилар, аксинча, у зот бўлиб-бўлиб гапирар эдилар. Олдиларида ўтирган одам ёдлаб олар эди» (Бухорий, Муслим ва Термизий ривояти). Шайх ҳазратларининг овозлари залворли, кескин, йўғон, аммо ёқимли бўлиб, сўзлаганда Пайғамбар алайҳиссаломга ўхшаб дона-дона қилиб, фикрни тингловчига етказиш учун бир неча бор таъкидлаб, содда, аммо фасоҳатли сўзлар билан нутқ қилардилар. Шу боис мавъиза ва насиҳатлари ҳар қандай савиядаги тингловчига осон етиб борар, ҳар қандай кишини ром қилиб қўяр, одамлар қайта-қайта эшитиб ҳам тўймайдиган теран ва чиройли бўлар эди.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч кимни: аёлни ҳам, ходимни ҳам қўл билан урмаганлар. Фақат Аллоҳнинг йўлидагина урганлар. У зотга бирор нарса етган бўлса, унинг соҳибидан интиқом олмаганлар. Фақат Аллоҳ ҳаром қилган нарсалар поймол қилинсагина, Аллоҳ азза ва жалла учунгина интиқом олганлар» (Аҳмад, Бухорий ва Муслим ривояти). Шайх ҳазратлари ҳам мана шу ҳадисга мувофиқ ҳаёт кечирганлар. Завжалари Фотима ҳожи аянинг ҳикояларига қараганда, «Ҳазратнинг дилларини оғритганлар бўлган. Аммо у киши биров билан уришиб-жанжаллашмаганлар. У киши ташқаридан жиддий кўринсалар ҳам аслида кўнгиллари нозик, диллари юмшоқ эди. Ҳатто оилада биронтамизга фавқулодда овоз кўтариб, қаттиқроқ гапириб қўйсалар, тўрт-беш кун ўша одамнинг юзига қарашга ботина олмасдилар. Буни ўзлари ҳам тан олиб, «Бировга қаттиқ гапириб қўйсам, анчагача унга рўпара келолмай юраман», деган эдилар. Одатда кўпчилик уришиб-талашиб, яна ҳеч нима бўлмагандай гаплашиб кетаверади. Ҳазрат эса бундай бетамиз эмас эдилар. Овоз кўтаришни, бақир-чақир, ғалаённи юраклари кўтармас эди. Кўнгилчанликларидан бировга узоқ тикилиб ҳам қарамас эдилар. Хушхулқ, камсуқум, очиқ табиатли, самимий, содда ва камтарин инсон эдилар».

Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам чачвонидаги мастура қиздан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон бир нарсани ёқтирмасалар, юзларидан билар эдик» (Бухорий ва Муслим ривояти). Шайх ҳазратлари камгап, вазмин, доно эдилар. Ҳеч қачон қаттиқ овозда гапирмасдилар. Сергапликни ёқтирмас, бефойда гаплар бошланиши билан бирор нарсани баҳона қилиб туриб кетардилар. Кимдандир аччиқлансалар, унга умуман гапирмай қўярдилар. У кишининг ўша «жим»ликлари ранжитган киши учун етарли тарбия бўларди. Бирон кишидан ранжиб қолсалар, унга ёмон сўз демасалар-да, назар ҳам солмай қўярдилар. Хафачиликни унча изҳор қилмасалар ҳам бу нарса кайфиятларига таъсир қилар, тезда сўлғинлашиб қолардилар. Муносабатлар яхшилашган сари яшнайверардилар.

Шаддод ибн Ҳод розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шом ва хуфтон намозларидан бирида олдимизга чиқдилар. У зот Ҳасан ёки Ҳусайнни кўтариб олган эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдинга ўтдилар ва уни ерга қўйдилар. Сўнг намозга такбир айтдилар. Намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордилар. Мен бошимни кўтардим. Қарасам, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам сажда қилган ҳолларида, бола эса у зотнинг орқаларига чиқиб олибди. Саждамга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозни тугатганларида одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули! Намоздаги саждалардан бирида саждани чўзиб юбордингиз, ҳатто биз бирор иш бўлдими ёки сизга ваҳий қилиняптими, деб ўйладик», дейишди. «Буларнинг ҳеч бири бўлгани йўқ. Лекин ўғлим (яъни набирам) мени улов қилиб олди. То у ҳожатни қондиргунича шошилтиришни ёқтирмадим», дедилар» (Насоий ва Ҳоким ривояти).

