Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 17 рабиъус сони | 2025 йил 09 октябрь, пайшанба
Минтақа:
Тошкент
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тааммул, тафаккур ва тадаббур орасидаги фарқ | Тазкия дарслари (334-дарс)

19:00 / 27 июнь 844 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

«Тааммул» сўзи «синчиклаб қараш», «диққат билан назар солиш» ва «чуқур ўйлаб кўриш» маъноларини англатади.

Уламолар тааммулни қуйидагича таъриф қиладилар:

«Тааммул ваъзланиш ва ибрат олиш мақсадида коинотларга диққат билан назар солишдир».

Тааммул, тафаккур ва тадаббур орасидаги фарқ.

Сиртдан қараганда кўпчиликка ушбу уч сўзнинг маъноси бир хилга ўхшаб кўринади. Аммо илмий таҳлил қилинадиган бўлса, натижа тамоман бошқача чиқади. Биз фақат хулосани айтиб ўтамиз:

– Тафаккур ақлий сурати бўлиши мумкин ишларда далил йўли билан фикрнинг жавлон уришидир.

– Тадаббур ишларнинг оқибатига ақлий назар солишдир.

– Тааммул шошмасдан, давомли равишда ибрат олиш учун диққат билан назар солишдир.

Қуръони Каримда «тааммул» сўзининг айни ўзи келмаган бўлса ҳам, унинг ўрнига кўпгина оятларда «назар солиш» ва «кўриш» сўзлари келтирилиб, бандаларни тааммулга чақирилган.

Осмонлар ва ернинг яратилишини тааммул қилишга чақирувчи оятлардан намуналар:

Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ ﭛ ﭜ ﭝ ﭞ ﭟ ﭠ ﭡ ﭢ ﭣ ﭤ ﭥ ﭦ ﭧ ﭨ ﭩ ﭪ ﭫ ﭬ ﭭ ﭮ ﭯ ﭰ ﭱ ﭲ ﭳ ﭴ ﭵ ﭶ ﭷ ﭸ ﭹ ﭺ ﭻ ﭼ

«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида, кеча ва кундузнинг алмашиб туришида, одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда сузиб юрган кемада, Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ерни ўлимидан кейин тирилтириши ва унда турли жонзотларни таратишида, шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда ақл юритувчи қавмлар учун оят(белги)лар бор» (Бақара сураси, 164-оят).

Ушбу оятларда зикр қилинган ҳолатларни доим кўриб, уларнинг ичида яшаб юрамиз. Шу қадар кўникиб кетганмизки, уларга алоҳида эътибор бермай қўйганмиз. Ҳолбуки, буларнинг ҳар бири Аллоҳ таолонинг борлигига катта бир далилдир. Мисол учун:

«...осмонлару ернинг яратилишида»ги ҳақиқатларни бир ўйлаб кўрайлик. Дарҳақиқат, инсоф билан, ақлни жойига қўйиб, бир ўйлаб кўрайлик-чи: осмонлару ерни ким яратган?

Осмонларнинг чегарасини ҳали биров чегаралаб билгани йўқ.

Ундаги бор нарсалар, ҳамма-ҳаммасини ким яратган?

Аллоҳнинг борлигини инкор қилаётган худосизларми?

Ёки бошқа бирорта яратувчи борми?

Осмонлар-у, улардаги улкан сайёраларни қўйиб туринг, энг яқин осмондаги энг кичик сайёра бўлмиш ерни олиб кўрайлик.

Уни ким яратган, ундаги инсон ва жонзотлар ҳаётига зарурий нарсаларни ким мослаштирган?

Ҳавосини, сувини ва ҳоказоларни ким ҳозиргидек қилиб қўйган?

Аллоҳнинг борлигини инкор қилаётган худосизларми ёки яна бирорта бошқа яратувчи борми?

«...кеча ва кундузнинг алмашиб туришида…»

Ҳар куни икковлари алмашиб туради. Бири узайса, иккинчиси қисқаради. Биз уларни бошимиздан ўтказиб, умримизнинг ҳисобини шу кеча ва кундузлар ила ўлчаймиз, аммо уларнинг шундай алмашиб туришини ким жорий қилгани ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаймиз.

