Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Фиқҳ

Фиқҳ дарслари (77-дарс). Абу Ҳанифанинг устозлари

13:30 / 19.03.2020 4363 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аввалги мақоламизда Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи саҳобалардан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳуни кўриб, у кишидан «Талаби илм ҳар бир мусулмонга фарздир», ҳадисини ривоят қилганларини, шунингдек, у киши Абдуллоҳ ибн Абу Авфо, Восила ибн ал-Асқаъ, Омир ибн Восила розияллоҳу анҳум каби саҳобалар билан ҳам кўришганлари ва кичикликларида қироат устозларининг бошлиғи имом Осим ибн Абу Нажжуддан Қуръони Каримни ёд олганлари зикр қилиб ўтилган эди.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг тобеъинлардан илм олгани ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. У киши қуйидаги зотлардан илм олганлар:

1. Шаъбий. Асарга кўп этибор берган зот эди.

2. Икрима розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Аббос розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

3. Нофеъ розияллоҳу анҳу. У киши Ибн Умар розияллоҳу анҳунинг шогирди эди.

4. Ато ибн Абу Рабоҳ розияллоҳу анҳу. Ибн Аббоснинг илми ўша кишида эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у киши билан Маккада учрашган ва илм олиб, муноқашалар қилган.

Кейинчалик Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи фиқҳга ружуъ қўйдилар. Ўша вақтнинг катта машойихларидан дарс олдилар. Бу ҳақда ўзлари қуйидагиларни айтадилар:

«Мен илм ва фиқҳнинг конида эдим. Унинг аҳли ила мажлис қурдим. Уларнинг фуқаҳоларидан бир фақиҳни лозим тутдим».

5. Ўша фақиҳ, аввал айтиб ўтилганидек, Ҳаммод ибн Сулаймон эди. Имоми Аъзам у кишидан фиқҳни тўла эгалладилар. Устозлари вафот этгунча бирга бўлдилар. Имоми Аъзам раҳматуллоҳи алайҳи ўн саккиз йил давомида Ҳаммод ибн Сулаймондан фиқҳ илмини ўргандилар.

«Тарихи Бағдод» китобида имом Зуфардан Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг Ҳаммод ҳақидаги қуйидаги хотиралари ривоят қилинади:

«Ўн йил унинг суҳбатида бўлганимдан кейин нафсим риёсатни тилаб қолди. Ундан ажраб, ўзим учун алоҳида ҳалқа қурмоқчи бўлдим. Ўша ишни қилиш мақсадида бир куни кечқурун масжидга чиқдим. Масжидга кириб, унга кўзим тушганида, ундан ажрашни кўнглим кўтармади. Бориб, олдига ўтирдим.

Ўша куни Басрада унинг қариндоши вафот этгани ҳақида хабар келди. Ўша кишининг ундан бошқа меросхўри йўқ экан. Менга ўзининг ўрнига ўтиришимни амр қилди. Мен саволларга берган жавобларимни ёзиб бордим. У қайтиб келганида масалаларни кўрсатдим. Уларнинг сони олтмишта эди. У қирқтасини тўғри, йигирматасини нотўғри деди. Шунда ўлгунича ундан айрилмасликка қасам ичдим ва ўлгунича ундан айрилмадим».

Шу билан бирга, Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи бошқа устозлардан ҳам дарс олар эдилар. У киши жуда кўп ҳаж қилар, Макка ва Мадинада кўплаб уламолар билан илм мажлислари қурар эдилар. Тобеъинлардан кўплаб ҳадислар ривоят қилар ва фиқҳ музокарасини олиб борар эдилар.

Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи Зайд ибн Али ибн Ҳусайн, Жаъфар Содиқ, Абдуллоҳ ибн Ҳасан Нафсуззакия ва бошқа улуғ кишилардан ҳам илм олганлар.

6. Зайд ибн Али ибн Ҳусайн Зайнулобидин розияллоҳу анҳу. У киши қироатлар ва улумул Қуръон илмлари, фиқҳ ва ақоид илмларида кўзга кўринган аллома эди. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у кишидан икки йил дарс олганлар.

7. Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқ розияллоҳу анҳу. Бу зот Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи билан тенгдош бўлганлар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳга қасамки, Жаъфар ибн Муҳаммад Содиқдек фақиҳни кўрмаганман», деганлар.

8. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг бу зотга шогирд тушганларини Маккий, Ибн Баззозий ва бошқалар таъкидлаганлар. Абдуллоҳ ибн Ҳасан ибн Ҳасан Нафсуззакия розияллоҳу анҳу ҳадис ва бошқа илмларда пешқадам эдилар.

9. Муҳаммад Боқир ибн Зайнулобидин. Бу зот чуқур илмга эга бўлганлари учун Боқир (илмга шўнғувчи) лақабини олган эдилар. Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи у зот билан Мадинаи Мунавварада учрашганлар.

Устозлари Ҳаммод ибн Сулаймон вафот этганида Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳи қирқ ёшда эдилар. У киши устознинг ҳалқадаги ўрнини эгалладилар. У кишининг дарслари, илмий баҳслари бора-бора фиқҳий мазҳабга айланди.

«Кифоя» китобининг 1-жузидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳининг шогирдлари жуда ҳам кўп бўлганидан, уларни номманом зикр қилиб ўтишнинг ўзи мушкул иш. Шунинг учун Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи давоми...

5544 14:05 / 26.03.2020
Бошқа илмлардаги каби, фиқҳ илмида ҳам ўзига хос истилоҳлар бор. Мазкур истилоҳларни яхшилаб тушуниб олиш кишига фиқҳни англаб етишда катта ёрдам беради. Қуйида давоми...

3541 16:05 / 12.12.2019
Бисмиллоҳир роҳманир роҳим.Инсонни илму ирфон ила мукаррам қилган ва унга баённи ўргатган Аллоҳга ҳамдалр бўлсин Инсу жиннинг саййиди бўлмиш зотга Аллоҳ салоту давоми...

4714 05:00 / 18.01.2017
Муаммога кириш Бугунги кунда исломий муҳит яхшиланиб, одамларнинг ўз динини билишга, диний манбалардан хабардор бўлишга қизиқишлари ортиб бораяпти. Одамлар давоми...

3482 05:00 / 19.01.2017