Усома ибн Зайд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уни ва Ҳасан ибн Алийни олиб икки сонлари устига ўтқазар ва: «Аллоҳим, иккисини яхши кўраман. Албатта, иккисини яхши кўраман», дер эдилар» (Бухорий ривояти). Ҳазратнинг фарзандларига, набираларига муносабатлари ҳам суннатга мувофиқ эди. Уларни ҳеч қачон урмаганлар, қаттиқ гапирмаганлар. Уларга нисбатан энг катта жазолари гапирмай қўйиш бўлган, холос. Ўғиллари Исмоилжонни кичиклик пайтида «тойчоқ» деб эркалар эдилар. Қизларига нисбатан ҳам жуда латиф муомалада бўлардилар. Уларни эъзозлаб, алоҳида эътибор берардилар. Қизлари Одинахон туғилганида Ливияда таҳсилда эдилар. Бу хабарни эшитиб, жуда хурсанд бўлганлар ва ўша ердаги талабаларга дарров «ақиқа» маросими қилиб берганлар. Жажжи чақалоққа атаб мактуб ҳам йўллаганлар. Кенжа қизлари Оминахон туғилганида ҳам ниҳоятда хурсанд бўлганлар ва катта ақиқа қилиб берганлар. Фарзандларининг таҳсил олиши учун бор имкониятни ишга солганлар. Бирор ердан совға-салом билан қайтадиган бўлсалар, суннатга мувофиқ совға беришни қизларидан бошлардилар. Келинларини ҳам қизлари қаторида кўрардилар. Шайх Ҳазратлари ҳар гал набира кўрганларида дарров шукр саждасини қилардилар. У киши ҳамма набираларини баробар кўрардилар. Барчасини кўз қувончим, деб билардилар. Кунда ҳаммаси билан кўришиб, ўқиш ва ишларидан хабардор бўлиб турардилар. Қиз набираларига кўпроқ эҳтимом кўрсатардилар. Набираларига бўлган муносабатлари кўпинча Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Ҳасан, Ҳусайн ва Умомаларга бўлган муносабатларини ёдга соларди.

Шайх ҳазратлари чин маънода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари эдилар. У киши илму амалда ҳам, меҳнат-машаққатда ҳам, шунингдек, иймон аҳлининг муҳаббатини қозонишда ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга меросхўр бўлдилар. Бу улушдорлик ҳатто таърифланишда ҳам ўз ифодасини топди. У кишини васф этган дунё кезган кишилар олдин ҳам, кейин ҳам у кишининг ўхшашларини кўрмаганларини таъкидламоқдалар.

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бошқа бирон шахс саҳобаларга (у зотдан) севимлироқ эмасди. Улар у зотни кўришса, ўринларидан туришмасди. Чунки у зот буни ёқтирмасликларини билишарди» (Термизий ривояти). Ҳазрат ҳам ўзларига алоҳида такаллуф кўрсатилишини, ҳурматлари учун даврадагиларнинг ўриндан туришини ёқтирмасдилар. Ёзувчи Аҳмад Муҳаммад шундай ҳикоя қилади: «Хориждаги бир анжуманда бирга қатнашганимизда Ҳазратнинг такаллуфни ёқтирмасликларига ўзим гувоҳ бўлганман. Анжуман ташкилотчилари тушлик пайтида қатнашчиларга умумий столга (шведча стол) таом қўйиб қўйишган экан. Шундай улуғ устознинг навбатда туриб, ўша ердан таом олишларини ўзимга эп кўрмай, «Ҳазрат, сиз жой олиб ўтиринг, овқатни икковимизга мен олиб келаман», дедим. Устоз бундан ранжиганнамо: «Нима, менинг қўлим йўқми, сиз ўзингизга, мен ўзимга олиб келамиз», деб хизматимни рад қилдилар».

У кишининг қалбларида дину эл ташвишидан ўзга ғам йўқ эди. Бутун миллат у киши билан фахрланса-да, ўзларида заррача фахрланиш бўлмасди. Балки ўзларининг буюк ижодлари, ишлари қолиб, талабаларнинг кичкина ишлари, камтарона изланишлари билан фахрланар, қувониб, мақтаниб юрардилар. Ҳар бир шахсдаги ижобий жиҳатни кўра олардилар ва унга ўша нуқтадан муомала этардилар. Мухлис ва илмли кишиларни доим ҳимоя қилардилар. Ҳазрат илм ва фазл аҳлини алоҳида ҳурматлардилар ва буни амалий суратда ҳам тарғиб этардилар. Мол-дунёга, мансаб-мартабага қиё ҳам боқмасдилар.

 

Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

«Ҳилол» журнали 7-сон, 2019 йил.

Муаллиф
Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
ndash Муфтий ҳазратлари Ойномамизнинг биринчи сони саҳифаланаётган ҳаяжонли бир пайтда Сиз билан учрашувимиз биз учун алоҳида қувончли. ndash Бисмиллаҳир роҳманир давоми...

1466 17:01 / 19 апрель
Муҳаммад ибн Мункадир раҳимаҳуллоҳнинг иниларининг вафотиМуҳаммад ибн Мункадир ибн Абдуллоҳнинг кунялари Абу Абдуллоҳ ишончли, фозил, ровий ҳисобланиб, улуғ давоми...

1492 09:00 / 23.12.2022
Аҳмад ҳожи Муҳаммад Турсун Турсунов Аҳмад Мамажонович 1949 йили Наманган шаҳрида туғилган. 1979 йили Наманган давлат университетини тамомлаган.1967 йилдан буён давоми...

2276 12:07 / 19.05.2021
Домла Ҳиндистоний раҳимаҳуллоҳни барлавий бўлганлар деб тухмат қилаётганларга раддияБисмиллаҳир Роҳманир РоҳиймБугунги кунга келиб, Ҳиндистонда бундан юз давоми...

8690 18:01 / 14.04.2018
Аудиолар

137620 11:58 / 10.10.2018
Фотолар

7543 09:50 / 18.04.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

57686 14:35 / 11.08.2021