Кечанинг ўзига хос қанчадан-қанча хусусиятлари бор, кундузнинг ўзига хос қанчадан-қанча хусусиятлари бор. Агар улар бўлмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши қийин.

«...одамларга манфаатли нарсалари ила денгизда сузиб юрган кемада...»

Буни кемага тушганлар яхши билишади. Кемада сафар қилган, денгиз ўртасида, мовий рангли чексиз сувликда, бўронлару довулларда қолган инсон Аллоҳнинг қудратига қойил қолади. Уни фақат Аллоҳнинг Ўзи қудрати ила сақлаб турганига ишонч ҳосил қилади.

«…Аллоҳнинг осмондан сув тушириб, у билан ерни ўлимидан кейин тирилтириши ва унда турли жонзотларни таратишида...» ҳам ақлни ишлатганлар учун улкан аломат-белгилар бор.

Агар Аллоҳ осмондан сув туширмаса, ерни тирилтирмаса, ер юзида ҳаёт бўлиши мумкинмиди? Ана шу қудратини эсга солиш учун баъзи диёрларга бир муддат сув туширмай қўйганда, ўсимликлардан тортиб, ҳайвонлар ва ниҳоят, одамларгача ҳалокатга учрашининг хабари бизларга тез-тез етиб турибди-ку, шунда ҳам ўзимизга хулоса чиқариб олмаймиз.

«…шамолларни йўналтиришида, осмону ер орасидаги итоатгўй булутда ақл юритувчи қавмлар учун...»

Аллоҳнинг ягоналиги ҳақида кўпдан-кўп белгилар бор. Бу шамол ва булутларнинг борлиқда Аллоҳ жорий қилган қоидаларга итоат этиши, ўзига юклатилган вазифани сўзсиз бажариши, улардан келадиган манфаат ёки зарар – буларнинг тасарруфотини ягона яратувчи ва бошқарувчи Аллоҳ қилмаса, ким қилади?!

Ушбу аломатларни кўра-била туриб, улардан мўл фойдаланиб туриб, яна Аллоҳни инкор этадиган инсон, агар уни инсон деб аташ мумкин бўлса, заррача ҳам ақли йўқ инсон бўлади.

Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ўз оятларини, улардаги белгиларни фақат ақл эгаларигина тааммул қила олишларини таъкидлаб шундай дейди:

ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔ

«Албатта, осмонлару ернинг яратилишида ҳамда кеча ва кундузнинг алмашиб туришида ақл эгалари учун оят(белги)лар бор» (Оли Имрон сураси, 190-оят).

Осмонга назар солиб, ақлини ишлатган одам, ерга назар солиб, ақлини ишлатган одам, кечаю кундузнинг алмашишига назар солиб, ақлини ишлатган одам, албатта, Аллоҳнинг ягоналигига, қудратига, яратувчилигига қойил қолмасдан, иложи йўқ.

Осмонлару ердаги ажойиб мутаносиблик бутун дунё тортишиш қонуни ила шундай бўлиб турганини илм-фан айтади. Лекин ўша қонунни ким ижод қилди?!

Осмонлару ердаги ҳамма нарсалар азалий эмас, балки кейин пайдо бўлганлигини ҳам ақл ишлатган одам дарров тушуниб етади. Демак, уларни пайдо қилувчи Зот бор. У Аллоҳ таолодир.

Кечаю кундузнинг алмашиб туриши ернинг қуёш ва ўз ўқи атрофида айланиб туришидандир. Лекин уларни яратган ва қуёшни ҳам ўз ўқи атрофида айланадиган қилиб қўйган ким? Албатта, Аллоҳ таоло жалла жалалуҳудир.

Бу ҳақда Аллоҳ таоло яна шундай деб марҳамат қилади:

ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭ ﯮ ﯯ ﯰ ﯱ

«У осмонлару ернинг мулки Унга хос бўлган, Ўзига фарзанд тутмаган, мулкида шериги бўлмаган, ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир» (Фурқон сураси, 2-оят).

Бу оятдаги Аллоҳ таолонинг «Ҳар бир нарсани ўлчов ила ўлчаб яратган Зотдир», деган қавлини тааммул қилиб кўрайлик.

