Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия 198-дарс. Бу дунёга ружу қўйиб, охиратни унутишни Набий алайҳиссаллом қаттиқ қоралаганлар

19:00 / 27.08.2022 3185 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Аллоҳ таоло Ҳуд сурасида марҳамат қилади:

مَن كَانَ يُرِيدُ الْحَيَاةَ الدُّنْيَا وَزِينَتَهَا نُوَفِّ إِلَيْهِمْ أَعْمَالَهُمْ فِيهَا وَهُمْ فِيهَا لاَ يُبْخَسُونَ
 

«Кимки дунё ҳаётини ва унинг зийнатини истаса, унинг амаллари(самараси)ни унда тўлиқ берамиз. Уларга унда камайтирилмас» (15-оят).

Аллоҳ таоло ризқ берувчи Зот. Бас, ким ҳаракат қилса, у мўмин бўладими, кофир бўладими, ҳаммага ҳам сўраганини, излаганини бераверади. Бу дунёнинг ободлиги ҳам шунда. Ким дунёда қўлидан келган ҳаракатни қилса, ҳаракатига яраша самара ҳам олади. Бу дунё ва унинг зийнатига эришишни хоҳлаб, ўзини урган одам ўшанга эришади. Чунки Аллоҳ таоло бу борадаги амалларнинг самарасини тўлиқ беришни ваъда қилган. Қилинган ҳаракатга яраша мева олинади, ҳеч кимнинг меҳнатининг самараси камайтирилмайди.

Аммо

أُوْلَئِكَ الَّذِينَ لَيْسَ لَهُمْ فِي الآخِرَةِ إِلاَّ النَّارُ وَحَبِطَ مَا صَنَعُواْ فِيهَا وَبَاطِلٌ مَّا كَانُواْ يَعْمَلُونَ
 

«Ана ўшалар – уларга охиратда оловдан бошқа ҳеч вақо йўқ кимсалардир. Қилган ҳунарлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботилдир» (Ҳуд сураси, 16-оят).

Чунки улар охират ҳаёти учун ҳеч нарса қилганлари йўқ. Аллоҳга, Пайғамбарга, Қуръонга ишонгани, ибодат қилгани ва шариатга бўйсунганлари йўқ. Улар фақат бу дунё ҳаёти ва унинг зийнатига эришишни умид этган ва шунинг учун амал қилган эдилар, орзуларига эришдилар.

«Ана ўшалар – уларга охиратда оловдан бошқа ҳеч вақо йўқ кимсалардир».

Бу дунёда қилган амаллари, молу мулки, зебу зийнати-чи, дерсиз? Бу саволингизга жавоб ояти кариманинг иккинчи ярмида келмоқда:

«Қилган ҳунарлари ҳабата бўлди ва қилган амаллари ботилдир».

Охират учун улар ҳеч қандай фойда бермади. Чунки иймон бўлмаса, ҳеч бир амал мақбул эмас. Агар улар иймон билан ҳаракат қилганларида, яъни дунё учун қилган амалларини ҳам иймонли бўлган ҳолда бажарганларида, охиратда улуғ мақомларга эришган бўлур эдилар. Қолаверса, охират учун ҳаракат ҳеч қачон бу дунёни тарк қилишни тақозо этмайди. Инсон иймонли бўлса, бир ҳаракат билан бир йўла икки дунёнинг бахтига эришади.

Аллоҳ таоло Исро сурасида марҳамат қилади:

مَّن كَانَ يُرِيدُ الْعَاجِلَةَ عَجَّلْنَا لَهُ فِيهَا مَا نَشَاء لِمَن نُّرِيدُ ثُمَّ جَعَلْنَا لَهُ جَهَنَّمَ يَصْلاهَا مَذْمُومًا مَّدْحُورًا
 

«Ким шошган(дунё)ни истаса, ирода қилган кишимизга хоҳлаган нарсамизни унда шошилинч берурмиз. Сўнгра унга жаҳаннамни берурмиз. Унга мазаммат қилинган ва қувғинга учраган ҳолда кириб, куюр» (18-оят).

Кимки бошқа нарсани хоҳламасдан, ушбу ўткинчи, беш кунлик дунё учун яшамоқчи бўлса, Аллоҳ таоло унга бу дунё насийбасини шошилинч тарзда беради. У киши бу дунёда керак нарсасига эришиб олади, аммо охиратига ҳеч нарса қолмайди. Шунинг учун

«Сўнгра унга жаҳаннамни берурмиз. Унга мазаммат қилинган ва қувғинга учраган ҳолда кириб, куюр», дейилмоқда.

Улар бу дунё ҳойи-ҳавасларига берилиб, шаҳват ва лаззат ортидан қувиб, ҳаётларини гуноҳ қилиш билан ўтказадилар. Энди жаҳаннамда ўша гуноҳларига яраша азоб чекадилар.

