Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1446 йил 20 жумадис сони | 2024 йил 22 декабрь, якшанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Тазкия дарслари (28-дарс). Шайх масаласи (давоми)

13:30 / 12.04.2019 4905 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Кейинги байтларда қалб табиблиги учун шайх қандай муолажа олиб бориши кераклиги ҳақида сўз боради. Биз эса юқорида зикр этилган байтларни бир оз кенгроқ ва батафсилроқ англаб етишга ҳаракат қилайлик.

«Албатта, бу қавм мусофирларимиздир,

Ҳақ ҳузурига қайта юрувчиларимиздир...»

Албатта, тасаввуфга кирган кишилар мақомлардан мақомларга сафар қилувчи одамлардир. Улар иймон мақомидан Ислом мақомига, сўнгра эҳсон мақомига, кейин тақво мақомига, ундан сўнг шукр мақомига сафар қиладилар.

Яна улар Аллоҳ таолонинг ишларини кўришдан Унинг сифатлари ва исмларини ҳис қилишга, нафс беморлигидан унинг соғломлигига сафар қиладилар.

Уларнинг сафарларидан мақсадлари Ҳақ таолонинг ҳузуридир. Улар бу сафарларида ҳар мақомда бир тўхтаб, аста юриб борадилар. Ғафлат мақомидан сергаклик мақомига, сергаклик мақомидан ҳузур мақомига ва ҳоказо.

«Сафарда далилга ҳам муҳтожларимиздир...»

Яъни ана шу мақомларда сафар қилишлари лозим бўлган, тасаввуф йўлига кирган кишилар ўзларига йўл бошловчи далил – йўл кўрсатувчига муҳтожлар.

Ана ўша йўл кўрсатувчи – далил бир қанча сифатларни ўзида мужассам қилган бўлиши лозим:

«Ул юриш ҳам туришда басират эгамиздир...»

Яъни ўша далил шуки, шайх мазкур йўлда юришнинг жуда устаси бўлиши керак. Қачон юриб, қачон дам олишни ҳам яхши билмоғи шарт. Ҳар бир кишини чарчатмасдан, осон равишда йўлда юришига ёрдам бериши лозим.

«Йўлни босиб ўтиб, яна қайтганимиздир...»

Яъни шайх аввал ўзи бу йўлни бошидан охиригача яхшилаб босиб ўтган бўлиши керак. Кейин бошқаларга йўл кўрсатиш учун қайтиб келган бўлмоғи лозим. Сўнгра:

«Ўзи фойда топган нарсани айтганимиздир...»

Яъни ана шу йўлни аввалидан охиригача босиб ўтган шайх ўз муридларига ўзи топган фойдаларни гапириб бериб, уларни йўлнинг бошидан бошлаб кетади. Тасаввуф йўлидаги фойдалар эса завқлар илми ва шоҳидлик нурлари каби нарсалар бўлади. Шунинг учун ҳам азизларимиз: «Шайхда тўғри илм, равшан завқ, олий ҳиммат ва дардли ҳолат бўлиши керак», деганлар.

«Ундаги паст-баландлардан ўтганимиздир...»

Яъни шайх тасаввуф йўлидаги хокисорлик, узлат каби пастликлардан ва нафс жиҳоди ҳамда амри маъруфу даъват каби машаққат чўққиларидан ўтган киши бўлмоғи шарт.

«Қуму тупроқларин синаб кўрганимиздир...»

Яъни муршид шайх тасаввуф йўлининг қаттиғу юмшоғини ҳам нозик жойларигача пухта билиши керак. Чунки у ўз муридларининг ҳар бирига уларнинг табиати ва ҳимматига қараб алоҳида муомала қилиши лозим.

«Унда бориб-келиб, жавлон урганимиздир...»

Шайх тасаввуф йўлини кечаси ҳам, кундузи ҳам яхши кўра оладиган, бошқача қилиб айтганда, бидоя ва ниҳоя илмларини пухта ўзлаштирган одам бўлиши керак.

«Ҳар бир қиру водийда кўп юрганимиздир...»

Яъни шайх тасаввуф йўлида мурид дуч келадиган синовлар ва енгилликлар ҳамда тўхташлар ва юришларни чуқур тушуниб етган бўлмоғи лозим.

«Хавфу хатар, амну омонни билганимиздир...»

Яъни шайх нимада муридга хавфу хатар борлигини ва нимада муридга амну омон борлигини охиригача англаб етган шахс бўлиши шарт.

«Хавфу хатар» – кераксиз улуғлаш ва таъзим қилиш, дангасалик, дунёга ружу қўйиш каби нарсалардир.

«Амну омон» – фарзу вожиб ҳамда суннатларга оғишмай амал қилиш, нафлларни кўпайтириш ва аҳли солиҳларнинг суҳбатларида кўпроқ бўлиш каби нарсалардир.

«Анҳору булоқларни яхши билганимиздир...»

Яъни шайх шариат илмларини ва кишиларнинг табиатларини яхши биладиган одам бўлиши керак. Бу байтдаги «анҳор»дан мурод шариат илмлари ва «булоқлар» эса кишилар табиатларидир. Шайх шариат илмларини яхши билган ва муридларининг табиатларини ҳам пухта билган бўлсагина, илм ила табиатларнинг фаввора каби отилиб чиқишига сабабчи бўлади.

«Чўлу саҳроларни тинмай кезганимиздир...»

