Рўйхатни беркитиш
Дарслар рўйхати
1447 йил 22 жумадис сони | 2025 йил 13 декабрь, шанба
Минтақа:
ЎЗ UZ RU EN
Тазкия

Жаннатдаги нарсаларнинг бирортаси бу дунёникига ўхшамайди | Тазкия дарслари (351-дарс)

19:00 / 01 ноябрь 763 pdf Ўқиш режими + -

Бисмиллаҳир Роҳманир Роҳийм.
Аллоҳ таолога битмас-туганмас ҳамду санолар бўлсин.
Пайғамбаримизга мукаммал ва батамом салавоту дурудлар бўлсин.

Улуғ саҳобий Абдуллоҳ Ибн Аббос розияллоҳу анҳумо:

«Жаннатдаги нарсаларнинг бирортаси бу дунёникига ўхшамайди, фақат исми ўхшаши мумкин», деганлар.

«...уларга у ерда покиза жуфтлар бор...»

Ҳар жиҳатдан покиза жуфтлар бордир. Чунки жаннат ҳурлари алоҳида яратилгандир. Ушбу неъматларнинг лаззати ва ҳузурбахшлигининг зиёдалиги уларнинг бардавомлигида ҳамдир. Шунинг учун ҳам оятда айтилганидек,

«...улар у ерда мангу қолувчидирлар».

Мўмин ва солиҳ бандалари ҳақида Аллоҳ таоло яна бундай марҳамат қилади:

ﮉ ﮊ ﮋ ﮌ ﮍ ﮎ ﮏ ﮐ ﮑ ﮒ ﮓ ﮔﮕ ﮖ ﮗ ﮘ ﮙ ﮚ ﮛﮜ

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз ва албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз» (Наҳл сураси, 97-оят).

Исломда инсон жинсига қараб мукофотланмайди. Насабига, мансаби ёки терисининг рангига қараб ҳам мукофотланмайди. Балки мукофотлашнинг бирдан-бир ўлчови – иймон ва солиҳ амалдир.

«Эркакми, аёлми, ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса...»

Бир хил ишни эркак киши қилса, алоҳида мукофот, худди ўша ишни аёл киши қилса, унга эркакнинг мукофотидан озроқ мукофот бериш Исломда йўқ. Аллоҳ таолонинг ҳузурида ҳамма бандалар баробардир.

Исломни яхши тушунмайдиган баъзи кишилар ўйлаганидек, мўмин одам солиҳ амални фақат охират учун қилмайди. Балки иймонли кишининг солиҳ амали ўз фойдасини дастлаб бу дунёда кўрсатади.

«...ким мўмин бўлган ҳолида солиҳ амал қилса, уни пок, гўзал ҳаёт кечиртирамиз...»

Зотан, иймон тақозоси ила қилинадиган солиҳ амалларнинг барчаси бу дунёда яхши ҳаёт кечиришни таъминловчи воситадир. Албатта, мўмин киши учун солиҳ амалининг ҳақиқий мукофоти охиратда бўлади. Охиратда:

«...албатта, уларни қилиб юрган амалларининг энг гўзали баробарида ажр ила мукофотлармиз».

عَنْ أَنَسِ بْنِ مَالِكٍ رَضِي اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: «إِنَّ اللهَ لَا يَظْلِمُ الْمُؤْمِنَ حَسَنَةً يُعْطِي عَلَيْهَا فِي الدُّنْيَا، وَيُثَابُ عَلَيْهَا الْآخِرَةَ، وَأَمَّا الْكَافِرُ فَيُعْطِيهِ حَسَنَاتِهِ فِي الدُّنْيَا، حَتَّى إِذَا أَفْضَى إِلَى الْآخِرَةِ لَمْ يَكُنْ لَهُ بِهَا حَسَنَةٌ يُعْطَى بِهَا خَيْرًا». رَوَاهُ أَحْمَدُ.

Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Албатта, Аллоҳ мўминга зулм қилмайди. Унга ҳар бир солиҳ амали учун бу дунёда бир нарса ато этилади. Охиратда эса савоб берилади.

Аммо кофирга яхшиликларининг эвазини бу ­дунёда беради. Охиратга борганда эса хайрга арзигулик яхшилиги қолмайди», дедилар».

Аҳмад ривоят қилган.

Иймонли солиҳ бандалари учун Аллоҳ таолонинг ажру мукофотлари беқиёс улуғдир. Зотан, Аллоҳ таолонинг Ўзи шундай марҳамат қилади:

ﭑ ﭒ ﭓ ﭔ ﭕ ﭖ ﭗ ﭘ ﭙ ﭚ

«Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Роҳман муҳаббат пайдо қилур» (Марям сураси, 96-оят).

Демак, иймон келтирган ва солиҳ амалларни қилганлар Аллоҳ таолонинг муҳаббатига сазовор бўладилар. Албатта, бу энг олий, улуғ мукофотдир.

«Руҳий тарбия» китобининг 2-жузи асосида тайёрланди

Ушбу китоб Ўзбекистон Республикаси Дин ишлари бўйича қўмитанинг 2021 йил 14 апрелдаги 03-07/2439-рақамли хулосаси асосида чоп этилган.

 

Муаллиф
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф
Манба
islom.uz
Мавзуга оид мақолалар
Ҳотамул Асом буюк солиҳлардан эди. Бир куни қалби ҳаж қилишни истади, аммо ҳажнинг сарфхаражатларига етарли молга эга эмасди. Фарзандларининг нафақасини бермай давоми...

3901 05:00 / 01.03.2017
.Тавба, сўзи араб тилида .қайтиш, маъносини англатади. Банданинг гуноҳдан қайтиши ҳам .тавба, деб аталган. Уламолар тавбанинг шаръий маъноси ҳақида бирбирини давоми...

2039 19:00 / 28.09.2024
Алоҳида таъкидлаб ўтиш лозимки, суннати мутоҳҳарада келган ва турли муносабатлар ила қилинадиган зикрларни яхшилаб ўрганиб, ўз ўрнида адо этиб юриш лозим.Мисол давоми...

3771 19:09 / 10.12.2018
91. Сиз яхши кўрадиган ҳар бир нарса сизнинг бахтли бўлишингизга сабаб бўлавермайди.Сиз ёмон кўрадиган ҳар бир нарса сизнинг хафа бўлишингизга сабаб давоми...

5754 16:11 / 23.03.2017
Аудиолар

213088 11:58 / 10.10.2018
«Ҳилол» журнали
Китоблар

132311 14:35 / 11.08.2021