Аллоҳ таоло Аҳқоф сурасида марҳамат қилади:

وَيَوْمَ يُعْرَضُ الَّذِينَ كَفَرُوا عَلَى النَّارِ أَذْهَبْتُمْ طَيِّبَاتِكُمْ فِي حَيَاتِكُمُ الدُّنْيَا وَاسْتَمْتَعْتُم بِهَا فَالْيَوْمَ تُجْزَوْنَ عَذَابَ الْهُونِ بِمَا كُنتُمْ تَسْتَكْبِرُونَ فِي الْأَرْضِ بِغَيْرِ الْحَقِّ وَبِمَا كُنتُمْ تَفْسُقُونَ
 

«Куфр келтирганлар оловга кўндаланг қилинган Кунда (уларга): «Дунё ҳаётидаёқ мазангизни қилиб, ҳузурланиб бўлгансиз. Бугунги кунда ер юзида ноҳақ мутакаббирлик ва фосиқлик қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», (дейилур)» (20-оят).

Гуноҳкорлар қиёмат куни дўзахга кўндаланг қилинганда, улар албатта қўрқиб, бўлари бўлади. Лекин азоб яна ҳам зиёда бўлиши учун жисмоний қийноққа қўшиб, маънавий қийноққа ҳам дуч келадилар. Зеро, уларга ўлганнинг устига тепгандек таҳдидли таъна сўзлари айтилади.

«Куфр келтирганлар оловга кўндаланг қилинган Кунда (уларга): «Дунё ҳаётидаёқ мазангизни қилиб, ҳузурланиб бўлгансиз».

«Бугун сизларга ҳеч қандай ҳузур, ҳеч қандай ҳаловат йўқ, дунё ҳаётидаёқ ҳузур-ҳаловатингизни кетказиб, мазасини татиб бўлгансиз», дейилади.

Чунки улар «Бу дунёда ўйнаб қол, гуноҳ нима қилади» каби аҳмоқона гапларни ўзларига шиор қилиб яшаганлар. «Беш кунлик дунёда ўйнаб, маза қилиб олайлик, эртага ўлсак, ҳаммаси ортда қолади, тупроққа қоришиб кетамиз» деб, ўзларини гуноҳ ишларга урганлар. Ҳалол-ҳаромнинг фарқига бормаганлар. Хулласи калом, охиратга ҳеч нарса қўймай, бу дунёда тугатиб бўлганлар. Шунинг учун натижа ҳам ниятларига яраша бўлган – уларга бу дунёда ҳузур-ҳаловат бўлиб, охиратга фақат азоб қолган.

«Бугунги кунда ер юзида ноҳақ мутакаббирлик ва фосиқлик қилганингиз учун хорлик азоби ила жазоланурсиз», (дейилур)».

Қиёмат куни улар хорлик азоби ила жазоланадилар. Чунки улар бу дунёда кибру ҳавода бўлганлар. Кибр фақат Аллоҳ таолога хос. Бандасининг на кичик ва на катта ишларда такаббурликка ҳаққи йўқ. Хорлик азобининг яна бир сабаби «фисқу фасод қилганингиз…», яъни Аллоҳнинг шариатидан чиққанингиздир. Аллоҳ таоло такаббурликдан ва шариатга хилоф йўл танлашдан Ўзи сақласин!

Бу дунёга ружу қўйиб, охиратни унутишни Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам қаттиқ қоралаганлар.

«Руҳий тарбия» китоби асосида тайёрланди

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Баъзи сўфийлар доирасида тирик ёки ўлик аҳли солиҳлардан мадад сўраш одати бўлган. Улар бошларига бало келса, авлиё ва солиҳлардан балогардон бўлишларини, давоми...

7329 16:05 / 05.10.2019
Тасаввуфнинг вазифалари кўп бўлиб, улардан баъзилари ҳақида тўхталиб ўтайлик1. Муҳаққиқ уламолар тасаввуфни ботиний, яъни, ички фиқҳ дейдилар. Бундан фиқҳ икки давоми...

3754 05:00 / 01.03.2017
Тавба ҳақида Қуръони Каримда келган ояти карималарни бир неча қисмга тақсимлаш мумкин. Тавбани қабул қилиш Аллоҳ таолонинг сифатларидан бири экани. Бу ҳақда давоми...

843 19:00 / 05 октябрь
Тасаввуф масалаларининг аксарияти баҳсли бўлса ҳам, уларнинг баъзиларида тортишув ҳаддан ташқари кўп ва ихтилофлидир. Ана шулардан бири шайх ҳақидаги давоми...

5649 21:00 / 01.03.2019