1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фарзандларнинг мероси (биринчи мақола)

13:49 / 19.02.2019 2639 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ва Абу Бакр пиёда юриб Бани Саламага мени кўргани келиб, ўзимни билмай ётганимда топдилар. Бас, у зот сув опкелтириб, таҳорат қилдилар, сўнгра ундан менга сепдилар. Мен ҳушимга келдим. Сўнг:

«Молимни нима қилай, эй Аллоҳнинг Расули?» дедим. Шунда:

«Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир: бир эркакка икки аёл улушичадир. Агар аёллар иккитадан кўп бўлса, уларга (маййит) қолдирган нарсанинг учдан иккиси. Агар (аёл) битта бўлса, унга ярми...» ояти нозил бўлди». 

Икки Шайх ва Термизий ривоят қилганлар.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Бемор кишини кўришга бориш зарурлиги.

2. Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг камтар ва меҳрибон зот эканликлари.

Жобир розияллоҳу анҳуни кўриш учун Ҳазрати Абу Бакр билан пиёда юриб борганлари шуни кўрсатади.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таҳоратларидан қолган сувда ҳам хайр-барака борлиги. Уни сепганларида Жобир розияллоҳу анҳунинг ўзларига келганлари шуни кўрсатади.

4. Жобир розияллоҳу анҳуда охират қайғуси кучли эканлиги. Ҳушларига келишлари биланоқ «Молимни қандай қилай?» деб сўраганлари шундан дарак беради.

Мусулмон кишининг ўзидан кейин мол-мулки шариатга биноан тақсимланишини аввалдан ўйлаши унинг охират қайғусини қилаётганлигини билдиради.

5. Қуръони Карим оятлари турли сабабларга биноан бўлиниб-бўлиниб нозил бўлганлиги туфайли улар ҳаётга осон синггани.

6. Кишидан қолган мол унинг фарзандларига Аллоҳнинг ҳукми бўйича бўлинмоғи лозимлиги.

Жобир розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраган бўлсалар ҳам, бу саволга Аллоҳ таолонинг жавоб бергани мерос масаласи ўта аҳамиятли масала эканлигини билдиради.

Нозил бўлган оятнинг маъноси ва ундан келиб чиқадиган ҳукмлар ҳақида Аллоҳ хоҳласа, кейинроқ гаплашамиз.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: 

«Саъд ибн Робеънинг хотини Саъддан бўлган икки қизини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келтириб:

«Эй Аллоҳнинг Расули, манави иккови Саъд ибн Робеънинг қизлари. Оталари сиз билан Уҳудда (иштирок этиб) шаҳид бўлди. Энди бўлса уларнинг молларини амакилари олиб қўйди. Уларга ҳеч қандай мол қолдирмади. Уларнинг моли бўлмаса, ҳеч ким никоҳига ҳам олмайди», деди.

«Бу ҳақда Аллоҳ Ўзи ҳукм чиқаради», дедилар у зот. 

Бас, шунда мерос ояти – «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида тавсия қиладир» – нозил бўлди. Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам икковларининг амакисига одам юбориб:

«Саъднинг икки қизига учдан иккисини, уларнинг онасига саккиздан бирини бер, қолгани эса сенга», дедилар». 

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилганлар. Термизий саҳиҳ, деган.

Шарҳ: Ушбу ривоятдан бир ояти кариманинг нозил этилишига бир неча сабаблар бўлиши мумкинлиги кўриниб турибди.

Ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Исломдан олдинги қоидаларга кўра, хотин-қизларга мерос бермай, уларга зулм ўтказилиши.

Саъд ибн Робеъ розияллоҳу анҳу Уҳуд жангида шаҳид бўлганларидан кейин у кишидан қолган мероснинг ҳаммасини укалари олиб қўяди. У кишининг аҳли аёли ва икки қизчаси боқувчиларидан ва бор мол-мулкларидан айрилиб қоладилар.

2. Кишиларда, ҳатто аёлларда ҳам Ислом дийни ҳамма ҳақсизликларни тугатишига умид туғилганлиги.

Шунинг учун ҳам Саъд ибн Робеънинг аёллари икки қизларини етаклаб, адолат истаб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдиларига бордилар.

Дарҳақиқат, Исломдан бошқа тузумларда барча масалалардаги каби мерос масаласида ҳам адолатсизлик ҳукм сурар эди. Буни тарихчилар ўрганиб чиқиб, ҳужжат ва далиллар билан исботлаганлар.

Бошқа юрт ва халқлар тўғрисида гапириб ўтирмай, Қуръон оятлари нозил бўлган жой ва у ернинг халқлари – арабларнинг мерос бўйича амал қилинадиган қонун-қоидаларига назар солсак, бу ҳолат очиқ намоён бўлади.

Араб жамияти ҳукми бўйича, фақат қурол кўтариб, душман билан уруш қиладиган эркакларгагина мерос олиш ҳаққи берилган эди. Аёллар ва ёш болаларга эса меросдан ҳеч нарса берилмас эди.

Ислом дини аёлларнинг ҳам, ёш болаларнинг ҳам меросдан ҳаққи борлигини эълон қилди. Бу жоҳилият аҳлини ғазабга келтирди.