Яъни шайх нафс балоси чўлининг шаҳват тиканлари ҳамда қаттиқ жойларини ҳам, Аллоҳ таолонинг розилигидан узоқда бўлган саҳроларини ҳам тинмай кезиб, имтиҳондан бутун чиққан киши бўлиши керак.

«Ғов ва тўсиқларни қўрқмай енгганимиздир...»

Яъни шайх Аллоҳ таолонинг йўлида юрадиганлар дуч келадиган ғовларни ҳам, тўсиқларни ҳам муваффақият билан енгиб ўтган шахс бўлиши лозим.

«Сув манзилларин ишонч-ла топганимиздир...»

Яъни шайх тасаввуф йўлидаги чанқоқни қондирадиган сув бу-лоқлари – яқийн, вараъ, зоҳидлик, хавфу ражо, таваккул, сабр, ризо, таслим, мушоҳада, тазкия, фано аммо сиваллоҳ ва бақо биллаҳ ка-билардан сув ичган бўлиши шарт.

«Ҳар бир ичиш жойини топиб, ичганимиздир...»

Яъни шайх юқорида зикр этилган мақомларнинг ҳар бирини топиб, унинг сувидан тўйиб-тўйиб ичган бўлиши керак.

«Ул ушбу муҳим ишлар-ла тик турганимиздир...»

Яъни шайх мазкур ишларни қоим ва қойил қилган бир зот бўлгани боис, барчамиз

«Унга: «Сен отлиқлар шайхисан», деганимиздир...»

Яъни ҳамма одамлар унинг ҳолу сифатларини кўриб туриб: «Сен бизнинг тариқатдаги шайхимизсан», деб тан олган одамгина ҳақиқий шайх бўлади.

«Мазкур сафар бўлур қалб билан», деганимиздир...»

Яъни аввал бошдан васф қилиб келинаётган сафар қалб билан бўладиган сафардир. Бу – руҳоний сафардир. Бу сафар тўрт ердан тўрт ерга бўлади.

Биринчиси – гуноҳ ва ғафлат еридан тавба ва сергаклик ерига бўлади.

Иккинчиси – дунёга ҳирс қўйиш еридан зоҳидлик ва охират талаби ерига бўлади.

Учинчиси – нафсларнинг ёмонликлари ва қалбларнинг айблари еридан ўша нарсалардан холи бўлиш ва уларнинг зидлари билан зийнатланиш ерига бўлади.

Тўртинчиси – борлиққа шуҳуд бўлиш еридан борлиқ Роббига шуҳуд бўлиш ерига бўлади.

«Шайх эса бу ишда табиб каби», деганимиздир...»

Яъни шайх тасаввуфда худди ҳаётда беморларга қарайдиган табиб кабидир. Табиб кишиларнинг танасидаги хасталикларни муолажа қилса, шайх уларнинг қалбларидаги хасталикларни муолажа қилади.

«Ул уларнинг озғинин, семизин билганимиздир...»

Яъни шайх қалбларнинг илмдан, амалдан, ҳолдан, яқийндан, нурдан бебаҳра бўлган озғинини ҳам, илмга, амалга, ҳолга, яқинга ва нурга тўлган семизини ҳам яхши билиши керак.

«Ҳам қаттиғин, ҳам юмшоғин билганимиздир...»

Яъни шайх кўп гуноҳ ва ғафлат туфайли қотиб қолган қалбни ҳам, тақво, хушуъ, хузуъ ила мулойим бўлган қалбларни ҳам билиб, уларнинг ҳар бирига ўзига хос муомала қиладиган уста мураббийдир.

Мазкур сифатларни ўзида мужассам қилган шайхларгина ҳақиқий шайхлар бўладилар. Уларга ҳеч иккиланмай эргашилади. Аммо шайхларни баҳолашда дин илмидан бехабар муридларнинг мақтовлари ўлчов бўла олмайди.

Эътибор берадиган бўлсак, юқорида зикр этилган оят, ҳадис ва аҳли тасаввуфнинг шайх ҳақидаги гапларида бугунги шайхлар мадҳида айтиладиган маддоҳликларнинг биронтаси ҳам йўқ. Демак, дуч келганни шайх деб, этагини тутиб кетавериш дуруст эмас. Балки юқоридаги сифатлардан кўпроғини ўзида мужассам қилган шайхни ахтариб, топишга ҳаракат қилмоқ лозим.

(давоми бор)

 “Тасаввуф ҳақида тасаввур” китобидан

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
.Албатта, Аллоҳ зикр қилинса қалблари ларзага келадиган, уларга оятлари тиловат этилса иймонларини зиёда қиладиган ва Роббларига таваккул қиладиганларгина давоми...

3630 13:00 / 30.05.2020
Кўпинча хулқнинг яхшилиги халқ билан бирга зикр қилинади .Фалончининг хулқи ҳам, халқи ҳам гўзал,, дейилади. Бу унинг ичи ҳам, сирти ҳам яхши деганидир. .Хулқ,дан давоми...

3594 13:00 / 06.03.2021
. , . , . . Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят давоми...

1070 19:00 / 15 июнь
Авомларнинг вараъ сифати Хилоф бўладиган нарсалар қўриқхонасига тушиб қолмаслик учун шубҳали нарсаларни тарк қилиш. . ,. давоми...

1307 19:00 / 14 январь