Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 19 жумадул аввал | 2024 йил 21 ноябрь, пайшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (97-дарс). Бедорликни енгиллаштирувчи омиллар

14:15 / 08.08.2020 4329 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Осонлаштирувчи омиллар ишга солинмаса, «қиёмул лайл» жуда ҳам қийин ишдир. Мазкур омилларнинг зоҳирийси ва ботинийси бор.

Зоҳирий омиллар қуйидагилар:

– Кўп емаслик. Баъзи машойихлар: «Эй муридлар жамоаси! Кўп еманглар. Унда кўп ичиб, кўп ухлаб қоласизлар ва кўп ютқазасизлар», дейишган.

– Кундузи ўзини оғир ишлар билан чарчатмаслик.

– Кундузи ухлаб олинса, «қиёмул лайл» осон бўлади.

– Гуноҳлардан четда бўлиш. Суфён Саврий: «Биргина гуноҳ туфайли беш ой «қиёмул лайл»дан маҳрум бўлдим», деган.

Ботиний омиллар қуйидагилар:

– Аллоҳ таолонинг муҳаббати. Мурид «қиёмул лайл»да Робби ила муножотда бўлишига ва Унинг ҳузурида туришига иймони кучли бўлса, иш осонлашади.

Абу Сулаймон раҳматуллоҳи алайҳи дейди: «Кеча аҳли тунда кўнгилхушлик аҳлининг кўнгилхушлигидан кўра кўпроқ лаззат топадилар. Агар кеча бўлмаганида, бу дунёда қолишни истамасдим».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Аллоҳ ҳар кеча туннинг аввалги учдан бири ўтганда дунё осмонига нозил бўлур ва: «Мен подшоҳман, Мен подшоҳман, Менга дуо қиладиган борми, уни қабул қилайин; Мендан сўрайдиган борми, унга берайин; Менга истиғфор айтадиган борми, уни мағфират қилайин», дейди. Токи фажр ёришгунча шундай давом этади».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

Муслимнинг лафзида:

«Тунда бир соат бордир. Мусулмон киши Аллоҳдан дунё ва охират ишидан яхшилик сўраган ҳолида мувофиқ келиб қолса, албатта, унга беради. Ҳар кеча шундай», дейилган.

– «Қиёмул лайл»нинг фазлини билиш.

– Қалби мусулмонларга нисбатан саломат ва бидъатлардан холи бўлиши ҳамда ортиқча дунёга қизиқмаслик.

«Қиёмул лайл»нинг даражалари бир нечта:

1. Кечанинг ҳаммасини бедор ўтказиш.

Буни салафлардан бир жамоаси қилганлар.

2. Кечанинг ярмини бедор ўтказиш.

Бу ҳам бир жамоа салафлардан ривоят қилинган. Бунда энг яхшиси кечанинг биринчи учдан бирида ва охирги олтидан бирида ухланади.

3. Кечанинг учдан бирини бедор ўтказиш.

Бу Довуд алайҳиссаломнинг бедорлиги бўлиб, унда кечанинг аввалги ярмида ва охирги олтидан бирида ухланади.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

«Аллоҳга энг маҳбуб намоз Довуд алайҳиссаломнинг намозидир. Аллоҳга энг маҳбуб рўза Довуднинг рўзасидир. У кечанинг ярмини ухлар, учдан бирини қоим бўлиб ўтказар ва олтидан бирида ухлар эди. Бир кун рўза тутиб, бир кун оғзи очиқ бўлар эди», дебдилар».

Учовлари ривоят қилишган.

Кечанинг охирида ухлаш маъқул. Унда эрталаб мудроқнинг асари юздан кетади ва юз сарғаймайди.

4. Кечанинг олти ёки бешдан бирини бедор ўтказиш.

Мазкур «қиёмул лайл» кечанинг охирги ярмида бўлгани маъқул, дейилган.

5. Ўлчовни риоя қилмасдан «қиёмул лайл» қилиш.

Бу жуда ҳам қийин услуб бўлиб, у икки услуб билан амалга ошади.

Биринчиси – кечанинг аввалида уйқуси келгунча бедор бўлиб, кейин ухлаш. Сўнг уйғонганда туриб, уйқуси келса, ухлаш. Албатта, бундай қилиш осон эмас. Аммо салафлардан баъзилари шундай қилганлар.

Заҳҳок раҳматуллоҳи алайҳи: «Кечаси узоқ ётишда Аллоҳ таолодан ҳаё қилган қавмларни кўрганман», деган.

Иккинчиси – кечасининг аввалида ухлаб олиб, қолганида бедор бўлиш.

6. Икки ёки тўрт ракъат намоз ўқигудек муддатда бедор бўлиш. Бу ҳам «қиёмул лайл» деб айтилади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Қачон эр кечаси ўз аҳлини уйғотиб, икковлари бир бўлиб икки ракъат намоз ўқисалар, зокир ва зокиралар қаторига ёзиладилар», дедилар».

 Абу Довуд ривоят қилган.

Толҳа ибн Масриф раҳматуллоҳи алайҳи аҳлини «қиёмул лайл»га амр қилар ва: «Икки ракъат намоз ўқинглар. Кечаси ўқилган намоз гуноҳларни ювади», дер эди.

Юқорида кечани тақсимлаш бўйича салафларнинг тутган йўлларидан баъзилари зикр қилинди. Мурид улардан ўзига мосини танлаб олса, яхши бўлади. Агар у учун кечанинг ўртасида туриш қийин бўлса, ҳеч бўлмаса шом билан хуфтон орасида ва саҳардаги нафл намозларни ўқисин.

Кечаси таҳорат тутиши ва намоз ўқиши қийин бўлган кишилар қиблага қараб ўтириб, Аллоҳ таолони зикр қилсинлар, қудратлари етганича дуо қилсинлар. Ўтириш ҳам қийин бўлса, ёнбошлаб олиб ўшандай қилсинлар.

Кимнинг вирди бўлса-ю, ухлаб қолиб вақтида бажара олмаса, зуҳо намозидан кейин қазосини бажарсин.

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Ким вазифасидан ёки унинг баъзисидан ухлаб қолса-ю, уни бомдод билан пешин орасида ўқиб олса, унга худди кечаси ўқигандек ёзилади», дедилар».

Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.

«Қиёмул лайл»ни одат қилган одам уни зинҳор тарк қилмасин.

«Руҳий тарбия» китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
4623. Абу Барза алАсламий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади.Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.Эй тили билан иймон келтириб, қалбига иймон кирмаганлар жамоаси давоми...

7792 21:29 / 03.04.2017
учинчи мақолаЮсуф алайҳиссалом нафси ҳақида шундай деди.Ўзимни нафсимни оқламайман. Албатта, нафс, агар Роббим раҳм қилмаса, ёмонликка ундовчидир, Юсуф сураси, давоми...

7799 10:59 / 25.04.2019
Ибодат маъносини тўғри тушуниб, ҳар бир ишимизни шариатга мос қилиб, Аллоҳнинг амрига, Набий алайҳиссаломнинг суннатларига мувофиқ олиб борсак, барча ишимиз давоми...

2248 19:00 / 17.12.2022
101. Бир донишманддан сўралди дўстларнинг энг яхшиси кимДонишманд жавоб берди сендан бир яхшилик кўрса, ёядиган сендан бир айб билса, яширадиган дунё сенга давоми...

4449 16:04 / 28.03.2017
Аудиолар

135050 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

55325 14:35 / 11.08.2021