Яъни нарсаларни шундай яратибгина қўймай, аниқ ўлчов билан ўлчаб, шаклини, ҳажмини, замони ва макони, бошқа нарсалар билан бўладиган муносабати ва алоқаларини ҳам аниқ қилиб яратган.

Худди шу охирги сифат ҳақида турли илмий кашфиётлардан кейин фикр-мулоҳазалар, маълумотлар кўпайди.

Авваллари бу оятни ўқиган ёки эшитган одам, Аллоҳ ҳамма нарсани ўлчов билан яратган экан, деган содда тушунча билан кифояланиб қолган.

Ҳозирда эса ўша аниқ ўлчов ила яратиш нима ва қандай экани хусусида аниқ илмий маълумотлар пайдо бўлди.

Мазкур маълумотлар турли йўллар билан одамларга етказилмоқда. Аммо кўпчилик инсонлар дунёдаги нарсаларнинг яратилишидаги бу мўъжизавий дақиқликларга эътиборсизлик билан қарайдилар.

Аслида, бу нарсаларнинг биттасигагина ибрат кўзи билан қараган ва тааммул қилган заррача ақли бор одам иймонга келиши керак.

Мисол учун, ҳавони олайлик. Уламоларнинг айтишича, ҳавонинг йигирма бир фоизини кислород ташкил қилар экан. Нима учун ундан ортиқ ёки кам эмас?

Ким бу аниқ ўлчов ила ҳавони ўлчаб яратди? Агар мазкур ўлчов бузилса, нима бўлади?

Олимларнинг таъкидлашларича, агар ҳавода кислороднинг миқдори йигирма бир фоиздан кўпайиб кетса, ердаги жуда кўп нарса куйиб кетар экан.

Еру осмон, тоғу тош, уммону қитъаларни бир ёққа қўйиб, ҳашарот ёки микроблар каби энг кичик нарсаларни олсак ҳам, уларнинг инсон ақли лол қоладиган даражада аниқ ўлчов билан яратилганини кўрамиз.

Буларнинг ҳаммаси Аллоҳ таолонинг холиқлиги, тадбиркорлиги ва улуғлиги белгисидир. Одамлар ўша нарсаларни кўрганларида уларни аниқ ўлчов ила яратган Зотга иймон келтиришлари, фақат Унгагина ибодат қилишлари лозим.

Аллоҳ таоло яна шундай деб марҳамат қилади:

ﮪ ﮫ ﮬ ﮭ ﮮﮯ ﮰ ﮱ ﯓ ﯔ ﯕ ﯖ ﯗ ﯘ ﯙ ﯚ ﯛ ﯜﯝ ﯞ ﯟ ﯠ ﯡ ﯢ ﯣ ﯤ ﯥ ﯦ ﯧ ﯨ

«У сиз кўриб турган осмонларни устунсиз яратди, сизларни тебратмаслиги учун ер юзига барқарор тоғларни ташлади ва у(ер)да турли жонзотларни таратиб қўйди. Ва осмондан сув тушириб, у билан у(ер юзи)да турли серунум жуфтларни ўстириб қўйдик» (Луқмон сураси, 10-оят).

Ушбу ояти каримада инсон доимо мулоқотда бўладиган, доимо кўриб турадиган, аммо улар Аллоҳ таолонинг қудратига, ҳикматига далил эканига эътибор қилмайдиган мавжудотларга диққат жалб этилмоқда.

«У сиз кўриб турган осмонларни устунсиз яратди...»

(Ушбу жумланинг «У осмонни сиз кўрадиган устунсиз яратган», деган маъноси ҳам бор).

Дарҳақиқат, инсон доим боши устидаги осмонни кўриб туради. Инсон боши устида кўрадиган ҳамма бинонинг устуни, таянчи бор. Аммо биноларнинг энг улкани, энг бепоёни бўлмиш осмонларнинг устуни йўқ. Ҳажмини идрок этиб бўлмайдиган бу мовий гумбазни бирорта устунсиз кўтариб қўйиш – яратиш фақат чексиз иззат, қудрат ва ҳикмат соҳиби Аллоҳ таолога хосдир. У Зот яна:

«...сизларни тебратмаслиги учун ер юзига барқарор тоғларни ташлади...»

Инсон тоғларни салобат рамзи деб билади. Оятда ер одамларни тебратмаслиги учун тоғлар яратилгани айтилмоқда.