Бу ҳақда Авфий Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қуйидагиларни ривоят қилади:

«Аллоҳ таоло ўғил-қизларга ва ота-оналарга мерос бобида фарз қилган ҳукмлар ҳақида оятлар туширганида баъзи одамларга ёқмади. Улар:

«Хотинга тўртдан бир ёки саккиздан бир, қизга ярим, кичкина болага ҳам мерос бериладими? Ахир, улардан бирортаси ҳам урушда қатнашмайди-ку! Ўлжа ҳам олмайди-ку! Бу гап тўғрисида индамай туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдларидан чиқиб қолса, ажаб эмас. Ёки у кишига айтамиз, буни ўзгартирадилар», дейишди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:

«Эй Аллоҳнинг Расули! Қиз болага отасининг меросидан ярми бериладими? Ахир у от миниб, душманга қарши урушмайди-ку! Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган гўдакка ҳам мерос бериладими?» дейишди.

Улар жоҳилият вақтида душманга қарши урушда қатнашганларгагина катта ёшларидан бошлаб мерос беришар эди. Аллоҳ таоло уларнинг бу одатларига жавобан «Аллоҳ сизга фарзандларингиз ҳақида васият этиб, бир ўғилга икки қиз насибасича беришни амр этади», деб бошланувчи оятларни нозил қилди».

Ушбу ривоятдан кўриниб турибдики, молу мулк борасида ўрганиб қолинган одатни тарк этиш қийин кечган. Бўлмаса, «Шариат ҳукмини эслатмай туринглар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёдларидан чиқиб қолса, ажаб эмас», дейишармиди? У зотга бориб, «Нима учун хотинларга ва ёш болаларга мерос берилар экан?» деб норозилик билдирармидилар?

«Мол аччиғи – жон аччиғи» дейилгани шу бўлса керак.

Бундай фикрга берилган кишиларнинг назарида гўё бунақада баъзилар «тайёрга айёр» бўлиб, мўмайгина молни қўлга киритадигандек. Худди шундай фикр юритаётганлар ҳозирги кунда ҳам бор. Улар мерос деган нарсанинг умуман бўлмаслиги тарафдоридирлар. Бундай кишилар, асосан ғайридийнлардан иборат бўлиб, баъзилар уларга тақлид қилиб юрибдилар ҳам.

Исломда эса мерос молнинг бир шахсдан иккинчи шахсга кўчишини қонунлаштирган энг нозик ва муҳим ҳукм шаклида қабул қилинган. Аввал айтиб ўтилганидек, бу нарсани асосан Аллоҳ таолонинг Ўзи баён қилган.

Энди «Нима учун меҳнатсиз, «тайёрга айёр» бўлиб, бир одам бошқа бир одамнинг ўлимидан сўнг унинг молига эга бўлиб қолади?» деган саволга жавоб берайлик.

Яхшилаб ўйлаб қарасак, мерос олувчини мерос қолдирувчи дунёга келтиради ва ана шу болалар ота-оналардан мерос оладилар.

Қолаверса, мерос қолдирувчи ота-оналар ўз меросхўрларига ўз табиатларини, истеъдодларини, биологик хусусиятларини ва ҳатто ўз шакл-шамойилларию чиройларини ҳам мерос қолдирадилар. Бас, шундай экан, мол-дунёсини мерос қолдирса нима бўлибди?

Шу каби, бошқа яқин қариндошлар ҳам доимий равишда бир-бирларига яхшилик қилиб келадилар.

Эр-хотин эса умид билан бир ёстиққа бош қўйиб, бирга яшайдилар. Ҳаётнинг барча аччиқ-чучукларини бирга тотадилар, мерос қолаётган молни топишда ҳам бирга иштирок этадилар.

Шу билан бирга, бошга оғир кун тушганида меросхўр қариндошлар жавобгар шахслар бўлиб ҳисобланадилар. Шаръий ҳукм ила оғир молиявий тўлов ўташ керак бўлиб қолганда ўша тўловни айнан мерос олишга ҳақли бўлган қариндошлар ўташлари керак. Оғир ҳолга тушиб қолинганда ҳам нафақаси яна ўша қариндошларга вожиб бўлади. Шунинг учун ҳам улар меросга ҳақдор қилинганлар.

(давоми бор)

«Ҳадис ва ҳаёт» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Мавзуга оид мақолалар
Дажла ва Фурот дарёлари қўшилган жойда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг амрлари ила Басра шаҳари қурилди. Унинг ўрнида бир қишлоқ бор эди. Шаҳарнинг қурилишига давоми...

5703 15:01 / 28.11.2018
биринчи мақолаАёл томонидан бўлган яқинлар араб тилида .завурраҳм, завуларҳам ndash .раҳм эгалари,, қўполроқ қилиб айтганда, .бачадон эгалари, дейилади.Бизнинг давоми...

2138 11:05 / 06.01.2020
иккинчи мақола . , . , .Тоҳавий Жобир ва Абу Саъиддан ривоят қилади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарда эдик. Ичида ўлимтик давоми...

3477 13:05 / 24.09.2020
Учинчи қисмБир синфдаги раддга ҳақдор меросхўрлар билан бирга раддга ҳаққи йўқ меросхўрлардан бири, яъни эр ёки хотин ҳам бўлади.Бундай ҳолатда раддга ҳаққи йўқ давоми...

1675 11:00 / 19.06.2020