Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Ражо ва хавфнинг фойдалари | Тазкия дарслари (247-дарс)

19:00 / 16.09.2023 2613 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

1. Ражо банданинг ўз Роббига нисбатан қуллигини ва Ундан сўрайдиган ҳожатини изҳор қилишидир.

2. Ражо банданинг ўз Роббидан эҳсон кутиши ва Унинг фазлидан кўз очиб-юмгунча ҳам беҳожат бўла олмаслигини ҳис қилишидир.

3. Ражо банда учун Аллоҳ томон юришида карвонбошидир. Ражо бўлмаса, ҳеч ким юра олмасди.

4. Ражо бандани муҳаббат остонасига келтиради. Банданинг ражоси қанча кучли бўлса, унинг ражо қилган нарсаси шунча кўп рўёбга чиқади ва Аллоҳ таолога муҳаббати ва шукри шунча зиёда бўлади.

5. Ражо бандани энг олий мақомларга кўтаради. Бу шукр мақомидир. Шукр мақоми бандаликнинг хулосасидир. Банданинг ражо қилган нарсаси ҳосил бўлса, шукри ҳам юзага чиқади.

Исломий адабиёт ҳамда «хавф» ва «ражо» сўзлари одатда бирга зикр қилинадиган бўлиб қолган. Чунки бу икки нарса ўзаро бир-бирига боғлиқдир.

Имом Ғаззолий раҳматуллоҳи алайҳи:

«Ражо ва хавф муқарраблар барча мақомларга учиб борадиган икки қанотдир. Иккиси охират йўлидаги қийин довонларни ошиб ўтишдаги уловдир», деганлар.

Ражо соликларнинг мақомларидан ва толибларнинг ҳолларидан саналади.

Агар сифат собит бўлиб туриб қолса, «мақом» деб аталади. Агар вақтинчалик ва тез заволга учрайдиган бўлса, бундай сифат «ҳол» дейилади.

Ражо ҳол, илм ва амалнинг қўшилишидан иборатдир. Илм самарасидан ҳол пайдо бўладиган сабабдир. Ҳол эса амални тақозо қилади. Мазкур уч нарсанинг жамланиши ражодир.

Бандага учрайдиган яхшилик ва ёмонлик ўтган, ҳозирги ва келаси замонда бўлади.

Ўтган замондаги нарса хотирага келса, «эслаш» бўлади.

Ҳозирги замондаги нарса хотирага келса «идрок», «вужд» ва «завқ» бўлади.

Келаси замондаги нарса хотирага келса ва қалбга ғолиб бўлса, «интизор» ва «кутиш» деб аталади.

Агар интизор бўлинаётган нарса ёмон бўлса, ундан қалбда алам пайдо бўлади ҳамда у «хавф» деб номланади.

Агар интизор бўлинаётган нарса яхши бўлса, ундан қалбда лаззат ҳамда роҳат пайдо бўлади ва мазкур ҳолат «ражо» деб номланади.

Бас, ражо қалбнинг ўзи яхши кўрган нарсасига интизор бўлишидир. Бунда мазкур интизор бўлинаётган яхшиликнинг сабаби бўлиши шартдир.

Хавф Аллоҳ таоло билан банда орасидаги тизгиндир. Агар банданинг тизгини узилса, ҳалок бўлади.

Яҳё ибн Муъозга:

«Эртага одамларнинг энг омондагиси ким?» дейилганда, «Бугун хавфи шиддатлиси», деб жавоб берган.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, хавфнинг мадҳида келган ҳар бир нарса ражонинг ҳам мадҳидир. Ва акси ҳам тўғридир. Чунки бу икки нарса бир-бири билан чамбарчас боғлиқдир. Ҳар бир кимса ўзига маҳбуб бўлган нарсани ражо (умид) қилиш билан бирга, ундан маҳрум бўлишдан хавфсираб ҳам туради.

Бас, хавф ва ражо бир-бирига боғлиқдир ва бир-биридан ажраши мумкин эмас. Фақат баъзи ҳолларда бири иккинчисидан ғолиб бўлиши мумкин. Қалб бири билан машғул бўлиб, бошқасидан вақтинчалик ғофил бўлиши ҳам мумкин. Аммо уларнинг иккиси бир-биридан бутунлай ажраши мумкин эмас.

Бу ҳақиқат Қуръони Каримда ҳам ўз аксини топган.

Аллоҳ таоло Анбиё сурасида марҳамат қилиб айтади:

ﯦ ﯧ ﯨ ﯩ ﯪ ﯫ ﯬ ﯭﯮ ﯯ ﯰ ﯱ ﯲ

«Албатта, улар яхшиликларга шошилишар эди ва Бизга рағбат ила ва қўрқиб дуо қилишар эди» (90-оят).

Уларнинг дуолари ғофиллик ёки шуурсиз эмас эди. Балки улар чин дилдан, ихлос билан, қўрққан ҳолларида дуо қилардилар.

Аллоҳ таоло Сажда сурасида шундай деб марҳамат қилади:

ﮔ ﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛ ﮜ ﮝ ﮞ ﮟ

«Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар» (16-оят).

Бу ерда Аллоҳ таолонинг оятларига ҳақиқий иймон келтирган одамлар хос сифатлари билан ажралиб туришлари эслатилмоқда.

«Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур».

Мазкур мўмин бандалар кечалари бедор бўлиб, иссиқ жойларини тарк этиб, таҳажжуд намози ўқиб, ибодат қилурлар.

«...Роббларига қўрқув ва умидворлик ила дуо қилурлар...»

Улар доимо масъулиятни сезиб турадиган ва Аллоҳ таолонинг раҳматидан ноумид бўлмайдиган кишилардир. Мўмин бандалар ҳар доим Аллоҳ таолонинг азобидан қўрқиб ва Унинг раҳматидан умид этиб, дуода бўладилар.

«...ва ўзларига ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар».

Яъни, фақат маънавий ва жисмоний эмас, балки молиявий ибодат ҳам қиладилар.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Таваккул луғатда вакил қилиш сўзидан олинган бўлиб бир ишда бошқага суянишга далолат қилади. Яъни, ўша ишда ўзи ожиз қолиб бошқага эътимод қилиш таваккал давоми...

24288 05:00 / 28.02.2017
Фузайл ибн Иёз раҳимаҳуллоҳ иккинчи ҳижрий асарда 107ҳ187ҳ яшаб ўтган тасаввуфнинг кўзга кўринган вакилларидан, руҳий тарбиянинг етук машойихларидан бўлиб, Обидул давоми...

4812 05:00 / 01.03.2017
БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ.Оламларнинг Робби Аллоҳга ҳамд бўлсин. Оламларга раҳмат этиб юборилган зот Пайғамбаримиз ҳазрати Муҳаммадга саловоту саломлар давоми...

5099 05:00 / 01.03.2017
Гоҳида мурид жидди жаҳд қилиб, маъсиятларни тарк қилиб, хулқини сайқалланганини ва энди мужоҳадага ҳожат қолмаганини гумон қилиши мумкин. Аслидан эса, ундоқ эмас. давоми...

4782 05:00 / 28.02.2017
Аудиолар

213188 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132408 14:35 / 11.08.2021