Лекин бу маъно ўзига хос услуб билан айтилмоқда: «яратди» дейилмасдан, «ташлади» дейилмоқда. Шу нозик фарқ ҳам Аллоҳнинг чексиз қудратига ишорадир.

Дунёдаги энг салобатли, энг виқорли, энг оғир бўлиб кўринган тоғларни, худди арзимаган нарса каби, «ташлади» деб айтилмоқда.

Оғир тоғлар ерда мувозанатни сақлаб туришини илм яқинда тушуниб етди. Аллоҳ таоло ўн беш аср муқаддам Ўз Китобида айтиб қўйган ҳикматни инсон илми эндигина англади. Бу тоғларни Аллоҳдан бошқа ким яратади?

«...ва у(ер)да турли жонзотларни таратиб қўйди».

Ер юзида қанчадан-қанча жониворлар бўлган, ҳозирда ҳам бор. Одам боласи уларнинг баъзиларини билади, холос.

Ўша билганларини олиб кўрадиган бўлса ҳам, уларнинг ҳар бирида Аллоҳ таолонинг қудратига ва ҳикматига ёрқин далиллар топилади.

Ушбу ҳақиқатни англаб етган одам иймон келтирмай иложи йўқ. Аллоҳ таолонинг қудратига тан бермай иложи йўқ. Аллоҳ таолонинг ҳикматига тан бермай иложи йўқ.

«Ва осмондан сув тушириб, у билан у(ер юзи)да турли серунум жуфтларни ўстириб қўйдик».

Инсон доимо кўриб турадиган, доимо эҳтиёжи тушиб турадиган нарсалардан бири сувдир. Аммо ҳар ким ҳам сув ҳақида чуқурроқ фикр юритавермайди.

Сув қаердан пайдо бўлган? Ушбу оятда айтилишича, у осмондан туширилган. Хоҳ денгиздаги сув бўлсин, хоҳ дарёдаги ё кўлдаги ва ёки булоқдаги – ҳамма-ҳаммаси осмондан тушгандир. Бу ишлар Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ҳикмати ила бўлгандир.

Ер юзидаги ўсимликлар ҳам доимо инсон кўз ўнгида ўсиб, ривожланиб туради. Уларнинг турлари, шакллари, ривожланишлари ва бошқа-бошқа хоссалари – ҳаммаси Аллоҳ таолонинг чексиз қудрати ва ҳикматига ёрқин далилдир.

Оятда «ўсимликларни ўстириб қўйдик», дейилмасдан, «турли серунум» жуфтларни ўстириб қўйдик», деб айтилмоқда. Бу ерда, аввало, ўсимликлардаги турфа хилликка ва фойдага ишора қилиняпти, қолаверса, улар жуфт бўлиши ҳам билдириб қўйиляпти.

Аллоҳнинг Китобида ўн беш аср илгари зикр этилган бу ҳақиқатни илм яқиндагина аниқлади. Ҳар бир ўсимликда эркак ва урғочи хужайралар бўлиб, улар бир-бири билан чатишгандагина мева ҳосил бўлиши энди тушуниб етилди. Ўсимликларни бундай қилиб яратишга фақат Аллоҳ қодирдир.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида тайёрланди.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Нафсни поклаш ва ахлоқни сайқаллаш борасидаги воситалардан бири таҳоратдир.Араб тилидаги .таҳорат, сўзини ўз тилимизга таржима қиладиган бўлсак, .поклик, деган давоми...

5079 13:45 / 01.02.2020
1. Зоҳидлик Аллоҳ таолога тугал таваккулнинг намунасидир. 2. Зоҳидлик қалбда қаноатни ўстиради. 3. Зоҳидлик мусулмонни вақтинчалик лаззатлардан доимий неъматлар давоми...

3094 19:00 / 15.04.2023
Иффатнинг бошқа бир маъноси ndash зинодан сақланишдир. Бу ҳақда Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади .Никоҳимконини топа олмаганлар, то Аллоҳ уларни Ўз фазлидан давоми...

1788 19:00 / 01 март
. ,. . .Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам .Одамларга аралашиб, уларнинг озорларига сабр қилган мусулмон одамларга аралашмайдиган ва озорларига давоми...

2172 19:00 / 05.05.2024